26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Жанубий Қозоғистон'' – ҳар бир хонадонга!

Аввал хабар қилганимиздек, ўтган ҳафтада Шимкент шаҳрининг Сайрам мавзесидаги 71-мактабда «Янги Қозоғистонни барпо этишда этнооммавий ахборот воситаларининг ўрни» мавзуида анжуман ўтди.
Унда Туркистон вилояти ва Шимкент шаҳрининг зиёлилари, тадбиркорлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди. Нотиқлар Давлатимиз раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Янги Қозоғистонни барпо этиш ташаббусини халқимиз қизғин қўллаб-қувватлаётганини таъкидлашди. “Жанубий Қозоғистон” газетасининг бош муҳаррири А. Сотволдиев ҳозирги кунда жамиятимизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга тўхталиб, бу борада этнооммавий ахборот воситалари зиммасига улкан вазифалар юкланганини таъкидлади.
“Жанубий Қозоғистон” газетасининг махсус мухбири Ш. Мадалиев Туркистон ва Кентов шаҳарлари, Саврон туманида обунани ташкил қилишга доир илғор тажрибаларни баён қилди. Жумладан, Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Б. Ирисметов раҳбарлигида оқсоқоллар ва жамоатчи обуначиларнинг самарали фаолият юритаётгани таъкидланди.
Тадбирда, шунингдек, ўзбек тилидаги ягона давлат газетаси – “Жанубий Қозоғистон”нинг ёш авлод тарбияси, қадриятларимиз, урф-одатларимизни тарғибот қилиш, ёрқин келажагимиз учун нақадар зарурлиги ҳақида мулоҳазалар юритилди.
Умрини ёшлар тарбиясига бағишлаган зиёли отахон Турсунхўжа Хонхўжаев обуна борасидаги лоқайдлик ҳақида куйиниб мулоҳазаларини билдирди.
– Ёшлар газета ўқимаса, китоб ўқимаса, улар қандай қилиб келажакни қуриши мумкин? Болаларни китобга, газетага қизиқтириш учун оилада ота-онадан бошлаб, мактаб директорлари, устозлар ҳаммаси бир ёқадан бош чиқариб ишлашлари керак. Масалан, синфда 20 ўқувчи бўлса, ўқитувчи ҳар бир ўқувчига сен – тарих ҳақида, сен – адабиёт, сен – шеърият, қурилиш, кундаликдаги давлат ахборотлари ҳақида маълумот тўплайсан, деб ҳар 5-10 кунда нималар билишини сўраб турса, ўқувчилар ўртасида, «у билган нарсани нега мен билмайман?», деган интилиш – рақобат пайдо бўлади, – деди у. – “Бу газетага обуна бўлмаймиз”, деган мактаб директорлари калтафахм шахслар ва улар бу лавозимга лойиқ эмас.
Ҳар бир ота-она фарзанди учун, уларнинг келажаги учун вақт ажратиб, жон куйдирса, улар билан ҳар куни гаплашиб, қалбига кира олса, илмга, таълимга муҳаббати янада кучаярди. Минг афсуски, илм-таълимдан хабари йўқ оилаларда гўдакнинг тили чиқиши билан ҳақорат сўзларини ўргатадиган айрим ота-оналарни учратяпмиз. Демоқчиманки, фарзандларимизни маънавий соғлом, ватанпарвар, баркамол инсон сифатида тарбияласак, улар келажакда миллий қадриятларимизга, урф-одатларимизга, тилимизга содиқ бўлишади.
Туркистонлик зиёлиларнинг “Жанубий Қозоғистон” газетасига обуна масаласидаги эзгу ташаббуси таҳсинга лойиқ. Улар мактабнинг илғор ўқувчиларини рағбат сифатида вилоят газетасига обуна қилиб келишмоқда.
– “Жанубий Қозоғистон” – ҳар бир хонадонга” анъанавий акциясига муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз. Мамлакатимиз мустақиллиги билан тенгдош, тинчлик, тотувлик, тараққиёт каби улуғ неъматларни она тилимизда тарғиб қилаётган ушбу нашрни қўллаб-қувватлаш, чоп этилаётган мазмунли мақолалар, расмий хабарлар, янгиликларни ўқиб, баҳраманд бўлишга чақираман. Боиси таҳририят ходимлари, "Жанубий Қозоғистон" газетаси 30 йилдан зиёд вақтдан буён элимиз минбари сифатида, жамиятда ахборий-сиёсий вазиятнинг ижобий шаклланишига самарали ҳисса қўшиб келмоқда. Туркистон – туркий оламнинг маънавий пойтахти. Бу мақом вилоятимизда истиқомат қилаётган ҳар бир миллатдошимизга юксак масъулият юклайди. Барча тадбиркорларни, барча ҳимматли юртдошларимизни обуна аталмиш ушбу хайрли ишга уюшқоқли ҳисса қўшишга чорлаймиз.
Обунада ўзаро мусобақадош бўлайлик. Бундан жамиятимиз фақат ижобий самара кўради, – деди тадбирда сўзга чиққан фахрий ўқитувчи Замир Муҳаммаджонов.
Техника ва технологиялар қанчалик ривожланмасин, босма сўзининг куч-қудратини ҳозирча ҳеч ким инкор эта олмайди. Матбуот ишончли ахборот етказиб, жамоатчилик фикрини шакллантириб, жамиятга фойда келтираётган экан, унинг келажагига лоқайд бўлмайлик.

М. ЭЛТОЕВА, 2022-05-19, 04:30 225
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.