26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бирлик. Бунёдкорлик. Тараққиёт.

Қасим-Жўмарт Тўқаев раислигида Қозоғистон халқи Ассамблеясининг “Бирлик. Бунёдкорлик. Тараққиёт” мавзуидаги ХХХІІІ сессияси ўтди. Тадбирда ҚХАдан сайланган Парламент Сенати депутатлари, республика этномаданият бирлашмалари раҳбарлари ва аъзолари, ҚХА кўнгиллилари, шунингдек, мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида сув тошқини туфайли юзага келган оғир вазият инобатга олиниб, Ассамблеянинг минтақавий делегатлари видеоанжуман алоқаси орқали масофадан иштирок этишди.

Президент Янги Қозоғистон ислоҳотлари халқимизга тинч ва осуда ҳаёт кечириши учун яхши шароит яратиб беришни кўзлашини, шу эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган, инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган янгиланишлар халқимиз турмушининг янада юксалиши, мамлакатимиз ободлиги ва тараққиётини таъминлаши, давлатимизнинг дунё ҳамжамиятида обрў-эътиборини юксалтириш ва ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

– Халқ билан мулоқотнинг самарали дастакларини такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида илгари сурилди. Халқ билан очиқ мулоқотнинг дастакларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, давлат органларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини рақамлаштириш, мурожаатларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Таъкидлаш жоиз, ўтган давр мобайнида раҳбарлар халқ орасида юришга, фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвишини тинглашга ўрганди. Бу аҳоли яшаш шароитлари тубдан яхшиланишига, турмуши фаровонлашишига сабаб бўлди. Энг муҳими, аҳолининг кайфияти, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгариб, эртанги кунига мустаҳкам ишонч пайдо бўлди.

Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқишда сансалорлик, расмиятчилик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш чоралари кўрилди, – деди у. 

Қ. Тўқаевнинг таъкидлашича, Ассамблеянинг жорий сессияси кун тартиби “Бирдамлик. Бунёдкорлик. Тараққиёт» деб бежиз номланмаган. Бу уч сўз стратегик йўналишимизнинг мазмун-моҳиятини жуда тўғри ва аниқ акс эттиради. Унинг сўзларига кўра, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик барча давлат сиёсатининг асосий қадрияти ва доимий йўналиши бўлган ва шундай бўлиб қолади.

Президент қатор долзарб вазифаларга тўхталди, уларга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларни жамлашимиз зарур.

Давлат раҳбари Ассамблея фаолиятини янги, «Инсонпарварлик-мафкуравий доктрина» билан ҳамоҳанг равишда олиб бориш зарур, деб ҳисоблайди.

– Ассамблея сессияси ҳар йили Қозоғистон халқи бирлиги куни арафасида ўтказилади. Бу йилги йиғилиш эса мамлакатимиз учун оғир даврга тўғри келди. Аслида, ушбу сессияни ҳозир ўтказиш мантиқан тўғридир. Бирлик ва ҳамжиҳатлик ҳеч қачон эскирмайдиган қадриятлардир, – деди Президент.

Давлат раҳбари халқ олдида жуда оғир синов турганини алоҳида таъкидлади.

– Қозоғистон ҳудудининг ярми сув остида қолди. Халқимизнинг бирлиги мана шу оғир кунларда яққол намоён бўлди. Қутқарувчилар, кўнгиллилар, давлат хизматчилари, аскарлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, ёшлар – барчаси жамулжам бўлди. Ҳеч ким умумий ишдан четда қолмади. Бутун мамлакат бўйлаб жамиятнинг барча вакиллари қутқарув ва тошқиннинг асоратларини бартараф этиш тадбирларига бирдек сафарбар этилди, – деди Қ. Тўқаев.

Президент қозоғистонликлар жабрланганларга оммавий равишда ёрдам бераётганига эътибор қаратди.

– Улар ҳақиқатан ҳам бир-бирларига ҳамдард бўлмоқда. Сув тошқинига қарши курашга улкан ҳисса қўшган ҳақиқий ватанпарварлардан чексиз миннатдорман. Ҳукумат, давлат идоралари, ваколатли муассасалар ва кўнгиллилар биргаликда ишладилар. Шу туфайли 119 мингдан ортиқ киши ўз вақтида хавфсиз жойга кўчирилди. Уларнинг 45 мингга яқини болалардир. Асосийси, имкон қадар инсонлар ҳаётини сақлаб қолдик, – деди Давлат раҳбари.

– Сув тошқинлари оқибатида вайрон бўлган уй-жойларни тиклаш, жабрланган аҳолининг одатий ҳаётга қайтишини таъминлаш Президент сифатида менинг олдимдаги энг муҳим вазифадир. Ҳозирги кунда дунёда турли табиий офатлар кучайиб бораётганига барчангиз гувоҳ бўлдингиз. Қозоғистон ҳам улкан хавфга дуч келди. Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ҳалокатли сув тошқинлари кузатилмоқда. Биз учун асосий мақсад – фуқаролар фаровонлиги. Шу муносабат билан Ҳукумат томонидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда, тегишли маблағлар ажратилди, йирик компаниялар, бизнес вакиллари ёрдам бермоқда. Айтганимдек, вайронагарчиликка сабаб бўлган сув тошқини оқибатида бузилган уй-жойларни тиклаш, жабрланган аҳолининг одатий ҳаётга қайтишини таъминлаш ҳозирда Президент сифатида менинг олдимда турган энг муҳим вазифадир. Шу боис мамлакатимизда аввалдан режалаштирилган халқаро тадбирларни қисқартириш юзасидан аниқ топшириқлар бердим, – деди Давлат раҳбари.

