26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ранглар жилосида ҳаёт тўлқини

Қозоғистонлик санъатсеварлар ҳамда хориждан келган меҳмонлар жаҳон санъат ихлосмандларининг севимли мегаполиси – Алмати шаҳридаги “Almaty Gallery” галереясида ўзбекистонлик таниқли рассом Дилором Мамедованинг “Алмати – ўзбек рассоми нигоҳида” мавзуидаги кўргазмаси очилди. 

Тадбирга Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистондаги бош консули Аброр Фатҳуллаев ҳам шахсан ташриф буюриб, икки давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, маънавиятимизни юксалтиришда санъат усталари, ноёб истеъдод ҳамда иқтидор эгаларининг қўшаётган ҳиссаларини алоҳида таъкидлади. Бу борада тасвирий санъат устаси Дилоромхоннинг салмоқли ҳиссасига тўхталиб, ижодий юксалиш ҳамда санъатсеварларни завқлантирадиган нодир асарларни чизишда чексиз илҳом ва улкан муваффақиятлар тилади. Тадбирда иштирок этган меҳмонлар кўргазманинг Қозоғистон санъати оламидаги нуфузи, моҳияти ҳамда томошабинларимизга берадиган маънавий таъсирини ҳам алоҳида таъкидладилар. 

 ЮНЕСКО қошидаги бадиий танқидчилар халқаро ҳамжамиятининг аъзоси, Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоб Камилла Ли, жаҳонга таниқли дизайнер, услубиятчи Лилия Рах каби санъат усталари ҳам тадбирга ташриф буюриб, рассомнинг ижоди ҳақида илиқ фикрларини билдиришди. 

– Бу инсон билан танишлигимдан жуда бахтиёрман. Унинг ижодида қандайдир зиё бор ва одамларга ҳам ўша нурни улашади. Унинг расмлари менинг коллекциямда ҳам борлигидан хурсандман. У ўз ватанига муҳаббатини расмларидаги бўёқларида рангларининг жилоси билан ихлосмандларига етказиб беради, – дейди Лилия Рах.

 Алматида нафақат қозоғистонлик, балки қўшни давлатлардан ҳам ўз мухлисларини тўплаган бетакрор санъат соҳибаси, товланаётган ранглар жилосида миллатининг орзу-умидлари, армонларини усталик билан ифодалаган, ватанпарварлик, аждодлари тарихига эҳтиром, анъаналаримизга соғинч руҳини мухлислари қалбига жо этган рассом бугун таҳририятимиз меҳмони. 

Дилором Мамедова 1974 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Қизиғи шундаки, унинг оиласида ҳам, яқинлари ўртасида ҳам рассомлар бўлмаган. Ноёб иқтидор болалигиданоқ унинг келажакда қайси касб эгаси бўлишини орзулари қанотларига жойлаб берди. Суҳбатдошим мактабни тамомлаши билан М. Уйғур номидаги Тошкент рассомчилик институтининг ранг-тасвир бўлимига ўқишга кирди. Бахтиёр Бобоев, Ниғмат Қўзибоев, Раҳим Аҳмедов сингари санъат дарғаларидан сабоқ олди.

– Ҳамкасбларингиз неча ёшдан бошлаб расм чизишни бошлагансиз деб савол беришади. Мен уларга ҳазиллашиб, туғилибон, деб жавоб бераман, – дея бошлади суҳбатни Дилоромхон Раҳматжон қизи. – Ота-онамнинг айтишларича, болалигимдан оқ деворларга расм чиза бошлаган эканман. Мени дунёга келтирган инсонларимдан миннатдорман, улар менга эркинлик беришган ва рассомлик фаолиятимга тўсқинлик қилишганини ҳеч эслолмайман. Фурсатдан фойдаланиб, истеъдодли болаларнинг ота-оналаридан уларнинг эркин машғулот юритиши учун имконият ва шароитлар яратиб беришларини сўрайман. Модомики, фарзандингизда улкан истеъдоднинг бир парчаси намоён бўлаётган экан, ундан комиллик сари дадил қадам ташлаши учун меҳрингиз ва қалбингиз қўрини аяманг. Ўша расмларидаги бўёқларнинг жозибаси, чизиқларидаги ифода аниқлигини кўриб, санъат шайдолари ўзлари айтолмаган дардини илғашар, руҳий таскин олишар. Балки уларда инсоннинг тавба-тазарруларини ҳам ижодидаги нафис чизгиларда намоён этилганини ҳис қиларсиз. Яратган томонидан инъом этилган истеъдод менга шундай имкониятлар насиб этганидан миннатдорман.

