26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Давлат раҳбари Ҳукуматнинг кенгайтирилган мажлисини ўтказди

Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев раислигида Ҳукуматнинг кенгайтирилган мажлиси ўтди. Унда Бош вазир Ўлжас Бектенов, Президент Маъмурияти раҳбари Айбек Дадебаев, Ҳукумат аъзолари, Миллий банк раиси, Астана, Алмати ҳамда Шимкент шаҳарлари, шунингдек, вилоят ҳокимлари, марказий давлат идоралари ва миллий компаниялар етакчилари иштирок этди.

Давлат раҳбари йиғилишда ўтган йили амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, галдаги асосий вазифалар белгиланишини таъкидлади. 

– Ўтган йили миллий иқтисодиётнинг ўсиши 5,1 фоизни ташкил этди. Муҳими, мамлакат тараққиётининг ижобий жўшқинлиги сақлаб қолинди. Лекин бу хотиржамлик учун асос бўлмайди. Ҳукуматнинг фаолиятига жўшқинлик беришимиз керак. Асосий мақсад – 2029 йилга бориб, иқтисодиётимиз ҳажмини 450 миллиард долларга етказиш. Бунинг учун давлатимизнинг ички ялпи маҳсулоти ҳар йили камида 6 фоизга ўсиши керак. Бинобарин, макроиқтисодий кўрсаткичлар билан бир қаторда, фуқароларнинг аниқ даромадларининг жадал ўсишини таъминлашимиз керак. Бу жуда муҳим вазифа. Мухтасар қилиб айтганда, бизга сифатли тараққиёт керак. Шунинг учун ҳар бир қадамни ҳар томонлама ўйлаб, дадил ҳаракат қилишимиз керак, – деди Президент.

Давлат раҳбарининг фикрича, Ҳукумат ва ҳокимлар ишга муносабатини тубдан ўзгартириши керак. Бизга қоғозбозлик эмас, аниқ натижалар керак. Муаммоларни тезкор ҳал этиш ва иқтисодий тараққиётнинг узоқ муддатли истиқболини ўзида мужассамлаштирган тизимли ёндашув талаб этилади.

Қасим-Жўмарт Тўқаев жорий иқтисодий вазият билан боғлиқ қатор муҳим вазифаларга эътибор қаратди.

– Бюджет ва солиқ сиёсати самарадорлигини имкон қадар ошириш зарур. Охирги беш йилда бюджет тақчиллиги 11 триллион тенгедан ошди. Шунинг учун бюджетни самарали бошқариш ҳамда унинг ўлчовларини имкон қадар тўғри тахминлаш Ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлиб қолмоқда. Молия вазирлиги ўтган йилги даромад режасини шу йилнинг солиқлари ҳисобидан бажарди. 600 миллиард тенге миқдоридаги қўшилган қиймат солиғини қайтариш вақтинча тўхтатилди. Демак, бюджет масалалари бизнеснинг айланимидаги маблағлари ҳисобидан ҳал қилинган. Яна бир ечими топилмаётган муаммо – бюджет маблағларини тақсимлаш тартиби, у иқтисодий фаолликни оширишга йўналтирилмаган. Маблағ кундалик муаммоларни ҳал қилишга сарфланади, стратегик мақсадлар унинг соясида қолмоқда. Ҳукумат харажатлардан имкон қадар юқори иқтисодий фойда келтиришга алоҳида эътибор қаратиб, унинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб бериши керак, – деди Давлат раҳбари.

Президент айни пайтда янги Солиқ кодекси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Ушбу ҳужжат сармоядорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва бюджет даромадларини сақлаб қолиш ўртасида оқилона мувозанатни таъминлаши керак.

Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг таъкидлашича, Ҳукумат янги сармоявий даврни бошлаши керак. Мамлакатимиз ички ялпи маҳсулотда асосий капиталга йўналтирилган улуш камайиб бораётганига эътибор қаратди. Мухтасар қилиб айтганда, иқтисодиётга етарлича маблағ киритилмаяпти. Натижада яқин келажакда мамлакатнинг тараққиёт суръатларини сақлаб қолиш қийинлашиши мумкин.

