26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сармоя жалб этиш, иш ўринлари очиш – Туркистон вилоятининг асосий йўналиши

Туркистон вилояти Қозоғистоннинг жадал ривожланаётган вилоятларидан биридир. Туризм ва тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги соҳаларида кўплаб муҳим янгиликлар мавжуд. Шунингдек, вилоятда ишлаб чиқариш соҳасида ҳам янги лойиҳалар амалга оширила бошланди. Бу орада вилоят маркази Туркистон шаҳри қурилиш майдонига айланди. Бироқ ўсиш бор жойда долзарб масалалар ёнма – ён бориши аниқ. Ичимли сув ва оқар сув, пахта нархи, Кентаудаги иссиқлик электр станцияси иши маҳаллий аҳолини ташвишга солмоқда. Халқни ўйлантираётган бошқа масалаларни ҳал этишнинг бориши ва келгусида ҳудудда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалди Kazinform мухбирига мусоҳаба берди.

– Дархан Амангелдиули, жорий йилнинг асосий янгиликларидан бири Туркистон шаҳри Туркий оламнинг сайёҳлик пойтахти этиб белгиланиши бўлди. Умуман, бу борада вилоятда қандай лойиҳалар амалга оширилиб, қандай ишлар олиб борилмоқда?

 – Туркистон – туркий оламнинг маънавий пойтахти. Унинг тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Бу шаҳар қадим замонлардан буён европалик саёҳатчиларга маълум. Ипак йўли бўйлаб йирик савдо марказларидан бири сифатида ривожланганини биламиз.

Туркий оламнинг мутафаккири, буюк устози Хожа Аҳмад Яссавий Туркистонда яшаган. У юртни эзгуликка даъват этиб, ўз таълимотини дунёнинг кўплаб мамлакатларига ёйди.

Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси дунёдаги энг яхши меъморий асарлардан биридир. Шаҳримизга ҳар йили туркий давлатлар ва хориждан минглаб сайёҳлар келади. Тарихига қизиқади. Шу боис, Туркистон ҳар бир туркий давлат учун муҳим шаҳардир.

Иккинчидан, Туркистон бир неча асрлар давомида Қозоқ хонлигининг пойтахти бўлган. Тарихимиздаги асосий ва аҳамиятли қарорлар шу ерда қабул қилинган. Туркистонда 21 қозоқ хони, 8 султон, 23 бий, элликдан ортиқ қаҳрамон дафн этилган. Туркистон – Евроосиё гавҳари.

Умуман олганда, Туркистон вилоятининг ҳар бир туман ва шаҳрининг ўзига хос тарихи мавжуд. Агар уни ўргансангиз, қадимги замонларга чуқур кириб борасиз. Бу тарихи улуғ минтақада етакчи бўлиш мен учун юксак масъулиятдир. Минтақани тараққий эттириш, Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев топшириқлари ва дастурларни амалга ошириш учун бор куч – ғайратимни ишга соламан.

Туркистон вилояти ташкил топганига 5 йилдан ошди. Туркистон шаҳрига вилоят маркази мақоми берилди. Ўтган 5 йил мобайнида вилоятда жуда кўп муҳим лойиҳалар амалга оширилди. 250дан зиёд биноларбарпо этилди. Уй-жой бинолари, маданият, спорт, таълим, тиббиёт, инфратузилма иншоотлари юрт фаровонлигига хизмат қилиб келмоқда.

Улар орасида халқаро андазаларга мос спорт мажмуалари барпо этилди. “Туркистон Арена” ўйингоҳи, Халқаро теннис маркази, “Муз саройи”, “Олимпия маркази” спорт мажмуаси ва бошқа бинолар фойдаланишга топширилди. Буларнинг барчаси Туркистоннинг спорт салоҳиятини оширди. Вилоят марказида Туркий давлатлар универсиадаси, қозоқ кураши бўйича Осиё кубоги, республика мажмуавий спорт ўйинлари, халқаро мусобақалар ташкил этилди. Биз йирик халқаро мусобақаларни ўтказишга тайёрмиз.

