26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Оддийлик ва дилкашлик ҳукмрон бўлса...

Ўзбекистон этноэкспедиция вакиллари ташриф буюрган Шимкент шаҳрининг Бодомортидаги хонадон – намунали яшаш тарзи ва мазали сомсаси билан меҳмонларни хушнуд этган Мирраҳимовлар оиласи бугун газетамиз меҳмони.

Меҳнат ва оила қадриятларини сақлаб, ҳақиқий бахт ва омад калитини қўлга киритган ҳамшаҳарларимиз ушбу мақолада бугунги умргузаронлиги, ҳалоллик ва самимий ўгит-насиҳатлар қадриятлари билан ўртоқлашадилар.

Инсон зоти борки, меҳнат ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб қолаверади. Умрини, кунини меҳнатсиз тасаввур қила олмайдиган эр-хотин Мирмахсуд ва Сайёра Мирраҳимовларга ҳам шу мазмундаги саволларимиз билан мурожаат қилдик.

– Меҳнатсеварлик ота-боболаримиздан ўтган. Улар ҳалол йўл билан бола-чақасини боқишган, эл-юртга манфаати теккан. Шахсан бизга бутун умр ота-оналаримизнинг меҳнаткашлиги йўл-йўриқ ва дастур сифатида асқотди. Кам бўлмадик, рўзғоримизда ҳам, ишимизда ҳам хайру барака бўлди,– дейди С. Мирраҳимова.

– Ўзингизни муштарийларимизга таништирсангиз...

– Мен 1969 йили Шимкент шаҳрида таваллуд топдим. У пайтда Куйбишев номли жамоа хўжалиги илғор хўжаликлардан эди. Отам Нурмуҳаммад Содиқов қурувчи, онам Гулсун жамоа хўжалигининг меҳнаткаши эди. Волидаи муҳтарамам далаларда пахта терими ва бошқа юмушларни қатъиятлик ва тиришқоқлик билан бажаргани учун доим режани ҳаммадан олдин уддаларди. Москвага таклиф қилишиб, илғор онахонни олий мукофот –“Ленин ордени” билан тақдирлашган. Оқинлар онамдаги ҳалоллик ва меҳнатсеварликни улуғлаб, унга бағишлаб қўшиқ яратишган. Ушбу қўшиқ шу пайтдаги мактабларда ўқувчилар томонидан ижро этилиб турарди. Албатта, биз фарзандлар – ота-онамизнинг айтганларини канда қилмай, уларга издош бўлиб ўсдик. Мен 52-сонли мактабни тамомлагач, 5-сонли ҳунар-касб билим юртига ўқишга кириб, тўқимачилик соҳаси сирларини ўргандим. “Эластик” фабрикасида ишладим. 1989 йилда Бодоморти даҳасида истиқомат қилаётган Мирраҳимовлар хонадонига келин бўлиб тушдим ва 36 йилдан буён шу даргоҳни азиз тутиб келмоқдаман. Турмуш ўртоғим таниқли дин пешвоси Мирюсуф қорининг зурриётларидан. Пенсияга қадар ўт ўчирувчилик хизматида фаолият юритди. Ҳозир нафақада бўлса ҳам, севган ишини ташлагани йўқ. Хуллас, мен келин бўлган хонадонда ҳам ҳалоллик, меҳнат ва одоб-ахлоқ, оилавий қадриятлар қадрланар экан. Қайнонам Саври опа ҳам меҳнаткаш аёл бўлган, хўжалик далаларида тинимсиз ишлагани ва режани ўз вақтида бажаргани учун унга ер участкасини мукофот сифатида беришган экан. Шу жойда уй қуришиб, оиласи билан келиб ўрнашишган. Қайнотам Акбар ота ва қайнонам Саври аяларнинг 6 қизи ва 1 ўғли бўлди. Қайинэгачиларим билан бирга тотув яшаш учун ҳам қайнонамдан кўп нарсаларни ўргандим. Тан олишим керак, уйда отамнинг кенжатой-эркатой қизи эдим. Уйда қизлари кўп бўлса-да, отамнинг меҳри менга бўлакча эди, ортиқча иш қилдирмасди. Лекин шунга қарамай, ҳаёт раъйига қарши бормадим. Ҳар қандай хонадонда файз, барака ва хотиржамлик ҳукм суриши, энг аввало, аёл кишига боғлиқлигини тушундим. Аввал онам, кейин қайнонамдан кўп нарсаларни ўргандим. Айниқса, тандирда нон ва сомса ёпишни яхши ўзлаштирдим. Бирорта тўй-ҳашам, маърака бўлса, “Қани, тандирда сомса ёпвор-чи!”, дерди қайнонам. Шу-шу, беихтиёр “сомсапаз” ҳам бўлиб қолдим.

 Яратганнинг инояти билан 5 фарзанднинг ота-онасимиз. Дилрабо, Нафиса, Холида – турмушда, Ирисали ҳам уйланган, яқинда уйимизда тўй, Мирсаидга куёв бўлиш бахти насиб этади. Хуллас, ҳаётимиздан мамнунмиз, нолимаймиз, Аллоҳга беадад шукр, невараларимиз омон-эсон ўсмоқда...  

 – Ҳозирги аксар ёшларга меҳнат, айниқса, заҳматли меҳнатда омадингни синаб кўр дейилса, ҳеч иккиланмай, бу ишдан кўра савдо-сотиқ, илм-фан, спорт, интернет ва шу кабилардан фойда бор, оғир меҳнатнинг даври эмас, дейишади...

 – Биз оддий меҳнат билан ўсдик. Тирикчилик ташвиши устун келгани учунми, билмадим. Лекин ҳалол меҳнатда асл баракани, ризқ-насибани кўрдик. Энди ҳозир невараларимизга, келинларимизга нафақат иш, балки илм, ибодатга ҳам вақт ажратинглар, деб ўргатмоқдамиз. Замонга яраша. Ўз ўрнида меҳнат, ҳунар-касб билан бирга илм билан ҳам шуғулланишларини истайман. Чунки ҳар қандай одам жисмонан, моддий томондан, ақлан кучли, билимдон бўлса, жамият ундан наф олади. Ҳатто энг оғир иш ҳам, агар уни яхши кўриб, астойдил қилинса, енгил бўлади, дейишади-ку. Кейин, кўпчилик ёшлар фақат иш столида ўтириб, бежирим хоналарда умрини ўтказаверса, келажакда оддий меҳнатни ким қилади? Барчага бирдек зиёли, ўқимишли бўлиш, илм-фан билан шуғулланиш насиб этмайди-ку, ахир. Кимдир дурадгор, чилангар, қизлар учун эса қўл ҳунари – тикувчилик, каштачилик, тўқувчилик, ошпазлик ва шу каби ҳунарларни ҳам ўрганиш зарур-ку. Кейин оила эҳтиёжи учун қизлар уйда турли пишириқлар пишириб, тайёр маҳсулотларни дўконларга ўтказиб туришга ҳам ўргансалар, дуруст бўларди. Йигитларимиз ота-боболаримиз каби боғдорчилик, деҳқончилик, чорвачилик ишларига меҳр қўйсалар, уларни ўзлаштирсалар, хонадон эҳтиёж сезмасди, оилавий турмушда жуда асқотарди-да. 

Сайёра опадек хушмуомала аёл билан суҳбатлашиб, оддий оилаларнинг турмуш тарзи билан танишиб, оилавий ҳаётда мулойимлик, дилкашлик ҳам ниҳоятда муҳимлигини яна бир карра ҳис қилдик.

Н. МАВЛОНОВА, 2025-05-27, 02:39 108
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.