26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Нон – илоҳий неъмат

Нобель мукофотининг соҳиби, дунёга таниқли физик олим Альберт Эйнштейндан башарият тарихидаги энг буюк кашфиёт нима, деб сўрашганида, у ҳеч иккиланмай: “Нон ва яна нон”, деб жавоб берган экан.

Дарҳақиқат, нон — ризқ-рўзимиз. Халқимиз дастурхонидаги асосий неъмат ҳам нон ва нон маҳсулотлари ҳисобланади. Қанча есангиз ҳам ҳеч қачон меъдага тегмайди. Дастурхонда турли ноз-неъматлар бўлса-да, ноннинг ўрнини ҳеч нарса тўлдиролмайди, ҳар қандай таом нонсиз татимайди. Ҳатто, ҳар бир қилган кичкина маърака, тўйларимизнинг кўрки нондир. 

Тандирда нон ёпиш – қадимий анъана, халқимизнинг ўзгача урф-одатларидан бири. У бизга аждодлардан мерос бўлиб келмоқда. 

Шу жумладан, ҳар бир вилоят, ҳатто туман ёки қишлоқнинг ўзига хос нон ёпиш услуби мавжуд. Улар шакли, ҳажми ва мазаси билан фарқланади. 

Нон ёпиш сирларини, унинг ортида қанча заҳматли меҳнат борлигини ўрганиш мақсадида кўҳна Сайрам даҳасида истиқомат қилувчи Омонхўжа ва Феруза Худоёровлар хонадонига ташриф буюрдик. Истараси иссиққина опахон хушмуомалалик билан бизни уйига таклиф қилди. Айни вақтида келибмиз, чунки опа тонг саҳарда нонга хамир тайёрлаб, ёпиш ҳаракатида экан. Биз билан “сайрам нони”ни ёпишдаги тайёрланишдаги тажриба ва сирларини ўртоқлашди.

Феруза опа нонвойчиликни ёшлигида онасидан ўрганган, ҳозир эса ўз келинларига ўргатишни давом этмоқда. У оиласи учун ҳар ҳафта нон ёпиб тураркан. Бу ишда унга келинлари, набиралари ёрдам беради.

– Нонвойчиликнинг биринчи талаби – тозалик. Оддий нонга сут, туз, хамиртуруш, озгина ёғ қўшаман. Патир нонга эса ёғни кўпроқ қўшиш керак. Баъзан келинларим сомсага ҳам хамир қориб қўйишади, нонни ёпиб бўлгандан кейин сомсаларни ҳам ёпиб оламан, – дейди опахон.

Қарабсизки, эрталабки нонуштага тандирдан чиққан иссиққина, ҳиди бутун маҳаллани тутган нон ва сомсалар тайёр.

Ҳатто нон ҳидидан қўшнилар ҳам эрталаб меҳмонга киришаркан.

Шу ўринда ёшлигим эсимга тушиб кетди. Ойим нон ёпганда ўчоқнинг бошида турардик, иссиқ пишиб чиққан нонни ука-сингилларим билан сувга ёки сутга ботириб маза қилиб ердик. У даврнинг гашти ўзгача эди. 

Опа ёпган нонларининг ўзига хос мазаси бор. Ёш қиз-жувонларга ҳам нонни эринмай, уйда ёпишни тавсия қилади, чунки дўкондаги нон билан тандир ноннинг анча фарқи бор. Уйда ёпилган нон баракали бўларкан. 

– Феруза опа, биз ёшлар кўпинча нонни қўлимизга оламизу, унинг қанчалар оғир меҳнат эвазига яратилганини кўз олдимизга келтиролмаймиз. Айниқса, бугунги тўкинчилик замонида нон қадрланмаётгандек, гўё... 

–  Шукрки, юртимизда фаровонлик, дастурхонларимиз тўкин. Ҳар қадамда нон дўконлари ишлаб турибди. Нонвойхоналардан истаганча нонни танлаб олишимиз мумкин.

Лекин тўкинлик – исрофгарчилик, дегани эмас. Энг ачинарлиси, кимўзарга ўтказилаётган тўйлар ва турли маросимларда исрофгарчиликка йўл қўйилаётганлиги, нон қадри, бир бурда ноннинг қуч-қудратини ҳис қилмай қўйганимиз. Боболару момоларимиз яқин тарихимизда очлик даҳшатларини бошидан ўтказишган. Бу кунларни унутиб бўлмайди.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳар биримиз бува-бувиларимиз ерга тушган нон ушоғини ҳам авайлаб қўлига олиб, кўзига суртганини кўриб ўсганмиз. Халқимизнинг нон билан боғлиқ барча миллий қадриятлари замирида энг олий эзгу фазилат ва тилаклар мужассам. Шулардан бири, янги туғилган чақалоқнинг ёстиғи остига нон қўйилиши замирида умри узоқ, насибаси бутун бўлсин, деган ниятлар ётади. Узоқ сафарга отланганларга сафари бехатар бўлсин, эсон-омон уйига қайтсин, деган мақсадда нон тишлатилади ва у қайтмагунча тишланган нон асраб қўйилади. Шунингдек, ёш келин-куёвларни унаштириш маросимларида икки томон биргаликда нон синдириш замирида ҳам эзгу тилаклар ётади. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Мана, Феруза опа билан ибрат олса арзигудек суҳбатимиз давомида нон ёпишнинг сирларидан воқиф бўлдик. Опамизга мустаҳкам соғлик, оиласига тинчлик, хотиржамлик, қут-барака тилаган ҳолда, миннатдорчилик билдириб, хайрлашдик. 

Малика ЭЛТОЕВА, Ширин НАБИХОНОВА, 2022-09-07, 02:35 717
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.