26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қозоғистондаги тартибсизликларнинг тўлиқ хронологияси

ҚР Ички Ишлар вазири вазифасини бажарувчи Ерлан Турғумбаев Қозоғистондаги оммавий тартибсизликларга айланган норозилик намойишларидаги воқеаларнинг тўлиқ хронологиясини баён қилди.
Ҳурматли ватандошлар!
Жорий йилнинг 2 январида Манғистов вилояти аҳолиси газ нархининг ошишига норозилик билдириб, митинглар ўтказди. Ҳукумат томонидан мазкур масалани ҳал этиш учун тезкор чоралар кўрилди. Воқеа жойига мамлакат Бош вазирининг ўринбосари бошчилигидаги комиссия борди.
Шу билан бирга, норозилик билдирувчилар ультиматум шаклида янги талабларни илгари суришиб, майдонни тарк этишмади. Маҳаллий ижро ва ҳуқуқни муҳофазалаш органлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Кўтарилаётган масалаларни  ҳал қилиш юзасидан аниқ чоралар таклиф қилинди, лекин улар қўллаб-қувватланмади.
Шунингдек, вилоят маркази ва туманларда норозилик кайфиятидаги фуқароларнинг кўплаб гуруҳлари йиғила бошлади. Норозилик акциясига нефтни ишлаб чиқариш корхонларининг вахта ишчилари ҳам қўшилишди. Улар томонидан автомобиль йўллари, темир йўллар ёпилди, вокзал ва аэропорт тўсиб қўйилди. Натижада барча авиа ва темирйўл қатновлари тўхтади, минтақанинг инфратузилмаси ва ҳаёт фаолияти пароканда бўлди.
Намойишчилар томонидан ҳокимият ҳамда ҳуқуқни муҳофазалаш органлари вакилларига қарши тажовузкорлик кучайди. Ички ишлар органларининг жамоат тартибини бузиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича қонуний талабларига бўйсунмаслик кузатилди. Хизмат автомашиналарига путур етказилди. Ҳокимлик ва полиция бинолари қуршовга олинди.
4 январь куни мамлакатнинг кўплаб минтақаларида бир вақтда 500дан тўрт мингтагача бўлган фуқаролар гуруҳлари тўпланиб, ҳокимиятнинг тушунтириш ишларига қарамай, қурол ишлатиб, ҳокимликларни ишғол этишга киришдилар. Натижада, улар Атиров, Қизилўрда, Алмати, Ақтўбе, Жамбил, шунингдек, Семей шаҳри ҳокимликлари ҳамда айрим ҳуқуқни муҳофазалаш органларининг биноларини забт этишди.
Шу билан бирга, яна бешта вилоят ҳокимлигининг биноларига ҳужум уюштирилди. Босқинчилар қўпорувчилик ҳаракатини бошлаб, маъмурий бинолар ва хизмат автомашиналарига ўт қўйиш, мулкларни ўғирлаш, бегуноҳ фуқаролар, ҳарбийлар ва полициячиларни калтаклашга киришдилар. Полиция ходимлари махсус воситаларни, енгил жароҳатловчи қуролларни қўллашга мажбур бўлишди.
Айниқса, Алмати шаҳрида вазият кескинлашди. Бу ерда намойишчилар ҳеч қандай талабни илгари сурмадилар ва музокарага келмадилар. Полиция томонидан ноқонуний намойишни тўхтатиш учун чоралар қўлланди. Бироқ, шаҳарнинг турли туманларида норозиларнинг кўп сонли гуруҳлари патруль нарядларига ҳужум қилишди. 7та қурол-аслаҳа дўконини ишғол қилишиб, қурол ва ўқ-дорини қўлга киритишди. Улар жамоат транспорти, коммунал техникани тортиб олиб, уларда ҳуқуқ-тартибот кучлари отрядларига зарба беришди, қўлбола алангаланувчи аралашмаларни улоқтиришди, ўқотар қуроллар ишлатишди. Хизмат автотранспортини, жумладан, ўт ўчириш машиналарини ёқиб юборишган.
