26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мирпўлат Мирзони эслаб

Хотира – инсониятга берилган муқаддас туйғулардан бири. Эл-юрт равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилганларнинг хизматини эътироф этиш, хотирлаш кичик авлод вакилларининг бурчи. Ҳамюртимиз – шоир, таржимон, журналист, публицист Мирпўлат Мирзо ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга ижодкор эди. Адиб ҳаёт бўлганида 20 август куни 75 ёшни қаршилаган бўлар эди... Шу муносабат билан шоир шакллантирган Тошкент шаҳридаги “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририятига хизмат сафари билан бориб, унинг қадрдон ҳамкасблари, шогирдлари, ҳаммаслаклари билан Мирпўлат Мирзо ҳақидаги хотираларини тарих зарварақларига муҳрлашга жазм этдик.  

Мирпўлат МИРЗО (Мирзаев) – 1949 йил 20 августда Сайрам қишлоғида туғилган. 1956-1960 йилларда М. Маметова, 1960-1966 йилларда Фрунзе (Ал-Форобий) номли мактабларда таҳсил олди. 1966-1971 йилларда Тошкент Давлат Университетининг “Журналистика” факультетида ўқиди. 1971-1981 йилларда Ўзбекистон ЛКСМ Марказий Қўмитасининг “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир, 1981-1986 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб, котиб ўринбосари лавозимларида фаолият юритди. Ўнлаб китоблари нашр этилган. Таржима соҳасида ҳам сермаҳсул ижод қилган. Рус шоирларининг шеърлари таржимаси учун Россиянинг “Пастернак”, Қозоғистоннинг “Алаш” халқаро мукофотларига сазовор бўлган. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби. Сайрам туманининг Фахрий фуқароси.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ, “Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири:

– Мирпўлат Мирзо ўзига хос ижодкор, шахс сифатида шаклланган қадрдон дўст, ҳамкор, қолаверса, дала ҳовлидаги қўшнимиз эди. Мен ўқишга кечроқ келганим учун Мирпўлат биздан юқорироқ босқичда ўқир эди. Мирпўлат билан пахтада, Мирзачўлда танишганмиз. Зийрак, ҳозиржавоб эди. Филология ва журналистика факультети талабалари кечқурунлари гулханлар ёқиб, шеърхонлик ўтказардик. “Қувноқлар ва зукколар” ўйинида ўзаро беллашардик. Мирпўлат уларда жуда фаол қатнашарди. Биз Мирпўлатдан Миртемир домла ҳақида кўп сўрардик. Чунки, у “домла биз томонда туғилган” деганди. Миртемир домлани кўрмаганимиз учун у ҳақида кўпроқ маълумот олишга интилардик... Мирпўлат яхши шоир эди. Яхши шоиргина яхши таржимон бўла олади. Мирпўлат узоқ йиллар рус адабиётининг намуналарини ўзбек тилига таржима қилди. Таржималарини Москвага жўнатиб, эътирофлар олди. Умрининг сўнгги йилларида Озод Шарофиддинов домланинг ёнларида турди. Журнални, жамоани, ададларини шакллантиришда хизматлари беқиёс. Натижада “Жаҳон адабиёти” журнали ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга бўлди. Ҳозир биз Озод домла, Мирпўлат бошлаган ишни давом эттиряпмиз. Мен Мирпўлатни деярли ҳар куни эслайман. Сабаби, дала ҳовлида қўшни бўлдик, иморатларни бирин-кетин, бир-биримизга суянчиқ бўлиб қурдик. Эрталаб қўлига калтак олиб, пиёда сайр қилиш ҳозир урфга айланиб кетди, мен буни биринчи бўлиб, Мирпўлатда кўрганман. Иброҳим Ғафуров, Нурали Қобул, Азим Суюн, Турсунали Ўрмонов, Мирпўлат Мирзо ва мен адабиёт ҳақида, таржима санъати ҳақида кўп суҳбатлашар эдик. Албатта, ош қилардик. Лекин, муҳокама кучайиб, ош ҳам эсдан чиқиб кетарди. Шеърлар ўқиларди. Бир-биримизга талабчанлик кучли эди. Камчиликларимизни рўйи-рост айтардик. Афсуски, ҳозир одамлар танқидни кўтаролмайдиган бўлиб қолди. Шодмонбой Отабековнинг “Дўрмон ҳангомалари” китобида катта бир бўлим Мирпўлат Мирзога бағишланган. (Шодмон Отабек бетоблиги боис у билан учрашишнинг иложи бўлмади). Чунки, Мирпўлат сўзга уста, гапга чечан, ҳозиржавоб эди. Дўрмонда бир жамоадек бўлиб қолгандик. Мирпўлатдан эрта айрилишимиз, бизга оғир бўлди... Адабиётда Мирпўлатнинг изи қолди, ундан катта мерос қолди. Тўра Сулаймоннинг тили Миртемир домланинг тилига яқин эди. Унда қадим туркий сўзлар кўп. Мирпўлатнинг ижодида ҳам Туркистон мавзуси, қардошлик мавзуси, одамларни яқинлаштириш устувор эди. Журналимизда қозоқ, қирғиз адабиётидан намуналар бериб бормоқдамиз. Биз уни яна кўпайтиришимиз зарур. Ягона умумтуркий адабий муҳитини яратишимиз керак. Мирпўлат дўстимизнинг охиратлари обод бўлсин. “Жанубий Қозоғистон” газетаси эзгу ишни бошлабди, ишингларга ривож тилайман.      

