26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ижтимоий тўловлар: халқимиз ҳамёни барака ва фаровонликка тайёр

Давлатимиз раҳбари “Давлат ёшлар сиёсати ва ижтимоий таъминот масалалари бўйича Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Унга кўра жамиятимиздаги анчагина мунозарали, муҳим масалаларга узил-кесил жавоб ҳам берилди. Қозоғистонлик аёллар учун нафақа ёши 2028 йилгача 61 ёш қилиб белгиланди. Бу  ҳолат 2023 йилдан 2028 йилга қадар амалга оширилади. 

Бироқ 2028 йил 1 январдан бошлаб аёллар учун пенсия ёши босқичма-босқич 63 ёшгача кўтарилади. 

Мамлакатимиз ёшларининг ёш тоифаларига ҳам таҳрир киритиш Президентимиз эътиборидан четда қолмади. 29 ёшгача ёшлар тоифасига кирган ҳамюртларимиз энди ўзларини 35 ёшгача ҳам мазкур тоифага киритишлари мумкин. Мазкур ҳужжатдаги яна бир ўзгариш – жамиятимиз учун зарур касб ва қобилият соҳиблари бўлган хорижликларнинг Қозоғистонда доимий яшаши учун рухсатнома олишларида уларнинг тўлашга қодирлигини талаб қилишмайди. Яна бир муҳим янгилик – оналар фарзандларини 1,5 ёшга етгунига қадар уларни парваришлагани учун давлатдан нафақа тўловларини олишади. Бундан аввал мазкур нафақа болаларнинг 1 ёшга тўлиши билан тўхтатилар эди. Бундан ташқари Давлат раҳбари яна бир муҳим ҳужжат – “2023-2025 йилларга мўлжалланган республика бюджети тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Хуллас, келгуси йилимизнинг илк кунлариданоқ мамлакатимиз фуқаролари билан молиявий, ижтимоий муносабатларини тартибга келтирадиган, созлайдиган ҳужжат. Солиқлар, жарималар, пенсия, нафақа, барча ижтимоий тўловлар мазкур қонун асосида татбиқ этилади.

Булар вилоятимиз аҳолисининг ижтимоий ҳаётида қандай ўзгаришларга сабаб бўлиши хусусидаги саволлар билан ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофазалаш қўмитасининг Туркистон вилояти бўйича департаменти раҳбари ўринбосари Жанат Жамаховага мурожаат қилдик.

– Жанат Балабекқизи, 2023 йилда ҳамюртларимизни, хусусан туркистонликларни ижтимоий ҳаётда нималар кутиляпти? Ва мазкур ўзгаришлар иқтисодий ҳаётимизда, жамиятимизнинг фаровонлигида қандай акс этади, давлат уларни қандай молиявий қўллаб-қувватлайди?

– “2023-2025 йилларга мўлжалланган республика бюджети тўғрисида”ги Қонунга асосан нафақалар, бошқа ижтимоий тўловлар, солиқлар  ойлик ҳисоб кўрсаткичи 2023 йил 1 январдан 3450 тенгени ташкил этади. Энг кам яшаш даражаси 40 567 тенге. Энг кам пенсия миқдори 53 076 тенге, базавий пенсия тўловларининг энг кам миқдори 24 341 тенгени ташкил этди. Энг кам ойлик маош 70 000 тенге.

Бундан ташқари қонундаги ўзгартишлар базавий пенсиянинг босқичма-босқич оширилишини кўзлайди, шу билан бирга, пенсия миқдорини ҳисоблашда энг юқори даромад ҳажмини 44 ОҲК (ойлик ҳисоб кўрсаткичи)дан 55 ОҲКга қадар ошириш ҳам кўзланган.

– Демак базавий пенсия миқдорлари ҳам сезиларли ошадиган бўлса бу рақамларни вилоятимизда қанча нафақадор ҳис қилади?

– Туркистон вилоятида айни дамда 183 178 мингдан зиёд нафақадор истиқомат қилади. 1998 йилга қадар нафақага чиққан 23 232 нафар киши пенсия олмоқда. Биринчи тоифа пенсионерлар тўлиқ меҳнат стажига эга ва улар нафақасининг ўртача миқдори ойига 125 минг тенгени ташкил этяпти. Иккинчи тоифа нафақадорлар жамғарма пенсия тизими даврида пенсияга чиққанлар. Биринчи тоифага нисбатан пенсия миқдори камроқ. Бунинг сабаблари бор – бюджетдан пенсия тайинланишида қўлланилган 1998 йил 1 январга қадар меҳнат стажининг камлиги. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда пенсия ёшига етган шахсларнинг 40 фоизи тўлиқ меҳнат стажига эга эмас. Иккинчи сабаби эса 1998 йилдан бошлаб ЯПЖда (Ягона пенсия жамғармасида) жамғарилган маблағ ҳажмининг камлигидир. Бу ўз навбатида келгуси йилларда бир томондан пенсионерлар сонининг ўсиши ҳамда пенсия тизимига харажатлар миқдорининг ошиши, бошқа томондан эса ўртача пенсия миқдорининг камайишини англатади.