Давлат раҳбари Қасим – Жўмарт Тўқаевнинг топшириғига биноан Туркистонга алоҳида мақом бериш тадбирлари юритилмоқда. Ўтган йили Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар сайёҳлик шўъбаси раҳбарларининг йиғилиши ўтган эди. Шу тадбирда Туркистонни 2024 йилда Туркий оламнинг сайёҳлик пойтахти деб эълон қилиш таклифи қўллаб – қувватланди. Мазкур қарор туркийзабон давлатлар ўртасида туризм йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида туртки берди.

ҚР Ҳукумати томонидан шаҳарнинг савдо – иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш ва туризмни ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Туркистон халқаро аэропорти орқали халқаро парвозлар йўлга қўйилиши жуда муҳим.

Айни пайтда Туркистон халқаро аэропорти 3та халқаро йўналиш Истанбул, Ал-Қувайт, Абу-Дабига ва 7та ички йўналишларга Астана, Алмати, Ақтов, Ақтўбе, Ўрал, Қарағанди, Қўстанай шаҳарларига хизмат кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, хорижий авиакомпаниялар билан олиб борилган музокаралари натижасида 2024 йил 16 январда Туркистон – Абу-Даби ҳаво йўналиши очилган эди. Бундай ҳаво йўлларининг очилиши, парвозларнинг йўлга қўйилиши Туркистон минтақасининг хорижий давлатлар билан савдо – иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаб, туризмни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Яқин келажакда бир қанча халқаро ва республика ичидаги ҳаво қатновларини очиш режаланган. Шу билан бирга, юк ташиш ҳажмини ошириш асосий мақсадлардан бири ҳисобланади. 2023 йилда аэропортнинг йўловчилар оқими 360 минг йўловчини ташкил этди. Жорий йил охирига қадар йўловчилар оқимини 450 минг нафарга етказиш режалаштирилган.

Туркистон вилоятидаги тарихий – маърифий туризмдан ташқари, тиббий ва экологик туризм йўналиши билан танишишга таклиф қиламиз.

– Туркистон мамлакатимиз мустақилликка эришгандан буён ташкил этилган дастлабки вилоятлардан бири. Вилоят марказида барпо этилаётган барча иншоотлар эндиликда ўзига хос меъморий қиёфага эга. Яқин келажакда яна қандай меъморий бинолар барпо этилади?

– Туркистон кун сайин ўзгариб бормоқда. Баланд бинолар дизайни ўзига хос, қозоқи услубда қурилган. Эски шаҳар ҳудуди маданий – маънавий марказга айланди. Иншоотлар ЮНЕСКО билан келишилган ҳолда қурилади. Янги шаҳарнинг маъмурий-тадбиркорлик марказида эса 20 қаватли бинолар ҳам барпо этилди. 

Мамлакатнинг маънавий маркази – Турон элининг пойтахти ҳисобланган қадимий ва муқаддас Туркистон шаҳри вилоят маркази сифатида шаклланди. Янги шаҳарда кўплаб уй – жойлар қурилиб, кўчиб келувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Масалан, 2018 йилда Туркистон шаҳри аҳолиси 165 минг 400 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозир 220 мингдан зиёд. Аҳоли сони ортиб боргани сари маиший ҳаётга доир кўплаб масалалар юзага келиши табиий, яъни ўсиш бор жойда долзарб масалалар ҳам бўлади. Шу боис бу масалаларни ўз вақтида ҳал этиш вилоят ва шаҳар раҳбарларининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Ўтган вақт мобайнида шаҳар ҳаёти, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг тарих, туризм, маданий меросга муносабати сезиларли даражада ўзгарди. Туркистоннинг гуллаб-яшнашига иштиёқмандлар сафи кенгайди.

Туркистон – туркий оламнинг сайёҳлик пойтахтига айланиши муносабати билан жорий йилда қатор иншоотлар фойдаланишга топширилади. Бугунги кунда вилоят марказида “Туркий олам маркази”, “Дўстлик уйи”, “Ҳунармандлар маркази”, “Хилват” маънавият маркази, ер ости масжиди, “Кўргазма маркази”, “Шарқ бозори”, сунъий кўл ва 5000 кишига мўлжалланган марказий масжид қурилиши давом этмоқда. Айни пайтда Бекзат Саттарханов номидаги спорт мажмуаси, янги турар – жой бинолари барпо этилмоқда. Таълим ва тиббиёт муассасалари қурилиши ҳам бошланмоқда.

