26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўзбекистон – бағрикенг диёр

Жорий йилнинг 11-18 ноябрь кунлари Навоий вилоятида “Бағрикенглик ҳафталиги” юқори савияда ташкил этилди. Ҳафталик доирасида вилоятдаги миллий маданий марказлар ва ёшлар вакиллари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ходимлари иштирокида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида тадбирлар ўтказилди.

– Бугунги кунда Навоий вилоятида қарийб 40 минг нафар қозоқ, 24 минг нафар қорақалпоқ, 14,5 минг нафар тожик ва бошқа миллат вакиллари тинч-тотувликда истиқомат қилишади, – дейди биз билан суҳбатда Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Элёр Рўзиев.

Шунингдек, умумтаълим мактабларининг 66тасида қозоқ, 5тасида тожик, 3тасида қорақалпоқ ва 21тасида рус тилида таълим берилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев қарорига асосан олис чўл ҳудудлари саналмиш Учқудуқ, Томди ва Конимех туманларида истиқомат қилаётган аҳоли фарзандлари учун олий таълим муссасаларига ўқишга кириш борасида имтиёзлар берилган.

Ҳозирги кунда вилоятда 9та конфессия, 13та черков ва 81та масжид фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 10та миллий маданий марказда турли миллат вакиллари ўз анъана ва қадриятларини улуғлаб келишмоқда.

Шу муносабат билан 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида қабул қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” куни арафасида вилоят миқёсида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида маънавий тадбирлар, кўргазмалар, иншолар ва расмлар танлови, шеърхонлик кечалари, илмий-амалий ва маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилди.

Жумладан, вилоят “Ширин” маънавият ва маърифат марказида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарнинг ўзига хослиги хусусида сўз юритилди. Ушбу тадбирда фаол миллий маданий марказлар раҳбарлари вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, тадбир давомида Навоий шаҳар Қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Ажаргул Усмонова журналистлар учун мусоҳаба берди:

“Юртимизда бошқа миллат вакиллари ўзбеклар билан тенг шароитда, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда меҳнат қилишмоқда. Гарчи ўзим қозоқ миллатига мансуб бўлсамда, Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан, шу жаннатмонанд диёрда туғилиб вояга етганлигимдан фахрланаман. Ўзим педагогман. 36 йилдан буён Навоий шаҳрида истиқомат қиламан. Шу ерда олий маълумотга эга бўлдим. Фаолиятимни шу ерда бошладим. 

Ҳозир шаҳардаги 13-сонли умумтаълим мактаби директориман. Мактабимизда етти миллат вакиллари ишлаб, ёшларга таълим-тарбия беришади. Уларнинг фаолияти учун барча шароит муҳайё. Ҳамма тенг ҳуқуққа эга. Улар юртимиздаги имконият ва имтиёзлардан бирдек фойдаланади. Энг муҳими, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Шу юрт ривожи ва халқ фаровонлигига ўз ҳиссамни қўшаётганлигимдан фахрланаман”.

Шу куни ушбу турдаги тадбир вилоятнинг Зарафшон шаҳрида жойлашган “Юлдуз” маданият марказида хам ўтказилди. Унда шаҳар ҳокимияти, маънавият ва маърифат бўлими раҳбарияти, дин ишлари бўйича мутахассислар, оммавий ахборот воситалари, миллий маданий марказлар, умумтаълим мактаблари ходимлари ва ёшлар иштирок этди.

Ҳафталик доирасида вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида кўргазмалар, иншолар ва расмлар танлови, шеърхонлик кечалари ташкил этилди.

Жумладан, Навоий шаҳридаги 13-сонли ўзбек-рус мактаби, Зарафшон шаҳридаги 9-сонли ўзбек-қозоқ мактаби, Навбаҳор туманидаги 26-сонли умумтаълим мактаби ва Қизилтепа туманидаги 13-сонли умумий ўрта таълим мактабида ушбу ҳафталикни кенг нишонлаш мақсадида вилоятда яшовчи турли миллат вакиллари миллий либослари ва таомлари кўргазмаси ўтди.

Бундан ташқари, Хатирчи туманидаги Навоий номидаги Педагогика коллежида Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси томонидан “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзуларида тарғибот тадбирлари ўтди. Тадбирда ҳозирда Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, диний соҳадаги ислоҳотлар, қолаверса, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган мафкуравий хатарлар ва уларни олдини олиш масалалари, республикада ёшларга, хотин-қизларга берилаётган имкониятлар тўғрисида таъкидлаб ўтилди. Сўзга чиққан маърузачилар томонидан “Ўзбекистон – бағри кенг диёр” мавзусида ушбу мамлакатдаги бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари асосида тинчлик, тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Бағрикенглик ҳафталиги доирасида Навоий шаҳрида Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси ҳамкорлигида илк бор “Navoi national food fest” миллий таомлар фестивали ўтказилди, – дейди Элёр Эрдонович. 

– Ушбу фестивалда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган турли миллат ошпазлари ҳамда пазандалари ўзларининг маҳоратларини намойиш этди. Ҳар бир ҳудуд томонидан ташкил этилган павильонларда фольклор жамоалари томонидан ўзбек, қозоқ, рус, тожик, татар, корейс ва бошқа миллат урф-одатлари, ўлан ва миллий қўшиқлари тараннум этилди. Ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси эса барчада катта таассурот қолдирди. Махсус ажратилган майдонда туман ва шаҳарлардан келган маҳоратли ошпазлар ўз ҳудудларига хос ҳамда мос таомларни тайёрлади. Таомларнинг таъми, кўриниши ва безатилиши халқаро тоифадаги ҳакамлар – Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси бош технологи Толибжон Умаралиев ва турк ошпази Мустафа Алжабен томонидан баҳолаб борилди.

– Навоийга келаётганда иштирокчилар бизга қандай таомлар тайёрлаб беришаркан? Навоийнинг брендга айланадиган таомлари борми? Қанақа таомларни кашф этарканмиз? деган саволлар ўйлантирган эди, – дейди Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси бош технологи Толибжон Умаралиев. – Лекин келиб кўрдикки, бу ҳудудда ҳам турли миллат вакилларининг, шу жумладан, қозоқ ва тожик миллатларининг ўзига хос ва мазали таомлари кўп экан. Навоий вилояти республикамизда бугунги турли миллатлар миллий таомлари фестивалини бошлаб берган дастлабки минтақа бўлди. Ушбу тажрибани, албатта, бошқа вилоятларга ҳам тарқатамиз. Бу борада ўз таклифларимизни Туризм қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамасига бердик. Бугун вилоят ҳокими билан келишган ҳолда Навоий вилояти миллатлари миллий таомлари китобини чиқаришга қарор қилдик.

Бундан ташқари, Навоий вилоятида жойлашган истироҳат боғлари ва маданият масканларида концертлар, қадрдош халқлар ёзувчи, шоирлари ва рассомларининг бадиий асарлари кўргазмалари, турли миллат вакилларининг миллий таомлар фестивалини ташкил этиш, Навоий шаҳридаги “Маънавият ва маърифат” марказида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида фотокўргазма ва маънавий-маърифий тадбирини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда тегишли масъуллар томонидан амалий ишларга киришилди.

Бобур Ҳасантоев., 2023-12-07, 03:46 1014
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.