26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Илм-фанда беқиёс дорилфунун

85 ёш муборак, қутлуғ даргоҳ!

Шу кунларда Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университети жамоасининг қўли-қўлига тегмаётгани ҳақиқат. Университетнинг Бошқарма раисаси-ректори Гулжан Сугирбаеванинг самарали меҳнати ва изланишлари туфайли шонли сана йил бошидан буён турли тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар, илмий тадқиқот-изланишлар, танловлар билан кенг нишонланиб, мана ниҳоят, 9 декабрь куни “Туркистон” саройида тантанали равишда хотима топади. 

Менимча, ушбу зиё маскани ҳақида қанча гапирсак, ҳам оз. Ҳолбуки, Қозоғистонда жаҳон андазаларига жавоб берадиган билим даргоҳлари кўп, лекин бу муассаса...

Тарихи

ЖҚДПУ республикамизнинг кўзга кўринган тарихий билим юртларидан бири бўлиб, 1930-йилларда ташкил топган. У пайтда мамлакатда бошланғич ва етти йиллик мактаблар очила бошлаган давр эди. Аммо уларга саводли ва малакали ўқитувчилар етишмасди. Ноиложликдан, қуйи синфларни тугатганлар ҳам ўқитувчи бўлиб ишлашлари мумкин эди. Ушбу эҳтиёжни қондириш мақсадида ҳар бир вилоятда ўқитувчилар институтлари ташкил этилди. Ўша нотинч, оғир дамларда, яъни 1937 йил мартда Қозоқ ССР Халқ Комиссарлари Кенгашининг 263-сонли қарори билан ташкил этилган икки йиллик Чимкент ўқитувчилар институти халқ учун қилинган хайрли ишлардан бири бўлди. Очликдан омон қолган ва бегуноҳ қатағонга учраган юртда янги таълим муассасаси очилди. Зиёлилар уни қувонч билан қарши олди. Лекин институт очилгани билан дастлабки ташкилий ишлар осон кечмади. Махсус ўқув биноси йўқ эди, ўқитиш учун мутахассислар етишмасди, ўқув қуроллари кам эди. Шунга қарамай, янги очилган Ўқитувчилар институти Чимкент шаҳри, Сталин кўчасидаги 7-сонли (ҳозирги Тауке хан, “Мега” савдо маркази ўрни) уйда жойлашган мактаб биносида янги ўқув йилини бошлади. Улуғ Ватан уруши бошланди, сўнг тикланиш даври. Институт жамоаси бу қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтди.

1954 йилда ҚозССР Вазирлар Кенгашининг 624-сонли қарори билан Чимкент муаллимлар институти Чимкент педагогика институти сифатида қайта ташкил топди. Янги ўқув биноси барпо этилди. 1987 йилда эса унга Мухтар Ауезов номи берилди. 1993 йилда Х. A. Яссавий номидаги Туркистон Давлат университетига қўшилди. 1995 йилда Х. A. Яссавий номидаги халқаро қозоқ-турк университетининг Шимкент бўлими деб ўзгартирилди. 2003 йилдан 2008 йилгача 

Х. А. Яссавий номидаги ХҚТУнинг Шимкент институти номини олди. 2011 йилда эса ушбу филиал ёпилиб, хусусий таълим муассасасига айланди. Ўшанда кўп йиллик тарихий зиё маскани тақдирнинг аччиқ зарбасига йўлиқди... Бу ҳолат жаҳон олимлари билан беллаша оладиган ўқитувчилари-ю, шу даргоҳда камол топган шогирдлари – педагогика соҳасида юксак марраларни забт этаётган собиқ битирувчиларини, умуман, жануб зиёлиларини қаттиқ ташвишга солди. Қозоғистон Ҳукумати институтни аввалги мақомига қайтаришга қарор қилди ва у 2011 йилда Жанубий Қозоғистон Давлат Педагогика институти сифатида қайта очилди, 2017 йил ноябрда эса университет мақомини олди.

Раҳбарда гап кўп!

Университетга бугунги кунгача раҳбарлик қилган шахслар ҳақида гап борар экан, улар ҳақиқатан ҳам фидойилик, бошқарувчанлик, ташкилотчилик қобилиятлари ва билимлари билан асрга яқин давр мобайнида даргоҳ обрӯйини сақлаб келдилар. 

1937 йилда Чимкент муаллимлар институтининг биринчи директори тайинланди. У Берн университети битирувчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Семён Шейнессон эди. Надежда Крупскаянинг таклифига биноан Чимкентда ўқитувчилар институтини очиш унинг зиммасига тушди. Унутилмас хизмати – Россия, Белоруссия ва Украина ҳамда бутун республикадан олий маълумотли ўқитувчиларни таклиф қилди. 

1939-1940 йилларда Мирзаш Сабденов раҳбар бўлиб, 1942 йилда урушга ўз ихтиёри билан кетди ва 1945 йилда Берлин яқинида ҳалок бўлди. 