Президент Астана халқаро форуми бу йил ўтказилмаслигини таъкидлади.

Давлат раҳбари ҚХАнинг бу ишга қўшган ҳиссасига ҳам тўхталиб, унинг олдида турган вазифаларни баён этди. 

– Ассамблеяни ижтимоий яхлитлик ва ватанпарварликни улуғловчи институт сифатида мустаҳкамлаш керак. Унинг институционал салоҳиятини кучайтириш зарур. Ассамблеянинг давлат органлари, Парламент ва маслаҳатлар билан алоқаларини яхшилаш зарур. Сўнгги йилларда ташкилот фаолияти сезиларли даражада ўзгарди. Бу тузилма жамиятда жуда муҳим институт ва этномаданият бирлашмаларининг бош қароргоҳига айланди. Ассамблея барча даражадаги муассасалар билан турли йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши ва бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва масъуллар билан ишлашнинг самарали усулларини излашга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Ҳокимлар ҳар куни юзага келадиган кўплаб муаммолар билан шуғулланадилар. Уларнинг иши жуда кўп, бу тушунарли. Лекин миллий бирдамликни мустаҳкамлаш энг муҳим вазифалардан биридир. Буни ҳеч қачон эътибордан четда қолдирмаслик керак. Ассамблея этник-ижтимоий зиддиятларни аниқлаш ва олдини олишга алоҳида эътибор қаратиши керак, – деди Президент.

Давлат раҳбари вилоят раҳбарлари камида икки ойда бир марта Ассамблея вакиллари билан биргаликда миллатлараро вазият бўйича йиғилиш ўтказиши, вилоятлар ва республика аҳамиятига молик шаҳарлар ҳокимлари бевосита Ассамблеянинг асосий тадбирларида иштирок этиши зарурлигини таъкидлади.

Президентнинг фикрича, Ассамблея давлат қарорларини қабул қилиш ва ислоҳотларни илгари суришда фаол иштирок этиши керак. Шунинг учун унинг илмий ва эксперт салоҳиятини ривожлантириш зарур. Этник-ижтимоий кескинлик ўчоқларини аниқлаш ва бундай ҳодисаларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

– Этномедиация билан боғлиқ ишларни Алмати, Жамбил ва Туркистон вилоятлари мутахассислари бошлаб юборишган. Унинг қамровини кенгайтириш ва бу тажрибани Ассамблеянинг барча ташкилотларига тарқатиш зарур. Ассамблеяни ижтимоий яхлитлик ва ватанпарварликни улуғловчи ташкилот сифатида мустаҳкамлаш керак. Энг аввало, Оқсоқоллар кенгаши, Оналар кенгаши каби самарали тузилмаларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Вазирлик ва ҳокимликлар уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаши жоиз. Махсус грантлар ажратилиши ва давлат ижтимоий буюртмалари берилиши керак. Ёшлар Ассамблея фаолиятига янги суръат олиб кирмоқда. Шу боис, унинг тузилмалари ва этномаданият бирлашмалари раҳбарининг ўринбосарларини ёшлардан тайинлашни таклиф қиламан. Марказий ва маҳаллий органлар Ассамблеянинг ёшлар, айниқса, кўнгиллилар билан боғлиқ лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарур. Бундай лойиҳалар рўйхатини тузган маъқул, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

ҚР Президенти сув тошқини келтирган зарарнинг давлат томонидан тўлиқ қопланишини маълум қилди.

– Бир пайтлар битта тўғоннинг ишдан чиқиши катта фожиага олиб келган. Мен вазиятни назорат қилиш мақсадида қатор ҳудудларда бўлдим. Аҳоли билан алоҳида учрашув ўтказдим. Марказий ва маҳаллий давлат идоралари табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Асосий эътибор вазият ёмонлашувининг олдини олишга қаратилган. Қутқарувчилар кечаю кундуз ишламоқда. Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Қуролли Кучлар, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда, – деди Президент.

Президент давлат моддий захирасидан фойдаланишга унинг фармойиши билан рухсат берилганини таъкидлади. Фавқулодда вазиятлар бўйича республика ва вилоят штаблари ишлаётгани, маҳалла фаоллари, кўнгиллилар инсонпарварлик ёрдамини йиғишни бошлаганини таъкидлади.

– Халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, юксак фуқаролик масъулияти ана шу даврда яққол намоён бўлди. Қатор вилоятлар инфратузилма ва бузилган уйларни тиклашга киришди. Бу ишда йирик бизнес вакиллари ёрдам бермоқда. Мамлакатимиздаги компаниялар ва хусусий тадбиркорлар томонидан турли ёрдам жамғармаларига катта миқдорда маблағ ажратилди. Маблағлар ҳар куни тушмоқда. Тадбиркорлардан миннатдорман. Келажакда халқимиз фаровонлиги йўлида ҳам ҳамкорлик қилишимизга ишонаман, – деди Қ. Тўқаев.

Президент йиғилган маблағ аҳоли манзилларини тиклашга йўналтирилишини маълум қилди.

– Шунингдек, бахтсиз ҳодиса туфайли оғир аҳволга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатилади. Ҳеч ким эътиборсиз қолмайди. Давлат барча харажатларни қоплайди. Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун бюджет харажатларини камайтириш керак. Давлат молиясини қатъий тежаш тартиби жорий этилади. Албатта, бир лаҳзада бир умр тер тўкиб орттирган бойликни йўқотиш осон эмас. Мен буни тушунаман. Жабрланган фуқароларга яна бир бор айтаман: бутун халқ сиз билан. Тез орада барчангиз одатий ҳаётга қайтасиз. Бунинг учун давлат ёрдам беради, – деди Президент. 

Давлат раҳбари экстремистик оқимлар ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

– Радикал мафкурани улуғлаш ва ксенофобияни кучайтириш мақсадида халқаро беқарорликдан фойдаланмоқчи бўлаётган кучларнинг ҳаракатлари яққол кўзга ташланмоқда. Биз дунёвий таназзулнинг авж олаётганига, турли давлатлар ўртасида ҳарбий-сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳаттоки маданий-гуманитар можаролар кучайиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунинг натижасида дунёнинг турли бурчакларида турли экстремистик кучларнинг фаоллиги кучайиб бораётганини кўриш мумкин, – деди Президент.

Давлат раҳбари террорчилик таҳдидлари яна бир бор кун тартибига чиққанига эътибор қаратди.

– Яқинда Москва яқинида террорчилик ҳужуми уюштирилди. Кўплаб фуқаролар фожиа қурбонларига ҳамдардлик ва тилаклар билдиришди, Россиянинг Қозоғистондаги элчихонаси ва консуллиги бинолари олдига гул қўйишди. Бундай манзарага дунёнинг деярли барча давлатлари гувоҳ бўлди. Қозоғистон халқаро ҳуқуқ ва инсонпарварлик ғояларига қатъий амал қиладиган давлат сифатида биринчилардан бўлиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатларни тинч аҳолига нисбатан содир этилган даҳшатли ваҳший ҳаракатни қоралашга чақирди. Ўзаро мулоқотни йўлга қўйиш ва кучларни бирлаштириш орқалигина бутун инсоният халқаро муносабатлар соҳасидаги таназзул ва парчаланиш жараёнларига қарши тура олади, – деди Қ. Тўқаев.

Сессияда, шунингдек, Республика тожик этномаданият бирлашмаси раиси Акбаржон Исмоилов, ҚХА раиси ўринбосари, Қозоғистон корейслари ҳамжамияти президенти Юрий Шин, “Ёшлар ассамблеяси” раиси Тимур Жумурбаев, Жетису вилоят «Дўстлик уйи» директори Руфина Усанова ва бошқалар сўзга чиқишди.

Сўнг Давлат раҳбари Қ. Тўқаев бир гуруҳ қозоғистонликларга мукофотларни топширди.

Қозоғистон Республикаси Президентининг Фармони билан халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат тилини ривожлантиришдаги хизматлари учун:

* II-даражали “Достық” ордени билан – Астана шаҳридаги Қайирбеков номидаги 2-мактаб ўқитувчиси Елизавета Шнайдер;

* “Ел бірлігі” ордени билан – «Қозоғистон украинлари кенгаши» раиси Юрий Тимошченко, давлат ва жамоат арбоби Мурат Ахмадиев, Қозоғистон ўзбеклари этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси ўринбосари Ҳасан Шарипов; 

* «Ерен еңбегі үшін» медали билан Степногорск болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқитувчиси Николай Дураченко, Атиров шаҳар 3-сонли мактаб-гимназияси ўқитувчиси Татьяна Любина;

* «Шапағат» медали билан – Ўскемен металлургия комбинати рух заводи ишчиси Сергей Панасюк, Улитов вилояти Қўжамқулов номидаги қозоқ мусиқали драма театри хонандаси Аркадий Побединский, ҚР Миллий гвардияси бўлим қўмондони Кирилл Пономаренко, Ақмўла вилояти Арайли қишлоғидаги ўрта мактаб ўқитувчиси Анастасия Ирубаева; 

* Қозоғистон Республикаси Президентининг ташаккурномаси билан Шарқий Қозоғистон вилояти Қозоғистон халқи Ассамблеяси илмий-эксперт гуруҳи раисаси Нелли Краснобаева, «Ассамблея жастары»нинг Қарағанди вилоятидаги ваколатхонаси раҳбари Александр Урмашов, Жетису вилояти «Ижтимоий тотувлик» муассасаси раҳбари Руфина Усанова тақдирланди.                 

Akorda.kz, 2024-04-27, 02:58 905
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.