26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўтрор ва Сайрам алломалари

ИСПАНИЯ КУТУБХОНАСИДА ҚОЗОҚ ДАШТИНИНГ МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

Олимларнинг чет эл кутубхоналари ва архивларидаги фаолияти кенг жамоатчиликка мамлакат тарихидаги янги далилларини очиб бермоқда.

Эскориал кутубхонаси

Мен Қозоғистон Республикаси Тўнғич Президенти Нурсултан Назарбаевнинг “Халқ тарих тўлқини” дастурини амалга ошириш доирасида 2014 йилда Испания Қироллигидаги машҳур Эскориал шаҳрига бордим. У 1557 йилда барпо этилиб, йирик диний ва маърифат маркази сифатида танилган. Унинг донгдор кутубхонаси нодир китоблар сони бўйича дунёда Ватикан кутубхонасидан кейин иккинчи ўринда туради. Бу ерда араб тилидаги жуда кўп қўлёзмалар сақланади.

Эскориал кутубхонаси директори жаноб Хосе Луис учрашув чоғида Марказий Осиёга оид қўлёзмалар унчалик кўп эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, 711 йилдан 1492 йилгача Испания Андалусияси араблар қўл остида бўлган, улар фан ва маданиятга катта таъсир кўрсатган. Бир вақтлар Испанияда Кордова халифалиги мавжуд эди. 830-йилларда қурилган баланд масжид Кордовада ҳалиям бор. Севилья, Гренада ва бошқа шаҳарлардан чиққан Гарнатий, Ишбилий, Куртубий, Тулайтилий ва бошқаларнинг ёзма мероси ҳали ҳам ўрганиб келинмоқда.

Қўлёзмалар каталогидан Ўрта асрлардаги Қозоғистон ва Марказий Осиё мутафаккирларидан Абу Наср ал-Форобий (870-950), Абу Ёқуб Сирожиддин Юсуф бин Абу Бакр бин Муҳаммад бин Али ал-Хоразмий ал-Саккокий (1160-1299), Саъад ад-дин Маъсуд бин Умар ат-Тафтазоний (1322-1390), Абул Қосим Маҳмуд бин Умар бин Аҳмад аз-Замаҳшарий ал-Хоразмий (1075-1144)ларнинг асарларини топдим.

Менга айниқса, Абу Насрнинг 10та рисоласи ёқди, уларнинг биттаси пергаментда ёзилган. Қўлёзманинг биринчи саҳифалари сарғайган, йиртилган жойлари бор эди, айрим сатрлар деярли кўринмасди. Бешинчи бетдан кейин кўп сўзлар қизғиш-жигарранг сиёҳ билан чизилган. Эҳтимол буни ҳаттот қилгандир. Бешинчи саҳифа “Бисмиллоҳ” билан бошланади. Кейин Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) учун дуо қилинган. Сўнг ўқидим: “Таълик ли Абу Бакр Муҳаммад бин Яҳё бин ас-Саййид раҳимаҳуллоҳ ала китобиҳи Абу Наср бин Муҳаммад ал-Форобий розиаллоҳу анҳу фи Исагўжи”. Қўлёзма 126 саҳифадан иборат.

 Шимкентдан 12 чақирим шарқда жойлашган қадимги Исфижоб ал-Байда-Сайрамдан чиққан икки ака-ука олимлар Ало-уд-дин ас Сайрамий ва Сайф ид-дин-ас Сайрамий ал Масри ал-Ҳанафийнинг ўрта асрларга оид рисолалари Эскориал кутубхонасидан топилиши муҳим воқеа бўлди. 1342 йилда Ало-уд-дин-ас-Сайрамий (?-1388) Ўрта Осиёнинг ўрта аср олими ас-Саккокийнинг “Мифтах ул-улум” рисоласининг бир қисмига шарҳ ёзган. Ҳажми – 139 бет, ҳар бири 23 қатордан иборат.

Яҳё ибн Юсуф ас-Сайрамий (Низом ид-дин) нинг асари Ўрта Осиёлик аллома Сайфиддин ат-Тафтазоний билан боғлиқ. Яҳё (Низам ид-дин) юқорида айтиб ўтилган Сайфиддин ас-Сайрамийнинг ўғли.

