26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўзбек рақс санъатининг гавҳари

Миллий рақс санъатининг жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллашида, нуфузи кундан-кун юксалиб боришида Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиалининг профессори, Ўзбекистон халқ артисти, Қозоғистон Республикаси “Дўстлик” медали соҳибаси Гавҳар Матёқубованинг ҳиссаси салмоқли. У саҳналаштирган рақслар томошабин қалбига ҳарорат, меҳр, гўзаллик бахш этади, мудом яхшиликка ва ҳаётни севишга даъват этади.

Уч минг йиллик тарихга эга кўҳна “Лазги” рақси куйларининг фавқулодда оҳангдорлиги, ҳаракатларининг жозибаси, жўшқин оташи, раққосанинг ўтли ва ҳуркак нигоҳлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, қалбдаги мудроқ туйғуларни уйғотади, руҳият, заковат ва ҳиссиётнинг ёруғ оламларига, юксак чўққиларига чорлайди. Профессор Гавҳар Матёқубованинг илмий изланишлари Хоразм рақс мактабининг гултожи – “Лазги”нинг фаолиятига бағишланган. Зеро, ҳар бир кашфиётда муаллифнинг тафаккури, маънавий-руҳий имкониятлари, тасаввурлари, туғёнлари, илҳоми ва ижодкорлик истеъдоди бўй кўрсатиб туради. 

Ўзбек миллий рақс санъатининг улкан билимдони, моҳир раққоса, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳархоним Матёқубованинг тадқиқотчи-этнограф, моҳир балетмейстр, тажрибали хореограф-педагог сифатида амалга ошираётган эзгу ишлари миллат камолоти ва Ватан тараққиётида алоҳида аҳамият касб этади. У зиддиятларга бой икки олам – ўтмиш ва келажак кесишган нуқтада қадим Хоразм рақсларининг кўҳна илдизларини этнография ва миллий қадриятлар билан уйғунликда ўрганади. У яратаётган рақслари ва илмий тадқиқотлари бир-бирининг мантиқий-эстетик давомига ўхшайди: улар уйғунлигида “Авесто”нинг мўъжизага тўла “гоҳ”лари, “эзгу сўз, эзгу амал, эзгу фикр”нинг қўнғироқлари, қадим қалъаларнинг садолари жаранглаб туради. 

Ўзлигини англаган инсон севимли машғулоти билан шуғулланиш асносида маънавий эҳтиёжларини қондиради ва саодатга эришади. Инсоннинг касбидан завқланиши – буюк саодат. Бу саодатни бошқаларга улашиш эса чинакам эзгуликдир. Г. Матёқубова ўз олдига қўйган илмий муаммоларни ўрганишда фақат рақсга оид материалларни таҳлил қилиш билангина чекланиб қолмасдан, тарих ва археология фанларига ҳам мурожаат қилди. Натижада Хоразм рақсларининг тараққиётида халқ этнографияси муҳим аҳамиятга эга эканлигини илмий жиҳатдан асослаб берди. У дастлабки тадқиқотлари биланоқ илмий жамоатчиликнинг эътиборини қозонди. Дунёнинг барча халқларида бўлгани каби, ўзбек рақс санъатшунослигида ҳам миллий рақсларнинг илмий тадқиқотидан кўра, машҳур раққосаларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги китоблар кўпроқ. Бир рақсни бадиий, эстетик-этнографик йўналишда, тўлиқ монографик тарзда ўрганиш бўйича шу пайтгача алоҳида асар яратилмаган эди. 

Г. Матёқубованинг “Офатижон Лазги” ва “Лазги” монографиялари шу бўшлиқни тўлдирди. Уларда Хоразм рақслари тўлиқ тасниф қилиниб, ҳар бирига хос шаклланиш босқичлари аниқланди. 

Хоразм рақслари этнография мактабининг асосчиси Г. Матёқубова санъат оламидаги илк қадамини беназир санъаткор К. Отаниёзовнинг яллаларига рақсга тушишдан бошлаган. Ўзбекистон халқ артисти, эл суйган буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг ҳар бир сабоғини ёдда сақлашга ҳаракат қилди. Гавҳар Матёқубованинг 1993 йилда Ғафур Ғулом номли нашриётда чоп этилган “Офатижон Лазги” китоби ўша ўлмас сабоқларнинг маҳсулидир. Улуғ ҳофиз Хоразм ўтмиши, қадим маданияти, санъати ва адабиётининг катта билимдони эди. Йигирма саккиз йиллик раққосалик фаолияти давомида 100дан зиёд куй-қўшиққа яккахон сифатида рақсга тушиб, катта муваффақият қозонишга ҳам устозидан мерос ўгитлар туфайли эришди. Хоразм рақслари билан бир қаторда туркча, эронча, арабча, покистонча, ҳиндча, тожикча, афғонча, туркманча, озарбайжонча рақсларни маромига етказиб ижро этди. 

