26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Лазги'' афсонаси – ҳаёт фалсафаси

Қарийб ўттиз йиллик солномасини тарих зарварақларига битиб келаётган “Офарин” фестивали жорий йилда халқаро ашула ва “Лазги” рақс фестивали сифатида Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти ташаббускорлигида туркий мамлакатлар етук олимларининг илм-фан ҳамда санъат билан йўғрилган миллий қадриятларимизнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланди. 

Халқимизнинг маънавияти йўлида авлодларимизнинг руҳий комилликка интилиш, закий ва илмий салоҳияти сари яна бир улкан муҳим қадам қўйилди. Мамлакатимизнинг учинчи мегаполисида “Фан, таълим, санъат интеграцияси: истиқболли лойиҳалар” мавзуидаги халқаро илмий-назарий анжуман Ж. Ташенов номидаги университет ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат хореография академияси, Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамияти билан ҳамкорликда ўтказилди. Тадбирни Ж. Ташенов номидаги университет ректори Қанат Байбўлов очиб, “Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси Икромжон Ҳошимжонов туркий миллатлар ўртасидаги тарихий ва дўстона муносабатларнинг янада ривожланиши, миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш борасида фикр юритди. Илмий анжуманга Ўзбекистон, Тожикистон, Туркия Республикалари, Россия Федерациясидан олимлар ташриф буюрди. 

Туркиянинг Селжуқ университети профессори, тарих фанлари доктори Мустафа Демирчининг маърузаси қардошлик муносабатларига янгича ва ўзгача назар ташлашга чорлади.

– Туркиянинг Конья шаҳридаги илмгоҳда фаолият юритаман. Ислом тарихи, селжуқийлар тарихи йўналишидаги профессорман. Ж. Ташенов номидаги университетда Ислом тамаддуни, селжуқийлар тарихидан дарс бераман. Мазкур фестивалга университет томонидан таклиф қилиндим. Қозоғистон ўзбеклари ҳамжамияти, ўзбекистонлик ҳамкасблар ва хусусан, университетимизнинг олимаси, фалсафа фанлари доктори, ўзбек тили ва адабиёти кафедрасининг мудираси Шаҳло хоним Норалиева ташаббускорлигида ажойиб анжуман уюштирилганлигига гувоҳ бўлдик. Фестиваль доирасида ижро этилган рақсларни мириқиб томоша қилдик. Бундай рақсларнинг муҳим бир қисми Туркияда ҳам бор. Ваҳоланки, Хоразм ўлкаси маданияти Туркиядаги рақслар, тил, инсонларнинг сиймосига жуда ўхшаш. Ўзбекистонга тез-тез бориб тураман. У ерда олим дўстларим кўп, ҳамкорликда турли ОТМларда учрашувлар, турли анжуманларда иштирок этиб тураман. Хоразмга борганимизда у ердаги аҳоли билан бемалол гаплаша оламан, – деди профессор Мустафабей биз билан суҳбатда. 

Шу билан бирга, анжуманда Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова. филология фанлари доктори, профессор Ҳулкар Ҳамроева, Фарғона, Андижон, Хўжанд давлат университетларининг қатор олимлари сўзга чиқиб, тадбирнинг моҳиятига алоҳида тўхталишди. Илмий анжуман доирасида “Офарин – 2023” илк ҳалқаро қўшиқ ва “Лазги” рақс фестивали мусиқа оҳанглари ва уларга уйғунлашган гўзал раққосаларда ўз аксини топганлиги шубҳасиз. 

