26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Ўғирланган'' ғоя

Зўр ғоям бор, институтни тугатган йили ёндафтаримга туртиб қўйган эдим, ишга кирган йилим уни ёзиб бераман, деб. Мана, ишга кирганимга беш йил бўлди, қоғозга туширишга вақт етмаяпти. Баъзи китобларни титкилаб, айрим жойларига аниқлик киритиб, дегандай, диққатимни жамласам бўлди. Бугун дейсизми? Аслида, бўларди, фақат бунга камида бир ҳафта вақт керак. Балки, янги йил байрамида кўпроқ дам олиш бериб қолишар, бир амалларман. Мактабда, институтда ўқиб бекорга вақтимни кетказмаганимни ҳали исботлайман. 

Ғоя ажойиб. Мактабда ўқиб юрганимда ҳам, институтда ҳам устозларим айтишарди, бу бола жуда қобилиятли, деб. Ота-онам исмимни Қобил деб бежиз қўйишмаган. 

Етти кун қачон келаркин, деб кутиб юрганимда бир соҳибжамолни учратиб қолдим. Хаёлим ёввойи каптардай учдию кетди. Энди фақат уни ўйлайдиган бўлиб қолдим. «Сизсиз менга дунё қоронғу, сизсиз энди ҳаёт йўқ, илтимос, совчиларимни қайтарманг», деган эдим, аёл ширин сўзнинг гадоси эмасми, рози бўлди. 

Ғоям йилдан йилга етилиб боряпти, ажойиб ғоя, мисли ўзлаштирилмаган қўриқ. Зарур адабиётларни танлаб қўйдим, фақат ўғилча сал оёққа туриб олсин, ишлашга халақит беради. 

Ғоямисан, ғоя-да ўзи. Хотирам панд бериб қолмаса бўлди, ёзиб ташлаш қийин эмас. Вақтнинг ўтишини қаранг, кўз очиб-юмгунча ўн йил ҳам ўтиб кетибди. Ўшанда диплом ишимни ёзиб, раҳбаримга олиб борганимда, бир-икки саҳифасини ўқиб, кўзлари порлаб кетган эди.

– Турғунов! Қандингизни уринг. Буни дарҳол газетага бериш керак ахир. Ишлаб чиқаришда оламшумул ўзгаришлар бўладику, укажон!

«Укажон» нима ёзганини ўзи ҳам биларди. 

– Вақт борку, устоз, шошилиб нима қиламиз. Буни мақолага айлантириш, чизмаларни тайёрлашга анча вақт кетади. 

Ғоям бу ёқда пишиб етилатурсин, мен иморат бошлаб қўйдим. Унда ўзимга алоҳида хона ажратаман, шу ерда ўтириб ёзмасам, шароит, имконият бўлмаяпти. 

Вақтнинг тез ўтишини қаранг, ўғил уйлантириб, қиз чиқарадиган вақт ҳам келиб қолибдику, ана холос! Тўйлар ўтсин, бемалол ўтириб, қоғозга тушираман. Бор-йўғи икки саҳифа бўлади. Лекин, устозим айтганидек, оламшумул воқеа бўлади. 

Ғоя, ғояжон, сени олдингда ноқулай бўлди. Нафақага чиққанда ёзарман, деб ўйлагандим, қаёқда! Неваралар қий-чуви, бирини болалар боғчасига олиб бориш керак, бирини шифохонага, фахрийлар кенгашида учрашувлар кўпайиб кетди, сайлов деди, праймериз деди, уй ишлари кўпайиб кетди, бир пиёла чой ичишга вақт тополмай қолдим. 

Кеча телевизор кўриб ўтирсам, бир ёш олим менинг ихтиромни амалга ошириб, патент олибди. Вой ярамас ўғри, келиб-келиб отанг тенги одамнинг ғоясини ўғирлайсанми? Ҳозирги ёшларда уят қолмади. Эҳ, ғоям, ғоям, баҳор келиши билан ўтириб ёзиб ташламоқчи эдим, ёшларни бундай чаққонлик қилиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди. Аттанг, аттанг...

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2021-01-19, 04:38 585
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.