26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Жийда гуллаганда

Ҳар баҳорда шу бўлар такрор, деган­ларидай, Зубайда аянинг ҳовлисида ўса­ётган жийда гуллай бошлади. Унинг хуш­­­­­бўй ҳиди, муаттар атри-ифори бор­­­­­­­­­­лиқ­­­­­­­­ни сархуш қилади. Оқ-сариқ, митти гул­­­­­­­­­ча­ларнинг ҳиди кўчанинг у бошидан бу бошига таралади. Кўчадан ўтиб кетаётган одамлар қадамини секинлаштириб, бир муддат тўхтаб, ўпкасини тўлдириб нафас олишларининг боиси ҳам шундан. Жийда гули ҳиди Зубайда аянинг омонатгина  уйи­даги хоналарни ҳам тўлдирди.

Онахон сўрига жой қилиб, кўрпачага ўтирди ва хотираси уни олис-олисларга етаклаб кетди. Бу дарахтни дадаси  Зубай­­да туғилган  кунида  эккан эди.

Отаси Ўсмон қўшни қиз – Зулфияни севиб қолди. Уйланди, лекин кўп йиллар уларнинг фарзанди бўлмади. Зулфия касалманд эди, дўхтирлар унинг юраги ночор, туғишда қийналади, дейишди. Ниҳоят, орадан йиллар ўтиб, Зубайда туғилди, Ўсмоннинг қувончи чексиз эди, Оллоҳга шукроналар айтиб,  ҳовлига ушбу жийдани экди. Дарахт фарзанди билан бирга ўсди. Жийда 80 йилгача ўсади, дейишганди, Зубайда холанинг ёши тўқсондан ошибди ҳамки, у гуллаб, ҳосил беришдан тўхтамайди. Бугунгидай ёдида, уруш бошланган йили жийда гулладию, гуллари тўкилиб қолди. Ғалаба йилида эса баргидан гули кўпайиб кетди. Қимтиниб, уялиб, юзини кўрсатгиси келмаётган келинчакни эслатадиган жий­­­­­­­­­­­данинг бу йилги гуллари йирик, ўзгача эка­­­нини бутун қишлоқ келиб кўрди. Дарахт худди одамнинг қувончию дардини ҳис қилаётгандай эди. Дарҳақиқат, у ҳаммасини сезарди. Бахтни, қайғуни, ҳатто, дилдаги оғриқни ҳам. Шунинг учун Зубайда ая ўз тенгдоши бўлган дарахт билан узоқ гаплашиб ўтиришдан чарчамасди.

 Бир куни у йиқилиб, оёғини синдириб олди.  Касалхонада ўн кун ётди. Ўн биринчи куни шифокорга ялиниб, касалхонадан чиқаришни сўради. Уйига келса, жийданинг катта бир шохи қаттиқ шамолда синган экан. Кампир нарвон олиб келиб, дарахт­нинг синган жойини арралади. Отаси ўр­гатганидай аралашма тайёрлади ва уни шох кесилган жойга суриб қўйди. Шу куни оёғидаги оғриқ тўхтади.

Бир ойдан сўнг онахоннинг ҳолидан ха­бар олиш учун келган врач кўзларига ишон­мади. 

– Ёшингиз 80дан ошган, 80 кунсиз суяк­нинг битиши мумкин эмас. Кўп ҳаракат қилманг, – деб, оғриқни қолдирадиган дори­лар ёзиб берди. Кампирнинг «оёғим оғри­маяпти», деганига ишонмади.   

Бир пайт эшик тақиллади. Шаҳар ҳоким­­­лигидан келишибди. 

– Уйингиз бузилади, онахон, тайёргар­лигингизни кўраверинг, – деди ҳокимлик  вакили. – Сизга кўпқаватли уйдан квартира берамиз. 