– Ички ва хорижий сармояни сезиларли даражада ошириш керак. Бу – янги ташкил этилган Сармоявий штабнинг асосий вазифасидир. Штаб мамлакатга сармоя жалб қилиш учун зарур бўлган ягона экотизимни шакллантириши керак. Тараққиёт институтлари фаолиятини жонлантириш, бизнес вакиллари билан самарали мулоқот олиб бориш даркор. Хориждаги муассасалар, марказ ва ҳудудлар ўртасида яқин алоқа ўрнатиш зарур. Энг муҳими, зарур қарорни ўз вақтида қабул қилиши керак. Муассаса раҳбарларининг барча хорижий сафари натижа бериши керак. Сафар натижаларига кўра, Ҳукумат раҳбариятига, зарур бўлса, Президентга ҳисобот берилиши керак. Сармовий лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ муаммолар, айниқса, ҳудудларда тез-тез учраб туради. Ҳокимлар сармоя жалб қилиш ўрнига бюджет маблағини сарфлашни одатга айлантирган. Минтақага хусусий сармоя жалб қилиш ҳокимларнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиши керак, – деди Президент.

Давлат раҳбари ярим йилнинг натижаси бўйича Сармоявий штаб фаолияти таҳлил қилинишини айтди. Ҳар бир вазир ва ҳокимнинг бу борадаги фаолияти аниқ баҳоланади.

– Талаб қатъий бўлади. Сармояларнинг яна бир манбаи – мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилган активлар қайтарилиши керак. Мен бу бизнеснинг йўналишлари ҳақида бир неча бор фикр билдирганман. Тадбиркорлар билан учрашувларда ҳам шу масалага тўхталиб ўтдим. Мутасадди тузилмалар саъй-ҳаракатларини кучайтиришлари керак. Олинган маблағлар мамлакат учун муҳим лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши керак. Бироқ, бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзбошимчаликка йўл қўймаслиги керак, яна бир бор огоҳлантираман. Мен бундай номаъқул хатти-ҳаракатлар ҳақидаги ҳар бир хабар бўйича чора кўришни топшираман. Бу ишга ижтимоий адолатни таъминлаш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият қаратилади, шу боис, муҳим иқтисодий муаммони ҳал қилишга, уни обрўсизлантиришга йўл қўйилмайди, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Давлат харидлари, давлат-хусусий шериклик, қурилиш соҳасини созлаш тизимини ислоҳ қилиш яна бир устувор йўналиш сифатида белгиланди. Бу ишлар сармоя жалб қилиш ва бюджет маблағидан самарали фойдаланиш соҳасидаги ислоҳотларни узвий равишда тўлдириши керак.

– Қурилиш соҳасидаги экспертизани давлат тасарруфига қайтариш масаласи қизғин муҳокама қилинмоқда. Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифадир. 

Шу боис, қурилиш сифатини назорат қилишни кучайтириш керак. Бироқ, давлат бутун бозорни ўзи эгаллаб олмаслиги ва мувозанатни сақлаши керак. Ҳукумат барча томонлар манфаатларини инобатга олиши керак. Бу соҳада биноларнинг ноқонуний ва ўринсиз қурилиши, мулкдорлар бирлашмалари фаолиятини ислоҳ қилиш билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд. Фуқаролар доимо шикоят қиладилар. Аммо мутасадди идоралар ҳали ҳам тегишли чораларни кўрмаяпти. Ҳукумат ушбу масалага оид қарорни йил якунига қадар қабул қилиши керак. Ҳукуматдан бу борада аниқ натижалар кутаман, – деди Давлат раҳбари.

Шу билан бирга, Президент иқтисодиётни мажмуавий равишда эркинлаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлади. Бу – давлатнинг иқтисодий жараёнларга ортиқча аралашувидан босқичма-босқич воз кечиш имконини берувчи жуда муҳим ислоҳотдир.

– Бу иқтисодиётнинг барча тармоқларига тегишлидир. Назоратсиз танҳо ҳокимлик, захираларнинг адолатсиз тақсимланиши, рақобатнинг ноқонуний усулларидан фойдаланишига барҳам бериш даркор. Хусусийлаштириш самарали амалга оширилсагина, иқтисодиёт эркин ривожланади, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Ҳукуматга бир ой муддатда давлат мулки рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда хусусийлаштириш жараёнининг услубий жиҳатларига аниқлик киритиш, шунингдек, Стратегик режалаштириш ҳамда ислоҳотлар, Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентликлари билан ҳамкорликда иқтисодиётни эркинлаштириш тўғрисидаги фармонни ишлаб чиқиш топширилди.

Шу билан бирга, Давлат раҳбари мамлакат саноатини янги суръатда  ривожлантиришни талаб қилди. 

