Туркистоннинг “Озиқ-овқат белбоғи”да иккинчи ҳосил олинмоқда
Туркистон шаҳри атрофида ташкил қилинган “Озиқ-овқат белбоғи”да иккинчи ҳосилга экилган 259 гектар ердаги маккажўхорининг ҳар гектаридан 250 центнердан хирмон кўтариш режаланган. “Туркистон Агро XXI” МЧБнинг ёмғирлатиб суғориш технологияси асосида мол етиштирилган силосбоп маккажўхорининг ўрими вилоят ҳокимининг ўринбосари Улан Тажибаевнинг шахсий назорати остида бошланди. Йиғиб олинган силос 1000 бошга мўлжалланган бўрдоқилаш фермаси ва қиймати 6 млрд. тенгелик Италия технологияси асосида барпо этилаётган 1200 бош қорамолга мўлжалланган сутчилик фермасига етказилади.
Йирик сутчилик фермаси Италиянинг “Rota Guido” компаниясининг лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида қурилади. Ҳозирги кунда иншоотнинг ички қисмидаги бетонлаш якунланиб, инфратузилма ишлари ниҳоясига етказилди.
Бир кеча-кундузда 30 литр сут берадиган Гольштейн сутдор сигирлари Нидерландиядан олиб келинади. Ферма 2022 йилда фойдаланишга берилади. Натижада 60 киши доимий иш билан таъминланиб, вилоятимизда сут етиштириш кўрсаткичи ошади.
– Бундан 2,5 йил аввал майда хўжаликларни бириктириб, сармоядорлар иштирокида йирик ширкатлар ташкил қилиш ишларини бошлаганмиз. Лойиҳа уч йўналишда амалга оширилмоқда. Хусусий ва ёрдамчи хўжаликларни бириктириш орқали уларни техника билан таъминлаб, ҳосилдорликни 2-3 баравар ошириш кўзланган. Йилига бир неча марта ҳосил олиниб, мол озуқаси тайёрланади. Ёмғирлатиб суғориш технологияси эса сувни 30 фоизга тежайди, – деди Улан Тажибаев.
Давлат раҳбари Қ. Тўқаев Қозоғистон халқига йўллаган Мактубида қишлоқ хўжалиги соҳасининг бош вазифаси – мамлакатимизни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўкис таъминлаш эканлигини алоҳида таъкидлади. Иқлими қулай, ишчи кучи етарли бўлган Туркистон вилояти – қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун қулай минтақа.
“Туркистон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган мажмуавий режаси” доирасида Туркистон шаҳри атрофида 11 минг гектар ерда озиқ-овқат белбоғини барпо қилиш режаси амалга оширилмоқда. Асосий йўналиш – намликни узоқ вақт сақлашнинг замонавий технологияларини татбиқ қилган ҳолда бир экин майдонидан икки-уч марта ҳосил олиш, ҳосилдорликни босқичма-босқич ошириб бориш. Бугунги кунда бу ерда 2 минг гектар ерга 44та ёмғирлатиб суғориш ускунаси ўрнатилди. Йил охиригача яна минг гектар ерга шундай ускуналар ўрнатилади.
Самарали технология нафақат сув сарфини камайтиради, балки ҳосилдорликни 2-3 баравар оширади. Чунончи, 2019 йилда “Туркистон Агро XXI” МЧБга ер майдони 1210 гектарни ташкил қиладиган 108та деҳқон хўжалиги бириктирилиб, 733 гектар ерга АҚШнинг “T-L” компаниясининг 18та ёмғирлатиб суғориш машиналари ўрнатилди, 26та замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилинди. Жорий йили 1113 гектар ерга, яъни 350 гектар ерга – беда, 300 гектар ерга – маккажўхори, 463 гектар ерга эса кузги буғдой экилиб, 543 тонна буғдой, 640 тонна беда, 4000 тонна маккажўхори ҳосили олинди.
Бундан ташқари, “TURKISTAN FRUIT” МЧБнинг 3,5 млрд. тенгени ташкил қиладиган “400 гектар ерга олхўри ўтқазиш” лойиҳасини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўтган йили “Туркистан” ИКК” ҲЖ ва “DALA FRUIT. KZ” МЧБнинг “TURKISTAN FRUIT” қўшма корхонаси ташкил қилиниб, аэропорт атрофида бўш ётган 400 гектар ер участкаси сотиб олинди. Туркиядан 220 минг дона 7 турдаги олхўри кўчати олиб келиниб, ўтқазилди. Исроил технологияси асосида ер ости сувини тортиб оладиган станция ўрнатилди ва томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида давлат томонидан тегишли ёрдам берилмоқда. Маҳаллий бюджетдан 1,9 млрд. тенге маблағ кўзланиб, шундан 1,3 млрд. тенгеси берилди. Бу маблағга Туркистон магистрал каналидан 11 чақирим қувур тортилиб, 21 дона тик дренажли қудуқ қазилиб, 7та сув тўплайдиган ҳовуз қурилди. Иншоотга 16,2 чақирим электр тармоғи тортилди. «Аграр насия корпорацияси»дан 2,2 млрд. тенге насия олинди.
Олхўри ҳосил бергунча, 150 гектар ерга қовун ва тарвуз экилиб, бугунги кунда 4 минг тонна ҳосил териб олинди.
Бундан ташқари, мазкур ҳудудда 2022 йилда 40 минг тонна озиқ-овқат сақлайдиган омбор қуриш режаланган. Шунингдек, 2022-2023 йилларда лойиҳа қиймати 107 500,0 млн. тенгелик 100 гектарли замонавий иссиқхона мажмуаси ва қиймати 1 420,0 млн. тенгени ташкил қиладиган 150 гектар ўрикзор барпо қилиш кўзланмоқда.
Вилоятимизда қишлоқ хўжалигини ранг-баранглаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, натижада 4,1 млн. тонна мол озуқаси тайёрланди. Келес, Сариоғоч, Жетисай, Мақтаарал, Тўлебий, Чордара, Ўтрор туманларининг ўрмон хўжаликларидаги яйловлар ва “Сайрам-Угам” давлат миллий табиий паркининг яйловларидан фойдаланиш юзасидан туманлараро меморандум имзоланди.
Ҳозирги кунда вилоятимизда 69,2 мингга яқин агроташкилот мавжуд. Бу республикадаги агроташкилотларнинг 33 фоизи демакдир. Уларда 180 мингга яқин киши меҳнат қилади. Вилоятимизда меҳнат унумдорлигини ошириш учун экин майдонларидан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни татбиқ қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бир экин майдонидан 2-3 марта ҳосил олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.