26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Навоийни англаб ўқийлик!

Ёзувчи Каримберди Тўрамуроднинг Ўзбекистон давлати расмий нашри – “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган шу номли мақоласини ўқиб, фикр-мулоҳазаларимизни баён қилмоқчимиз. 

«Ҳар йили февраль ойининг аввалида ҳамма ўзини Ҳазрат Навоийни танишини, билишини, унинг ижоди билан ошнолигини кўрсатишга интилиб қолади. Ўзимиз ҳам бундан мустасно эмас. Шу орада Навоийни тушунишини даъво қиладиганлар ҳам чиқиб қолади. Аммо Навоийни англаш учун Навоий билган билимларни эгаллаш зарурлиги, Қуръон, ҳадис илмидан яхшигина хабардор бўлиш кераклиги, Навоийни англамоқчи бўлган кишининг руҳонияти Навоий руҳониятига яқин бўлиши шартлиги ҳамманинг ҳам эсига келавермайди», деб ёзади у. 

Дарҳақиқат, адабиётдан анчагина хабари бор одамлар ҳам Навоий ғазалларини ўқиганларида уларни юзаки тушунишади. Бу сўзларга «яширинган» ҳақиқий маънони эса Навоий «қуролини» ишлата оладиганларгина англайдилар. Ана ўшалар Навоий ғазалларини ўқиганларида дод деб йиғлайдилар, ана ўшаларнинг фарёди осмон тоқига етади.

Бу қурол нима? Бу қурол – орифлик, бу қурол сўфийлик. Сўфийлар эса ўзларининг қалбларидаги муқаддас тушунчаларни, мўътабар номларни дунёвий одамлар ўқиганда арзимас нарса деб ўйлайдиган номлар билан «қулфлаб» олганлар. Улар ғазалларида Аллоҳни ёр дейдилар. Ибодатни май, ибодатхонани майхона, ўзларини Ҳаққа етакловчи руҳоний пирларини эса соқий дейдилар. Ана шунинг учун «Май ичсанг, оқилу, доно билан ич» ёки «Мен ўлсам, мени майхона харобаларининг остидан изланг», деган Аллоҳ йўлида ёниб ўтган шоирларни XX аср даҳрийлари «ғирт алкаш» шоирларга чиқардилар. Шунинг учун ҳам замона майхўрлари бу шоирларни ўзларига ошно санаб, унинг рубоийларини қадаҳ сўзи қилиб айтиб юрдилар. Шоир руҳини қақшатиб юрганлар ҳали ҳам топилади. Ўша «тост»ларининг ҳақиқий маъноларини билиб қолганларида эди, қўлларидаги қадаҳларини ерга уриб, чил-чил синдирган бўлардилар. Афсуски, шароб хира қилган ақллари бунга етмайди.

Ана энди Ҳазрат Навоийдан бир байт ўқиймиз:

Тун оқшом келди кулбам сори ул гулрух шитоб айлаб, 

Хироми суратидин гул уза ҳайдин гулоб айлаб.

Буни замонавий «Навоийшунос» бундай шарҳлайди: «Ярим кечаси, қоронғу тушганида бир чиройли юзли аёл кулбамга шошиб-пишиб келди, шошганидан терлаб кетибди-ю, терлари юзидан гулобдек қуйилаётган эди».

Аслида, бу Аллоҳга бўлган муҳаббатим иккига бўлинмасин, дея дунёдан тоқ ўтган Навоийга туҳматдир. Боринг, ана, бир маҳлиқо ҳузурларига келган бўлса ҳам Навоийдек зот буни ғазал қилиб, бутун оламга жар солмасдилар, сир тутардилар. 

Хўш, Навоий аслида, нима демоқчи эдилар? Бунинг учун Навоий шу байтда ишлатган сўзлар сўфийликда нимани англатишини билиб олайлик: кулба – орифнинг қалби; гулрух – шуҳуд олами, яъни Аллоҳнинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати; гул уза ҳай – ғайбий илҳом. Ана энди байтни изоҳлашга уринамиз:

«Ҳамма ёқни жаҳолат зулмати қоплаб турган бир пайтда, қалбимда Аллоҳнинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати юз берди. Бу шундай тез юз бердики, унинг тезлигидан менда ғайбий илҳомлар ҳосил бўлди».

Ана, шоир нима демоқчи-ю, уни юзаки англаган одам нимани хаёл қилади? Ҳазрат Навоий ғазалларини ана шундай шарҳлаган «Навоийшунослар» ҳам, Ҳазрат Навоий ҳақида кино қилдим деб, Навоийдек зотни подшоҳ (Ҳусайн Бойқаро) билан хотин талаштирганлар ҳам Ҳазратга туҳмат қилганлар. Ҳазрат Навоийнинг ҳаётларида ундай воқеалар бўлмаган ва бундай шармандаликларнинг бўлиши мумкин ҳам эмас! 