– Ўтган йили аниқ ва самарали саноат сиёсатини амалга ошириш мақсадида алоҳида вазирлик ташкил этилди. Етарли вақт ўтди, аниқ натижаларини кўрсатиш вақти келди. Вазирлик соҳани ривожлантириш йўналишларини белгилаб, сармоядорларга йўл кўрсатиши керак. Илғор технологиялар асосида янги корхоналарни очиш зарур. Бироқ, юқори технология ишлаб чиқаришга сармоя киритишни рағбатлантирадиган аниқ чора-тадбирлар ва ёндашувлар тайёр эмас. Ишлаб чиқариш ривожига туртки берадиган лойиҳалар рўйхати мавжуд. Аммо бу иш ҳам қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Бу тармоқлар иқтисодиёт тузилмасини ўзгартириши, мамлакатнинг кучли саноат асосини барпо этиши ва технологик юксалишни таъминлаши керак. Ҳозирча буларнинг ҳеч бири амалга оширилмаган, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Яна бир муҳим вазифа – агросаноат мажмуасини ривожлантириш ҳамда сув захираларидан оқилона фойдаланиш.

– Қишлоқ хўжалиги ривожига халақит бераётган тўсиқлар барчага маълум. Бунга сабаб – йиллар давомида зарур маблағларнинг етарли даражада ажратилмаганлиги. Сармоянинг тақчиллиги техникаларнинг эскиришига, ҳосилдорлик ҳамда меҳнат самарадорлигининг пасайишига олиб келади. Бинобарин, қишлоқ хўжалигига ажратилаётган маблағни имкон қадар икки баравар ошириш керак. Бунга нафақат бюджетдан, балки бошқа молиявий манбалардан, иккинчи даражали банклардан ҳам маблағ жалб қилган маъқул. Баҳорги экиш ва кузги йиғим-терим учун бериладиган имтиёзли насиялар миқдорини 1,5 трлн. тенгега ошириш керак. Сармоявий лойиҳаларга бериладиган насияни 800 млрд. тенгега етказиш лозим. Имтиёзли лизинг учун йил сайин камида 450 млрд. тенге ажратилиши даркор. Шунда ҳар йили қишлоқ хўжалиги техникасининг 10 фоизи янгиланади. Бу чора-тадбирлар жами қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 2 баравар оширишга кенг йўл очади, – деди Давлат раҳбари.

Президентнинг фикрича, Ҳукумат агросаноат мажмуасининг хомашё йўналишидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ўтказишга алоҳида эътибор қаратгани маъқул. Шунингдек, Давлат раҳбари сувни тежаш технологияларини кенг жорий этиш муҳимлигини ҳам таъкидлади. Унинг айтишича, биз бутун мамлакат сифатида сувни тежаш маданиятини шакллантиришимиз, бу борада тарғибот ишларини олиб боришимиз зарур. Сувимиз бетартиб сарфланмоқда.

Қасим-Жўмарт Тўқаев коммунал-энергетика соҳасини янгилаш бўйича топшириқлар берди. Унга кўра, Ҳукумат ва ҳокимликларнинг асосий вазифаларидан бири – аҳоли манзилларининг турмуши учун зарур барча тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлашдан иборат.

– Ҳар йили иситиш мавсумида худди шундай муаммолар юзага келади. Давлат идоралари йўл қўйилган хато ва камчиликлардан сабоқ олмайди. Шу сабабли бу соҳада аҳвол оғир. Алматидаги иккинчи иссиқлик электр марказидаги буғ-газ электростанцияси қурилиши чўзилиб кетди.

Экибастуздаги биринчи ГРЭСнинг энергоблогини тиклай олмаётганимизга ўн йилдан ошди. Шунингдек, Экибастуз шаҳридаги иккинчи ГРЭСни кенгайтириш ва тубдан таъмирлаш лойиҳаси ҳам ўз вақтида амалга оширилмаяпти. Ҳукумат, биринчи навбатда, жорий йилда авария ҳолатидаги 19та иссиқлик марказларини янгилашни якунлаши керак. Бундан ташқари, қуввати 700 мегаваттдан ортиқ бўлган қўшимча қувват манбаи билан таъминлаши зарур. Белгиланган муддатдан кечиктириб бўлмайди. Умуман олганда, мамлакатимизда электр қувватини ишлаб чиқариш ва етказиш, иссиқлик ва сув танқислиги кузатилмоқда – деди Президент.

