26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўзбек тили дўстлик ришталарини мустаҳкамлади

Қозоғистонлик ўзбек ўқувчилари она тили – ўзбек тилини қанчалик мукаммал билишларини халқаро танловда яна бир карра исботлашди. 

17-18 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтган “Ватандошлар” жамоат жамғармаси томонидан ташкил этилган Алишер Навоий номидаги I Халқаро ўзбек тили олимпиадасида Қозоғистондан 12 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этиб, 9та совринли ўриннинг 5тасини қўлга киритишга муваффақ бўлишди. Олимпиада иштирокчилари – мактаб ўқувчиларидан иборат гуруҳга Шимкент шаҳар таълим бошқармасининг услубият маркази услубиятчиси Нилуфар Қўрғонбоева ҳамда А. Навоий номли 11-сонли умумтаълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси Ақида Ўрмоновалар раҳбарлик қилишди. 

Халқаро танловда иштирок этиш тартиби ва ўқувчиларга қўйилган талаблар хусусида мегаполисдаги таълим бошқармаси мутахассиси Нилуфар Қўрғонбоева билан мулоқотда бўлиб, тафсилотлардан воқиф бўлдик.

– “Ватандошлар” жамоат жамғармасининг халқаро олимпиадани ўтказиш бўйича тасдиқлаган низомига кўра, хорижда истиқомат қиладиган миллатдошлардан 9-10-11- синфларнинг ҳар биридан 4 нафардан иштирокчи ушбу танловда қатнаша олади, – дейди Н. Қўрғонбоева. – Ўзбек тилининг ўрганилишини кенг тарғиб қилиш ва халқаро миқёсда унинг нуфузини ошириш, тенгдошлари билан дўстона рақобат муҳитини яратиш мақсадида уюштирилган олимпиадада иштирокчилар танловнинг мактаб, туман, шаҳар босқичидан ўтган юқори синф ўқувчилари қатнашишга муяссар бўлишди. Унда тўрт давлатдан ватандошларимиз иштирок этишди – Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Швециядан ўқувчилар онлайн тартибда иштирок этишди. Танлов шартларига кўра, ўқувчиларимиз даставвал, эссе ёзишди ҳамда тест саволларига жавоб беришди. Натижалардан хурсанд бўлдик – Муқимий номидаги 13-сонли ўрта умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Жасмина Содиқова, ушбу мактабнинг 11-синф ўқувчиси Розия Чалабоева (муаллима Дилрабо Минаварова), М. Маметова номли 111-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Дилнура Аҳмадбоева (устози Гулбаҳор Тошхўжаева), Ал Форобий номидаги 113-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Шодиёр Шомаҳмудов (устози Лолахон Худойберганова), 57-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Доно Султонмуродова (устози Феруза Йўлдошева) совринли ўринларни қўлга киритишди. Қозоғистонлик ўқувчилар она тилини яхши билишлари, Навоий бобомизнинг асарларини севиб мутолаа қилишлари, унинг бой маънавий меросини изчиллик билан ўрганаётганликларини намоён этишди. Зеро, шогирдларимиз устозларининг саъй-ҳаракатларини илк бор ўтказилаётган нуфузли танловда муносиб оқлашди. Совринларнинг ярмидан зиёди жамоамизга насиб қилди.

Танловда иштирок этган ўқувчиларга қандай талаблар қўйилди ва улар қандай синовлардан ўтганлиги билан қизиқиб, 10-синф ўқувчиси Дилнура Аҳмадбоевани суҳбатга чорладик:

– Фан олимпиадаларида иштирок этиб, юксак натижаларни қўлга киритишга муваффақ бўлдинглар, танловнинг халқаро босқичи сизда қандай таассурот қолдирди?

– Болалигимдан физика-математика фанларига қизиқаман, мана иккинчи йилдирки, устозим билан тиғиз алоқада ўзбек тилидан ўтаётган олимпиадаларда иштирок этмоқдаман, – дейди Д. Аҳмадбоева. – Шаҳар миқёсида ўтган навоийхонлик танловида ҳам иштирок этиб, савринли ўринни қўлга киритдим. Устозимдан миннатдорман. Унинг саъй-ҳаракатлари билан она тилим, мутафаккирларимиз, севимли шоирлар ҳамда адибларимиз ижоди билан кенгроқ танишиб келяпман. Тошкентдаги А. Қодирий ижод мактабида ўтган тадбирда “Ўзбек тили тараққиётида А. Навоийнинг ўрни” мавзуида эссе ёздик. Тадбирда қарийб 50га яқин иштирокчи қатнашди. Иккинчи босқич бўйича имлога доир, матн билан ишлашга оид тест саволларига жавоб бердик. Топшириқларга жами 2 соат вақт ажратилди. Қирғизистон, Тожикистондан ватандош дўстлар орттирдим. Уларнинг мактабларидаги таълим тизими, ўқувчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишдик. Она тилимиз бизни бирлаштирди, дўстлик ришталарини боғлади. Шундай яхши натижаларни қўлга киритишимга сабабчи бўлган ўзбек тили ва адабиётидан сабоқ бериб, мени маънавий қўллаб-қувватлаётган устозим Гулбаҳор Тошжўжаевадан миннатдорман.

Ташкилотчилар ўзбек тилининг нуфузини ошириш борасида қимматбаҳо совринлар билан чекланиб қолишмади. Танловнинг барча иштирокчиларини “Анор” лойиҳасига кўра, Ўзбекистондаги оромгоҳда бепул ҳордиқ чиқаришга таклиф қилишди. Демак, келгуси йилда навоийхонлик янада серзавқ ҳамда билимдон ўқувчиларнинг рақобатли беллашувларига бой бўлади.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2025-05-27, 02:37 199
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.