26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳар бир ғиштнинг ўз ўрни, ўз хизмати бор...

Минтақамизда жадал ривожланаётган, бироқ пандемия туфайли бироз оқсаб қолган қурилиш соҳасини ривожлантириш сари яна бир улкан қадам ташланди. Мамлакатимизнинг учинчи мегаполисига айланган миллиондан зиёд аҳолига эга Шимкентда ва бутун Турк дунёсининг маънавий пойтахтига айланган Туркистондаги қурилиш суръатларини кўриб, лол қолаётганимиз ҳақиқат. Йирик лойиҳаларнинг амалга ошиши эса ўз навбатида қурилиш маҳсулотлари саноатида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва тармоқни жадал ривожлантиришни талаб этади. Буни ўз вақтида ҳис этиб, англаган ишбилармон доиралар замон талабига мос лойиҳаларга қўл уришмоқда. Бу борада вилоятимиз қурилиш материаллари соҳасидаги янги ташаббусни қўлга олди. Мамлакатимизда ҳали ўхшаши йўқ роботлар бошқарадиган ғишт заводи барпо этилиб, яқин кунларда ўз маҳсулоти билан ҳатто қўшни давлатлар бозорини ҳам эгаллайди.
Туркистон вилоят маслаҳати депутати, аграр соҳа, ер муносабатлари ва табиатдан фойдаланиш масалалари бўйича доимий комиссия раиси, “АГРО-V”, “Бөрте Милка” МЧБларнинг директори, таниқли тадбиркор Нурали Абишевнинг таклифи билан Ўрдабоши тумани, Бодом қишлоғида қурилаётган “BOKEI” МЧБ – Қозоғистонда ягона сопол ғишт ишлаб чиқариш йирик заводига ташриф буюрдик.
Айни дамда 50га яқин ишчи унинг қурилишида иштирок этмоқда, унинг маъмурий биноси тез кунларда фойдаланишга топшириларкан.
– Бунёдкорлик жадал ривожланаётган минтақаларданмиз, бу соҳада ғиштга бўлган эҳтиёж, айниқса, карантин чораларига қатъий риоя этилаётган пайтда нақадар юқори бўлганлигидан хабардормиз, – дейди Нурали Алмаханули. – Мана, бир неча йилдирки, вилоятимиздаги ғишт заводлари ўша қурилиш ашёсига бўлган эҳтиёжни таъминлай олмаяпти. Қувонарли ҳол, қаерга қарама қурилиш: оддий меҳнаткаш ҳам иморат соляпти, давлат дастури лойиҳалари асосида ҳам осмонўпар бинолар барпо этиляпти. Бунинг барчаси учун газблок, кўпикблок, шлакоблок ва пишган ғиштга эҳтиёж юқори бўлиб, уни биздаги ишлаб чиқаришлар, афсуски, таъминлай олмаяпти. Cўнгги йилларда пишган ғиштга бўлган талаб кун сайин ўсиб бормоқда. Нима учун? Унинг муносиб ўринбосарлари яратилган бўлса-да, асрлар мобайнида илғор технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган пишган ғиштнинг ўрни ўзгача. Шу боис ҳам биз техник замонавийликка риоя этган ҳолда, ишлаб чиқариш жараёнида аксари роботлар иштирок этадиган Қозоғистондаги ягона лойиҳа – мазкур заводни барпо этяпмиз. Насиб этса, кузда у ишга тушиб, ҳамюртларимизга хизмат қилади. Заводга қуйилаётган сармоялар ҳажми 3 млрд. тенгедан зиёд. Ускуналари Италия, Греция, Япония ва Украинадан келтирилмоқда. Айни дамда завод печлари тайёр бўлиши билан ускуналар ўрнатишни бошлаймиз. Бунинг учун хорижлик мутахассислар, хусусан биз билан шартнома тузган Украина компаниясининг мутахассислари ҳам ишнинг бош-қошида туришибди.
Заводга директор этиб тайинланган, ихтисослиги муҳандис-механик Женис Садиқов завод қурилишига ҳам бош-қош. 10 йилдан зиёд вақт мобайнида
М. Ауезов номидаги ЖҚДУнинг “Қурилиш ва транспорт” факультетига деканлик қилган, айни дамда ушбу лойиҳани бошқараётган суҳбатдошимга ўзимни вилоят ўзбек газетасининг мухбириман деб таништиришим билан кўзлари қувончдан порлаб кетди.
– “Жанубий Қозоғистон”нинг доимий обуначиларимиз, бизда таълим оладиган талабаларга газета обунасини доимий равишда уюштириб келардик. Бир неча бор муаллимларимизнинг мақолалари ҳам сизларда чоп этилган. Биз учун ардоқли нашрсизлар. Заводимизга хуш келибсиз!. Кўриб турганингиздек, Ўрдабоши туманининг Бодомида кунига чанг-тўзон, шамол деярли тинмайди. Қанча сув сепсак ҳам, жазирамада тез қуриб кетади, тўзонга ҳам кўникиб қолдик, – деди Женис оға самимият билан.