Гарчи Абу Наср ал-Форобий бутун дунёда танилган бўлса-да, Сайрам олимларини ҳатто мутахассислар ҳам билишмайди. Шунинг учун, Эскориал кутубхонасидаги араб тилидаги манбаларга таяниб, ака-ука Сайрамийлар ва уларнинг машҳур авлодлари ҳақида баъзи маълумотларни ҳавола этишни лозим топдим.

Ал-аллома Ала уд-дин ас-Сайрамий

Бадр ид-дин ал Айний (1361-1451) Ало уд-дин (Али ибн Муҳаммад) ас-Сайрамий ҳақида “Икд ал Жуман” асарида, жумладан шундай деб ёзади: “788 йил ражаб ойининг 3 санаси (31 июль 1386)да Ал-Султон ал-Малик ал-Зоҳир (Барқуқ) икки сарой ўртасидаги бино қурилишини тугатди. Султон ражаб ойининг 12 санаси, пайшанба куни ташриф буюрди”. У шайх ул-мошайих лавозимига ал имом ал-олим ал-аллома Ало уд-дин ас-Сайрамийни тайинлади.

Шунингдек, Ало-уд-дин ал-ханафия мударриси лавозимини ҳам олди. Бу йиғинда эътиборли кишилар: амирлар, қозилар, уламолар иштирок этишди. Ва шайхга илгари ҳеч ким қилмаган эҳтиром кўрсатилди: султоннинг ўзи унга жойнамозини қоқиб, либос берди. Кейин Ало уд-дин султондан Иерусалим(ал-Қуддуси Шариф)га боришга ижозат сўради ва бунга эришди.

Давомида шундай гувоҳлик бор: “У Қуддусга келганида, мен, Шукри ҳам ҳажга борган эдим. Мен бу шайх ҳақида эшитгандим, лекин уни кўрмагандим. У билан танишдим, у илмни мукаммал биладиган, яхши тарбия кўрган киши эди. Учрашув пайтида мени Мисрга боришга таклиф қилди. Аммо бу режаларимга тўғри келмасди, мен ҳаждан кейин уйга қайтмоқчи эдим. Аммо кейинчалик мен у билан барибир Мисрга отландим. Худди шу хижрий 788 йилнинг рамазон ойининг 1-санасида (1386 йил 29 сентябрь) у менга ходим ал-худдам лавозимини таклиф қилди. Мен бу хизмат менга тўғри келмаслигини айтдим. У бу шартли мақом, Сен менинг ўринбосарим(ноиб)сан ва ҳадис билан боғлиқ барча масалаларда менинг номимдан мадрасада сабоқ берасан, деб жавоб қилди. Ушбу шартлар асосида мен рози бўлдим, чунки у билан мулоқот қилиш менга катта фойда келтирди. Мен шайхнинг вафотига қадар ўз вазифамни бажардим.”

“Ин ал-Жуман”да Бадр ид-дин ал-Айний айтадики, 790 (1388) йилда “бизнинг шайхул алломамиз Изз ад-дин ас-Сайрамий Абул ал Аҳмад, ибн Муҳаммад ас-Сайрамий ал Ҳанафий, аз-Заҳария ал-Барқуқия мадрасасининг шайхул мошайихи вафот этди.” У илм-маани вал-л баён, фикҳ ва ал-усул соҳаларида таниқли мутахассис бўлган. У буюк шайхларни билган, Ҳирот, Хоразм, Сарой, Қрим, Табриз, Миср ва бошқа шаҳарларда фатво чиқарган ва ундан дарс берган.”

Шундай маълумотлар келтириладики, у Ало уд-дин шарқий вилоят (Сайрам) келиб, бир мунча вақт Маридинда яшаб, кейин Шом (Дамашқ)га кўчиб келиб, Халобда жойлашган. У ердан Султон ал-Малик аз-Зоҳир уни Мисрга, мадрасага чақирди ва шайх ул мошайиҳ этиб тайинлади ва шу ерда вафот этгунга қадар ишлади.