1940-1941 йилда институтни Москва ҳарбий-сиёсий академиясини тамомлаган Иннокентий Туманов бошқарди.

1942-1952 йилларда эса Адил Ермеков раҳбар бўлди. 1942 йилда илм даргоҳи ҳозирги Қазибек бий кўчаси, 38-уй (9-сонли мактабнинг ўрни)га кўчиб ўтди. Шундай оғир паллада ҳам зиё маскани хайрли вазифасини давом эттираверди. Талабаларининг кўпчилиги урушга, қишлоқлардаги оғир меҳнатга отланди. Совет Иттифоқи Қаҳрамони Б. Ўнтаев, 1945 йилги Москвада ўтган Ғалаба намойиши иштирокчиси Ш. Серғазин, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони М. Тасова ва бошқалар урушдан қайтиб келиб, олий ўқув юртида фаолиятни давом эттиришди. Олимлар сони ҳам ортди. 1946 йилда илк бор “Педагогика” кафедраси ўқитувчиси М. Биков номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Мирзай Алтинбекова қозоқ аёллари орасидан чиққан биринчи олима бўлиб, пединститутда қозоқ тилидан дарс берди ва 2013 йилда 100 ёшида вафот этди.

Байузақ Ермекбаев, Сардор Шокиров, Мирзахан Сарсенбаев, Анвар Исмоиловларнинг раҳбарлик даврида таълим даргоҳида самарадорлик ортди. Айниқса, институт битирувчиси, тарих фанлари доктори (доцент, “КПСС тарихи” кафедраси мудири ҳам бўлган) Анвар Исмоилов даврида олий ўқув юртининг шарафи юксалди. У талабалар ҳаётига алоҳида эътибор қаратди, соҳада кенг кўламли ишларни амалга оширди.  

Қуандиқ Мўнтаевнинг саъй-ҳаракатлари билан эса институт Қизил Байроққа мушарраф бўлди. У ўта нодир китоблар билан кутубхона жамғармасини бойитди. (Москва, Ленинград, Киев, Алмати, Тошкентдан махсус келтирган, XVIII асрдаги кўҳна адабиётлар). 

Техника фанлари доктори, профессор Лесбек Ташимов раҳбарлик қилган даврда талаба ёшлар орасидан “юлдуз”лар порлади. Сидней олимпиадаси ғолиби Б. Саттарханов, М. Дилдабеков, “Құрмет” ордени соҳибаси А. Жўрабаева, халқаро танловлар ғолиби А. Жақсибековларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Таниқли фан докторлари Қайрат Исламқулов, Жамбил Айменов, Талжан Раимбердиев, Сағинғали Абубакиров, Бўлисбек Ўтелбаев, Ўналбек Жарилқасин, Ўналбай Аяшевларнинг номлари институт шонли тарихида муҳрланажак. Атоқли ректор Ў. Аяшев ўқув юртига янги ҳаёт бахш этди. Яқин ва узоқ хориж фуқаролари жаҳон таълим тизимига мувофиқ таҳсил оладиган олий таълим муассасасини яратиш мақсадида 28та хорижий давлатнинг 12 университети билан меморандумлар имзолади. Уч тилдa таҳсил олаётган талабалар сони кўпайиб, физика, информатика, кимё, биология йўналишлари бўйича ўқиш соф инглиз тилида юритила бошлади.

Бугуни

Ректор, тарих фанлари номзоди Гулжан Сугирбаеванинг газетамизга берган суҳбатидан парча ўқисангиз (“ЖҚ”, 06.06.2020 й.), унинг маҳаллий ўзбеклар таълим-тарбиясига, муаммоларига нечоғли эътиборли эканидан воқиф бўласиз. У номзодлик диссертацияси мавзуини ҳам Қозоғистон ўзбекларига бағишлаган. Нашримизнинг яқин дўсти.

– Маълумки, бугунги кунда Қозоғистон жанубида 700 мингга яқин ўзбеклар истиқомат қилади, ўзбек тилли ва аралаш тилларда ўқитиладиган 136та умумий таълим муассасаси мавжуд. Шунинг учун, ўзбек тили ва адабиёти фанидан ўқитувчи тайёрлаш – муҳим ва долзарб вазифалардан бири. 2019-2020 ўқув йилида “Филология” факультети, “Қозоқ тили ва адабиёти” кафедраси қошида “6В 01706 Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчисини тайёрлаш” ихтисослигини очиб, айтиш керакки, тарихий аҳамиятга эга ишга қўл урдик. Бугунги кунда, айниқса, яқин келажакда мактабларда ўзбек тилидан дарс берадиган ўқитувчиларнинг аксарияти нафақа ёшига яқинлашиб қолганлиги учун кадрлар танқислиги яққол сезилаётган эди. Шу боис, бу ихтисосликни ўз вақтида очиб, ўзбек тилли муассасалар учун фойдали иш қилдик, деб айта оламан. Ушбу ташаббусимизни Тошкентдаги Алишер Навоий номли Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик” ҳамжамияти, Шимкент шаҳар, Туркистон вилоят илмий-услубият марказлари қўллаб-қувватлади, шунингдек, 