Дилоромхон олий ўқув юртида 6 йил таҳсил олди. Уни тамомлагач, ўзини ижодга бағишлади. Унинг саъй-ҳаракатлари тезда кўзга ташланди. Бир йилда ҳатто тўрт марта шахсий кўргазмаларини ташкил этишга ҳам муваффақ бўлди. Барчасида фақат янги расмларини кўргазмага қўйди. Ҳар бир кўргазмага 50дан зиёд расмларнинг қўйилишини эътиборга олсак, тасаввур қилаверинг... Олдига юксак мақсадлар қўйиб, барчасига улгуришга ҳаракат қилди. Ўзбек аёлининг ҳаёти, турмуш-тарзи, урф-одатлари, бетакрор анъаналаримизни бежирим ва ўзига хослиги билан тасвирлаб, ихлосмандлари қалбини забт этди. Ниятларига эришди, унинг имзоси, расмларига хос бўлган дастхатини санъатсеварлар таниб, қадрлай бошлашди. Фақат Ўзбекистоннинг ўзида 25 мартадан зиёд шахсий кўргазмалар уюштирди. Ҳамкорлари, ҳамкасблари Дилоромхонни хориждаги кўргазмаларга ҳам таклиф қила бошлашди. Россиянинг қатор йирик шаҳарлари, Хитой, Тайланд, Бирлашган Араб амирликлари, АҚШ, Озарбайжон ва бошқа элларда расмлари кўргазмалари муваффақиятли ўтиб, ихлосмандлар олқишига сазовор бўлмоқда. 

– Қозоғистонлик ихлосмандларимнинг таклифи билан ҳам сизнинг ватанингизда бир неча йиллардан буён кўргазмалар уюштириш, халқаро симпозиумларда иштирок этиш бахти насиб этди. Нафақат пойтахтда, балки Алмати, Атирау, Қизилўрда шаҳарларида ҳам истеъдодимга юксак баҳо берадиган санъатсевар дўстларимнинг борлиги мени қувонтиради. Ўтган йилнинг сўнггида уюштирилган кўргазмамиз ҳам халқаро миқёсда, икки давлат элчилари, консуллари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилди. Унда нафақат менинг ижодимга, балки ўзбек урф-одатлари, анъаналари, умуман олганда ўзбекона маданиятимизга эътиборнинг кучайгани, ихлосмандларимизнинг унинг соғинганлигини ҳис қилдим, – дейди суҳбатдошим. 

– Ижтимоий тармоқлар, интернет порталларида тарқатилган хабарларда таниқли санъат арбобларининг ижодингизга берган баҳоларини ўқиб, расмларни томоша қилиб, санъатингиз шайдосига айландим, истеъдодингиз ихлосмандиман. 2017 йили тасвирий санъат ривожига қўшган ҳиссангиз Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан юксак баҳоланди – “Шон-шараф“ ордени ҳамда “Шуҳрат” медали соҳибаси бўлдингиз, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази тақдим этган “Халқ дипломати” кўкрак нишони соҳибаси сифатида ҳақиқатан ҳам миллатлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ривожлантиришга бор шижоат ва ғайратингизни сафарбар қиляпсиз. Фаолиятингиздаги бундай шижоат сизни чарчатиб қўймаяптими?

– Бу ишларда умр йўлдошим, ҳамкасбим Дилмурод Йўлдошев менга елкадош, руҳий таянчим. Кўпинча хорижий сафарларда у менга ҳаммаслак ва ташкилотчим ҳамда ёрдамчим масъулиятини зиммасига оладилар. Алматидаги кўргазмадан сўнг, Астанада ҳам уюштириш ғояси туғилди, астаналик тасвирий санъат шайдоларининг талабларига биноан пойтахтда ҳам шундай тадбир уюштиришни режалаяпман. Яқин кунларда эса Санкт-Петербург шаҳрида расмлар кўргазмасини уюштириш таклифини олдим. 

– Қизиқарли ва мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, миллатимизнинг бетакрор маънавиятини рангларда ифодалашда чарчаманг, сиздан янги ижод намуналарини кутиб қоламиз. 

Мунира САЪДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, 2023-01-21, 03:08 144
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.