26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳамжиҳатлик – маёғимиз!

Ҳар бир миллатда фахрланадиган, ёшлар унга ўхшашни орзу қиладиган фарзандлари бўлади. Бир неча йиллар футболдан Қозоғистон миллий терма жамоасининг сардори сифатида тўп тепган оқсувкентлик Ғафуржон Суюмбоев шундай шахслардан бири, десак муболаға бўлмайди. Унинг мамлакат фахри бўлган “Қайрат” жамоасида сардорлик қилгани, республика чемпиони бўлгани шонли тарих. Жорий йилги мавсумда қадрдон жамоаси – “Ордабасы”га қайтиб, яна бир бор Қозоғистон чемпиони бўлган Ғафуржон Собиржон ўғлидан суҳбат олиш мавриди келди.

Ғафуржон Собиржон ўғли Суюмбоев 1990 йил 19 август куни Сайрам тумани маркази Оқсувкент қишлоғида туғилган. Собиржон ака ва Ҳурматой аялар оилада тўрт фарзандни муносиб тарбиялаган. Ғафуржон оилали, Абдуллоҳ ва Довуд ёш оиланинг қувончи. 

– Ғафуржон, суҳбатимизни футболнинг илк сирларини ўргатган биринчи мураббийларни эслашдан бошласак.

– Оқсувкентлик Марат Булегенов ва Неъмат Усмоновлар – биринчи мураббийим. Икки йил уларнинг қўл остида тарбияландим. 12 ёшимда Шимкент шаҳридаги “ОСДЮШОР-1990” жамоасига ўтдим. 

– Касбий футболдаги илк қадамлар қандай бошланди?

– Дастлаб икки йил “Ордабасы” жамоасининг “дубль” жамоасида тўп сурдим. 2010 йилда клубга чақиришди. Катта футболдаги карьерам шундай бошланди. 2010-2016 йилларда “Ордабасы” клубида тўп тепдим. Шу орада ярим мавсум “Иртыш” сафида ижара асосида ўйнаганман. 

– “Қайрат” жамоасида ўйнаш ҳар бир қозоғистонлик футболчининг орзуси, десам адашмаган бўламан.

– Ҳа, албатта. “Қайрат” сафида ўйнашни орзу қилмаган ўйинчи бўлмаса керак. 2016 йилда Алмати жамоаси билан шартнома тузганман. Телевизорда кўриб юрган машҳур футболчилар билан бир жамоада тўп суриш мароқли, шу билан бирга юксак масъулият талаб қилади. Кийиниш хонасига кириб, жаҳон юлдузларига кўзим тушиб, қаттиқ ҳаяжон босгани ҳамон ёдимда. Мен улардан рағбат олиб, Европа майдонларида футбол ўйнашни ният қилган эдим. Мамлакат фахри бўлган “Қайрат” сафида 6 йил ўйнадим. 

– “Қайрат”нинг сардори бўлиш юксак масъулият талаб этади.

– Ҳа, албатта. Шонли тарихга эга “Қайрат” жамоасига 2020 йилда сардор этиб тайинландим. Қувонарли томони шундаки, айнан шу йили “Қайрат” чемпионликка эришди. Жамоага чемпионлик руҳини Бразилия терма жамоаси сафида тўп тепган Вагнер Лав берди, десам муболаға бўлмайди. Карьерамдаги энг профессионал футболчи ҳам у бўлган. Сардорга фақат майдонда етакчилик қилиш дегани эмас, жамоанинг футболдан ташқарида ҳам иттифоқ, дўст бўлиши, бир-бирини тўғри тушуниши, ўйинчиларни бир жамоа сифатида жипслаштириш ҳам етакчига боғлиқ. Миллий терма жамоадаги сардорлик икки баравар масъулият юклайди. Ўзим ҳар бир ўйинчини қадрлаганим, ҳурмат қилганим сабабли улар ҳам менга қулоқ тутишарди, айтганимни бажаришарди. Ҳамма соҳада ҳам бирлик, бирдамлик билан катта муваффақиятларга эришилади. Бироқ футболдаги ҳамжиҳатликнинг ўрни беқиёс.