Байрам тадбирини очиш учун АҚШдаги Евроосиё рақс академиясининг академиги, Гавҳар Матёқубова номидаги халқаро “Лазги” фестивалининг тамал тошини қўйган профессор-олима, Шимкент шаҳар Жамоат тотувлиги ДККнинг директори Ербўл Байқўнақов, Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Тоҳир Нишонбоев, “Офарин” фестивали ташаббускори, муаллифи Саъдулла Маҳмудов, турли миллат вакиллари севиб куйлайдиган қўшиқлар ўнлигидан ўрин эгаллаган мазкур фестиваль мадҳиясининг муаллифи, таниқли шоира, маърифатпарвар ижодкор Эркиной Султонова, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Каримбой Раҳмоновлар сўзга чиқиб, байрам иштирокчиларини илк бор янги форматда ўтаётган байрам билан муборакбод этишди. 

Ўзбек мусиқаси ва санъатининг ташриф қоғозига айланган “Лазги” рақси ЮНЕСКОнинг Жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Гавҳар Матёқубова ўзи рақсга тушган “Лазги” ҳақида илмий иш ёзган ва олимлик унвонини олган ўзбекистонлик ягона раққоса. У 80га одимлаётган файзли ёшида ҳам санъатига юксак муҳаббати ва содиқлигини намоён қилиб келмоқда. Инсоният қандай шароитда яшамасин санъат билан ҳамнафас яшашлиги муҳимлигини уқтирган олима океан ортидаги америкалик, европалик рақс ихлосмандларига “Лазги”дан онлайн сабоқ бериб келмоқда. Энди америкаликларнинг ҳам “Лазги”га меҳри бошқача.

– Бугунги тадбирда иштирок этаётганимдан жуда мамнунман, “Ассалом, халқимиз” дейман. Бизни ота-боболаримизнинг юксак қадриятларга асосланган илдизлари бирлаштириб турибди. Динимиз, бизга қувват бағишлайдиган сувларимиз бир. Амударё, Сирдарё этакларида, Қорақум, Қизилқум кенгликларида, ҳозирги Орол денгизи бўйида яшовчи массагетлар бизларнинг аждодларимиз ҳисобланади. Шу боис ҳам биз бир-биримизга бегона эмасмиз. Дўстликни ривожлантирувчи, уни мустаҳкамловчи муҳим омил бу – санъат. Санъат халқники, халқ эса санъатники. Икки давлат ўртасидаги иқтисодий, маданий, маънавий алоқаларнинг яхшилангани бизларнинг ўртамиздаги дўстлик ришталарини ҳам янада мустаҳкамлайди. Дўстлигимиз абадий бўлсин, – деди Гавҳар Матёқубова. 

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Каримбой Раҳмонов:

– Ўзбек санъатининг дурдонаси бўлган “Хоразм Лазги”си шарафига фестиваль Қозоғистонда ҳам ташкил этилиб, унда иштирок этаётганимдан ниҳоятда бахтлиман. Бундай шарафга эришишда Комилжон ҳофиз устозимизнинг назари тушган ҳамда “Юнеско” даражасига “Лазги”ни олиб чиқишда бир неча ўн йиллаб умрини сарфлаган олима Гавҳар опа тирик афсона. Бундай икки эл ўртасидаги олтин кўприк бўладиган тадбирлар кўпаяверсин ва уларга бош-қош бўлаётган миллат фарзандларига юксак эҳтиромимизни билдирамиз, – деди. 

31 йил мобайнида халқаро миқёсга кўтарилган фестивалда 20га яқин иштирокчи ўз санъатларини намойиш этди. Олима Г. Матёқубова раҳбарлигидаги ҳакамлар ҳайъатига ҳам осон бўлмади. “Лазги”ни ҳар бир ҳужайраси билан ҳис этиб, хиром айлаган, ҳаракатларидаги нафис санъат соҳиблари ичидан ҳақиқий истеъдод эгаларини аниқлаш осон бўлмади.