Улар кетгач, кампир яна узоқ ўйга ботди. Бу уйда оиланинг уч авлоди яшаб ўтган. Ўз ҳам шу уйда туғилди, ўсди. Турмушга чиқиб, вилоят марказида кўпқаватли уйда яшади. Қизи Мунаввар, сўнг ўғли Сардор туғилди. Эри вафот этгач, квартирани Сар­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­дорга ташлаб, ўзи отасининг чироғини ёқиб ўтираман, деб, қаровсиз қолган уйига қай­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­тиб келган эди. Бу уйнинг ҳар бир бур­чаги унга қадрдон. Деворлар, худди гап­­­­­лашаётгандай, кампирнинг болалагини эсга солади. Эсида, ўн ёшга тўлганида ота­си қўй сўйиб, қариндош-уруғларини ча­­­­­­­қир­ган эди. Кўз олдига келтирди: отаси оқ кўй­лакда, мис товоқда қоп-қора бўлиб пишган гилосларни ювяпти, орасидан ик­кита жуфт­лилигини олиб, унинг қулоғига илди ва бошини силаб қўйди.

Шу пайт қўшнининг қизи  Ойгул кириб, кампирнинг хаёлларини  учириб юборди:

– Зубайда хола, нонга кетяпман, сизга ҳам олиб келайми? 

Ойгул  югуриб, ошхонага кирди.

Хола, картошка-пиёзингиз ҳам тугабди, ҳозир олиб келаман, – деб, чиқиб кетди. 

Қўшни томондаги девордан катта мушук сакраб ўтди. Кампирнинг ёнига келиб, оёғига суйкалди. Зубайда ая  бу семиз, ле­кин доим оч мушукка ҳар сафар бир бурда нон беради.

«Май ойида қуёш танангни ҳам қалбинг­ни ҳам илитар экан, – ўйлади кампир. – Май ойида, 17 ёшимда менга совчилар ке­лишган эди. Май ойида раҳматли эрим Ас­кар урушдан келган эди. Май ойида қизим Мунаввар  дунёга келди». 

Зубайда аянинг кўзи илинди. 

– Буви, бувижон, қаер­­­­­­­да­сиз? – невараси Дилну­­­­­­­­­­­­­­­ра­­­­­­­­­­нинг жа­­­­­­­­­­­ранг­­­­­­­­дор овозидан уй­­­ғониб кетди. 

– Куппа-кундуз куни ухлаб қолибман, менга нима бўлди? – ҳайрон бўлди кампир ўр­нидан туриб. – Ҳозир бораман, қиза­­лоғим, ҳозир.

Дилнура, Зубайда аянинг катта невараси. Қизи Дилра­­бони ҳам олиб келибди. 

– Бувижон, квартира бериш­са, бир ўзингиз яшайсизми, яхшиси бизникига кўчиб бо­­ра­қолинг. Кўпқаватли уйда қўшни қўшнини танимайдику. Бизнинг ҳовли уйимизда яйраб яшайсиз. 

–  Яхши, қизим, гапингда жон борга ўхшайди, куёвинг Рафиқ­жон бунга нима дер экан?

– Хурсанд бўлади, бувижон, ҳозир ўзи ҳам кириб айтади, кўчада машинасини ту­затяпти. Ойим ҳам бир ўзингиз яшаёт­ганингизни эсласа, эзилиб кетади. 

Дилнура бир зумда уйларни тозалаб, кирларни ювиб, самоварга ўт ташлади.

– Ҳозир ойимлар келишади, кимникида яшашни истасангиз, ўзингиз айтасиз. 

Кампирнинг юраги оғригандай бўлди. 

 – Мен  ҳозир, қизим, сен ўтириб тур, – деб, жийданинг тагига курсича қўйиб жой­­­­­­лашди. 

– Сени қандай ташлаб кетаман, жийда­­жон, – деди у дарахтни қучоқлаб. – Ахир отамнинг кўзисанку, отамдан қолган яго­на ёдгорлик. Бировга айтсам, мени  тушуна­диганлар топилармикан?

Кампир невараси ёзган дастурхонга келиб ўтирди. 

–  Бу уйни  аллақачон ташлаб кетишингиз керак эди, бувижон, эскирди, деворлари  босиб қолиши мумкин. 