Ю. Сарёмий номидаги 107-сонли мактаб-лицей, Ҳамза номидаги 42-сонли, Ойбек номидаги 14-сонли мактаблар ҳамкорлигида ишларимиз фаоллашди. Янги ихтисослик очилиши учун югуриб-елган, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан музокаралар юритган, ихтисосликка оид барча ўқув дастурларининг муаллифи, республика ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг таълим соҳаси бўйича ўринбосари, илмий ва таълимий кенгаш аъзоси Шаҳло Норалиева қозоғистонлик ўзбекларнинг кирилл алифбосидан лотин алифбосига кўчиш масалалари бўйича ижодий гуруҳнинг етакчиси ҳамдир.

Ҳа, ушбу серғайрат ва билимдон аёл қисқа вақт ичида қанчадан-қанча халқаро илмий-амалий анжуманлар, олимпиадалар, илмий-услубий семинарларни юқори савияда ташкил этишга эришди. Мақсади – барча тузилма ва даражалар учун «қулай университет» яратиш. Буни «Шаңырақ», «Қазына», «Тумар» биноларининг замонавий дизайни, ёшлар учун Коворкинг маркази ва «Мейірим» соғликни сақлаш марказининг очилиши ва бошқалар тасдиқлайди. 

Айтиш жоизки, унинг дастлабки ректорлик даври дунёни қамраб олган пандемияга тўғри келди. У биринчи навбатда профессор-ўқитувчилар ва ходимлар, талабаларнинг ижтимоий шароитига алоҳида эътибор қаратди. Унинг ташаббуси билан «университет талабаларига таълим хизматларини тўлаш учун бериладиган имтиёзлар тўғрисида Низом» ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Ота-она қарамоғисиз қолган ва кўп болали оилалар фарзандлари, спорт ва санъат соҳасида энг яхши ютуқларга эришган талабалар ва университетда ишлаётган ота-оналарга ўқув тўловларига чегирма бериладиган бўлди (ҳар ўқув йилида 30дан 100 фоизгача). «Алтын белгі» соҳиблари, ЯМТдан юқори балл тўплаган, лекин давлат гранти ололмаган иқтидорли талабаларга ректор гранти берила бошлади. 

Ютуқлари

2021-2022 ўқув йилида университетнинг 5 нафар олими: Б. Исабек, Е. Керимбеков, А. Ибашова, А. Есимова, С. Пазилбек «Болашақ» халқаро дастури доирасида танловдан ўтиб, Германия, Литва, Буюк Британия, Чехия университетларида амалиётни ўташди. «ҚР университетларига талабнинг миллий рейтинги-2022» доирасида таълим дастурларининг барча йўналишлари ва даражалари (бакалавр, магистр ва докторантура) бўйича рейтингдан нуфузли ўрин эгаллади. Мустақил аккредитация агентлигининг рейтинги ва IAAR рейтинги, «ҚР университетларининг умумий рейтинги-2022» доирасида ҳам ижобий баҳоланди. Магистратура ва докторантура бўйича миллий рейтингларда эса 5-ўринга сазовор бўлди. Ўқитувчилари вилоят олимпиадаларида ҳакамлар ҳайъати аъзолари сифатида ва республика илмий лойиҳалар танловини ташкил этишда иштирок этди. Танлов ғолибларига университетда ўқиш учун алоҳида грантлар ажратилди. 2021-2022 ўқув йилида университетга 112 нафар «Алтын белгі», 187 нафар «Үздік аттестат», 751 нафар давлат таълим грантлари соҳиблари жалб этилди. 2022-2023 ўқув йилида эса 173 нафар «Алтын белгі», 313 нафар «Үздік аттестат» соҳиблари ўқишга қабул қилинди. ЖҚДПУ Қозоғистон педагогик таълим муассасалари орасида давлат таълим грантини қўлга киритишда етакчи ўринни эгаллайди. Бугунги кунда талабалар сони – 7500. 703 нафар ходим ишлайди. Улардан профессор-ўқитувчилари – 405 нафарни ташкил этади. Баршагул Исабек (Стратегиявий тараққиёт ва ижтимоий ишлар бўйича проректор), Айнаш Қудишева (Академик масалалар бўйича проректор), Ержан Керимбеков (Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор), Ербўл Шаланов (Маъмурий ва инфратузилма тараққиёти бўйича проректор) – университет таянчи.

Оқин Мухтар Шахановдан бошлаб, археологлари ота-бола Подушкинлари билан ҳақли равишда фахрланаётган даргоҳ бугун 85 ёшда.

“Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти минтақамиздаги энг кўҳна билим даргоҳи – Жанубий Қозоғистон давлат педагогика институти жамоасини муборак 85 йиллик юбилейи билан самимий табриклайди ва келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилаб қолади.

Н. МАВЛОНОВА., 2022-12-06, 03:39 785
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.