26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Пахтанинг баҳоси 300 тенгедан ошди

Сўнгги 30 йилда жанубдаги миришкорлар илк бор етарли сув ола бошлашди. Натижада пахтадан рекорд ҳосил етиштиришга эришилди. Бу ютуқларга икки қардош давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши туфайли эришилди. Туркистон вилоятига махсус сафар билан келган Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири, Президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов ва Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев бошчилигидаги делегация қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига туртки берган ўзгаришларга гувоҳ бўлишиб, пахтакорлар билан учрашишди.
Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий захиралар вазири Серикқали Брекешов ва Туркистон вилояти ҳокими Ўмирзақ Шўкеев ҳам мирзачўллик пахтакорларнинг бугунги ҳаёти билан яқиндан танишдилар.

Ўтган йил Мақтаарал туманидаги сув босган экин майдонларини қайта тиклаш, чигит экиш ишларида қўшни мамлакат ёрдамини аямаган эди. Ўзбекистон Республикасининг Жиззах ва Сирдарё вилоятларидан 40дан зиёд техника, 250 тонна чигит етказилиб, суви тортилган аҳоли манзилларидаги хўжаликларга ёрдам бериб, чигитни қайта экиш тадбирларида қатнашишганди. Албатта, қўшниларнинг беминнат ёрдамини мақтааралликлар миннатдорчилик билан эслашади.
Жорий йилдаги қурғоқчиликка қарамай, пахтакорлар сувни ортиғи билан олишди. “Сардоба” сув омборининг бузилишидан Мақтаарал туманидаги 7 минг 500 гектар экин майдони зарарланган эди. Сувга чайилиб кетган ерларга Ўзбекистоннинг “Султон” пахта нави экилиб, ундан яхши ҳосил олинмоқда.
Делегация “Алмат” деҳқон хўжалигининг пахта даласида бўлиб, деҳқонлар билан учрашишди. Қурғоқчиликка қарамай, сувни вақтида, ортиғи билан олган миришкорлар мўл ҳосилдан умидвор.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, минтақада пахта баҳоси ўтган йилгидан икки баравар ошди. Туркистон вилоятида 18та пахтани қайта ишлаш заводининг 200дан зиёд пахта қабул қилиш бекатлари орқали 1 тонна пахта 300 минг тенгедан қабулланмоқда. Шу кунгача 33 минг гектар майдондаги “оқ олтин” териб олиниб, 70 минг тонна хирмон кўтарилди.
–Ўтган йили мақтааралликлар Ўзбекистондан кўмак учун келган техникалар ёрдамида чигитни қайта ўтқазиб олдилар. Қўшниларимиз техникадан ташқари, ёнилғи, чигитни ҳам бепул беришди. Шу пайтда зарар кўрган хўжаликлар учун бу жуда катта ёрдам бўлди. Туну кун тиним билмай қилинган заҳматли меҳнат натижасида мўл ҳосил етиштирилди. Пахта баҳоси ҳам кўтарилди. Ҳозир килосини 300-320 тенгедан сотяпмиз. Қўшни Ўзбекистон давлати билан келишиб, сувни ортиғи билан олдик. Буларнинг барчаси Элбошининг қўллови, Давлат раҳбарининг топшириғи, қўшни давлат билан дўстона муносабатлар яхшиланишининг натижасидир. Давлат томонидан имтиёзли турда берилаётган ёнилғи ва минерал ўғитлар ҳам етарли. Одамлар мамнун. Деҳқонлар яхши даромад оладиган бўлди, – деди “Бағдат” деҳқон хўжалиги раҳбари Даулетбай Жўримбетов.
Жорий йилда 110 минг гектар пахтадан 280 минг тонна хирмон кўтариш режаланган. Пахта толаси Европага экспорт қилинади. Йиғим-терим ишларига 43 минг тонна ёнилғи ажратилди. Унинг литри 172 тенгедан.
Ўзбекистондан келган делегация Мирзакент янги кичик туманида барпо этилган 1200 ўринли мактаб қурилиши билан ҳам танишди. У ердаги замонавий жиҳозлар, сўнгги русумдаги ускуналар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Мактабга тўпланган мирзачўлликлар Мақтаарал янги қиёфа касб этганини фахр билан тилга олишди. Табиий офатдан кейин аҳолининг бошқа ерларга кўчиб кетишмаганини алоҳида таъкидлашди.
– Қийинчиликлар унутилиб, қишлоғимиз янада чирой очди. Кўплаб янги бинолар, ижтимоий иншоотлар қад ростлади. Ўзбекистон халқи билан азалдан яхши қўшничилик муносабатларида ҳаёт кечирамиз. У ёқда қариндошларимиз яшайди. Бир дарёдан сув ичадиган қардош халқмиз. Улар оғир дамларда ёрдамини аямаганди, энди хурсандчилигимизга ҳам шерик бўлишмоқда, – дейди мирзакентлик Шаҳзода Қурбонбоева.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари Ў. Шўкеев делегация аъзоларини Жетисай шаҳридаги “Қидир ата” хусусий клиникасининг фаолияти билан таништирди. Замонавий жиҳозланган тиббиёт муассасаси 120та ўринга эга. Клиника шифокорлари 100 чақирим олисда жойлашган Тошкент шифокорлари билан доимо тажриба алмашиб турадилар.

Вилоят ҳокимининг матбуот хизмати, 2021-10-07, 02:10 188
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.