26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Жаҳон чемпионлари олтин ва бронза медаллари соҳиблари

Ёки туркистонлик Нилуфар Раимова билан Мадина Аманларнинг ажойиб ютуқлари тақдирланди...


Вилоят маркази Туркистоннинг халқаро аэропорти биноси пойида Россиянинг Уфа шаҳрида ўтган жаҳон ёшлар орасидаги эркин кураш ҳамда юнон-рим курашидан 21 ёшгача бўлган хотин-қизлар орасида ғалабага эришиб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган, хусусан, 57 килогача бўлган вазнда олтин медални қўлга киритган ҳамюртимиз Нилуфар Раимова ҳамда бронза медалга сазовор бўлган Мадина Аманларни тантанали кутиб олиш тадбири ўтди. Уларнинг ҳар иккаласи Даурен Танирбергенов раҳбарлик қилаётган Туркистон вилояти Абдисалан Нурмаханов номидаги олимпиада заҳираларини тайёрлайдиган ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби шогирдларидир.

Яқиндагина поёнига етган Токио олимпиадасидан сўнг нуфузи бўйича энг йирик ҳисобланадиган мазкур спорт анжуманида вилоятимиз спортчилари оламшумул натижаларни қўлга киритиб, Қозоғистон Республикасининг 30 йиллигига ажойиб туҳфа ҳозирладилар. Самолёт аэропортга келиб қўнгунга қадар олтин медаль соҳибаси Нилуфар Раимованинг падари бузруквори Қаҳҳор Исроилов ҳамда волидаи муҳтарамаси Матлуба Шермат қизи билан суҳбатлашдик. Улар Туркистон шаҳрининг “Ўртоқ” мавзесида истиқомат қилишади. Нилуфар беш нафар фарзанд тарбияланаётган пири бадавлат оиланинг учинчи қизи 2002 йили туғилган. Айни пайтда Аҳмад Яссавий номидаги халқаро қозоқ-турк университетида олий иқтисодий таҳсил олмоқда. Унинг спорт бўйича ҳамкасби Мадина Аман ҳам ХҚТУ талабаси. Ғолиб спортчиларга тажрибали тренер Нуржигит Еримбетов мураббийлик қилган. Туркистон туркийлар оламининг маънавий пойтахти мақомига сазовор бўлган жорий йилдаги ушбу ютуқ шубҳасиз, аҳамияти залворли бўлганлигини эътироф этамиз. Жаҳон миқёсида  саралаб олинган чапдаст спортчилар орасидан олтинни забт этиб, биринчи ўринга кўтарилиш осон эмас. Нилуфар Раимова финал беллашувида италиялик Аврора Руссони мағлубиятга учратди. Қизиқарли беллашув 8:6 ҳисобида Нилуфарнинг фойдасига ҳал бўлди. Таъкидлаш жоиз, Нилуфар ярим финалда туркиялик Элвира Камалоглуни 4:2 ҳисобида, чорак финалда эса белоруссиялик Мария Билидани мутлақ ғолиблик билан мағлубиятга учратди. Саралаш босқичида эса россиялик Анастасия Козловани 6:5 ҳисобида енгди. Мадина Аман 59 килограмм бўлган вазнда учинчи ўрин учун беллашувда венгриялик спортчи Анна Шелни муддатидан илгари мағлубиятга учратиб, шараф ила бронза медалини қўлга киритди. Ғолиб қизларимизни тарбиялаб, шу даражага етказган Туркистон вилояти Абдисалан Нурмаханов номидаги олимпиада захираларини тайёрлайдиган ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби раҳбари Даурен Рахимули шогирдлари ютуғидан мамнун ҳолда қуйидагиларни баён этди:
– Бунгача жаҳонда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган шогирдимиз Дидар Хамза билан фахрландик. Мана жаҳон миқёсида ғолибларимиз қаторига Нилуфар Раимова билан Мадина Аман қўшилди. Жуда юксак натижа. Биз эндиликда навбатдаги, Париж шаҳрида ўтадиган жаҳон олимпиадасига тайёргарликни бошлаймиз, – деди у.
... Самолёт учиб келди. Ғолиб спортчиларни уларнинг ота-оналари, ҳамкасблари, айниқса Аҳмад Яссавий номидаги халқаро қозоқ-турк дорилфунуни устоз ва талабалари жамоаси қизғин ва тантанали кутиб олишди. Рангли транспарантлар ва шиорларда ғолиб чемпионларнинг исмлари фахр ила ёзилиб, кўпчиликнинг иззат-икроми изҳор қилинган.
Доимий жамоатчи обуначимиз, “Улес” хайрия жамғармаси раиси Райимжон Қўчқоровни олтин медаль соҳибаси Нилуфар Раимованинг ота-оналари билан тасвирга олдим. Р. Қўчқоров ижтимоий тармоқда ушбу тадбир хусусида хабар тарқатди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Сакен Қалқаманов сўзга чиқиб спортчиларни, мураббийларни, вилоят аҳлини, улкан ютуқ билан муборакбод этди. Сўнгра Туркистон шаҳри ҳокими Нурбўл Турашбеков билан бирга жаҳон чемпионлари – олтин медаль соҳибаси Нилуфар Раимовага 1 миллион тенге, бронза медали соҳибаси Мадина Аманга 500 минг тенгелик пул сертификатлари тақдим этилди. Баракалла, барака топинглар! Эли мана шундай ҳурмат қилган спортчиларимиз келажакда, албатта, янги ютуқларга ихлос билан эришади. Чемпион қизлар кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром учун миннатдорчилик билдирдилар.
Ғолиб қизларнинг мураббийи Нуржигит Еримбетов эндиликда жаҳон олимпиадаси ғолиблиги насиб этсин, дея эзгу ниятини изҳор этди. Хусусан, Нилуфар Раимова ўзига сўз берилганида микрофонни тутиб тантанали равишда баралла овозда “навбатдаги жаҳон олимпиадасида олтин медалга эришиб яна чемпион бўламан” дея кўпчиликка ваъда берди. Ниятингга ет, элимиз байроғи, қадри-қимматини янада юксалтиришга маҳорат, тажрибани сафарбар этавер, дедик. Халқаро университет устози Жанғали Мусаев чемпион қизлар ҳурматига бағишлаб дўмбира чертди. Халқимизда эл довруқ-донғини маданият, санъат ва спорт чиқаради, деган нақл бежиз айтилмаган. Спортчиларимизга янги зафарлар тилаган ҳолда, бу каби мунаввар кунларда газетамиз саҳифаларида гўзал ва тантанали мақолалар мутолаасида дийдор кўришаверайлик, дея ният қилдик.
Ш. МАДАЛИЕВ.
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Муаллиф тасвирлари.  

Нилуфар Раимовага!

(Мувашшаҳ)

Нилуфар қиз нилуфар гул дейми сизни,
Ие, полвон ёхуд ўғил, дейми, сизни.
Лол этдингиз, олам аҳлин зафар қучиб,
Уфа узра гиламларда кураш тушиб.
Фарзанд билан мақтанади мақтанса эл,
Азим шаҳрим – Туркистоним шодликдан сел.
Раҳмат деймиз, ота-она, аммасига,
Раҳмат деймиз, устозларин ҳаммасига.
Аёлларнинг курашида тенгсиз бўлди,
Иззат-ҳурмат, илтифотлар денгиз бўлди.
Мен ўн тўққиз ёшли қизга нима дейман,
Олимпнинг ҳам чўққисин забт этинг, дейман.
Во дариғо, бу – асли бир кароматдир!
Аяжонлар дуолари ижобатдир.
Гиламларни титратгувчи қизга салом,
Ай Иззатий, мувашшаҳда этинг давом!

Акажон ИЗЗАТИЙ.
   Янги Иқон қишлоғи.

2021-08-28, 04:07 470
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.