– Нималар деяпсан, қизалоғим, бу уйни буванг ўз қўллари билан қурган, ҳали юз йилгача миқ этмай туради, – деди кампир неварасига қараб. – Худди менинг ёшлигим бўлибсан, илоё, кўз тегмасин, мана бу жий­­да чўпини чўнтагингга солиб қўй, бало-қазо­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­дан, кўз тегишидан асрайди. 

– Бувижон, бу бир ирим бўлса керак?

– Майли, сен айтганча бўла қолсин. Бир куни, май ойи эди, Тошкентдан санъат­кор­лар келиб, мана шу уйда тунашди. Улар орасида Коммуна Исмоилова ҳам бор эди. Бизнинг давримизда «Бир келиб-кетинг, қишлоғимизга» қўшиғи билан танилган эди. Биласанми, у нима деганди? «Чаккаларига жийда  гулини тақиб олган қизларни  кўрган йигитлар сеҳрланиб  қолишади. Қизларнинг лоларанг юзлари, жийда гули ҳиди ром  этади уларни. Хуморлари босилмайди, кўнгиллари ёзилмайди.  Лол қолишади, бош  эгишади бу гўзалликка…” Сен бўлсанг, ирим дейсан... Жийда гуллаяпти, уни ташлаб,  қаёққа ҳам  кетардим, қизалоғим? 

– Қўйинг, бувижон, шу жийда биздан ҳам ортиқми? – шарақлаб кулиб юборди Дилнура. – Бизнинг уйда уч тупи бор. Юра­қолинг, биз билан. 

– Сенинг уйингдаги жийда бошқа, бу жийда бошқа, қизим. Сизлар келиб мендан хабар олиб турибсизлар, шунинг ўзи менга етарли. 

– Сиз ҳам жийдадан ҳар куни келиб хабар олиб турасиз.

– Ўз уйинг, ўлан тўшагинг, ўрганиб қол­ганман шу уйга. Оллоҳнинг иродаси шу экан, отамга ўғил фарзанд бермади, унинг чироғини умримнинг сўнги нафасигача ёқиб ўтирсам, дейманда. 

– Бувижон! – Дилнура кампирнинг озғин танасини қучоқлади. – Бугун сиз билан қолайлик.

– Ишингни қилавер, қизим, болаларинга қара, мендан хавотир олма. Эртага ойинг келади, мен билан ётиб қолади. 

 

u  u   u

 

Яна эшик тақиллади. 

– Ким у, киравер, – деди кампир.

– Мен, Саидман.

– Саид? Сенга нима керак? – жиддий­­лашиб сўради Зубайда ая ҳовлига кирган озғин қариядан.

– Зубайда, Мошимни йўқотиб қўйдим, сеникига кириб қолмадими мабодо?

– Мошинг нимаси, бир гапни тушунтириб гапира оласанми ўзи?

Зубайда ая бу қўшни йигит Саидни жи­­­ни суймасди. Бир куни унга гул совға қил­­­­­­­ганида дадаси билиб қолиб, «мени қи­­­­­­­­­­­­­­­­зимга яқин йўлама, мактабни тугат­­га­­нин­га икки йил бўлди, бир ишни бошини тут­мадинг, армиядан қочиб юрибсан, сен­­­­­­­­­­­­­­­­­­­га берадиган қизим йўқ», деган эди. Ким­­­­­­­­­дир муҳаббати кучли бўлган эканми, Зу­­­­­­байдадан бошқага уйланмайман, деб, уй­ланмади, деса, бошқалар у пайтда ар­мия­­га бормаган йигитга ҳеч ким қизини бермасди, дейишади. Саид ёлғиз яшайди, кўпинча, мушуги Мош билан гаплашиб ўти­ради. Ма­ҳаллада унинг тенгдошлари қолмаган.

– Зубайдахон, неваранг келдими? – сў­ради Саид. – Шу неваранг сени ёшлигинг, қуйиб қўйгандай ўзинг, Оллоҳнинг карома­тини кўр!

– Келса, сенга нима? 

