26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Таълим соҳасида нима гаплар?

Кадрлар алмашинуви... Бу жараёнга мактаб маъмурлари тайёрми? Шаҳар ва қишлоқ мактаблари директорларини алмаштириш тартиби қандай амалга оширилади? 2021 йилда уч сменали мактабларни қандай ўзгаришлар кутади? Ўзбек мактабларида қандай янгиликлар рўй беради?
Шу ва бошқа саволларга вилоят инсон салоҳиятини ривожлантириш бошқармаси раҳбари Рақимбек Жўлаев бевосита жавоб беради.
– Рақимбек Қуатбекули, аввало, соҳага оид энг сўнгги янгиликларга тўхталсангиз...
– Маълумки, бу йилги янгиликларнинг ҳаммаси пандемия шароити билан боғлиқ. Ўтган йилги чекловлар туфайли таълим масофадан юритилиб, анча муваффақиятсизликларга дуч келдик. Интернет яхши ишламади, электрон таълим дастурларини ўзлаштириш оғир кечди. Хуллас, ўтган йилги муаммоларни бартараф этиб, янги ўқув йилининг 1-чорагига қадар йўл қўйилган хатоликларни тузатишимиз зарур. Вазирликнинг уч йилга мўлжалланган янгиланган таълим мазмунига тўлиқ кўчишда давом этамиз. Бу мутлақо янги дастур бўлиб, соҳадаги дарсликлар, андазалар ва кадрларни тубдан ўзгартиришни мақсад тутади. Бизда асосан 11-синфлар тўлиқ янги тизимга кўчди.
Бу йилги янгиликлардан бири – илм масканига ўқувчилар мактаб формасида ёки эркин кийимда келишига рухсат берилиши. Мамлакатдаги эпидемиологик вазият ва иқтисодий қийинчиликларни инобатга олган ҳолда, вақтинча – бу ўқув йилида классик услубда кийинишга рухсат берилди. Лекин биз, маъмурлар, педагоглар, мактаб либоси мажбурий бўлиши тарафдоримиз. Ота-оналар шуни яхши тушунишлари керакки, классик намунадаги либослар – бу кўча-кўйда, тўй-томошада кийиладиган кийимлар эмас. Анъанавий оқ ва қора рангли сипо, одми кийимлар бўлиши керак.
– Мактаб директорларининг алмашинуви масаласи йил янгилиги ҳисобланади. Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз...
– Кадрларни алмаштириш... Вазирликнинг бу борадаги махсус қоидаси ишлаб чиқилган. Хоҳловчилар вазирлик сайти орқали танишишлари мумкин. Фақат алмашинув неча йилда бўлиши керак – уч йилми, беш йилдами, мана шу масала ҳозирча муҳокамада. Қоидада ҳар уч йилда бир марта кадр алмаштириш таклиф этилган. Директор фаолияти учун бу муддат оз деган фикрлар илгари сурилмоқда. Камида 5-7 йил кераклиги айтилмоқда.
Агар директор биринчи марта алмашинувдан воз кечса, у билан меҳнат шартномасини уч йилга узайтириш таклиф қилинади. Иккинчи марта рад этилган тақдирда – лавозимидан озод этилади. 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, ўз лавозимида 5 ёки ундан ортиқ йил ишлаган директор алмаштирилиши зарур. Нафақага уч йил ва ундан камроқ вақт қолган раҳбарлар эса бу жараёндан озод қилинади. Бу борада яна қўшимча янги маълумотларни баён этамиз, албатта. Чунки қишлоқ мактаблари директорлари ва шаҳар мактаблари директорлари учун алоҳида тартиблар белгиланмоқда...
– Дейлик, масалан, шимкентлик ота-она боласини 1- синфга бериш учун ўз яшаш жойидаги мактабга олиб борди. “Жой йўқ” деган важ билан болани қабул қилишмади. Ноилож, ҳалиги кичкинтой ўз уйидан бир неча чақирим узоқда жойлашган мактабга қатнашга мажбур. Бу муаммо вилоятимизда ҳам борми? Уни ҳал қилиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
– Аслида бу муаммонинг илдизи минтақамизда демография вазияти билан бевосита боғлиқ. Бизда бола туғилиши кўрсаткичи юқори. Шунинг учун айрим мактабларимиз уч сменада ўқишга мажбур (вилоятда 6та авария ҳолатидаги ва 4та уч сменали мактаб мавжуд). Табиийки, бу муаммонинг ечими битта – янги мактаблар бунёд этиш. 2021-2023 йиллар оралиғида бу муаммо тўлиқ ҳал бўлади. Бу йил 44та мактаб фойдаланишга топширилади. 1 сентябрга 17та мактаб тайёр. Шу тарзда, яъни 5 йилда (2025 йилгача) 130та мактаб болажонларни ўз бағрига олади. Уч сменали мактаблар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда хусусий компаниялар ҳам жонимизга оро кирмоқда. Масалан, мамлакатдаги замонавий қурилишлар илғори – BI GROUP компанияси бино қуриш, энг сўнгги русумли ускуналар, дизайнер ва техник назорат, шунингдек, кутубхона жамғармасига эга муаллифлик лойиҳаси билан вилоятда 15та мактаб қуриб беряпти.
