26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мен муваффақиятли инсонман!

Бугунги тиббиёт соҳасида уқалаш услубининг ўрни ўзгача. Уқалаш – бу касалликни даволаш ва олдини олиш усулидир. У кўп йиллар давомида амалий қўлланилиб, илмий асосланган, одам организми учун энг зарур жисмоний соғломлаштириш воситаси ҳисобланади. У турли касалликларнинг олдини олиш мақсадида, яъни организмни мустаҳкамлаш учун ва тиббиётнинг турли тармоқларида – жарроҳлик, ортопедия, гинекология, терапия, неврология ва бошқаларда кенг қўлланилади.
Бугунги суҳбатдошим айнан шу касбнинг моҳир устаси, Шимкент шаҳрининг Сайрам мавзесидаги MIR даволаш-соғломлаштириш уқалаш маркази директори (тасвирда) Миркомил Мирҳожиев. Миркомилнинг кечаси, бугуни ва келажаги каттаю-кичикка ҳам ибрат, ҳам ўрнак бўлишини истаган ҳолда у билан суҳбатлашишни маъқул топдик.
– Миркомил Мирқодир ўғли ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз.
– Мен 1987 йил 29 августда Сайрам қишлоғида зиёлилар оиласида туғилдим. Отам Мирқодир Мирҳожиев бошланғич ҳарбий таълим фанидан Есеке Юсупов номли мактабда ўқитувчи, онам Муҳтарам – ҳамшира. 34 ёшдаман. Юсуф Сарёмий номли мактаб-лицейни тамомлаганман. Ўқувчилик давримда спортга қизиқишим кучли эди. 9-синфгача спортнинг бокс, футбол, шаҳмат-шашка, волейбол турларидан республика, вилоят, туманлараро мусобақаларда чемпион бўлганман. Мактабни тамомлагач, ота-онамнинг маслаҳати билан Шимкент шаҳридаги “Авиценна” тиббиёт коллежида фельдшерлик мутахассислиги бўйича таҳсил олдим. Коллежда ўқиш бараварида Шимкент шаҳридаги “Пульс” ўқув марказида салкам бир йил уқалаш курсида ҳам таҳсил олдим. Илк меҳнат фаолиятимни 2007 йили шаҳардаги “К-Бастау” хусусий тиббиёт клиникасида бошладим, 2009 йилда Сайрамдаги 3-сонли касалхонанинг жонлантириш бўлимида 9 ой ишладим.
Оилада икки фарзандмиз. Акам Миразиз – ўқитувчи, ҳозир темирчилик билан шуғулланиб, замонавий, безакли дарвозалар ишлайди. Ота-онамнинг муносиб тарбиясида вояга етдик. Улғайиб, мустақил ҳаётга қадам қўйсак-да, улар бизни боладек авайлаб, маслаҳат-насиҳатлари билан йўл-йўриқ кўрсатарди. Бу бир томондан яхши, ота-онанинг насиҳатлари доимо эзгуликка етаклайди, иккинчидан, мустақил ва ихтиёрий қадам ташлаш имконини бермайди. Мен табиатан тўғрисўз, чўрткесар, таваккалчиман. Сабрим тугади ва ота-онамга ўз ҳаётимда мустақил равишда бирор ишни бошлаш, қарор чиқариш учун имкон беринглар, дея сўрадим, уларнинг розилиги билан ҳаётимни тубдан ўзгартириш учун Алмати шаҳрига жўнаб кетдим.
– Ҳаётингизда қандай ўзгаришлар рўй берди?
– Ушбу қарорим ҳаётимни батамом бошқа йўналишга ўзгаришида муҳим аҳамият касб этди. Мақсадларим аниқ. Замон билан ҳамнафас одимлаб, ҳалол меҳнат қилиб, бой бўлгим келади, ўзим истагандек ҳаёт кечиргим келади. Агар инсон олдига мақсад қўйса, унга эришиш учун меҳнат қилса, дунёда турмуши фаровон, ризқи мўл, обрўли инсон мақомига эришади. Қолаверса, фаровон ҳаётнинг шартларидан яна бири – ҳалол касб-ҳунар билан шуғулланишдир. Касбига меҳр қўйган инсон қўлидан келадиган иши билан бошқаларнинг ҳожатини чиқаради. Мен бунга юз фоиз ишонаман.
– Касбингизнинг қироли бўлиш учун қаерда ва қандай тажриба орттирдингиз?