– Тилингдан заҳар томадия, ҳол-аҳвол сўрай деб кирган эдим. 

– Сўрамай қўяқол, йўлингдан қолма. 

Саид хайр-хўшни насия қилиб, эшикни тарақлатиб ёпиб, чиқиб кетди. Бир оздан кейин Саиднинг боши девордан кўринди. 

– Зубайда, бугун яна ҳокимликдан ке­лиш­­ди, янги мавзедан квартира бериша­­­ётган экан, кетасанми ё жийдангга қоровул бўлиб  ётаверасанми?

– Тилингга чипқон! – деди кампир ва  ердан бир кесак олиб, унга қараб улоқ­тирди.  

Ая эртасига эрталаб, доғланаётган ёғ­нинг ҳидидан уйғонди. 

– Мунаввар, қизим, келдингми? 

– Келдим, ойижон, бугун жума, дадамга ис чиқариб, чалпак пиширяпман. 

– Намунча барвақт  келдинг, қизим?

– Соат 12 бўлди, ойи...

– Шунча ухлаб, мени нима жин урди, – ҳайрон бўлди кампир.

Мунавварнинг ёши 60га яқинлаб қол­ди, мусиқа фанидан дарс беради. Тай­ёр чалпакларни ликопчаларга солиб, дастур­хонга олиб келди. Уй эртага, эрталаб бу­зилишини онасига қандай айтишни бил­масди. Кеча кечқурун ҳокимлик вакилларига  Мунавварни чақириб, «ойингларни олиб кетинглар, эртага эрталаб трактор бо­ра­ди, дейишган эди. Бу гапни ойимга қан­­дай айтамиз, деб, эри Аҳрор, укаси Сар­дор билан гаплашди, ҳеч биридан жўяли маслаҳат чиқмади. «Бу гап ойимни йиқи­тади, мен айтолмайман, деди Сардор.

– Қизим, хомушсан, бирон гап  бўлдими? – сўради Зубайда ая. 

– Нега бирон гап  бўлар экан, ҳаммаси яхши. Қандай ухладингиз?

– Яхши ухладим, қизим, ўз уйинг – ўлан тўшагинг, деб шунга айтсалар керак.

– Келинг, Қуръон ўқийлик, ҳозир Сардор ҳам келиб қолади. 

– Сардор нега келади? Ўзи Россияда уч ой ишлаб, кеча келди. Камида бир ҳафта оиласи бағрида бўлиб, кейин мени кўришга келарди.

– Билмадим, сизни соғиндим, деди. 

– Бирон нима бўлганга ўхшайди, яшир­япсан. 

Зубайда ая эрталаб, тонг саҳарда,  соат 4да турди. 

– Ойи, дадам фақат шу уйни эмас, биз­­­нинг далаҳовлини ҳам қурганку, нега бу уйга ёпишиб қолгансиз? – сўради Мунаввар ундан. 

– Тўғри айтасан, қизим, шунинг учун бир ойлардан кейин сени далаҳовлингга кўчиб бораман. 

– Нега бир ой, кўрмаяпсизми, чанг, цемент соғлигингизга зарарку. 

Зубайда ая ҳеч нима демади. 

Кечқурун ўғли Сардор ва невараси  Дил­­­­нура оиласи билан келишди. Катта дас­­турхон атрофида гапни Сардор бош­лади. 

– Ойи, уй эртага  эрталаб бузилар экан. Уйни бўшатишимиз керак экан. Буюм­ларингизни тайёрлаб қўяйлик. 

– Менда қандай буюм бўларди, ўғлим, ҳаммасини сизларга бериб юборганманку. Бир неча сурат ва эски кийимларим бор, холос. Тушунаман, бу уй бузилади, ўрнига янги, кўпқаватли уй қурилади. Лекин, кў­риб турибсан, жийда гуллаяпти, уни қан­­­дай ташлаб кетаман? 

Тун ярмида кампир уйғониб кетди. Тушида қаттиқ шамол жийдани илдизи билан қўпориб юборган  эмиш. 