Алимурод ТОЖИЕВ, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари:

– Устозимиз Мирпўлат Мирзо жуда катта қалб эгаси эди. Жуда самимий одам эди. Хокисор, камтар одам эдилар, раҳматли. Бутун умр адабиёт учун хизмат қилдилар. Ўзбек адабиёти, таржимачиликда катта хизматлари, меҳнатлари бор. Умуман олганда, бутун умрини адабиётнинг ривожи, заҳмати, машаққатига бағишлади. Мирпўлат ака, айниқса, қозоқ адабиётининг дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилишда сермаҳсул ижоди билан кўзга тушди. Ўлжас Сулаймонов, Мухтор Шаханов ва бошқа шоирларнинг шеърларини таржима қилишдаги хизматларини эслаш ёш авлод олдидаги қарз. Қозоқ адабиётидан қилган таржималари “Жаҳон адабиёти” ва турли нашрларда эълон қилинди ва “Сайра дўмбирам” китоби нашр этилди. Қолаверса, Мирпўлат ака, рус адабиётининг улкан билимдони эди. Устозда рус адабиётига нисбатан ўзгача муҳаббат, завқ бор эди. Рус адабиётидаги таржималари “Ложувард осмон остида” номи билан китоб ҳолида чоп этилди.  Мирпўлат ака 1997 йилдан 2013 йилгача “Жаҳон адабиёти” журналида бош муҳаррир ўринбосари вазифасини аъло даражада адо этди. Раҳматли Озод Шарофиддиновнинг ҳам ўринбосари, ҳам шогирди сифатида, худди фарзандидек хизмат қилди. Шогирд сифатида Озод домланинг мактабини ўтади, дуоларини олди. Натижада, адабиётшунос олимнинг кўпдан-кўп эътирофи, олқишларига сазовор бўлди. Мирпўлат ака, бутун умр адабиётнинг ичида яшади, нафас олди, туйғуларини юксалтирди. Умрининг сўнгги лаҳзаларигача шеър ишқи, таржима ишқи билан ёнди. Мирпўлат аканинг ўзига хос ҳазиллари, лутфлари, муомалалари бор эди. Одам у билан гаплашиб тўймасди. Вафот этган куни ҳам Ёзувчилар уюшмасида тадбирда иштирок этишдан аввал таҳририятга кирди. Кўришдик, омонлашдик. Кейин тадбирда иштирок этиш учун чиқиб кетди... 4-5 соат олдин кўришган устознинг вафоти тўғрисидаги хабарни эшитиб, карахт аҳволга тушиб қолдик... Мирпўлат ака жуда бағри кенг одам эди. У муаммоларга, майда-чуйда нарсаларга кўп ҳам эътибор бермас эди. Бутун ҳаёти давомида олижаноб инсон бўлиб яшади. Кўпчилик ҳамкасблари, шогирдлари устознинг шу жиҳатларини кўп эслашади. 