– Дастлаб, Алмати шаҳридаги беш юлдузли “Интерконтинентал” меҳмонхонасига танлов асосида уқаловчи бўлиб ишга жойлашдим. Уч ойда катта уқаловчи бўлдим. Сўнг “Арасан” мажмуасига яна танлов асосида ишга келдим. Иш билан бирга билим олишдан тўхтамадим. Алматидаги “Диклёр” халқаро француз уқалаш марказида, 2012 йилда “Бизнес Экспресс Консалтинг” компаниясининг ҳаммом ишини ўқитиш дастури асосида “Турк ҳаммоми” ўқув курсидан ўтдим. 2012 йилда Хитойга, 2013, 2015 йилларда Тайландга бориб, соҳам бўйича ўқиб, малака ошириб қайтдим. Алматида ишлаб юрган йилларимда топган даромадимдан 10 минг долларни акамнинг тўйига тўёна, деб, уйга жўнатганман. Қолган ҳамма топганимни, "миямга" жойладим. Яъни, бугунги кунгача 130 млн. тенгени билимга сарфладим. Алматида юрганимда “Секрет” деган кинони кўрдим, китобини топиб ўқидим. Шунда яна бир нарсани тушундим, ҳаётдаги ҳар бир ҳаракатимиз эртамизни аниқ белгилаб бераркан. Мен олдимга – сахий бой бўламан, дея мақсад қўйдим. Бой бўлишим керак, бой бўлсам яхши яшайман, закот бераман, хайр-эҳсон қиламан, савобли ишлар қилишга имкониятим етарли бўлади. Дастлаб ҳеч қачон мағлубиятга бош эгмайман, деган шиор билан иш бошлаганман. Ҳар бир янги қадам ташлашимдан аввал илм ўрганаман, шунда 5-10 йил умрим беҳуда сарфланмаслигига амин бўлдим. Бир ойда камида иккита китоб ўқийман. Мен ҳаётда адашишдан қўрқмайман. Алматида ўқиб юрган кезларимда устозларим “Биринчи марта хато қилиш тажриба, иккинчи марта такрорлаш бу – хато, деган. Аммо сен “хато қилишдан чўчима, хатоларинг туфайли тажрибанг ортади”, деб уқтиришган. Менинг уққаним, ҳеч ким ўргатмайдиган ҳаёт илмига хатолар, адашишлар туфайли эришасан. Хатодан ҳам фойда олишни ўрганиш керак. Айнан мана шу хатоларим туфайли 70 минг доллар йўқотдим. Бу мен учун катта синов бўлди. Мана шу инқирозга учрашим мени “Долларли миллионер” бўлишимга сабаб бўлди. Икки ярим йилда инқироздан чиқдим. Бунинг учун туну кун ишладим. Динимизда ҳам одам боласи умр йўлини қандай босиб ўтиши чиройли тарзда баён қилинган. Инсон бу кўрсатмаларга амал қилса, қийинчиликларга дуч келмайди. Молиявий инқирозга учраган вақтимдан эътиборан эҳсон қилишни бошладим. Топган даромадларимнинг бир қисмини қарзимни ўташга, иккинчи қисмини бизнесимни ривожлантиришга, учинчи қисмини илмга, тўртинчисини хусусий сармоямга қуйдим. Тўғри қўйилган мақсад, заҳматли меҳнатим туфайли 110 минг доллар сармояга эришдим, қарзимдан қутулдим, билим олдим, бизнесимни кенгайтиришга муваффақ бўлдим ва энг муваффақиятли инсонга айландим. Бу менга янги куч-ғайрат, шижоат ҳадя қилди. Мен қаерда ишламай, етарли тажриба тўплаб, малака оширдимми, бўлди, у ерда кўп қолмайман, яна мақсадим сари интиламан. Талабчанлигим, чаққонлигим, касбимни яхши кўришим туфайли қаерда ишламай, жуда тез кўтариламан. Мана иш столимда иккита ноутбукни кўриб турибсиз. Бири – ўтмишим, иккинчиси – келажагим.
– Хитойда қандай массаж усулини ўргандингиз? Қолаверса, массаж, руҳшунослик ва бизнес соҳасидаги устозларингиз ким?