Умар Шукри аниқлик киритади: у “Қоҳирада, 3-жума 790 йил (1388 йил 10 май), жумадур аввалнинг 3-санасида 70 ва ундан каттароқ ёшда вафот этди. Наср дарвозаси олдида бўлиб ўтган жанозасини Судун аш-Шайхуний ўқиди. У Турбат Юнус ас-Султон ад-Даво-дарга Қуббат ан-Насрга олиб борадиган йўл бўйига дафн қилинди.”

XVI асрда Тоқий ад-дин Абд ул-Қодират Тамамимий ад-Дарий ал-Ғаззи ал-Мисрий Ало уд-дин ҳақида шундай ёзган: “У ўз ватанида таҳсил олган, бир гуруҳ олимлардан фикҳни ўрганган ва фикҳда, метадологияда, ал-маания ва ал-баёнда комил бўлгунга қадар шуғулланган.” У бир неча шаҳарларда дарс берган: Маридинга келиб, бир оз муддат шу ерда яшади. Кейин у Халобга келиб, шу ерда истиқомат қилди. Аз-Зоҳир Барқуқ мадрасасини қурганида, уни ёнига чақирди. У 788 (1386)йилда шайх ус-суфий ханафийларнинг мударриси этиб тайинланди.

Ало уд-динни диндор, камтарин, дилкаш ва чуқур билим берувчи устоз сифатида эслашади.

Сайрамлик олимлар

Биз Низом (ид-дин) ас-Сайрамий (?-1430) ҳақидаги маълумотларни биз ўрта аср олими Зайн-уд-дин Абул Фадл ал-Қосим ибн Қутлубуға ас-Судуний ал-Жомалий ал-Мисри ал-Ҳанафий (1399-1474)нинг машҳур “Тож ат-тарожим” асаридан топдик. Унга фикҳни ўргатган устозлардан бири сифатида у Низом (ид-дин) ас-Сайрамийни тилга олади.

Бадриддин ал-Айний ўзининг «Икд-ал-жуман» асарида ёзадики, “аш-шайх Низомиддин Яҳё ибн ал-шайх Сайфиддин (Юсуф ибн Муҳаммад ибн Исо) ас-Сайрамий Қоҳирадаги ал-Барқуқия мадрасасида шайх эди.

У сешанба куни жумо ул аввалининг 17-санаси(1430 йил 13 март)да вафот этди, жанозани ан-Наср дарвозаси қошида ўқидилар. У Қоҳирага отаси билан, Барқуқ ўз мадрасасига Ало уд-дин ас-Сайрамийнинг ўрнига таклиф қилганида келди. Қолаверса, у ёш эди. Отаси вафот этгач (1407 йилда), унинг ўрнига ушбу мадрасага тайинланган. Ўлимидан сўнг унинг ўғли Адуд ид-дин Абдураҳмон бу жойга тайинланди”.

Абдураҳмон ибн Яҳё ибн Юсуф ибн Муҳаммад ибн Исо шайх ул мошайих Адуд ид-дин ал-аллома Сайф ид-дин ас-Сайрамий ал-Ҳанафий ҳақида ҳам маълумот топилди. Чунончи, ибн Тулуннинг ёзишича, Абдураҳмон отаси ал-аллома Таки ид-дин аш-Шумунний ва бошқалар билан бирга таҳсил олган. У Қуръони Каримни ёд олди. Фикҳда, методологияда, ал-маани, ал-баён сингари араб фанларида мукаммалликка эришди.

«У ўзининг ақл-идроки, ёрқин истеъдоди, ақл-бовар қилмайдиган хотираси билан кўплаб талабаларга фойда келтирди. У диндор, художўй бўлиб, ҳокимлик вакиллари билан камдан-кам учрашарди... У ҳанафий мазҳабидаги машҳур кишилардан бирига айланди, йиллар давомида фатволар берди”. (Араб манбаларида Қозоғистон тарихи. III жилд. Алмати, 200. 126-132, 145, 165-168, 179-187)-бетлар. 