2009 йилда Ўзбекистон Миллий Университетининг ўзбек филологияси факультети аспирантурасининг 1-босқич талабаси эдим. Ўзлари мени ишга олдилар. Мирпўлат аканинг имзоси билан 2009 йилда ишга кириб, 15 йилдан буён шу даргоҳда фаолият юритмоқдаман. Шу одамнинг дуоси, оқ йўли билан шу ерда ишлаб юрибман. Мирпўлат ака ҳақида жуда кўп хотиралар, эслашга арзийдиган лаҳзалар бор. Авваламбор, устоздан одамийликни ўргандик. М. Мирзо ҳам ижодкор эди, ҳам шахсияти бутун, қалби тоза шахс эди. Инсонни ҳар қандай вазиятда тушунарди, тушуна олиш салоҳиятига эга эди. Қандай ҳолат, мушкул вазият бўлмасин, устозга тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди. У кайфиятингиз, туришингиздан барчасини билиб оларди, шунга яраша баҳо берарди. 6-7 йил давомида бирга ишлаган бўлсак, бир марта қаттиқроқ койигани, жаҳли чиққанини, овозини баландлатганини эслолмайман. Балки, кўнгилга оғир ботган хатоларимиз бўлгандир, балки билиб-билмай нотўғри ишлар қилгандирмиз, лекин, устоз ҳеч қачон буни юзимизга солмаган, жаҳл қилмаган. Тетапоя вақтимиз, ижарама-ижара юриш, бола-чақа боқиш ташвиши, бир нечта жойда ишлашга тўғри келарди. Устозларнинг ўрнига дарс берардим. Ишхонага келиб, кайфиятларини билиб олиб, ўзимни кўрсатиб олиш – мен учун бир тоғдан ошиб ўтишдек гап эди. Энг оғир гаплари “Ишхонада ҳам кўриниб туриш керак”, дердилар. Мирпўлат ака жуда синчков одам эди. Кимнинг ижод намунаси, таржимаси кетаётган бўлса, албатта, кузатиб борарди. Бошқа нашрлардаги мақолаларим, илмий ишларимни ўқиб борарди. Ҳайрон қолардимки, шу нарсаларга вақт топишига, шу одамга у нарсалар керакми, деган саволлар берардим ўзимга. Устознинг синчковлиги, эътиборлилигидан ҳайратга тушардим. Ҳамма нарсани қоғозга ўраб, ҳазил билан ўтказишлари ҳайрон қолдирарди. Охиратлари обод бўлсин, устознинг қалби меҳр билан тўлиб-тошган эди. Кўнгиллари, туйғулари соф эди.

Турсун АЛИ, ёзувчи. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бирга фаолият юритган:

– Мирпўлат Мирзо билан талабалик вақтимизда танишганмиз.  “Гулистон” журналида илк шеърлари чиққанда, унга Абдулла Орипов оқ йўл, тилакларини ёзган. Мирпўлат ака шундан кейин фаол ижод билан шуғулланди. Таржима соҳасида ҳам сермаҳсул ижод қила бошлади. Мирпўлат ака жуда серғайрат эди. Таржима ишини бошласа, уни тугатмагунча, тиним билмасди. Ишни битиргач, завқ билан ўқиб берарди. Бўйдоқлигимиздан сирдош, ҳамфикр бўлдик. Ундан кейин “Ёш гвардия” нашриётида мусаҳҳиҳликдан иш бошлаб, муҳаррирлик лавозимигача кўтарилди. Қатор ёш ижодкорларнинг китобларига муҳаррирлик қилди. Бағрикенг, очиқкўнгил, арзимаган нарсадан ҳам хурсанд бўлиб кетадиган одам эди. Сайрамда кўп меҳмон бўлганмиз. Қишлоқ менга жуда ёққан. Ўзим ҳам Фарғонада туғилиб, ўсганман. Учрашувларга олиб борди, авлиёларни зиёрат қилганмиз. У кўп ўқирди, ўз устида тинимсиз ишларди. Рус адабиётига қизиқиши кучли эди. Мени таржимага Мирпўлат ака даъват қилган. Япон шеъриятидан кўплаб таржималар қилдим. Ҳаёт бўлганида 75 ёшга тўларди. Аллоҳ раҳматига олсин, дўстимизни.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ, филология фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамияти раиси, Ёзувчилар уюшмасидаги бадиий таржима кенгаши раиси, халқаро Чингиз Айтматов академиясининг академиги:

– Хуллас, Мирпўлат ака билан Навоий кўчаси, 30-уйда узоқ йиллар бирга ишладик. Бир жойда кўп йиллар бирга ишлаган одамлар орасида бир-бирига кўнгли яқин одамлар ажралиб туради. Мен Мирпўлат ака билан аслида битта ташкилотда ишламаганман, лекин ўзаро кўришиб, бир-биримизга ҳамсуҳбат бўладиган одамлар эканмиз чоғи. Бу, биринчидан. Иккинчи сабаб, менинг фикримча, Мирпўлат ака одамларнинг кўнглини топа оладиган, камтарона ҳаёт кечирадиган, ҳатто, кимлардир унинг олдига хезланиб ўтса, “марҳамат ўтинг”, дейдиган одам эди. Бу билан, албатта, Мирпўлат ака пастга тушиб қолмасди. Кейинчалик у одамлар ўзларининг ўрнини билиб, Мирпўлат аканинг феъл-атворига ҳайрон қолишарди. Бизнинг ғалати бир анъанамиз бор эди. Бир бинода ишлаганимиз учун, асосан, тушликда кўришардик. Полиграф комбинати ётоқхонасининг биринчи қавати ошхона эди. Ўша ерда таржимон Тўлқин Алимов, Турсунбой Адашбоев, Мирпўлат Мирзо яна 10-15 одам бирга тушлик қилардик. Кўпчилик нафақага чиққандан кейин ҳам ҳар чоршанба шу ерда тўпланишардик. Суҳбатимиздан баҳраманд бўлиш учун хўрандалар, ошхона хизматчилари ўраб олишарди. Шу давранинг гули Турсунбой Адашбоев ва Мирпўлат Мирзо эди. Чунки уларнинг хотираси мустаҳкам эди. Мирпўлат ака одамларнинг муаммоси, ичидаги дардини яхши сезарди. Даврадагиларнинг муаммосини иложи борича ҳал қилиб берарди, қўлидан келмаса, бошқаларга ибрат бўлиши учун мақола қилиб ёзарди. Мирпўлат ака юксак ташкилотчилик қобилиятига эга эдилар. “Жаҳон адабиёти”дан аввал у Ёзувчилар уюшмасида раис ўринбосари сифатида иш юритган. Шунда у кўпчиликка ёрдам қўлини чўзган. Мустақилликкача бўлган даврда ёш ижодкорларга ер участкаси, дала ҳовли, уй бериш масалаларида жонбозлик кўрсатган. М. Мирзо ҳамма нарсага улгурушга ҳаракат қилар эди. Юрагини Ҳиндистонда жарроҳи қилдириб келгач ҳам, у тиним билмай меҳнат қилди. Мирпўлат ака ўз ҳаётининг чиройли, бадастир бўлишини истарди. Ва шу йўлда меҳнатдан қочмасди. У куйиб, ёниб яшади. Рус адабиётининг “Кумуш асри”га тегишли шоирларнинг ижод намуналарининг таржимаси билан шуғулланди. Бежиз таржима йўналишидаги журналнинг раҳбари эмаслигини меҳнат фаолияти давомида исботлади. Уни мен музёрар кемага қиёслардим. Хуллас, Мирпўлат ака мен билган яхши одамларнинг бири эди.  