– Хитойда нуқтали ва даволаш усули, Тайландда ҳам анъанавий тай усулидаги уқалаш сирларини ўзлаштириб қайтдим. Массаж курсларида малака ошириш билан бир қаторда бизнес-мактабларда ҳам ўқишни бошладим. 2015 йил декабрдан буён Бишкекдаги “САМО” инсон тараққиёти халқаро марказининг турли шаҳарларида ўтадиган бизнес-мактабларида таҳсил оляпман. 2016 йили Сайрам даҳаси марказидаги “Эрудит” хусусий ўқув марказида уқалаш илмидан сабоқ бера бошладим. Бугунги кунда 250дан зиёд шогирдим бор.
Устозларим халқаро бизнес-тренер, руҳшунослик фанлари доктори Саидимурод Давлатов, Албина Имашова, Стивен Кови, Александр Яновский, уқалаш соҳасида Вадим Дубов, Александр Белькевич. Саидимурод Давлатовнинг турли давлатларда ўтадиган дарсларида иштирок этишга ҳаракат қиламан. Яқинда америкалик етакчи, ҳаётни бошқариш бўйича маслаҳатчи, “Муваффақиятли одамларнинг 7 кўникмаси” китобининг муаллифи Стивен Ковининг “Franklin Covey” руҳшунослик мактабида билим олиб қайтдим.
– MIR даволаш-соғломлаштириш уқалаш маркази фаолиятига тўхталсангиз? Унинг инсон организмига фойдаси қай даражада?
– Маълумки, инсон эгаллаган касби орқали, аввало ўзининг, қолаверса, атрофдагиларнинг моддий эҳтиёжларини қондиради. Ҳозир хусусий уқалаш ўқув марказини очганимизга уч ой бўлди. Аммо “Эрудит” билан ҳам ҳамкорликда қўшма лойиҳаларимиз устида ишлаяпмиз. 20дан зиёд шогирдим ушбу марказда самарали фаолият юритмоқда. Ўзим фақат ташкилий ишлар билан бандман. Малакали, билимли шогирдларим етарли. Ҳозир улар болалар ва катталарга тиббий хизмат кўрсатишади. Бундан ташқари, улар ҳам ушбу касб сирлари бўйича тажриба орттириб, бошқаларга билим беришади. 2020 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ҳам айнан шундай уқалаш марказини очганмиз. У ерда 27 нафар киши ишлайди. Марказга бизнес ҳамкорим, шифокор Илёс Камолов раҳбарлик қилади. Қолаверса, яқинда Самарқандда янги меҳмонхона қуриб битказиб, биринчи қаватида айнан соғломлаштириш клиникасини очяпмиз. Айнан шундай марказни Шимкент шаҳрида ҳам очишни режалаштирганмиз. Иккинчи саволингизга келсак, уқалашнинг организмга фойдаси беқиёс. Мен шахсан ер юзи бўйича Исроил давлати тиббиётига қизиқаман. Исроиллик тиббиёт фанлари доктори Александр Белькевичнинг семинарида қатнашганман. Инсон соғлом бўлиши учун саломатлигини назорат қилиб туриши шарт. Бизнинг соҳанинг мақсади ҳам айнан касалликнинг олдини олиш. 20 йил давомида уқалаш марказлари дунёнинг 196та давлатида очилиши режалаштирилмоқда. Хасталаниш кўрсаткичи бўйича биз касалхоналар кўрсаткичидан анча олдиндамиз. Пандемия даврида уқалаш айни муддао бўлди. У қонни суюлтиради, қон айланиш тизимини яхшилайди. Аслида унинг 600 мингдан зиёд тури мавжуд. Биз Хитой усулида ишлашни йўлга қўйганмиз, уқалашнинг 9 усули асосида фаолият юритамиз. Олдимизда улкан мақсадлар бор. Уларга эришишда аҳил жамоанинг таъсири катта эканлигига ишонаман. Ҳаётда инсон турли вазиятларга дуч келади. Агар унда кучли ирода, сабр-қаноат, интилиш, изланиш, етарли билим бўлса, ҳар қандай вазиятдан чиқиш имкони мавжуд. Бунинг учун вақтнинг, билимнинг қадрига етиш зарур.
Миркомил рафиқаси Сафия билан Солиҳа ва Мирзафарларни тарбияламоқда. Кўплаб беморларнинг дардига дармон бўлаётган ўз касбининг фидойиси Миркомил Мирқодир ўғлининг келгуси ишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Мухтабар УСМОНОВА, 2021-10-05, 05:05 393
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.