BINOM SCHOOL – Назарбаев заковат мактаби андазаларига мувофиқ бўлиб, уларда замонавий лабораториялар, кинотеатр, ўйин хоналари, ақлли синфлар, ижодий тажрибалар учун 3D принтер ва роботехника кабинетлари бўлади. Кутубхоналари эса ноутбуклар ва интерфаол столлар билан жиҳозланган. Мактаб ҳудудида иссиқхоналар ва табиий зоналар, спорт майдонлари жойлаштирилади. Ўқувчилари эса чет эл тажрибаси ва халқаро илғор таълим тизимларига асосланган услубда ўқитилади. Бу мактабларда таълим бепул бўлади.
Туркистон шаҳрида 1500 ўринли, Жетисайда 1500 ўринли, Байдибек тумани маркази Шаянда 900 ўринли, Тўлебий туманида эса 1200 ўринли мактаблар очилиши кутилмоқда. 1 октябрда Туркистон шаҳрида 720 ўринли Назарбаев заковат мактаби очилади. Мана шундай таълим даргоҳлари ўз-ўзидан эски авария ҳолатидаги мактаблар ёки уч сменали мактаблар муаммосини ҳал этади, албатта. Қолаверса, ушбу намунадаги мактаблар ўқувчи ва устозни тараққий эттиришда ҳам бениҳоя имкониятларга эга.
– Коллежга ўқишга кираётган ўқувчиларга оид қандай янгиликларни айта оласиз?
– Коллежлар масаласига келсак, 32та ихтисослик бўича 6092та ўринга давлат буюртмаси берилган. Бу 9-11 синф ўқувчилари учун. Вилоятда 64та касб-ҳунар коллежи бор. Лекин бу йил бюджет танқислиги сабабли, грантлар нисбатан камроқ ажратилди. Шунинг учун ҳам коллежда давлат ҳисобидан ўқий олмаган 9-синфдан кейинги ўқувчилар мактабларда ўқишни давом эттиради.
Касб-ҳунар олиш соҳасидаги муаммоларимиздан бири – коллеж ётоқхоналарига тааллуқли. 3та коллеж (1-, 18- сонли коллеж, Туркистон кўп соҳали техник коллежи) талабаларига мўлжалланган ётоқхона қуриш учун ҳужжатлар тайёрланди, давлат экспертизасидан ҳам ўтди. Фақат қурилиш ишлари учун маблағ ажратилса, бас.
– Ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар бўйича қандай янгиликлар бор?
– Ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар бўйича катта ўзгариш ёки янгиликлар йўқ. Шахсан ўзим соф ўзбек тилли мактабларда қозоқ ва рус синфларини очиб, уларни билингвал тизимга ўтказиш тарафдориман. Сабаби, ўзбек битирувчилари давлат хизматида, бошқа маъмурий маҳкама-муассасаларда деярли йўқ. Таҳлиллар кўрсатишича, бундай идораларда фаолият юритиш учун, энг аввало, давлат тилида имтиҳон, тестлар топшириш, қонунларни билишда ўзбеклар рақобатбардош бўлишлари даркор.
Давлат тилини ўрганиш она тили – ўзбек тили ва маданиятини ўзлаштиришга зарар етказмайди. Болалар ўз оилаларида ўзбек тилида гаплашадилар, қолаверса, миллий-маданий бирлашмалар ҳам фаол ишлаб турибди. Шунинг учун тил йўқолиб кетади, деб чўчимаслик керак.
Ўзбек тили бўйича олимпиада ўтган йили бўлмади. Уни республика миқёсида ўтказиш учун ҳам таклиф-мулоҳазаларимизни мутасадди вазирликка бериб қўйганмиз. Лекин у ҳозирча жавобсиз.
– Ўзбек тилидан дарс берадиган устозларнинг аксарияти Иттифоқ даврида ўқиган ва яқин келажакда нафақага чиқиш арафасида. Қолаверса, мактабларда ўзбек тилидан дарслар қисқармаяптими?
– Ўзбек тилидан дарслар қисқармаяпти. Иш жараёни аввалги йилларда қандай бўлса, шундай давом этаверади. Фақат дарсликлар бўйича муаммолар бор. Вазирлик, очиғини айтиш керак, кўпинча қозоқ ва рус тилидаги дарсликлар билан овора бўлади. Ўзбек, уйғур ва тожик мактаблари эса кейинга қолаверади. Масалан, қозоқ ва рус тилли мактаблардаги дарсликларга буюртма кўп бўлгани учун уларни имкон қадар сентябрга тайёрлашга ҳаракат қилишади.
– Суҳбатингиз учун ташаккур.

Н. МАВЛОНОВА, 2021-08-28, 04:10 495
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.