– Тажрибангиздан келиб чиққан ҳолда айтингчи, Туркистон вилоятини давлатдан қўшимча маблағ олувчи минтақалар қаторидан чиқариш мумкинми? Бу йўналишда қандай лойиҳаларни таклиф қиласиз ва амалга оширасиз? Бугунги кунда ҳокимлар олдида турган долзарб масалалардан бири – бу минтақага сармоя жалб этишдир. Шу муносабат билан туман ҳокимлари ва соҳага масъул мутахассислар Хитойда бўлиб, ўзаро тажриба алмашди. Натижа қандай бўлди? Умуман, яқин йилларда қандай йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилади?

– Жуда ўринли савол. Ишлаб чиқаришни ривожлантирмай, аҳоли даромадини ошириш мумкин эмас. Қўшимча даромад манбаларини кўпайтириш, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, сармоя жалб этиш, солиқ манбаларини топиш, завод-фабрикалар очишга устувор аҳамият қаратяпмиз. Минтақавий сармоявий штаб ишламоқда. Унинг мажлисида сармоядорлар билан бевосита иш юритамиз ва уларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаймиз.

Сармоя жалб этиш мақсадида вакилларимиз хорижий давлатларга бориб келди. Бу изланишлар ўз самарасини бермоқда.

Ўтган йил якунлари бўйича вилоят иқтисодиётига 972 миллиард тенге (хусусий сармоялар 705,1 миллиард тенге, бюджет маблағлари 266,9 миллиард тенге) йўналтирилиб, ўтган даврга нисбатан 126,1 фоизга ўсди. Юксалиш бўйича вилоят мамлакатда кучли учликка киради. Ҳукумат томонидан тасдиқланган режа (908,2 млрд. тенге) ортиғи билан уддаланди.

Шунингдек, бевосита хорижий сармоялар ҳажми 492,0 миллион АҚШ долларини (2023 йил III чорак) ташкил этиб, йиллик режа (451 миллион АҚШ доллари) 9 ойда ортиғи билан бажарилди. 2024 йил учун асосий капитал кўрсаткичи 1 триллион 133,8 миллиард тенге этиб белгиланди. Биз ушбу режани ҳам амалга оширамиз.

Ўтган йили Туркистон вилоятида умумий қиймати 126,9 миллиард тенге бўлган 56та сармоявий лойиҳа ишга туширилди. 2024-2027 йилларда амалга ошириладиган умумий қиймати 3,3 триллион тенгелик 173та сармоявий лойиҳанинг тўпланмаси шакллантирилди. Улар қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, таълим ва соғликни сақлаш, саноат ва қурилиш, туризм ва энергетика соҳаларини қонуний таъминлайди.

Ўтган йили ишга туширилган лойиҳалар қаторида Ўтрор туманидаги қуёш электр станцияси, Сайрам туманида тагликлар ва кунгабоқар ёғи ишлаб чиқариш, Ўрдабаси туманида алюминий буюмлар ишлаб чиқариш, Арис шаҳрида ПВХ гранула ишлаб чиқариш ва бошқа лойиҳаларни алоҳида қайд этиш мумкин.

Бултур 100га яқин хорижий ҳамда маҳаллий компаниялар билан учрашув ва музокаралар ўтказилди. Тадбиркорлар билан Хитой, Ўзбекистон ва Австралияга хизмат сафарлари ташкил этилди. Натижада янги лойиҳаларни амалга ошириш ва мавжуд заводларни кенгайтиришга қарийб 1 триллион тенге сармоя жалб этилади.

Жорий йилда мазкур тажрибадан фойдаланиб, минтақавий делегациянинг Туркия, Россия, Хитой, Ўзбекистон, Эрон ва Вьетнамга хизмат сафарларини уюштириш режалаштирилган. Биз ишлаб чиқариш саноатига устувор аҳамият қаратамиз. 