 Мазкур хатарларни ихчамлаштириш мақсадида давлат раҳбари пенсия тизими самарадорлигини ошириш бўйича чораларнинг янги жамланмасини тақдим этди. 2023 йилдан 2028 йилга қадар аёллар 61 ёшда нафақага чиқишади. Бу қарорга келишда коронавирус пандемиясининг фуқаролар соғлиги ва умр узоқлигига салбий таъсир этганлиги эътиборга олинди. Кейинги чора эса 2023 йил 2027 йилга қадар энг кам базавий пенсияни энг кам яшаш даражаси миқдоридан келиб чиққан ҳолда 54 фоиздан 70 фоизгача, энг юқори нафақани 100 фоиздан 120 фоизгача оширишни кўзлайди.

 Мазкур давр мобайнида базавий пенсия миқдори ўрта ҳисобда 51 фоизга ошса, унинг йил сайин ўсиши қарийб 13 фоизни ташкил этади. Демак, бу барча 2 млн. нафақадорга дахлдор бўлади. Ёшига етганлиги бўйича белгиланган пенсия тўловлари миқдорини ҳисоблашда эътиборга олинадиган энг юқори даромад 2023 йил 1 январдан 46 ОҲКдан 55 ОҲКга ошади (189 750 тенге).Тақдим этилаётган чоралар 2025 йилга бориб умумий пенсияни ўртача 27 фоизга (3 йил мобайнида 109 мингдан 138 минг тенгегача) ошириш ва давлат тўловлари миқдорини кўпайтириш имконини беради. Яъни давлат “жамғарма пенсия тизими даврига ўтган нафақадорларни” қўллаб-қувватлаш мажбуриятини зиммасига олди. Бундан ташқари мазкур қонунга асосан иш стажи ва ёши етганлиги муносабати билан берилаётган пенсия 10,5 фоизга ошади. Энг кам яшаш даражасининг 54дан 60 фоизгача оширилганлиги туфайли базавий пенсия тўловлари миқдори келгуси йилнинг илк кунидан ошади. Юқоридагиларни эътиборга олиб, келгуси йилда республика бюджетидан қарийб 3,3 трлн. тенге пенсияга мўлжалланган. Масалан, А. исмли фуқарога 2022 йил 1 майдан ёши етганлиги туфайли 21 йиллик меҳнат стажи ва 160 минг тенгелик ўртача ойлик даромадидан келиб чиққан ҳолда 89 231 тенге пенсия тайинланган. 89 231 тенге Х 10,5 фоиз = 98 601 тенге. Демак, 2023 йил 1 январдан А. исмли шахсга 98 601 тенге нафақа тўланади. 5 ёки ундан кўп бола туққан ёки асраб олган, уларни 8 ёшга қадар тарбиялаган аёллар аввалгидек пенсияга 53 ёшда чиқадилар. Семей ядровий синов полигонининг фавқулодда ва энг кўп нурланиш хавфи ҳудудларида камида 5 йил яшаган аёллар 45 ёшидан нафақага чиқиш имтиёзлари сақланиб қолади.

– Давлат ёрдам пуллари хусусида қандай молиявий ўзгаришлар кутиляпти?

– Биринчи, иккинчи ва учинчи бола туғилишида тўланадиган нафақа миқдори 2023 йилдан бошлаб ОҲКнинг 38 миқдори ёки 131 000 тенге деб белгиланди. Тўртинчи ва ундан кейинги болалар туғилишида бу кўрсаткич ўсади. Яъни ОҲКнинг 63 миқдорини – 217 350 тенгени ташкил этади. Оилада туғиладиган эгизлар, уч эгиз, тўрт эгизларнинг ҳар бирига алоҳида нафақа тўланади. Буни халқимиз “суюнчи пули” деб атайди, бир марталик тўловлардир. 