Бундан ташқари, жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тўқнашув рўй берган жойларга тез ёрдам техникалари киритилмаган. Шундан сўнг ҳужумчилар шаҳар ҳокимлиги ва телеканаллар биноларига бир неча марта ҳужум қилдилар.
Бироқ, ҳужумчиларнинг сон жиҳатидан устун бўлишига қарамай, Алмати шаҳрининг полициячилари ва ҳарбийларининг фидойилиги ва малакали хатти-ҳаракатлари натижасида улар бунга эришолмадилар.
5 январда Алмати шаҳрининг барча чеккаларидан йиғилган 20 минг  кишидан иборат уюшган оломон шаҳар марказидаги майдонга тўпланиб, ҳокимлик биносини эгаллаш учун яна бир бор ҳаракат қилди.
Бундан ташқари, улар яхшироқ қуролланган ва уюшган эдилар. Сон жиҳатидан устун бўлганлари учун улар ҳимоянинг бир неча чизиғини ёриб ўтиб, бинога киришга муваффақ бўлдилар. Кўп сонли оломон тажовузидан тасодифий қурбонлар бўлишига йўл бермаслик учун полиция чекинишга мажбур бўлди. Бунда бор мол-мулк вайрон бўлди ва ўғирланди, бино ёқиб юборилди. Полиция ходимлари ва ҳарбий билим юрти курсантлари калтакланиб, таҳқирланди, уларнинг махсус воситалари ҳамда кийим-кечаги тортиб олинди.
Шу вақтнинг ўзида қуролланган жиноятчилар шаҳар кўчаларида тартибсиз  равишда ўқ отиб, полиция ходимлари, ҳарбийлар ва оддий йўловчиларни ўлдира бошлашди. Савдо-кўнгилочар марказлари, молиявий муассасаларни яксон қилишиб, пул ва товар-моддий буюмларни тўнаш мақсадида банкоматларни очишди.
Тахминан 800 жиноятчи халқаро аэропортни эгаллади. Натижада 60та учадиган, 56та учиб келадиган рейслар бекор қилиниб, транспорт тирбандлиги юз берди ва Алматидан кетмоқчи ёки қайтмоқчи бўлган фуқаролар учун катта муаммони келтириб чиқарди. Аэропорт биносидаги мавжуд ҳамма дўкон ва кассаларда ўғирликлар содир бўлди.
Бинобарин, норози гуруҳлар ҳамма жойда касбий малакаларини намойиш қилишди. Уларнинг хатти-ҳаракатида тартиб ва интизом кузатилди. Ҳужумлардан олдин видеокузатув камералари ишдан чиқарилиб, ҳаракат йўналишлари тўсилиб, кузатувчилар қўйилди. Хатти-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун улар радиостанциялардан фойдаланишди.
6-7 январда Тараз ва Талдиқўрғон шаҳарларида жуда хавфли жиноятчилар қамалган тергов ҳибсхоналарига қуролли ҳужум уюштирилиб, уни эгаллаш учун бир неча марта ҳаракатлар қилинди. Бироқ барча тажовузлар полициячилар томонидан қайтарилди.
Бир вақтнинг ўзида қурол-аслаҳаларни эгаллаш учун Алмати, Жамбил, Қизилўрда вилоятлари ва Шимкент шаҳри ҳудудий полиция департаментларига ўқ отиш қуроллари ҳамда алангаланувчи шишалар билан кўплаб ҳужумлар амалга оширилди.
Алматида – полиция департаменти ва унинг учта туман бўлинмаларига ҳужум уюштирилди.
Шунингдек, Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмлари ва блок бекатларига қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникани эгаллаш мақсадида ҳужум қилишга уринишлар бўлди.
Умуман, мамлакат бўйича тартибсизликлар оқибатида 400дан зиёд автотранспорт бирлигига шикаст етказилди ёки йўқ қилинди, уларнинг 346таси ички ишлар органларига тегишли.
Талончилар томонидан 100дан зиёд йирик савдо иншоотлари ва банкларда ўғирликлар содир этилди. Дастлабки ҳисобларга кўра, келтирилган зарар 87 миллиард тенгедан зиёдни ташкил қилмоқда.
