26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

Аввал хабар қилганимиздек Туркистон шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик юзасидан Ҳукуматлараро комиссиянинг XIX йиғилиши ҳамда «Чегаравий ҳамкорлик янги ўсиш нуқтаси сифатида» мавзуидаги III Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Ҳудудлараро ҳамкорлик III форуми ўтди.
Марказий Осиёдаги минтақавий савдонинг қарийб 70 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистон улушига тўғри келади. 2021 йилнинг 9 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,9 миллиард доллардан ошди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 28,5 фоизга кўп.
Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 6 баравар ошиб, 1048 тага етди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сўнгги 4 йилда қарийб 60 фоиз ўсиб, йилига 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди. Жорий йил якунларига кўра Ўзбекистон Қозоғистоннинг бешта йирик савдо ҳамкорларидан бирига айланиши мумкин.
Шунингдек, кимё, электротехника, фармацевтика, енгил саноат, машинасозлик, металлургия, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи «Йўл харитаси»ни қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида шунингдек, маданий-гуманитар соҳада анъанавий яқин алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан Ҳукуматлар раҳбарлари зиммасига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2022 йилда 5 миллиард долларга, кейинги 5 йилда эса 10 миллиард долларга етказиш вазифаси юклатилган. Шу муносабат билан икки давлат чегарасида «Марказий Осиё» халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
ҚР Бош вазири саноат кооперацияси соҳасида Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлиги юқори суръатда бораётганини таъкидлади. «Hyundai Auto Asia» қўшма корхонаси самарали фаолият юритмоқда. «Астана-Моторс» компанияси Жиззахда Hyundai автомобилларини ишлаб чиқарувчи завод қурилишини бошлаган. Қўстанайда «СариарқаАвтосаноат» масъулияти чекланган жамияти «UZAuto Motors» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда Chevrolet, «MAN Auto – Uzbekistan» АЖ ва MAN юк автомобилларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Жорий йилнинг ноябрь ойида Қўстанай шаҳридаги «АгромашХолдингKZ» АЖ маҳаллийлаштириш марказида қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи «Nurafshon» қўшма корхонаси ташкил этилди. «Alliance» қўшма корхонаси ва «Turkestan Textile» тикувчилик фабрикасида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани енгил саноатдаги ҳамкорликнинг муваффақиятли намунасидир.
 – Машинасозлик, қурилиш ва фармацевтика саноатида янги қўшма лойиҳалар учун салоҳиятли ўсиш нуқталари мавжуд, – деди А. Мамин.
Бош вазир Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида транзит-транспорт соҳасидаги ҳамкорлик юксак даражада эканини таъкидлади. Хусусан, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, ўтказиш пунктларини такомиллаштириш, юк ташишда қулай тариф сиёсатини шакллантириш юзасидан йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 10 ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 20,5 миллион тоннани ташкил этди.
ҚР Бош вазири икки давлат ўртасида атроф-муҳит, сув ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида вегетация даврида Тўқтағул ва Қайроққум сув омборларидан қўшимча сув таъминланди ва бу Қозоғистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналарнинг эҳтиёжларини қондирди. Оролбўйининг долзарб экологик муаммоларини ҳал этиш, бутун Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
 «Орол денгизининг қуриган тубига саксовул кўчатларини экиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни таклиф қиламиз», деди А. Мамин.
Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин мазкур анжуман юксак савияда ташкил этилганини алоҳида қайд этиб, Қозоғистоннинг Тўнғич Президенти – Элбоши Нурсултан Назарбаев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси, сиёсий иродаси билан ҳудудлараро ҳамкорлик форумини мунтазам ўтказиш вазифаси белгиланганини таъкидлади. Биринчи форум 2018 йил ноябрь ойида Шимкент шаҳрида муваффақиятли ўтказилди, тадбир доирасида эришилган келишувлар бугунги кунда ўз натижаларини бермоқда.
Ўзбекистон Бош вазири А. Орипов кейинги йилларда давлатларимиз раҳбарлари ўртасида ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлар икки томонлама алоқаларнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига замин яратгани, Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари кўплаб соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий йўналишда жадал суръатларда ривожланиб бораётганини қайд этди.
Анжуман давомида ҳар икки давлатнинг тегишли вазирлик, идоралари вакиллари Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг ташрифлари доирасида эришилган келишувлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, энергетика ва қишлоқ хўжалиги каби муҳим соҳалар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди.
Форум доирасидаги музокаралар якуни бўйича қатор соҳалар бўйича ҳужжатлар имзоланди.


Ўзбекистон ва Қозоғистон Бош вазирлари нималарга келишиб олишди?

ҚР Бош вазири Асқар Мамин Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Орипов иштирок этган анжуманда савдо-иқтисодий, сармоявий, қишлоқ хўжалиги, транзит-транспорт, сув-энергетика, саноат кооперацияси, туризм ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Унда 200дан зиёд делегат – давлатлар раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. ҚР Савдо ва интеграция вазири Бақит Султанов, ЎзР Сармоялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов, Туркистон вилояти ҳокими Ўмирзақ Шўкеев, Манғистов вилояти ҳокими Нурлан Нўғаев, Ақтўбе вилояти ҳокими Ўндасин Ўразалин, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раиси Каҳраман Сарев, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ва бошқалар ҳисобот берди. Тадбир доирасида машинасозлик, агробизнес, қурилиш материаллари, электротехника маҳсулотлари, тиббиёт буюмлари, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 611,3 миллион доллар бўлган 54та сармоявий ва тижорат битимлари имзоланди.
Туркистон шаҳрига ташрифи доирасида икки давлат Бош вазирлари Назарбаев заковат мактабининг очилиш маросимида иштирок этишди. Х. А. Яссавий мақбараси, «Буюк Дашт эли» маркази, «Карвон-Сарой» сайёҳлик мажмуаси ва бошқа иншоотларга ташриф буюришди.

Рrimeminister.kz, 2021-11-30, 02:50 332
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.