У 62 йиллик меҳнат фаолияти давомида тинимсиз изланишлари эвазига 100дан зиёд шогирдлар тайёрлади ва улар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳамда “Ниҳол” Давлат мукофоти совриндорлари, Мукаррама Турғунбоева номли танловнинг, “Нафосат бўстони”, “Устоз ва шогирд мактаби” кўрик-танловларининг ғолиблари бор. Ўзбекистон давлат хореография академияси сиртқи бўлим талабалари, “Ниҳол” Давлат мукофоти совриндори Дилноза Ортиқова, Мукаррама Турғунбоева номли кўрик – танловнинг мутлақ ғолибаси Дилноза Мавлоноваларнинг “Сурнай Лазгиси”, “Лазги афсонаси” ва “Анахита” рақслари хориж мамлакатларида ҳам ниҳоятда машҳур.

2019 йилнинг 12 декабрь куни Колумбиянинг Богота шаҳрида ЮНEСКОнинг Номоддий меросни муҳофаза қилиш ва асраш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессиясида қадим Хоразмнинг ташриф қоғози – ўзбек миллий рақси “Лазги” инсоният номоддий меросининг рўйхатига Ўзбекистон маданий меросининг унсури сифатида овоз бермасдан, ўзаро келишув асосида киритилди. Бу – қадим илдизлари “Авесто”га, Тупроққалъа деворларидан топилган мил. 1-3 – асрларга мансуб чилтор чалаётган аёл расмига бориб тақаладиган муаззам “Лазги”нинг ҳам ижрочи, ҳам ўргатувчиси, ҳам тадқиқотчи, ҳам тарғиботчиси – ўзбек санъати ва маданиятининг билимдони, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳархоним Матёқубованинг узоқ йиллик машаққатли меҳнати ва изланишларига, ижодий тафаккурига берилган юксак баҳо бўлди.

Ҳар бир авлод ўз қисмати билан санъат аталмиш улуғ даргоҳга қадам қўяди. Чинакам истеъдод учун ижодий фаолиятнинг дастлабки босқичи муҳим аҳамиятга молик. Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ордени совриндори Гавҳархоним Матёқубова шу бугунги кунга қадар Туркия, Арабистон, Ҳиндистон, Корея, Хитой, Канада, Ирландия, Индонезия, Таиланд каби 41 хориж давлатларида бўлиб, Хоразм рақс санъатини дунёга тарғиб қилиш ва уни ривожлантиришга ҳисса қўшиб келаётган жонкуяр балетмейстер, мактаб яратган атоқли санъаткордир. 

 2019 йилдан буён Гавҳар Матёқубова ва унинг шогирдлари ҳар ҳафтада бир марта Америка Қўшма Штатларидаги Евроосиё рақс академияси учун онлайн машғулотлар ўтказмоқда. Хорижлик ўзбек миллий санъати ихлосмандлари улкан иштиёқ билан рақс ўрганишар экан, уларни биринчи навбатда ҳар бир ҳаракат номининг луғавий маъноси қизиқтиради. Гавҳар Матёқубова рақс ҳаракатларини кўрсатар экан, уларнинг номларини имкон даражасида шарҳлаб бера бошлади. Шу аснода 2020 йилда “Хоразм рақс ҳаракатлари номларининг ўзбекча-русча-инглизча-французча-туркча қисқача изоҳли луғати” ҳамда “Хоразм “Лазги” рақси: тарихи ва тавсифи” номли монография яратилди. Йигирма босма табоқдан иборат мазкур монография кўпчилик олимлар ва тадқиқотчиларнинг эътиборини тортди ҳамда 2021 йилда инглиз тилида Америка Қўшма Штатларида чоп этилди. Бу каби илмий кашфиётлар унинг педагоглик ва санъаткорлик фаолиятини безаб турибди. Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Олтин мерос”, “Маънавият фидойиси”, I-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари совриндори, моҳир раққоса-балетмейстер, атоқли санъаткор-санъатшунос, этнограф олима, ўзбек миллий рақс санъатининг катта тадқиқотчиси ва тарғиботчиси, Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиали профессори, илмпарвар-шогирдпарвар устоз Гавҳархоним Матёқубованинг юртга садоқат ва саодатга йўғрилган, санъатга бахшида ибрат мактабининг довруғи жаҳон бўйлаб кенг ёйилмоқда. 

Бу мактабнинг ўқувчилари орасида ўзбекистонликлар билан бир қаторда германиялик, америкалик, япониялик, россиялик, малайзиялик, таиландлик, ҳиндистонлик, озарбайжонлик, қозоғистонлик санъат ихлосмандлари ва тадқиқотчиларнинг борлиги кўнгилни тоғдек кўтаради. Устоз санъаткорнинг “Хоразм “Лазги” рақсининг тарихи” номли монографияси Индонезияда инглиз ва индонез тилларида, “Лазги”– муҳаббат ва қалб рақси” китоби Мисрда инглиз ва араб тилларида, Ҳиндистонда инглиз ва ҳинд тилларида катта ададда чоп этилди.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг қарорига биноан бир гуруҳ Ўзбекистон халқ артистлари қаторида Гавҳархоним Матёқубовага ҳам профессор илмий унвони берилди. Бундай юксак эҳтиром устоз санъаткорни янги кашфиётларга илҳомлантирмоқда. 

Шуҳрат ТЎХТАСИМОВ, Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори, профессор. Шахло НОРАЛИЕВА, Жумабек Ташенев номли университетнинг Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). Ҳулкар ҲАМРОЕВА, Ўзбекистон давлат хореография академияси доценти, филология фанлари доктори (DSc)., 2023-11-18, 02:51 1632
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.