Ҳокимият органларини обрўсизлантириш мақсадида жиноятчилар полиция ходимлари, ҳарбийлар формасини кийиб, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир қилишди.
Юзага келган вазият инобатга олиниб, Қозоғистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатнинг барча ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунга мувофиқ, ҳаракат қилишга, транспорт воситаларининг кириши ва чиқишига чеклов қўйилди, ҳужжатларни текшириш, шахсий буюмлар, автомашина ва юкларни назорат қилиш йўлга қўйилди, оммавий тадбирларни ўтказиш ман этилди, шунингдек, бошқа чоралар кўрилди. Уларни бузганлар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилади.  
Мамлакатда тартибни ўрнатиш доирасида ҳокимият вакилларига нисбатан куч ишлатишнинг барча фактлари бўйича, безорилик, қотиллик, шунингдек, қароқчилик тажовузлари ва фуқаролар ва ташкилотларнинг мол-мулкини талон-тарож қилиш бўйича 125та судгача тергов ишлари бошланди.  
5135 фуқаро ҳибсга олиниб, полиция органларига етказилди, улардан оғир жиноят содир этганликда гумон қилинган 134 киши вақтинча тергов изоляторига қамалди.
516 фуқаро маъмурий ҳибсга олинди. Қолганлар бўйича текширув ва тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
Давлат чегарасини кесиб ўтишга уринган тахминан 300 одам ушланди, улар мамлакатдан автотранспортда ва пиёда ҳолда чиқиб кетмоқчи бўлишган.
Улардан ўқотар қуроллар, ўғирланган моддий бойликлар, жумладан, уяли алоқа телефонлари, миллий ва чет эл валюталари мусодара қилинди.
Айни пайтда мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида аксилтеррор операцияси давом этмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча минтақасида вазият барқарор. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан аввал босиб олинган ҳокимлик бинолари озод этилди. Коммунал иншоотларнинг фаолияти ва ҳаётни таъминлаш тизимлари қайта тикланмоқда.
Қадрли ватандошлар!
Фурсатдан фойдаланиб, сизлардан мажбурий чекловларга сабр-тоқатли бўлишингизни сўранаман, айниқса, аксилтеррор ҳаракатлари юритилаётган жойларда эҳтиёткор чораларига риоя қилишга чақираман.
Фитнага берилмай, шубҳали шахс ва жиҳатлар ҳақида полицияга хабар берган ҳолда мамлакатимизда тартиб ўрнатилиши ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мамлакатда тартиб ўрнатишда катта ёрдам берган бўласиз.
Шу билан бирга, фуқароларни мана шундай оғир дамларда сохта, ёлғон маълумот тарқатиш жиноят эканлигини эслатаман. Фақат расмий давлат манбалари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг ахборотларига ишонинг. Фавқулодда ҳолат даврида Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 274-модда 4-бандига мувофиқ, бундай ҳаракатга уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Ҳар бир бундай ҳолат полиция томонидан қатъий назорат қилинади.
Афсуски, шу кунларда жамоат тартиби ва мамлакатимизнинг конституциявий тизимини сақлаш йўлида жиноятчилар қўлида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, полициячилар, Мудофаа вазирлиги, махсус идораларнинг 16 нафар ходими вафот этиб, 1300 нафари жароҳатланди.
Вафот этганлар ҳаётининг сўнгги дақиқасигача қасамёдга содиқ қолишиб, жасорат кўрсатишди, Ватан олдидаги бурчини бажаришди.
Жиноятчиларнинг қўлида вафот этган ходимларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, таъзия изҳор қиламан ҳамда жиноий тажовуз қурбони бўлган тинч аҳолига ҳамдардлик билдираман.
Биз жиноятчиларни топиб, уларни қўлга олиш учун барча чораларни кўрамиз ва улар Қозоғистон халқига қарши  хунрезликлари учун тегишли жазосини олади.

Kazpravda.kz, 2022-01-11, 21:34 91
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.