Ханбиби ЕСЕНҚАРА қизи, ҚРда хизмат кўрсатган ходим, халқаро “Алаш” мукофоти, “Парасат”, “Барыс” орденлари соҳибаси:

 – Мирпўлат Мирзо ўзбек халқининг истеъдодли шоири. Биз бир даврда, бирга қалам тебратдик. 80-90-йилларнинг олдинги сафдаги шоирлари эдик.

У шу даврнинг ўзида СССР ёшлар мукофотининг лауреати бўлган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг иккинчи котиби бўлган даврларидаёқ, Қозоғистон ва Ўзбекистон ижодкорлари орасидаги яқинлиқ, қардошлик, дўстликни улуғлаб, бизнинг шеърларимизни ўзбек тилига таржима қилиб, нашр эттиришда тинмай меҳнат қилди. Натижада ўзбек тилидаги “Сайра дўмбира” тўплами дунёга келди.

Мен ҳам Мирпўлатнинг шеърларини қозоқ тилига ўгирганман. Унинг лирик шеърлари шеърият ихлосмандларининг қалбидан жой олиб, шоир аҳлининг қадрини яна бир поғона юксалтирди.

Биз, нафақат бир даврнинг ижодкорлари бўлдик, балки, қалбан яқин одамлар эдик. Ўзи Қозоғистонда туғилганлиги боисми, Тошкентда ўтган ўн кунликларда, турли йиғинларда бизга алоҳида меҳр кўрсатиб, туғишганидек муносабатда бўларди. Мирпўлат кейинчалик “Жаҳон адабиёти” журналига муҳаррирлик қилди. Унда ҳам қозоқ ёзувчи-шоирларининг ижод намуналарини нашр эттириб турди.

У менинг 50, 55, 60 ёшга тўлишим муносабати билан ўтказилган юбилейларнинг барчасида иштирок этди. Мирпўлат саҳнага кўтарилганда, барчамиз унинг ҳазилларини интизорлик билан кутардик. Олтмишга тўлганимда, Мирпўлат тўйхатини ўқиб бўлгач, “Хонбиби, сенинг барча тўйларингда қатнашдим. Энди 70 ёшга тўлганингда келаман. Агар 80 ёшингда кела олмасам, “Ҳа, Мирпўлат дўстим, вафот этиб кетган бўлса керак, деб ўйлаб қўяқол”, деб ҳаммани кулдирган эди.

У билан оилавий борди-келди қилардик. Бир сафар келганида, дастурхондаги гўштни кўриб, “Э, дўстим, бу гўшт билан бир қишлоқни тўйдиришга бўлади-ку”, деб кулдиргани ҳам ёдимда.

Менинг спортчи куёвим Асқар Швейцарияга учишда самолётдан кеч қолиб, Мирпўлатнинг уйида уч кун “меҳмон” бўлганди. Шунда у аёли билан меҳмондўстлигини кўрсатишганини эслаб қўямиз.

Доим ҳамроҳлари бўлган Носир Фозилов, Тохир Малик, Азим Суюнлар ҳам дунёдан ўтиб кетишди. 

Тупроғинг енгил, имонинг саломат бўлсин, Мирпўлат дўстим!

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ, 2024-08-21, 22:36 1180
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.