Ислом адабиётида ҳам Ало уд-дин, Низомиддин, Адуд ид-дин исмлари тилга олинган. Араб ва турк олимлари, таниқли тарихшунослар Бадр- ид-дин ал-Айний, Таки ад-дин Абд ул-Қодир ал-Мисрий, ибн Тулун, ибн Қутлубуғ, Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кофаий қадимги Сайрам шаҳридан келган муҳожирлар ҳамда уларнинг авлодларини қадрлашгани ва мақташгани эътиборга лойиқ. Уларнинг юқори лавозимларга сайланиши, илмий ютуқларининг эътироф этилиши кўп нарсани англатади.

Араб ёзувлари Марказий Осиёнинг йирик олимлари – Жалол ид-дин Гурланий, сирдарёлик мутафаккир Ҳусам ид-дин Сиғноқий, бухоролик Ҳофиз ид-дин ал- Бухорий, имомларнинг ақл чироғи сифатида тан олинган Муҳаммад Абд ул-Саттор ал-Кердерий ва бошқаларни тилга ола туриб, бу рўйхатнинг энг бошига Ало уд-дин ас-Сайрамийни қўйганлар. Ало уд-дин ҳақида гап кетганда, унинг номига ал-олим (олим), ал-аллома (машҳур олим), мударрис ал-ҳанафий (ҳанафий мазҳабининг устози), шайх ал-ҳадис (ҳадислар билимдони) каби сифатлар қўшиб айтиларди…

Низом ид-дин ас Сайрамий ва унинг ўғли Абд ур-Раҳмон (Адуд ид-дин) ал-Сайрамий ҳам ўз ота-боболарига билими ва мулоҳазакорлиги билан ўхшаб кетишарди. 

Шундан келиб чиққан ҳолда, тасаввур қилиш мумкинки, XIV-XV асрлардаги мўғуллар истилосидан кейин ҳам қозоқ элидаги шаҳарлар ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Ислом тамаддуни изидан

Бир вақтлар мамлуклар жамияти ва ислом таълими, илм-фан ва маданият маркази бўлган Қоҳирадаги халқаро диний анжуманларда бўлган ҳар бир сафарим давомида Сайрамни эслаб, мен машҳур ал-Азҳор университети ёнидаги эски маҳалла бўйлаб ота-боболаримиз изидан юриб, Бейбарс (1217-1277) томонидан қурилган масжид, мадраса ва хонакоҳларни кўздан кечираман.

20 миллионлик Қоҳиранинг битта туманига ҳозир Султон аз-Зоҳир Бейбарс номи берилган.

XIII-XIV асрларда Бейбарс мадрасасини тарозлик катта олим Ҳибатуллоҳ ат-Тарозий бошқарган (1233-1272). Аниқланишича, бу ерда ал-Форобийдан, Тарозий, Туркистоний, Иқонийлардан ташқари, бу ерда Сайрамий тахаллуси билан бошқа аждодларимиз ҳам яшаган эканлар. Халқ ва ҳокимликнинг ҳурматига сазовор бўлган уларнинг барчаси шон-шуҳратга бурканган.

Мен аввал айтганимдек, марҳумларнинг жанозалари Наср дарвозалари олдида ўқилган, улар ҳозир ҳам турибди. Ўша олис даврларда дарвоза Қоҳиранинг шимолий чеккаси бўлган бўлиши мумкин. Ҳозир уларнинг олдидан текис йўл ўтади. Иккинчи томонида катта қабристон жойлашган. Ҳибатуллоҳ ат-Тарозий шу ерга дафн этилганлигини билгач, қабрини қидира бошладим. Сайрамийларнинг ҳаммаси шу ерга қўйилганлиги маълум бўлди.

Бейбарс масжидидан унчалик узоқ бўлмаган Қоҳиранинг ал-Худайри кўчасидаги ас-Сурғамиш мадрасасини Иқон қишлоғида (ҳозирги Туркистондан 30 км чақирим масофада) туғилган Қаум ид-дин ал-Итқоний (Иқоний) ал-Форобий ат-Туркистоний (1286-1357) бошқарган. Қоҳира, Дамашқ, Боғдод, Басра қадимий маданият марказлари бўлган. Бунга бизнинг ал-форобийлар, сайрамийлар, тарозийлар, туркистонийлар, сиғноқийлар катта ҳисса қўшганлар.

