26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ў. ШЎКЕЕВ: ''Туркистон тараққиётининг иккинчи босқичига қадам қўймоқда''

Ҳоким матбуот анжумани ўтказди

Вилоят ҳокими Ў. Шўкеев  Нур-Султан шаҳридаги Марказий алоқалар хизматида республика ОАВ вакиллари билан учрашиб, уларнинг саволларига жавоб берди. Давлат раҳбари Қ. Тўқаевнинг топшириқлари доирасида минтақада амалга оширилаётган ишлар тафсилотига тўхталиб, иш-режаларини ўртоқлашди.

Матбуот анжумани 2 соатча давом этиб, уни Марказий алоқалар хизмати Фейсбуги саҳифасидан 3 мингга яқин одам кўрди, 170дан зиёд фикр-мулоҳазалар ва саволлар келиб тушди. Журналистлар брифингда Туркистон вилояти раҳбарига 50га яқин савол бериб, долзарб масалаларни кўтаришди. Очиқ шаклда қизғин ўтган ушбу мулоқот кўпчиликнинг диққат-эътиборини жалб қилди.

Журналистлар берган саволлар орасида ҳудудда мактаб танқислиги, уюшган жиноятчиликка қарши кураш, Қажимуқан мемориал мажмуаси қурилиши, ҳокимлар рейтингги, Туркистон шаҳри тараққиёти, болалар ўртасидаги суицид, экин суви танқислиги каби саволлар бор.

Ҳоким экин суви камайиб кетиши муаммосини ҳал қилиш учун Ўзбекистон Республикаси ва давлатимиздаги мутасадди вазирлик билан ҳамкорликда жадал чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилди. Шунингдек, минтақада мактаблар етишмаслиги муаммосини ҳал этиш учун мажмуавий чоралар амалга оширилаётгани, қурилаётган мактаблар сони ва болаларни транспорт ёрдамида мактабларга ташиш ҳақида маълумотлар берди.

Умуман, матбуот анжумани эркин ва қизиқарли тарзда ўтди.

 

Минтақа раҳбари Ў. Шўкеев Нур-Султан шаҳрида ўтган брифингда Туркистон вилояти ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг 5 ойлик натижаларини баён қилди. 

У ҚР Президентининг жорий йил 3 мартдаги «Ҳокимларнинг халқ билан учрашувларини ўтказиш тўғрисида»ги Фармони асосида янги шаклда бошланганини маълум қилди. Илгари ҳокимлар аҳолига бир йилда бир марта ҳисобот берган бўлса, жорий йилдан барча туман ва шаҳарларда доимий равишда ярим йилда камида бир марта учрашув ўтказилмоқда.

– Ўзингизга маълум, – деди вилоят ҳокими, – 5 июнь куни элимизда ўзгача аҳамиятга молик тарихий воқеа – умумхалқ референдуми ўтди. Давлатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Бош Қомусимизга ўзгартишлар киритиш таклифини кўплаб фуқаролар қўллаб-қувватлади. Натижада вилоят аҳли референдумда овоз бериш кўрсаткичи бўйича республикада биринчи бўлди.

У Туркистон вилоятининг ташкил топганига тўрт йил тўлганини эслатиб, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ижобий натижаларга эришилганини таъкидлади. Жумладан, умумий минтақавий ҳосилдорлик миқдори 2,8 триллион тенгега, саноат маҳсулотлари миқдори 707,8 миллиард тенгега, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари миқдори 906,5 миллиард тенгега етди.

Вилоятнинг индустриал ҳудудларида умумий қиймати 32 миллиард тенгени ташкил этадиган 44та лойиҳа жорий қилиниб, натижада 2368та иш ўрини очилди.

Ў. Шўкеев минтақада 150 мингга яқин кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари фаолият юритаётганини эслатди.

«Оддий буюмлар иқтисодиёти» лойиҳаси доирасида 42,9 миллиард тенгега 315та лойиҳа маъқулланиб, уларни «Бизнеснинг йўл харитаси – 2025» дастури доирасида 2,2 миллиард тенге миқдоридаги сармоя билан қўллаб-қувватлаш режаланмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида 199,3 миллиард тенге миқдорида маҳсулот етиштирилиб, ўтган йилнинг шу даври билан таққосланса, 101,2 фоизни ташкил этди.

Майдони 851 минг гектардан иборат экинзорлар ўтган йилдагидан 5500 гектарга кенгайтирилди. Қўшимча 26600 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этилиб, унинг ҳиссаси республика бўйича 71 фоизга етди. 