«Навоийни тушуниб ўқишга ҳаракат қилинг, уни англашга ҳаракат қилинг! Аммо унинг ғазаллари, достонларининг туб моҳиятига етмасангиз, ўқимай қўяверинг, зеро, Навоийни ўқимаслик мумкин, бунинг учун гуноҳкор бўлмайсиз! Аммо Навоийни ўқиб, уни бошқаларга ўзингизча талқин этиш, «Навоий ҳам май ҳақида ёзган, у ҳам ўзимиздан экан», деб уни шишадошлар қаторига қўшиб қўйишингиз − гуноҳ! Бунинг жавоби бор», деб ёзади Каримберди Тўрамурод.

Ҳазрат Алишер Навоий ғазалларини, достонларидаги маъноларни англаш, уларни тушуниб ўқиш барчамизга насиб қилсин!

Аdabiyot.uz (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг расмий сайти)да «Кеча келгумдур дебон...» номли мақола эълон қилинган. Унда Мир Алишер Навойининг ажиб байтларини шу пайтга қадар ҳамма хар ҳил тушуниб келгани баён қилинган. Ундан бир иқтибос келтираман. 

«Шу боис, собиқ иттифоқ даврида ҳам бобомиз томонидан қолган меросларни тузумлаштириб олганлар бўлди.

Ҳатто «Келмади» деб номланмиш машҳур ғазални ҳам ўша пайтнинг юксак севгиси тариқасида талқин этишди. Навоий даврида йигит ва қиз ўртасидаги муҳаббат илоҳий даражага кўтарилган, деб иддао қиладиганлар ҳали ҳам орамизда топилади. Аммо минг таассуфки, аслида Мир Алишер Навоийнинг байтларида умуман бошқа маънолар акс этган эди. Ҳозир биз собиқ иттифоқ даврида «ёр севгиси» деб таърифланган «Келмади» ғазалини тасаввуфий руҳда шарҳлашга уриниб кўрамиз.

Кеча келгумдур дебон, ул сарви гулрў келмади,

Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмади.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, Навоий яшаган даврда бир қиз ҳозиргидек йигитнинг кўзига тик қараганмикан? Ёки ҳаё ва андишали замон вакилаларининг «севгилиси»га қарата: Кечқурун келаман, мени кутинг» дейишига ишонасизми? Йўқ, Навоий бобомиз бу ерда йигит ҳамда қиз ўртасидаги ишқий муносабат ҳақида гапирмаяптилар. «Ул сарви гулрў» аслида биз тушунаётгандек маъшуқа эмас, балки тунда уйқуларни ҳам бузиб юборадиган кўз ёшдир. Ҳа, кўз ёш. Навоий ҳаддан ташқари ҳассос инсон бўлгани боис, ҳар бир мисраларида Аллоҳга бўлган муҳаббатни изҳор қиладилар. Яратганга бўлган чексиз қуллик ул зотни қўлга қалам олишга мажбур айлаган. Шу боис, «Кеча келгумдур» деб ваъда қилган кўз ёшни, Аллоҳ учун сажда пайтида тўкиладиган кўз ёшни тунги ибодатлари даврида кутганликларини айтадилар. Аммо инсон ҳар доим ҳам йиғлай олмайди, ҳеч кимнинг кўзи тушмайдиган, қоп-қоронғу кечада биргина ғофил бўлмаган Зот – Аллоҳ учун йиғламаклик бахтини ҳақиқий солиҳ инсонлар тушуниб етадилар. Алишер Навоий шундай инсон бўлгани туфайли ҳам, Аллоҳ таоло учун йиғлашни «сарви гулрў» деб атамоқдалар. Аммо... одамлар учун риё қиладиган инсонларнинг қалби қотиб кетади, ҳеч ким кўриши мумкин бўлмаган тунги кечада йиғлолмай қолади экан. Шундай надоматни одамларга эслатиш ниятида Навоий «ҳар кеча келаман, деб ваъда айлаб, ул сарви гулрў келмади» демоқдалар. Ғазалнинг давомида ундан-да ҳайратланарли сатрлар оқиб келади: 

Тонг отгунга қадар Уни кутдим, аммо Унинг келмагани сабабли кўзларимга уйқу ҳам келмади!

Лаҳза-лаҳза чиқдим-у, чекдим йўлида интизор,

Келди жон оғзимга-ву,  ул шўҳи бадҳў келмади.

Ҳар лаҳзада уни, яъни ҳеч ким кўриши мумкин бўлмаган қоп-қоронғу кечада кўзимдан тинмасдан оқадиган кўз ёшни кутдим, кутишим асносида унинг йўлига кўзларимни интизор қададим. Ҳатто жон халқумдан ўтиб, оғзимга ҳам келди, аммо ул ёмон феъллик маъшуқам келмади. Ёмон феъллик маъшуқа – кўз ёш мени алдаб кетди, агар у яна бир неча кун келмаса, менинг дунёда яшамакдан маъним ҳам қолмайди.