Янги қонун бундан ташқари болалар парвариши бўйича нафақа тўловларни амалга ошириш даврини ҳам узайтирди. Энди оналар фарзандлари 1,5 ёшга етгунга қадар нафақаларини олишади. Ўтган йили туғилган гўдакларнинг бундай тўловлари яна ярим йилга автомат тарзда узайтирилади. Эътибор берган бўлсангиз, бу ҳақда Давлат Раҳбари Қозоғистон халқига йўллаган Мактубида эълон қилган эди. Болани парваришлаш учун қуйидаги тўловлар миқдори белгиланди. 2023 йилдан эътиборан биринчи бола учун 19872 тенге, иккинчи бола учун 23 495 тенге, учинчи бола учун – 27 083 тенге, тўртинчи ва кейинги болаларга 30 705 тенге тўланади. Бола туғилишига қадар фаолият юритган аёлларнинг сўнгги 2 йиллик даромади 24 ойга бўлинади ва 0,4 коэффициентга кўпайтирилиб, ундан 10 фоизли пенсия бадали чиқариб ташланади. Эътибор берган бўлсангиз, бола парвариши учун тўланадиган нафақа нафақат бюджетдан, балки давлат ижтимоий суғурта жамғармасидан ҳам тўланади. Шу боис маошдан доимий бадалларни тўлаш мажбурий ҳисобланади. Бундан ташқари 6 нафар болани дунёга келтириб, «Күміс алқа» ва етти ҳамда ундан кўп бола туққан «Алтын алқа» соҳибларига 22080 тенге ёки ОҲКнинг 6,4 миқдоридаги ойлик давлат нафақа пуллари тўланади. 2023 йилдан ногирон болалар ота-оналари ёки васийларига тўланадиган нафақа миқдори 56 794 тенгени ташкил этади. Вилоятимизда ижтимоий тўловларни 96461 нафар киши, 1,5 ёшгача болани парваришлаш бўйича ёрдам пулини 18222 нафар аёл, кўп болали оналар нафақаси 62440 нафар («Күміс алқа» – 42234 ва етти «Алтын алқа» –14166,1,2 даражали «Она шуҳрати» ордени соҳиблари – 3876 нафар) ҳамюртларимизга тўламоқда.

Ногиронлиги бўйича ижтимоий нафақа миқдори ногиронликнинг сабаблари гуруҳи, шу билан бирга, яшаш минимумига қараб оширилади.

Айни дамда 1-гуруҳ ногиронига мазкур тўловлар 71 787 тенге, иккинчи гуруҳ ногиронига 57 206 тенге, учинчи гуруҳ ногиронига – 38885 тенге ногиронлик нафақаси тўланяпти. 2023 йил 1 январдан яшаш минимумининг ошиши туфайли нафақа миқдори ҳам 8,5 фоизга ошади. Яъни, шунга мувофиқ 1 гуруҳ ногиронига 77 889 тенге, 2 гуруҳ ногиронига – 62 068 тенге, учинчи гуруҳ ногиронига – 42 190 тенге давлат ёрдам пули тўланади.

– Ишни йўқотганлиги туфайли белгиланадиган нафақа тўловларида ҳам халқаро андазалар эътиборга олинди. Бу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.

– Ишидан айрилган мажбурий ижтимоий суғурта тизимининг иштирокчиси бўлган ҳамюртларимизга аҳоли бандлиги марказида ишсиз сифатида рўйхатга олинган кундан бошлаб Давлат ижтимоий суғурта жамғармасидан ижтимоий тўловлар тайинланади. 

Мазкур тўловлар тизим иштирокчисининг даромадига (ундан ижтимоий тўловлар амалга оширилган) тизимдаги иштирок этиш стажи ва даромадни қоплаш коэффициентига боғлиқ. Айни дамда мазкур коэффициент 0,4ни ташкил этади. Тизимдаги иштирок этиш стажига қараб, бир ойдан 6 ойгача ижтимоий тўловлар амалга оширилади. Суғурталанган шахслар учун ишини йўқотганлиги бўйича тўланадиган ижтимоий тўловлар миқдори ошган. Келгуси йилдан бошлаб даромадни қоплаш коэффициенти ўртача ойлик даромаднинг 45 фоизини ташкил этади. Аввал бу кўрсаткич 40 фоизни ташкил этарди. 

Таъкидлаш жоизки 2022 йил 1 апрелдан ОҲКнинг икки миқдори қўлланилмоқда. Биринчиси 3180 тенге нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлашда фойдаланилади, иккинчиси эса 3063 тенге жарима, солиқ ва бошқа тўловлар учун ишлатилади. 

– Ижтимоий ўзгаришлар хусусидаги батафсил маълумотларингиз учун ташаккур. 

М. САЪДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, 2022-12-30, 02:51 446
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.