Обуначиларимиз билан суҳбат уюштириш менга ҳам ўзига хос хушкайфият ва руҳий енгиллик бахш этди. Суҳбатимиз ҳам анча йиллик қадрдонлар сингари дўстона руҳда кечди. Завод украиналиклар лойиҳаси асосида барпо этилаётир. Ускуналарни ҳам украина компанияси хориждан келтириб, шу ернинг ўзида созлаб, ишга тушириб бераркан.
– Янги заводнинг бошқа ғишт заводларидан фарқи нимада?
– Бу ердаги ишнинг деярли барчаси автоматлаштирилгани билан фарқ қилади. Ғишт тайёрлаш жараёнининг аксарини робот-ускуналар амалга оширишади. Уни кесиш, жамлаш, қуритиш, қутиларга саралаш роботлар зиммасида. Қўлда, белкуракда ишлайдиган ишчилар бўлмайди. Ускуналар ишини бошқарадиган ва улар фаолиятини назорат қиладиган ходимларгина бўлади, холос. Ҳозир ғишт пишириладиган печни қуриш учун Ўзбекистондан ҳукуматлараро шартнома асосида махсус усталарни таклиф қилганмиз. Бундай қурувчилар бригадаси Ўзбекистонда ҳам бармоқ билан санарли. Улар шу қадар сифатли ва тез ишлашадики, фақат цементли аралашмани етказиб турсак, бас, баъзида бунга улгурмаяпмиз ҳам. Ҳар бир миллиметрини ҳисобга олиб, жуда пухталик билан ғишт теришади. Уларнинг ишини манаман деган усталар ҳам қилавермайди. Улар айнан шундай заводларнинг махсус қурилмаларини барпо этадиган моҳир усталар. Атиги бир миллиметрга адашишса, у ердан ғишт олиб кирадиган қурилма сиғмай қолиши мумкин. Айни дамда бошқа цехларда пайвандлаш ишлари олиб бориляпти. Университетимиз шогирдлари ҳам бу ишда фаоллик кўрсатишяпти. Магистрант талабаларим ҳам мен билан бирга олган билимларини амалда қўллашяпти.
Ишчилари 4 сменада ишлайдиган завод бир кеча-кундузда 120 минг дона 4 хил бичимдаги ғишт ишлаб чиқаради. Бу ерда аралашма тайёрлаш, шакл бериш, куйдириш ва юклаш ҳамда қутиларга жойлаш бўлимлари мавжуд, жараён автоматлаштирилган.
– Ҳозирча Қозоғистонда ягона завод маҳсулотининг нархи қандай белгиланади?
– Ҳамма ишни роботлар бажариб, ишчилар меҳнати кам талаб этилгач, табиийки, бошқа заводларникига нисбатан анча арзон бўлишини кўзлаяпмиз. Истеъмолчиларимизга тўхталсак, дастлаб маҳаллий бозорни таъминлаймиз. Ишчиларимизга ўрта ҳисобда 150 минг тенге маош беряпмиз. Баъзида шу нархга ҳам усталарни аранг топамиз. Ёшларимиз аксари олиб-сотарликка, маҳсулот ишлаб чиқармай, меҳнат қилмай мўмай даромад олиш орзусида. Бизга келган талабалар қўлига диплом олиши билан даромадли ишга жойлашиб, креслода ўтириб, жамоани бошқаришни орзу қилишади. Бу нотўғри. Ёшларни аввал меҳнат қилишга ўргатишимиз керак. Мен билан бирга ишлаётган шогирдларим бу ерда тажриба алмашишяпти. Бу касбни севиб танлашган.
– Қурилишда прораблик қиляпман, – дейди Ади Бисебаев. – Бинокорликни болалигимдан яхши кўраман. Отам билан бирга ўз уйимизни барпо этганмиз. Шундан сўнг бу касбга меҳр қўйиб, М. Ауезов номидаги ЖҚДУнинг Саноат-фуқаролик ва йўл-қурилиш факультетини тамомладим. Айни пайтда магистратурада таҳсил оляпман. Шу билан бирга, бу ерда ҳам ишлаяпман. Ўзим лойиҳачиман, ушбу йирик лойиҳа менда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, замонавий ускуналар ўрнатилиб, тўлиқ қувват билан ишга туширилса, бу ажойиб, ўхшаши йўқ лойиҳа бўлишига ишонаман.
Улкан қурилиш майдонида иш ўтган йилнинг декабрида бошланган, ҳозир қизғин иш кетяпти. Ҳар бир ишчи вазифасини пухта бажаришга ҳаракат қиляпти – завод оддий иморат эмас, сифатсиз хизматни қабул қилмайди.
Суҳбат сўнггида Женис оға бошқараётган жамоа фаолиятига муваффақият тилаб, иқтисодиёт соҳасида қурилиш улушини орттириш тенденцияси кетаётган паллада юксак технологияли, рақобатбардош маҳсулот харидоргир ва муҳими, одамларга бахт, саодат ҳадя этадиган муҳташам, осмонўпар иморатларни барпо этишда ўз ўрнига эга бўлишини тиладик.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2021-08-10, 01:44 476
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.