Давлат раҳбари Ҳукуматга мамлакатнинг коммунал-энергетика инфратузилмаси иншоотларини тиклаш ва ривожлантириш юзасидан аниқ мажмуавий чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топширди. Шунингдек, мамлакатимизнинг транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш тадбирларини фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади. Жорий йилнинг биринчи ярмида темир йўл соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал қилиш масалаларини ўз ичига олган дастурий ҳужжатни қабул қилишни топширди.

– Навбатдагиси – автомобиль йўллари масаласи. Давлатимиз учун алоҳида аҳамиятга молик “Астана – Балхаш – Алмати” автомобиль йўлини таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмаган. Қурилиш 2017 йилдан буён давом этмоқда. Республика аҳамиятига молик “Атиров – Астрахань”, “Ақтўбе – Қандиғаш”, “Талдиқўрған – Ўскемен” йўллари 5 йилдан ортиқ вақт мобайнида таъмирланмоқда. Бу ишлар жорий йилда якунланиши керак. Умуман олганда, йўл масаласида ягона мақсад бўлиши керак. У хоҳ республика, хоҳ минтақавий йўл бўлсин, барчаси юқори сифатли бўлиши керак. Ҳозирча бундай эмас, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Бундан ташқари, Президент иқтисодиётни рақамлаштиришни давом эттириш ва сунъий заковат технологияларидан кенг фойдаланиш ўта муҳим эканлигини таъкидлади. Президент давлат ва молия хизматларини рақамлаштириш борасида сезиларли муваффақиятларга эришилганини таъкидлаб, мамлакатимизда суперкомпьютер яратиш бошланганини маълум қилди. Ундан нафақат олимлар, балки бозоримизда фаолият юритаётган турли компаниялар ҳам фойдаланиши мумкин. 

Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида ижтимоий соҳага оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Қасим-Жўмарт Тўқаев фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш тизимларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтди. Президент таъкидлаганидек, ижтимоий ёрдамнинг самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш керак. Шундагина ажратилган маблағни имкон қадар самарали сарфлаш имконияти пайдо бўлади. 

Соғликни сақлаш тизимида кўтарилган масалалар ҳам эътибордан четда қолмади.

– Мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизими жорий этилганига беш йил бўлди. Шундан буён ушбу соҳанинг бюджети икки бараварга ошди. Жорий йилда 2,6 триллион тенге ажратилади. Бироқ, тиббий хизмат сифати сезиларли даражада яхшилангани йўқ. Кўпгина хизматларга ҳали ҳам эришилмади. Бундан ташқари, имкониятлардан самарали фойдаланмаяпмиз. Бу эса саноатни жиддий тангликка олиб келади. Ҳукумат тиббий суғурта тизимини қатъий назорат қилиши керак. Ушбу тизим оддий ва тушунарли бўлиши керак. Тиббий ёрдамнинг давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлари унинг асосий қисми бўлиши даркор. У иш берувчилар ва фуқароларнинг бадалларидан ташкил топган суғурта маблағи ҳисобидан амалга оширилиши керак, – деди Президент.

Қасим-Жўмарт Тўқаев Ҳукуматга, ҳокимлар ва “Самұрық – Қазына” жамғармасига “Қишлоқда соғликни сақлашни янгилаш” ҳамда “Бадастир мактаб” миллий лойиҳаларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган барча муаммоларни зудлик билан ҳал этиш юзасидан топшириқ берди.

– Иқтисодиётга янги жўшқинлик бериш учун Ҳукумат тадбиркорлар ва сармоядорлар билан тўлақонли ҳамкор сифатида яқиндан ҳамкорлик қилиши керак. Давлат девони самарали ва мувофиқлаштирилган ҳолда ишлаши керак. Қоғозбозлик, кўзбўямачиликни тўхтатиш жоиз. Юқоридан топшириқ берилишини, фуқаролардан шикоят келиб тушишини ёки вазиятнинг ёмонлашишини кутмаслик керак. Ташаббускорлик билан мустақил ишлай олиш лозим. Энди Ҳукумат алоҳида ваколатга эга. Бу имкониятдан тўғри фойдаланиш даркор. Ҳар бир қарор ўз вақтида қабул қилиниши керак, – дея якунлади ўз сўзини Давлат раҳбари.

Akorda.kz, 2024-02-10, 04:39 387
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.