Эскориал ва Мадрид миллий кутубхоналарида, шунингдек, Абу Наср ал-Форобийнинг “Катта мусиқа китоби” асари ва араб тили яна бир ўтрорлик олим ал-Жавҳарий ал-Форобийнинг масалларига бағишланган “Ас-Сихах” (Таж ал-луга уа сихах ал-арабия) қўлёзмаларини топдим. Мен бу асарлар билан илгари Истанбул кутубхоналарида танишган эдим.

Мадриднинг миллий кутубхонасида немис шарқшунос, арабшуноси библиограф Морис Штейншнейдер (1816-1907)нинг “Ал-Форобий” монографияси нусхаси топилган, у 1966 йилда Голландия пойтахти Амстердамда иккинчи марта нашр этилган. Муаллиф, Жамол ид-дин ал-Кифтий ва ибн Аби Усайбининг ўрта асрларга оид манбаларига таяниб, Абу Наср 103та рисоласининг номларини санаб ўтган.

Ҳақиқатан ҳам, Испания Андалусиясидаги ҳамма нарсада, ислом тамаддуни белгилари кўзга ташланади. Бу ерда ҳамма вақт ислом маданиятига қизиқиш бўлган. Академик Игнатий Крачковский (1883-1951) шундай ёзади: “Испаниянинг араблар томонидан босиб олиниши натижасида араб тили бадавлат одамлар ўртасидаги адабий алоқа тилига айланди.” Бу ерда таъкидлаш керакки, араблар Испанияга келишидан аввал дунёвий адабиёт бўлмаган. Лотин тилидаги, асосан диний мазмундаги китоблардан фойдаланилган. Саводхонлик руҳонийларгагина хос эди. Араблар истилосидан кейин 100 йил ўтгач, IX асрда Кордова епископи қайғуриб, қуйидагиларни ёзди: “Кўп диндошларим арабларнинг шеър ва эртакларини инкор қилиш учун эмас, талаффузини чархлаш учун ўрганмоқда эканлар. Лотин тилида ўқувчи ва муқаддас оятларни шарҳлашга қодир бўлган бир неча одамни топиш ҳам амри маҳол бўлиб қолди. Улар орасида Инжилни, пайғамбарлар ва уларнинг саҳобаларини ўқиганлар борми?! Афсуски, истеъдодли насроний ёшлар фақат араб тилини ва адабиётини билишади, араб тилидаги китобларни қизиқиш билан ўрганади ва ўз тилларини шу қадар ёддан чиқариб қўйишганки, ҳатто лотин тилида дўстига хат ёза оладиган одам деярли юзтадан битта топилмайди. Аксинча, улар араб тилини юқори даражада билишади ва арабларнинг ўзларига қараганда, бу тилда чиройлироқ шеърлар ёзишга қодир”.

Араблар Испанияга буюк тамаддун ва маданиятни олиб келишган. Андалусияда арабларнинг пайдо бўлиши билан шаҳарлар, қўрғонлар ва ҳашаматли иморатлар пайдо бўлди. Мамлакатда юксалиш даври бошланди. Кўплаб ёзма асарлар яратилди. Маълумки, испанлар Андалусия (Гренада)ни (1492 й.) араблардан тортиб олганларида, 20 мингдан зиёд араб қўлёзмаларини ёқиб юборишган. Испан олимлари бу ҳақиқатни инкор этмайдилар.

Эскориал кутубхонасида мен “Ислом энциклопедияси”нинг сўнгги нашри билан танишиб чиқдим. Тўлдирилган нашрни чиқариш 1977 йилда бошланган ва 2007 йилда тугалланган. Атиги 12 жилд. Баъзилари ҳажм бўйича 1000 саҳифадан ошади.

