26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Чемпионларнинг дуогўйи

Боланинг шахс сифатида шаклланишига оилаларнинг таъсири беқиёс. Ота-оналар болаларини машинада ёки пиёда турли спорт тўгаракларига, фан курсларига йиллар мобайнида етаклаб олиб боришларига кўп гувоҳ бўлганман. Кўпинча аёллар болаларининг турли машғулотлардан ўтказиладиган беллашувлари, машғулотларида соатлаб кутиб ўтиришларига ҳам, тўғриси, ҳавас қиламан. Бунинг учун кўп ҳолларда оналар ўзининг севимли касбу коридан кечиб бўлса ҳам, фарзандининг келажагига ўзларини бахшида этишади. Вақтини уюшмалар, тўгаракларга сарфлашади. Шундай ота-оналарнинг хизматлари туфайли қобил ва иқтидорли болалар камол топишади.
Биз қаламга олган ҳолат умуман ўзгача, тўғриси, қаҳрамонларга ҳам бой. Мазкур оиладаги эзгулик, меҳр-мурувват, бобо ҳамда неваралар ўртасидаги ўзига хос бетакрор илиқлик учрашувимизнинг илк дақиқаларидаёқ кўзга ташланди. Абдумажид Исмоиловнинг хонадони нафақат Сайрам тумани Қорабулоқ қишлоғида, балки вилоятимизда ҳам ҳурматга сазовор хонадон.
Абдумажид ота аскарликдан қайтиб келиб, бир неча йил мобайнида туман маиший комбинатида меҳнат қилди. Ўзи ҳам ёшлигида спортга қизиққани, эркин курашдан кўп мусобақаларда ғолиб бўлганлиги унинг авлодига ҳам ижобий таъсир ўтказди. Умр йўлдоши Жамила ая билан тўрт ўғил, тўрт қизни эл корига камарбаста этиб тарбиялашди. Уларнинг оиласида муаллимлар, тиббиёт ходимлари, тадбиркор, спортчилар камолга етди.
Оила саркори хонадонида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиб, спорт билан ошно бўлишга чорлайди. Ва ўз дунёқарашини фарзандлари онггига ҳам сингдирган. Ўғли Алишер ҳаваскор боксчи. Турли беллашувларда ғолибликни қўлга киритиб келяпти. Яқинда вилоятда ўтган биринчилик чемпиони бўлди. “Турон” ўрта мактабида жисмоний тарбиядан ўқувчиларга дарс беряпти.
Невараси Жавоҳир Абдумажидов Қорабулоқ қишлоғидаги Мирзо Улуғбек номли ўрта мактабнинг 10-синф ўқувчиси. У ҳам эркин кураш бўйича ўтган беллашувда 2006-2007 йили таваллуд топган ёшлар ўртасида ғалабага эришиб, чемпионликни қўлга киритди. Бобоси уни 7 ёшида эркин кураш бўйича мураббий Қаҳҳор Шерназаровга олиб борди, унинг иқтидорига, келажакда буюк спортчи бўлишига ишонди. Бобо неварасини машғулотларга вояга етгунига қадар етаклаб олиб борди. Мана энди Жавоҳир эркин кураш бўйича спорт усталигига номзод. Айни пайтда унга Дўсхан Юсубалиев мураббийлик қилмоқда.
– Мураббийимиз Қаҳҳордан бениҳоя миннатдорман. Ўз маблағидан махсус зални ижарага олиб, совуқ кунларда ўз ҳисобидан уни иситиб, машғулот ўтказарди. Ҳақиқий фидойилик кўрсатди, неварамнинг устози. Ҳар куни уларнинг машғулотларини кузатиб ўтирардим. Невараларим бир кун келиб яхши натижаларни қўлга киритишларига ишонардим. Улар учун бор шароитни яратиб беришга тайёрман. Мактаб жамоасидан, хусусан синф раҳбари Зуҳра Исмоилова, мактаб директорининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Зокир Одиловларга миннатдорчилик изҳор этаман. Невараларим мусобақалардан совринлар билан қайтишганида уларни иззат-икром билан муносиб кутиб олишади. Чемпионларимга ғалабага эришиш учун шундай шароит ва имкониятларни яратиб бераётган мактаб раҳбариятига катта раҳмат, – дейди суҳбатдошим.
Оилада яна бир чемпион бор. Шоҳруҳ Абдумажидов ҳам бобонинг невараси. У ҳам эркин кураш бўйича яхши натижаларга эришган, вилоят, республика чемпионатларида совринли ўринларни қўлга киритган. У ҳам спорт усталигига номзод. Айни пайтда у А. Исмоилов номидаги коллежда таълим оляпти.
Чемпионлар бобоси ва бувиси билан суҳбатлашар эканмиз, дастурхонга бир хуржун медалларни тўкишди. Улар қўлга киритган фахрий ёрлиқлар шунчалик кўпки, рўйхатини санашдан, тўғриси, чарчадим. Гапимни қаранг, ахир бунинг ортида ҳалол пешона тери – тинимсиз меҳнат, машғулотлар, ҳаяжонлар, кексаларнинг умидли дуолари турибди-ку. Қизиғи шундаки, кексалар медалларнинг қайси куни, қайси беллашувда берилганини аниқ хотирлаб айтиб беришди. Ҳар бир медаль, соврин бу хонадонда қадрли. Кексаларнинг саъй-ҳаракати, умиди, дуолари билан спортнинг ёрқин юлдузлари етишиб чиқаётган хонадон соҳибларига узоқ умр сиҳат-саломатлик тилаймиз, шундай чемпион боболар, чемпион неваралар кўпаяверсин!

Тасвирда: кексаларнинг чемпион неваралари.

Мунира САЪДУЛЛАЕВА, 2021-12-14, 20:56 338
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.