Саноат ишлаб чиқаришини ривожлантиришда умумий қиймати 30,2 миллиард тенгелик 20та сармоявий лойиҳани ишга туширдик. Лойиҳалар доирасида пахтани қайта ишлаш, нефтни қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, колбаса, парранда гўшти ва тухум етиштириш, тикувчилик фабрикаси, елим буюмлар ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд.

Жорий йилда саноат ишлаб чиқаришида умумий қиймати 19,5 миллиард тенге бўлган 12та сармоявий лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Сармоявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектларига молиявий ёрдам кўрсатишда асосий талабимиз вилоят аҳолисини янги иш ўринлари билан таъминлашдан иборат.

Ўтган йил якунларига кўра, кичик ва ўрта бизнес шўъбаларида 45 441 одам иш билан таъминланди.

Бугунги кунда тадбиркорлик соҳасида машғул бўлганлар 292 минг 620 нафарни ташкил этади. Вилоятимиз бандлик даражаси бўйича бошқа минтақалар орасида иккинчи ўринда.

Хитойнинг бу борадаги ишларидан тажриба орттириш мақсадида ўтган йили барча туман ва шаҳар ҳокимлари, тадбиркорлар иштирокида хизмат сафарлари ташкил этилди. Унда туман ва шаҳар раҳбарлари Шандон, Урумчи, Шинжон, Хнан, Иу, Ляочин, Ляоцин каби вилоят ва шаҳарлардаги ишлаб чиқариш корхоналари билан танишди.

Бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси билан 9та қўшма сармоявий лойиҳа пухталанди ва амалга оширилмоқда. Ушбу сармоявий лойиҳалар ҳисобидан вилоят иқтисодиётига қарийб 1,2 трлн. тенге сармоя жалб этиш режалаштирилган.

Хусусан, Туркистон шаҳридаги мебель фабрикаси учун 2,3 миллиард тенгега асбоб-ускуналар харид қилинди. Айни пайтда лойиҳа ишга туширилган. Туркистон шаҳрида пайпоқ ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди.

Хитой компанияси Чордара ва Келес туманларида умумий қиймати 45 млрд. тенгелик чигитни қайта ишлаш ва саралаш, полиэтилен плёнкалар ишлаб чиқариш, томчилатиб суғориш ускуналари ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш заводини барпо этиш ниятида. Айни пайтда ер масаласини ҳал қилиш борасида иш юритилмоқда.

Арис шаҳрида умумий қиймати 4,7 миллиард тенгелик алюминий радиаторлар заводи қуриш режалаштирилмоқда. Ҳозирда сармоядор Хитой компанияси билан музокаралар юритилмоқда.

Туркистон вилоятида пахта ва тўқимачилик соҳасида 75та завод ва фабрика очиш режалаштирилган. Сифатли маҳсулот ишлаб чиқарадиган 75та корхона очиш, пахта етиштиришдан бошлаб 9та кластер ташкил этиш режалаштирилган. 40 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш, пахта толасини қайта ишлаш ҳажмини 100 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, пахтадан газлама, мой, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган.

Вилоятнинг ўзига хос даромадини ошириш учун янги иш ўринлари яратиш зарур. Айни пайтда пахта кластерини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бу соҳада йирик завод очмоқчи бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Иккинчидан, пахта етиштиришда сувни тежаш технологиясини имкон қадар такомиллаштириш зарур. Умуман пахтачилик катта ўрганиш ва изланишни талаб қилади. Вилоят ҳокимлиги пахта кластерини ривожлантириш учун шароит яратади. Бу борада режаларимиз бисёр.

– Ичимли сув минтақадаги асосий масалалардан бири. Вилоятда ҳанузгача ариқдан сув ичадиган қишлоқлар бор. Бу масала қачон тўлиқ ҳал бўлади?

– Бугунги кунда вилоятдаги 832 аҳоли манзилидан (7та шаҳар, 732та қишлоқ) 739таси обиҳаёт билан таминланган. Улардан шаҳарларда – 99,8 фоиз, қишлоқларда – 97 фоиз.

2024 йилда 47та иншоотни қуриш учун бюджетдан 13,3 миллиард тенге ажратилди. Уларнинг 37таси жорий йилда қуриб битказилади. Натижада, 24та аҳоли яшаш манзили ичимли сув билан таъминланади, 13та қишлоқда сув қувурлари янгиланади.

Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига йўллаган Мактубида мамлакатда ўнлаб йиллар давомида йирик маблағ ажратилганига қарамай, ичимли сув масаласи ҳанузгача ҳал этилмаганини таъкидлаб, Ҳукуматга минтақаларни ривожлантириш миллий лойиҳаси доирасида беш йилда аҳолини 100 фоиз тоза ичимли сув билан таъминлаш вазифасини берган эди.

Минтақа аҳолисини ичимли сув билан таъминлаш мақсадида “2023 – 2025 йилларга мўлжалланган Туркистон вилоятини ичимли сув билан таъминлаш чора-тадбирлари режаси” тасдиқланган.

Режага мувофиқ, вилоятдаги 93та аҳоли манзилини (53,3 минг нафар аҳоли) ичимли сув билан таъминлаш кўзда тутилган.

– Сув масаласига тўхталсак. Шунингдек, обикор деҳқончилик ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз. Ёз бўйи деҳқонларнинг асосий муаммосига айланаётган сувни қандай тартибга солиш мумкин?

– Маълумки, Туркистон вилояти қишлоқ хўжалиги соҳасида республикада алоҳида ўрин тутади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 13,3 фоизи вилоятимиз улушига тўғри келади. Вилоят иқлим ва ишчи кучи жиҳатидан республикада энг қулай минтақа ҳисобланади. Вилоятда 81,3 минг қишлоқ хўжалиги тузилмаси (республиканинг 30 фоизи) ишлаб турибди. 2023 йил якунига кўра, умумий ишлаб чиқариш ҳажми 1 триллион 159,0 миллиард тенгега етди. Кейинги 5 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2,1 баробар ўсди.

Шунингдек, соҳанинг сармоявий жозибадорлиги йил сайин ортмоқда. 5 йилда 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида хусусий сармоялар жалб этилиб, қайта ишлаш корхоналари, замонавий сутчилик фермалари, йирик бўрдоқичилик майдонлари, иссиқхона мажмуалари, интенсив деҳқончилик ва сув тежовчи технологиялар жорий этилмоқда.

Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳияти ошиб бормоқда. 2023 йилда 384,6 миллион АҚШ долларига (1054,6 минг тонна) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган эди. 

Бугунги кунда вилоят қишлоқ хўжалигининг асосий долзарб муаммолари сув тақчиллиги, пахта нархининг ўзгарувчанлигидир. Вилоятда қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг кўлами 870,0 минг гектарни, шу жумладан, обикор майдонлар 552,0 минг гектарни ташкил этади. Йиллик сув оқимининг зарур миқдори 4,4 миллиард м3ни ташкил қилади. Сув сарфини камайтириш борасида замонавий технологияларни жорий этиш, сув ҳавзаларини тиклаш ва янгиларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда 32,3 минг га майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди.

Баҳорги ёмғир ва тошқин сувларидан самарали фойдаланиш мақсадида “Боралдай” (45 миллион куб.метр) ва “Байдибек ота” (68 миллион куб.метр) сув ҳавзаларини қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Бу Байдибек, Ўрдабаси, Ўтрор, Саврон туманлари ва Туркистон шаҳридаги 67 минг гектар экинзорни суғориш муаммосини ҳал қилиш имконини беради.

“Байдибек ота” сув омборида қурилиш ишлари учун 2023 йилда вилоят бюджетидан 680 млн. тенге ажратилди. 2024 йили республика бюджетидан маблағ ажратилди.

Трансчегаравий ирмоқлар ва магистрал каналларга қарамлик туфайли минтақадаги асосий оқар сув тақчиллиги Мақтаарал ва Жетисай туманларида бўй кўрсатмоқда.

“Дўстлик” магистрал канали орқали 140 минг гектар суғориладиган майдонга зарур сув миқдори йил сайин 30-35 фоизга камайиб бормоқда.

Шу муносабат билан, Ўрта Осиёнинг давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссиясининг Ҳукумат даражасидаги йиғилишида тасдиқланган жадвалга кўра, сувнинг чиқарилиш миқдори назоратга олинади.