– Ойи, нега тун яримда туриб олдингиз? –  сўради қизи. 

– Уй билан хайрлашаётганимда бего­на­­­лар бўлишини истамайман. Уларсиз жийда билан хайрлашаман. 

– Яхши, ойи.

Кампир  қари жийда дарахтини узоқ вақт қу­чоқлаб турди, алланималар деб, ортга қайтди. 

– Сардор, ўғлим, мени опангнинг дала­­­­­­­­­­­­­­­ҳов­­­­­­­лисига олиб бориб ташла, – деди буюм­­­­лари ортилган машинага чиқар экан. 

Кампир далаҳовлида икки кун туриб, қон босими ошиб кетди. Уни тез ёрдам олиб кетди ва қизи Мунавварнинг уйида яшай бошлади. Аҳрор Мунавварни бир чеккага чақириб, «бир гапни  айтаман, ҳеч кимга оғиз очмай тур», деди. 

– Ойимнинг жийдасини тупроғи билан кўчириб олиб, далаҳовлига экиб қўйдим, – деди у. – Ҳеч кимга айтма, деганим, у кўкарадими, йўқми, худо билади. Ҳарқалай, қари  дарахт, яна гуллаётган пайти. 

– Ҳеч ким ўйламаган ишни қилибсиз, барака топинг, дадаси, –  деди Мунаввар кўзига ёш олиб.

Ёз бўйи кампир қизига уй ишларида ёрдам бериб юрди. Қишга яқин оёғи оғриб, юролмай қолди. Март ойида кампир яна касалхонада ётиб чиқди. Апрель ойидан бошлаб Аҳрор ҳар куни далаҳовлига борар, жийданинг тагига сув қуйиб қайтарди. Лекин дарахтнинг уйғонгани сезилмасди. Сўнгги ҳафтада батамом умидини узиб, у ёққа бормай қўйди. «Яхшиси, ишчиларни олиб бориб, уни олиб ташлайман, ойим кўриб, юраги яна яраланмасин», деб юрганида Зубайда хола «ўғлим, мени тез далаҳовлига олиб бор», деб қолди. Аҳрор бу гапдан шошиб қолди. Дарахтни олиб ташлашга вақт тополмаган учун ўзини койиди. 

– Ойи, бугун машинам бузуқ эди, эртага борақолайлик, – деди вақтни чўзиш учун.

– Машинанг  бузуқ бўлса, такси чақир. 

– Ойи, эртага дам олиш, ҳаммамиз бирга борақолайлик, – деди Мунаввар.

– Мен дадангларни тушимда кўрдим. Тез далаҳовлига етиб кел, – деди. 

Ноилож, улар Зубайда ая билан да­­­­­­лаҳовлига қараб йўл олишди. Аҳрор йўл-йўлакай бу қуриган жийда дарахтининг далаҳовлида пайдо бўлиб қолганини қан­дай тушунтираман, деб ўйлаб келди. Ман­зилга ҳам етиб келишди. Мунаввар «дар­возадан кирманг, орқа тарафдан ки­­ринг», деб, эрига имлади. Орқа тарафда тўхтаган эди, Зубайда хола тушишга шо­­­­шилмади. «Дарвоза томонга юр», деди. 

Аҳрор дарвоза олдида тўхтади. Му­­­­­­­нав­вар онасига машинадан тушишга ёрдам бер­ди. Зубайда ая тўғри жийда дарахтига қа­раб юрди. Энди нима бўларкин, деб бош кўтаролмай кутиб турган Аҳрор ва Му­навварга онасининг йиғиси эшитилди. Улар аввал жийдани қучиб турган она­­­сини, сўнг қийғос гуллаган жийда дарах­­­тини кўришди. Шундагина кўчани тутган  муаттар ҳид уларнинг ҳовлисидан таралаётганини билишди.

– Жийда – жаннатдан туҳфа, болаларим, – деди Зубайда ая кўз ёшларини тўхтата олмай. – Унинг  ҳиди жаннатдан нишон.

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2018-10-16, 15:14 986
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.