26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Хотира бор экан – миллат барҳаёт

Шанба куни Сайрам тумани, Қорабулоқ қишлоғидаги Ҳамза номли мактабда “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг 30 йиллиги доирасида унинг биринчи бош муҳаррири, ҚР журналистикаси ва ижтимоий-сиёсий ҳаётига муносиб ҳисса қўшган Собиржон Юсуфалиев ҳамда бош муҳаррирнинг ўринбосари, моҳир таржимон-филолог, таниқли журналист Исломқул Абдунабиевнинг порлоқ хотирасига бағишланган учрашув ўтди.
Мазкур тадбирда газета жамоасидан ташқари, таҳририят фахрийлари, ҳокимлик, сиёсий партия вакиллари, мактаб маъмурияти, ўқувчи-устозлари, маҳаллий зиёлилар, марҳумларнинг оила аъзолари, ёру-биродарлари, яқин дўстлари иштирок этишди.
Тадбирни “Жанубий Қозоғистон” газетаси бош муҳаррири Алишер Сотволдиев очди ва барчани Қариялар ва Ўқитувчилар куни билан табриклади.
У мамлакатимиз Мустақиллигининг тенгдоши бўлган рўзнома тарихига қисқача тўхталиб, фаолиятида салмоқли ўрин тутган марҳум ҳамкасблар кўрсатган хизматларни яна бир бор эътироф этди.
Ушбу учрашув-хотира тадбири бўлгани учун Қорабулоқ қишлоғи масжиди бош имоми Т. Эшпўлатов  марҳумларнинг руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилди, дуои-фотиҳалар қилинди.
Шундан сўнг сўз навбати ҚР ўзбеклари  “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжоновга берилди. У ҳам “Жанубий Қозоғистон” газетасида кўп йиллар фаолият юритган, марҳумларнинг ҳаёт йўли, амалга оширган ишлари ҳақида гапирар экан, сўзи сўнггида бирини “устозим”, иккинчисини “қадрдон дўстим” дея хотирлади.
Хотира ва қадрлаш кунида мактаб ўқувчилари фаоллик кўрсатиб, С. Юсуфалиев ижодидан намуналар ўқиб беришди. Марҳумларнинг таржимаи ҳолларини айтиб берган 11-синф ўқувчилари Дилшод Абдуқодиров ва Покиза Юнусметоваларга таҳририят номидан Ташаккурномалар топширилди, адибнинг китоблари берилди.
Тадбирда С. Юсуфалиевнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида унинг синфдоши, жамоат арбоби Ҳамроқул Давронбеков, Сайрам туман ўзбек этномаданият бирлашмаси қошидаги хотин-қизлар қўмитаси  раисаси Зумрад Аҳмедова ҳамда фаол жамоатчи Суннатулла Акромовлар ҳам марҳум журналистлар ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашдилар.
 Сайрам тумани 4-сонли гимназия-мактаби директори, NUR OTAN партиясининг қишлоқ бошланғич ташкилоти раиси Улуғбек Боялиевнинг чиқиши ажралиб турди. У нафақат раҳбар, балки ижоди билан танилган ҳаваскор қаламкаш ҳам экан.
– Бундай хотира тадбирларининг тарбиявий аҳамияти бениҳоя катта. Миллий қадриятларимиз ва ўзлигимизни чуқур англашга ёрдам беради. Айниқса, ёшлар онгида ижодни ва марҳумларни қадрлаш туйғусини шакллантиришда ўрни аҳамиятлидир,  – деди у.
Тадбир доирасида газетада кўп йиллар меҳнат қилиб, унинг 30 йил умр кўришига ҳиссаларини қўшган фахрий ҳамкасбларимиз: Ҳавазмат Қўчқоров, Мухтор Муҳаммедов, Иброҳим Ҳуккиев, Ҳайитмат Муҳиддиновларнинг дил сўзлари эсда қолди.
Тадбир якунида узоқ йиллар давомида газетанинг чин мухлислари,  обуна фаоллари “Далабозор” мактаби директори Муроджон Сайдалиев, “Қорабулоқ” мактаби директори Муроджон Тожиев, Ҳамза номли мактаб директори Зокиржон Мавлонқулов, 100-сонли мактаб директори Муҳиддин Сиддиқов, муаллималар Дилноза Ваҳобова, Дилфуза Бектошева, ижодкорлар Зумрад Аҳмедова ва Гулбаҳром Абатоваларга Ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Шимкентлик жонкуяримиз Санобар Турсуметовага шу куни Қозоғистон Журналистлар уюшмасига аъзо бўлганини тасдиқловчи гувоҳнома ва кўкрак нишони тантанали равишда  топширилди.
Ушбу тадбирни ҳақли равишда уч авлод учрашуви деб аташ мумкин. Зеро, унда ўқувчи ёшлар, ўрта ёшли хизматчилар ҳамда кекса фахрийларни  кўриш мумкин эди.
Мулоқот эркин, жонли ва самимий тарзда ўтиб, барчанинг кўнглидан жой олди. Меҳнат фахрийси, ижодкор шоира Победахон Абдазимова эзгу тилакларини изҳор этиб, китобларини меҳмонларга, мактаб кутубхонасига тақдим этди.
Ҳаётдан эрта кетган устозларимизнинг турмуш ўртоқлари – Марҳамат ая Юсуфалиева ва Ойкарам опа Абдунабиевалар кўзда ёш билан барча ташкилотчиларга қизғин миннатдорчилик билдиришди.
Тадбирнинг энг ёрқин лаҳзалари фотосуратларда муҳрланди.
Сўнгра “Изюм” тамаддихонасида меҳмонлар дил сўзлари орқали ўтганларнинг руҳларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишди.
Таҳририят ходимлари ҳам оламдан ўтган ҳамкасблар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, уларни эҳтиром ила ёдга олишди.
Тадбир иштирокчиларига санъаткор Тўрахон Худойберганов ижросида ажойиб қўшиқлар туҳфа қилинди.
“Жанубий Қозоғистон” рўзномасининг 30 йиллиги доирасидаги навбатдаги тадбиримиз Манкент ва Оқсувкент ҳудуди бўйича, газетада фаолият юритган таниқли мухбир, шоир Ирисали Жуманов ва қатор марҳум жамоатчи мухбирлар хотирасига бағишланади.
“Жанубий Қозоғистон”  газетаси улкан синовлар, машаққатли кунларни бошдан ўтказиб, бугунги кунларга етиб келди.        
Шунинг учун, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, тарихида қолган фидойи ижодкорларни ҳамиша ёдимизда сақлашга масъулмиз, улар хотирада – абадий.

Н. МАВЛОНОВА, 2021-10-05, 05:04 562
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.