«Бир пайкалдан 2-3 марта ҳосил олиш» лойиҳаси бўйича 8400 гектарга 3 мингта лойиҳа амалга оширилиб, 145 минг тонна полиз маҳсулотлари етиштирилди. Туркистон шаҳри ҳудудида озиқ-овқат белбоғини шакллантириш бўйича қиймати 34,3 миллиард тенгени ташкил қилувчи 5та сармоявий лойиҳа амалга оширилмоқда. 

Барқарорлаштириш жамғармаси ҳисобида қиймати 327,6 миллион тенгени ташкил қилувчи 3615,8 тонна маҳсулот бор. Қўшимча 1 млрд. тенге маблағ ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг 12 хилини харид қилишга сарфланди. Шунингдек, 136 тонна қанд сотиб олинди. Бундан ташқари, ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Озиқ-овқат шартномаси корпорацияси»га 1000 тонна қандга буюртма берилди.

Умуман, йил якунига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари миқдорини 1 триллион тенгега, ўсиш суръатини 104 фоизга етказиш режаланган.

Вилоятдаги умумий яйловлар майдони 8864,7 минг гектар. Чорвачилик соҳасини ривожи учун яйловлар етарли. Асосий масала, аҳоли чорваси учун яйловларнинг тақчилигида. Буни ҳал этиш учун ҳар бир қишлоқ округи бўйича таҳлил юритилди ва 3119,8 минг гектар яйлов танқислиги аниқланди. 2021 йилда 133та аҳоли манзили учун 135,8 минг гектар яйлов ажратиб берилди. 2025 йилгача умумий яйловлар майдонини 2896,2 минг гектарга етказиш мўлжалланмоқда.

Вилоятда қурилиш соҳаси жадал ривожланмоқда. Ўтган йил натижаларига кўра, қурилиш ҳажми 2,3 ҳисса ортиб, 322,9 млрд. тенгени ташкил қилди. Жорий йилда фойдаланишга топширилган уй-жой майдони 191,5 минг квадрат метр, ўтган йил билан таққослаганда 17,7 фоизга ортди. 2021 йилда 8 аҳоли манзилидаги сув қувурлари янгиланди, 20та аҳоли манзилига янги ичимли сув қувури тортилди. Натижада 717 аҳоли манзилида яшовчи 1 миллион 932 минг одам ичимли сув билан таъминланди.

Жорий йили 14та аҳоли манзилида сув қувури янгиланади, 13та аҳоли манзилига янги сув қувури тортилади. Натижада 730 аҳоли манзилида яшовчи 1 миллион 987 киши ичимли сув билан таъминланади.

Газ билан таъминланган аҳоли манзилларининг сони 457та. Жорий йили 15та аҳоли манзили ва 4та кичик туманни газлаштириш режаланмоқда. 2025 йилгача аҳолини газлаштириш кўрсаткичини 86,7 фоизга етказиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, 358,9 минг кишини сифатли электр қуввати билан таъминлаш режаланмоқда.

Вилоятдаги автомобиль йўллари ва аҳоли манзилларидаги кўчаларнинг умумий узунлиги 17508 чақирим. Жорий йили 803та иншоотда, яъни 2029,8 чақирим йўлда қурилиш-таъмирлаш ишлари юритилади. 

Туркистон шаҳрида сайёҳликни ривожлантириш, унинг имкониятларини кенгайтириш бугунги куннинг асосий талаби. Ўтган йили соҳага 102 млрд. тенге сармоя жалб этилиб, республикада юқори кўрсаткич қайд этилди. 

Ўлка бой тарихий ва маданий меросга эга. Туркистон, Кентов шаҳарлари, Ўтрор, Ўрдабоши, Байдибек туманларида тарихий-ўлкашунослик сайёҳлиги, Тулкибош, Тўлебий, Қазиғурт туманларида экология сайёҳлиги, Сариоғочда шифобахш-соғломлаштириш сайёҳлиги ривожланмоқда. Жумладан, «Қашқасув сайёҳлик-рекреация мажмуаси» лойиҳаси жорий этилмоқда.

Туркистон шаҳрининг тараққиёти асосий эътиборда. Аэропорт ҳудудида 12та, Маъмурий-тадбиркорлик марказида 57та лойиҳа амалга оширилади. Булар – теннис маркази, муз саройи, от спорти мажмуаси, ҳордиқ маскани ҳамда муҳандислик инфратузилмалари. Шунингдек, 4,8 млн. квадрат метр уй-жой барпо этилиб, 46 минг квартира фойдаланишга топширилади.

Соғликни сақлаш соҳасида ҳам залворли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 570 ўринли кўп тармоқли касалхона, тез ёрдам станцияси, «Она ва бола маркази» барпо этилмоқда. Умуман, Туркистон шаҳрини тараққий эттиришнинг 2-босқичига 1,3 триллион тенге сармоя жалб этилади. 

2022-06-18, 05:00 528
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.