– “Қайрат” сафида Россия ва Украина терма жамоаларининг етакчилари бўлган Аршавин ва Тимошчук билан ўйнаганинг ҳам тарих зарварақларига муҳрланди.

– Ҳа, улар ўз мамлакатларининг машҳур футболчилари эди. Айниқса, Аршавин билан бир-биримизни яхши тушуниб ўйнардик. Улар машҳур бўлсалар-да ҳаётда оддий одамлар. Улар билан ҳозир ҳам алоқани узмаганман, телефон орқали мулоқот қилиб, жаҳон футболи ҳақида гаплашиб турамиз.

– Катта футболдан кейин мураббийлик қилиш режаси борми?

– Мураббий бўлиш мақсадим бор. Балки, клуб директори бўларман.

– Фаолиятинг давомида кўплаб чет мамлакатларда бўлиш насиб қилган. Қайси давлатларда бўлишни ёқтирасан?

– Терма жамоа ва клублар сафида қатор давлатларда бўлиш насиб қилди. Менга Туркия ва Швейцария кўпроқ ёқади. Лекин жонажон Ватанимиз – Қозоғистон, гўзал Шимкент ўзгача. 

– Касибий спортчиларнинг таомномаси қатъий бўлади. Баъзида ўзингиз ёқтирган таомларни тановул қилишга рухсат берилмайди. Умуман, қайси таомларни хуш кўрасиз?

– Онам тайёрлаган хамирли таомлар, тандирда ёпган иссиқ нонларига етадигани йўқ. Рафиқам пиширган қандолат маҳсулотлари, тортларини хуш кўраман.  – Касбий спортчиларда бўш вақт оз бўлади. Дам олишларни қандай ўтказишни яхши кўрасан?

– Тўғри айтасиз, касбий спортчиларда бўш вақт кам бўлади. Шундай вақтларда оилам, дўстларим даврасида ўтказишни маъқул кўраман. Оиламга кўп вақт ажратолмаганим учун, бўш вақтларимда улар билан сайр қилишга ҳаракат қиламан. Теннис, бильярд ўйнаб тураман. 

– Ўғилларинг футболга қизиқадими?

– Икки ўғлим ҳам футболга қизиқади. Уларни, албатта, тўгаракларга бериш ниятим бор. Насиб қилса, футболчи бўлишар.

– Палов дамлашни биласанми?

– Спорт билан шуғулланиб, ошхонага йўламаганмиз. Футболчилик фаолиятимдан сўнг, ош пиширишни, албатта ўрганиб оламан.

Ғафуржоннинг дадаси Собиржон Суюмбоев ҳам футбол билан шуғулланган. У 1974 йилда СССР даврида 15та республика иштирокида ўтадиган “Кожаный мяч” мусобақасида иштирок этган.

– Собиржон ака, оддий ўзбек оиласининг фарзанди Қозоғистон миллий терма жамоасининг сардори бўлиши ҳар қандай ота-она учун шарафдир. 

– Ҳа, албатта. Бундан онаси иккимиз фахрланиб юрамиз. Ўзим сайрамлик мураббий Сайдиғани Эргашев (Аллоҳ раҳматига олсин) мураббийлигида Куйбишев шаҳрида ўтган “Кожаный мяч” мусобақасида ўйнаганман. Унда 24та жамоа қатнашган. Бизнинг “Дружба” жамоамиз Қозоғистон шарафини ҳимоя қилган. Жамоамиз сафида Фахриддин Исломов, Магомед Кубиев сингари машҳур футболчилар бор эди. Жамоамиз Куйбишев шаҳри, Грузия ва Доғистон жамоалари билан бир гуруҳдан жой эгаллаган. Бизнинг гуруҳдан чиқишимиз улкан шов-шувга сабаб бўлган. 24 жамоа ичида 12-ўринни эгаллаганмиз. Бундан жуда қувонгандик. Сабаби, ушбу мусобақага йўлланма олиш кўп жамоалар учун қўл етмас довон эди. Сайдиғани Эргашев бизларга оталарча ғамхўрлик кўрсатгани ҳамон ёдимизда.

– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди., 2023-12-16, 04:51 1774
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.