– Ўтган йил якунларига кўра, вилоят қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича республикада биринчи ўринни эгаллади. Албатта, бу, энг аввало, деҳқонларнинг машаққатли меҳнати самараси, деб биламиз. Иккинчидан, давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги ҳам ўз самарасини бериши аниқ. Бироқ, бу соҳада ҳали ҳал этилмаган масалалар кўп. Улардан бири пахтакорларга тегишли. Бу вазиятни тартибга солишнинг йўли қандай ёки муқобил имкониятдан фойдаланасизми?

– Туркистон – республикадаги ягона пахта етиштириладиган вилоятдир. Пахтачиликка ихтисослашган деҳқон хўжаликларида 25 минг агротузилма мавжуд, уларда 70 мингга яқин одам меҳнат қилади.

2022 йилдан бошлаб жаҳондаги геосиёсий шароит туфайли логистика тармоқларининг издан чиқиши ва транспорт харажатларининг ошиши хорижий компанияларнинг (трейдерларнинг) Қозоғистон пахта бозорига қизиқишини пасайтирди. Бу пахта нархининг пасайишига олиб келди. Бу борада, биринчи навбатда, пахтани юқори даромадли экинларга алмаштириш ишлари олиб борилди.

2023 йилда пахта ҳосили 15 минг гектарга қисқарди, экин майдони 111 минг 400 гектарни ташкил этди. Бу умумий майдоннинг 13 фоизидир. Ҳосилдорлик 27 центнер, 318 минг тонна пахта териб олинди. Унинг ўрнини донбоп маккажўхори, дуккакли ва чорвачилик учун зарур ем-хашак экинлари эгаллади.

Жорий йилда пахта экинлари майдони 6,4 минг гектарга қисқартирилиб, 105 минг гектарни ташкил этади.

Вилоятда пахтачиликни ривожлантириш ва пахта-тўқимачилик кластерини 2027 йилгача қўллаб-қувватлаш бўйича ҳудудий йўл харитаси тасдиқланди. Улар: экинчиликни ранг-баранглаштириш, уруғлик билан таъминлаш, янги технологияларни жорий этиш, пахта кластерини яратиш.

Йўл харитасига кўра, вилоятда 75 та корхона ва завод қурилиши ҳисобига 9та кластер ташкил этиш кўзда тутилган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши давомида 41900та янги иш ўрни яратилади, келгусида пахта нархининг экспортга боғлиқлиги бутунлай бартараф этилади. Бугунги кунда умумий қиймати 121,6 млрд. тенгега тенг 6та сармоявий лойиҳани амалга ошириш вазифаси қўйилди. Улар Мақтаарал, Жетисай, Чордара туманлари ва Арис шаҳрида амалга оширилади.

– Туркистон вилояти аҳоли сони бўйича ҳам, болалар сони бўйича ҳам ҚРда етакчи. Вилоятдаги уч сменали ва хароба мактаблар масаласи қандай ҳал этилмоқда?

– 2023 йил 14 ноябрда Қозоғистон аҳолиси сони 20 миллионга етиб, тарихий воқеа қайд этилди. 20 миллионинчи чақалоқдан бири Туркистон вилоятининг Жетисай туманида туғилган. Бу – биз учун фахр.

Туркистон вилояти – мамлакатдаги туғилиш энг кўп минтақа ҳисобланади. 2022 йилда вилоятда 57 минг 429 нафар бола туғилган.

Жорий йил бошидан буён вилоятимизда 46 минг нафарга яқин чақалоқ дунёга келди.

Давлатимиз раҳбари таълим сифатини ошириш мамлакатнинг асосий мақсади эканини таъкидлади. Шунингдек, болаларнинг билим олиши учун қулай шарт-шароит яратиш вазифасини қўйди. Аҳоли зич жойлашган, туғилиш суръати юқори бўлган Туркистон вилоятида янги ўқув йилида 53 222 нафар бола 1-синфга борди, 11-синфни эса 29422 нафар ўқувчи тамомлайди.

Вилоятдаги 1029та мактаб (908та давлат, 121та нодавлат), 519 минг ўқувчи таълим олади. Минтақада туғилиш юқорилиги туфайли 35 минг ўрин етишмайди. 4та хароба, 5та уч сменали, 11та уч сменага ўтиш хавфи мавжуд мактаб фаолият юритмоқда. Бу масалани ҳал қилиш учун 4 йўналишда ишлаяпмиз.