Фестиваль янги номлар, янги иқтидор соҳибларини кашф этиб, халқимизга тортиқ этгани, шубҳасизки, анжуманнинг катта ютуғи. Шимкентдаги Ж. Ташенов номидаги университетнинг 1-босқичида таҳсил олаётган, бўлғуси ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси, ҳаваскор раққоса Дилдора Отажонованинг хушовоз хонанда Зарифжон Қодиров ижро этган ашула оҳангига мос сержилва рақси олий ўринга муносиб деб топилди. Г. Матёқубованинг истеъдодли шогирдлари Дилноза Ортиқова, Дилноза Мавлоновалар ва бошқа меҳмон санъаткорларнинг маҳорат сабоқлари тадбирга алоҳида файз бағишлади.

Ижтимоий тармоқларда ўзбек миллий рақсларини фаол тарғиб қилиб келаётган фестиваль меҳмони Алина Бабешкони учратиб, бахтли тасодифдан хурсанд бўлдик. Ижтимоий тармоқларда Москвадаги Қизил Майдонда ўзбек миллий рақсини ижро этган раққосани суҳбатга тортдик.

– Ота-онам рус миллати вакиллари, улар Россияда туғилишган. Мен Ўзбекистонда дунёга келдим. Болалигимдан ўзбек рақсларини ижро этишни яхши кўраман. Синглим ҳам санъатга қизиқади, рассомликка меҳр қўйган. Ўзбекистонда яшаганимдан жуда фахрланаман, ўзбек миллатига эҳтиромим бошқача. Қўшиқлари, одатлари, анъаналарини жуда ҳурмат қиламан. 14 ёшимдан буён рақсга тушаман. Ҳар кун аниқ вақт мобайнида рақсга тушишим керак. Бу менинг ҳаётим, руҳан дам оламан.

– Алина, йирик давлатларнинг пойтахтларида ўзбек рақсларини ижро этиб, ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёда ўзбек миллий рақс санъатини тарғиб қилиш ғояси қандай пайдо бўлди?

– Бу бир ғоя сифатида ишлаб чиқилмади. Шунчаки Москвани кезиб, юрган пайтимизда рақсга тушгим келди. Бундан ташқари яна анчагина рақсларни интернет тармоғига жойладим. Томоша қилганлар сони юз мингдан ошганлигини уларнинг ижобий фикрларини ўқиб, тўғриси кайфиятим ҳам кўтарилди. 

– Айни дамда нима билан машғулсиз, режаларингиз билан ўртоқлашсангиз?

– Ўзбек миллий рақс санъати тарғиботини давом эттираман. Ўзбекистондаги хореография академисига ишга кирмоқчиман, талабаларга ўзбек миллий рақсларидан сабоқ бераман. Мана уч ҳафтадирки, Чеченистондаги рақс фестивалида қатнашдим. У ерда Бухороча рақсимни ижро этдим. Ва Ватаним учун 2-совринли ўринни эгалладим. Қозоғистонга ҳам кўп келиб тураман. Қозоқ миллий рақсини ҳам севиб ижро этаман. Бу ерга ҳам устозим Гавҳар опамлар таклифи билан келдим. Бир миллатнинг рақсини қиёмига етказиб ижро этиш учун унинг урф одатларини, тилини ўрганиш жоиз деб биламан. Мен бошида бироз қийналдим. Рақс тушишни ўрганиш баробарида ўзбек тилини ўргангандан кейин ҳаракатларим моҳиятини янада чуқурроқ англадим. 

– Алинахон, миллатлар ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатиш ва маданиятларни тарғиб қилишда ҳорманг, – дея суҳбатдошимиз билан хайрлашдик. 

Навқирон йилларни кўрган тадбир халқаро мақомга эришди. Давримизга синггиб бораётган эътирофга кўра, “Хоразм “Лазги”сининг қозоғистонча талқинидаги янги ифодаси муваффақиятли амалга ошди – ижодий алоқалар доираси янада кенгайди, тинчлик ва бирдамлик ғоялари улуғланди, ўзаро маданий-маънавий ҳамкорлик янада мустаҳкамланиш сари дадил қадам ташланди.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2023-11-25, 03:48 1664
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.