Оразидек ойдин эркан-да, гар етти эҳтиёт

Рўзғоримдек ҳам ўлғонда қоронғу келмади.

Фақат Аллоҳ учун холис тўкиладиган кўз ёшни жуда кутдим, аммо унинг келмаслиги тобора ойдинлашиб борарди. Ҳаттоки, унинг юзини эслагим келади, «Оразидек ойдин эркан-да», деб, кечани ёритгувчи юзини эслаб ўтади тунларим. Худди рўзғорим, тирикчилигим сингари уни кундузлари кўриб қоламан, негадир у қоронғу кечада келмайди.

Ул париваш ҳажриниким, йиғладим девонавор,

Кимса бормуким анча кўрғонда  кулгу келмади.

Энди мен кўз ёшларимни париваш деб номлаяпман, мен уни жуда соғиндим, негадир у мени узоқ-узоқларга ташлаб кетгандек туюлмоқда. Унинг ҳажрида девоналарга ўхшаб йиғладим, аслида Аллоҳ учун тўкишим керак бўлган кўз ёшимни соғиниб йиғладим, бундоқ йиғламакликдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Кўз ёшини соғиниб йиғлаётган кишини кўрганлар бу ҳолнинг моҳиятини тушуниб қолиб, ҳатто кулишмади ҳам. Менинг девонавор йиғлаётганлигимни кўриб ул бечораларнинг юзларига кулгу келмади.

Кўзларингдан неча су келғай,

Деб ўттирманг мени,

Ким бори қонерди келган 

Бу кеча су келмади.

Тўғри, кўзларимдан кўз ёш, сув оққан. Аммо Аллоҳ учун йиғламаклик ҳақиқий обидлар учун насиб этади экан. Мени маломат қилаверманг «кўзингдан кўп сув оққан» деб. Бу кеча Аллоҳ учун бир йиғлай деб эдим, кўзларимга умуман сув келмади. Нақадар даҳшат!

Толиби содиқ топилмас,

Йўқсаким қўйди қадам,

Йўлғаким, аввалқандам

Маъшуқи ўтру келмади.

Мен барибир кўз ёшларимни топиш учун сафарга чиқаман. Ул сафар муборак бўлади. Кўз ёшларимни топишга уринаман. Бу йўлда устоз топаман, унинг ҳар бир топшириғини бажараман. Ҳатто бу йўлда менга толиби содиқ топилмасада, маъшуқимни топиш учун йўлга чиқаман.

Эй Навоий, бода бирла 

Хуррам эт кўнглунг уйин,

Не учун ким, бода келган  

Уйга қайғу келмади.

Бода сўзи классикада «Аллоҳга бўлган муҳаббат» деган маънода ишлатилади. Шунинг учун ҳам ғазалларнинг аксарида шу сўзни ўқисак, уни мажозий маънода тушунишимиз керак. 

Навоий ҳазратларига ўзларига ўзлари мурожаат айлаб: Эй Навоий, Аллоҳга бўлган ибодатингни кучайтиравер, зеро, бу амал билан ҳар қандай уйни гўзал айламоқ мумкин. Ҳақиқий муҳаббат кирган уйларга ҳеч қачон қайғу келмади. Айнан шу жиҳат билан «ул сарви гулрў»ни уйга таклиф айламакнинг йўли бордир». 

Навоийнинг хитоби охирлаганда, ғазалдан олинадиган фойдаларни ҳам келтириб ўтамиз:

Инсон тунги ибодатида йиғламакликни талаб этсин. Кўзлари ёшланмаса, кўзлари ёшланмаётгандан йиғласин. Қалби қотиб кетганидан йиғласин. Ҳамма нарса учун ёшланган кўзлари бутун оламларни яратган Зот учун ёш тўка олмаганидан йиғласин. Бошқа ёшларни эмас, балки Аллоҳ учун йиғлаган кўз ёшини «сарви гулрў», «маъшуқи ўтру», «шўҳи бадҳў» сингари эъзозласин, уни суйсин ва ана шу учун ҳам йиғласин.

Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўз бандаларига «намоз ўқинглар» деб эмас, балки намозни барпо қилинглар, деб амр этган. Яъни, инсон намозни шундоқ ўқиб қўйиши эмас, балки ихлос билан барпо қилмоғи, қурмоғи лозим. Шундагина намоз Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳусни мақбул бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзи учун тўкилган бир қатра ёш ҳурмати бандасини дўзахдан озод этади. Бу ҳақда муборак ҳадислар ворид бўлган. Шундай экан, келинг, Жаноби Ҳаққа йиғлайлик, фақат Унинг Ўзигагина муножот айлайлик. Навоийнинг ғазалидан илҳом олиб ёзилган сатрларни ўқиб, Мир Алишер бобомизнинг руҳларига хайри дуо қилайлик.

Интернетдаги очиқ манбалардан Отабой РАҲИМҒОЗИЕВ тайёрлади, 2021-01-21, 02:46 780
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.