Биринчидан, бюджет маблағлари ҳисобидан 34та мактаб (лойиҳа қуввати – 8250 ўрин) қурилиши давом этмоқда. Жорий йилда 20та мактабни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 6та мактаб фойдаланишга топширилди.

Иккинчидан, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ҳисобидан 9та мактаб (лойиҳа қуввати – 6650 ўрин) қурилмоқда.

Учинчидан, “Қулай мактаб” лойиҳаси доирасида 3 йил ичида 63та мактаб (лойиҳа қуввати 49 минг ўрин) барпо этилади. Жорий йилда 29та мактаб қурилиши бошланган, келгуси йили битказилади. Қолган 34та мактаб 2025 йилда топширилиши режалаштирилган.

Тўртинчидан, хусусий сармоялар ҳисобидан 17та мактаб (лойиҳавий қуввати 5000 ўрин) қурилди.

Президентимиз топшириғига мувофиқ, 1-4-синф ўқувчиларини бепул иссиқ овқат билан таъминлаш, умумтаълим мактаблари хавфсизлигини таъминлаш масалалари тўлиқ ҳал этилди.

– Сиз тез-тез минтақани оралаб, одамлар билан мулоқотда бўласиз. Жамоатчилик қабулини ўтказасиз. Минтақадаги долзарб масалалар қандай? Аҳоли томонидан билдирилаётган масалалар ва таклифлар ижроси қандай?

– Вилоятда барча даражадаги ҳокимларнинг иш режаси тасдиқланган. Улар орасида халқ билан учрашиш муҳим талаб ҳисобланади. Вилоятдаги барча туман ва шаҳарларга мунтазам ташриф буюриб, шахсий қабуллар, “Очиқ эшиклар куни”ни ташкил этаман. Очиқлик, адолатлилик, амалий мулоқот мен учун жуда муҳим.

Қозоғистон Республикаси Президентининг “Ҳокимларнинг халқ билан учрашувларини ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2023 йилда тасдиқланган жадвалга мувофиқ барча туман ва шаҳарларда аҳоли билан жами 34та учрашув ўтказилди.

Аҳоли томонидан билдирилган таклиф, фикр-мулоҳазаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан барча туман ва шаҳарлар бўйича чора-тадбирлар режалари тасдиқланди.

– Китоб ўқиб, спорт билан шуғулланаётганингиздан хабардормиз. Астанадаги китоб дўконида бўлганингиз ижтимоий тармоқларда ҳам намойиш этилди. Қандай китоб ўқишни ёқтирасиз? Спортга вақт ажратиш учун нима қилиш керак, маслаҳат бериб ўтсангиз...

– Китоб ўқиш – инсоннинг тафаккурини ривожлантиради, руҳига қувват бағишлайди. Ўйлайманки, маънавияти бой, маданиятли инсон ҳеч қачон жамиятга, давлатга хиёнат қилмайди. Қайси касб эгаси бўлмасин, маънавияти бой бўлса, Ватанга садоқат билан хизмат қилади. Биз болалигимиздан китоб ўқиб ўсганмиз. Ҳали ҳам имконим бўлганда Қозоғистон ва жаҳон даражасидаги янги, энг яхши китобларни ўқишга ҳаракат қиламан. Туркистон минтақаси аҳолиси китоб ўқишга қизиқади. Барча туман ва шаҳар ҳокимликларида кутубхона бурчаклари очилди. Яқинда Туркистон шаҳридаги марказий бозорда ҳам кутубхона бурчаги очилди. Махсус бино ва кутубхоначи бор. Маънавият йўналишидаги ишлар давом этади. 

Спортга келсак, спорт бардамлик, саломатлик гаровидир. Шу боис спорт билан шуғулланиш ва машқ қилиш ҳамма учун фойдали. Энг муҳими –  ният ва интизом даркор.

– Суҳбатингиз учун раҳмат!                 

Қайрат ЗАЙНИШЕВ, 2024-02-13, 20:56 403
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.