“Ислом энциклопедияси” Голландиянинг Лейден ва Брилл шаҳарларида ҳар 30 йилда бир марта инглиз, немис ва француз тилларида нашр этилади. Эскирган мақолалар янги тадқиқотлар билан тўлдирилади. Муаллиф сифатида фақат таниқли олимлар таклиф этилади ва тақдим этиладиган мақолалар янги материалларга асосланган бўлиши керак. 

 “Энциклопедия”нинг аввалги нашрларида Қозоғистон ҳақида алоҳида мақолалар йўқ эди. Сўнгги нашрда япон тарихчиси Уяма Томокихонинг мустақил Қозоғистон халқига бағишланган мақоласи эълон қилинди.

Ҳамма мамлакат кутубхоналарида ҳам мавжуд бўлмаган “Ислом энциклопедияси”дан бизни Фороб ва Ўтрордан чиққан олимларга бағишланган материаллар қизиқтирди.

Унда Ўтрор (муаллиф W. Bazthold)(B. Spaler)) ҳақида ва ундан чиққан Абу Наср Муҳаммад ал-Форобий (R. Walzer), Абу Наср Исмоил бин Ҳаммад ал-Форобий (L. Korf), Абу Иброҳим Исҳоқ бин Иброҳим ал-Форобий (H. Fleisgh) ва еттисувлик Жамол ал-Қарший (P.Jackson), алоҳида шаҳарлар – Тараз (G.E. Bosworth), Женде (G.E. Bosworth) ҳақида мақолалар нашр этилган.

Шундай қилиб, Испаниядан мен энг қимматбаҳо материаллар: Абу Наср ал-Форобийнинг 10та рисоласини, икки Сайрамий – Ало уд-дин ас-Сайрамий ва Низом ид-дин ас-Сайрамийнинг асарларини, шунингдек, М. Штейншнейдернинг Ал-Форобий бўйича немис тилида ёзилган тадқиқотларини олиб келдим.

Бизнинг хизмат сафаримиз пайтида кўрсатган ёрдами учун мен Қозоғистоннинг Марокашдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Берик Аринов ва Испаниядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Бахит Дуйсенбаевга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Қозоқ диёри маънавий, маданий меросга бой. Ўрта асрларда, жумладан, мамлакатнинг жанубида катта ва кичик шаҳарлар, қалъалар ва истеҳкомлар мавжуд эди: Болосоғун, Тароз, Шелжи, Жиқил, Исфижоб ал-Байда-Сайрам, Манкент, Ўтрор, Суткент, Туркистон, Балаж, Саврон, Сиғноқ, Қипчоқ, Арқоқ, Асанас, Женд ва бошқалар. Шаҳарда кўплаб мутафаккир ва олимлар, қимматбаҳо асарлар муаллифлари яшашган. Афсуски, турли вақтларда улар дунё бўйлаб тарқалиб ёки йўқолиб кетишди.

Мен топган асарлар уларнинг қаламларидан туғилган, улардан қолган ёки улар ҳақида ёзилган. Агар сиз ушбу мақолаларни ўргансангиз, уларни қозоқ ва рус тилларига таржима қилсангиз, шубҳасиз, улар миллий тарихни бойитади ва Нурсултан Назарбаевнинг “Буюк Даштнинг етти қирраси” мақоласида белгиланган вазифаларни ҳал қилишда ёрдам беради. Уларни илмий муомалага киритиш ва жамоатчиликка таништириш керак.

Ўрта асрлардаги Қозоғистон олимлари ва уларнинг асарлари тўғрисидаги маълумотни олий ва ўрта махсус таълим учун дарслик ва қўлланмаларга ҳам киритиш; ўрта аср алломалари ва Дашт мутафаккирлари асарларининг антологиясини яратиш; уларнинг асарларини оммалаштириш ва тадқиқ қилиш учун халқаро анжуманлар ўтказиш; магистр ва PhD докторлари учун қозоқ даштининг таниқли мутафаккирлари ҳаёти ва фаолиятига бағишланган диссертация мавзуларини тасдиқлаш лозим, деб ҳисоблайман.

Абсаттар ҳожи Дербисали, Р. Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти директори, ҚР ФА мухбир-аъзоси,филология фанлари доктори, профессор, 2020-01-20, 21:22 1213
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.