26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Долзарб масалалар доимий эътиборда

Юк ва йўловчиларни ноқонуний ташиш ҳолатларининг ўсиши туфайли вилоятда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб, йўллар яроқсиз ҳолга келмоқда. Жарима тўлаш билангина чекланган ҳайдовчиларнинг фаолиятини назорат қилиш учун махсус рейдлар ўтказилади. Вилоят ҳокими Ў. Шўкеев раислигида ўтган девон йиғилишида юк ва йўловчиларни ноқонуний ташишга қарши кураш ҳамда йўл сифатининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

– Йўловчиларни ноқонуний ташиш ҳамда йўл хавфсизлигига оид арз-шикоятлар кўпайди. Уларнинг барчаси йўл полицияси ва транспорт назорати инспекцияси томонидан текширилиши зарур. Йўл сифатига зарар келтирадиган оғир вазнли юк уловлари устидан ҳам назорат кучайтирилсин. Ҳар бир карьер яқинида юкнинг вазнини ўлчайдиган тарози бўлиши шарт. Йўловчиларнинг хавфсизлиги ва йўлнинг сифатини назорат қилиш бўйича рейдларни давом эттириш даркор, – деди Ў. Шўкеев.

Вилоят йўловчилар транспорти ва автомобиль йўллари бошқармаси раҳбари Р. Ибрагимовнинг маълум қилишича, жорий йили яхши ва қаноатланарли даражадаги автомобиль йўлларининг улуши 92 фоизга етган. Оғир юк автомобилларининг белгиланган талабдан ортиқ юк ташиши натижасида вилоят аҳамиятидаги 200 чақирим йўл муддатидан аввал яроқсиз ҳолга келган. Шунингдек, яна 865 чақирим йўлнинг муддатидан аввал шундай аҳволга тушиш хавфи бор. Ушбу йўлларнинг аксарияти Сайрам, Ўрдабоши, Арис, Қазиғурт, Саврон туманларида. Йил бошидан буён юритилган рейдлар натижасида жами 151 млн. тенгедан зиёд жарима солинган. Оғир вазнли юк уловларининг ҳаракатини созлаш учун йўл белгилари ўрнатилмоқда ва тегишли тадбирлар юритилмоқда. Шунингдек, ноқонуний йўловчилар ташишига ҳам эътибор қаратилади. Айниқса, “Альфард” автомашинаси устидан шикоят кўп.

Вилоят автотранспорт назорати инспекцияси томонидан олиб борилган таҳлилларга кўра, вилоятда фаолият юритадиган 160та карьернинг 20тасидагина тарози бор. Қолган 140та карьернинг назорат-ўтказиш пунктларида кирувчи ва чиқувчи юкнинг сифати ҳамда вазнини аниқловчи воситалар йўқ. Келгусида дарёлардан шағал ташийдиган оғир вазнли автотранспортлар ҳам ёппасига текширилади. Қонуннинг бузилишига йўл қўйганларнинг иши ваколатли органларга ўтказилади.

Девон йиғилишида, шунингдек, “Қишлоқ – эл бешиги” лойиҳасининг ижроси муҳокама қилинди. Ҳозирги кунда вилоятда унинг доирасида 105та аҳоли манзилида 249та лойиҳани амалга ошириш учун бюджетдан етарли маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари бошланган. Минтақанинг инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий иншоотларни белгиланган муддатида фойдаланишга топшириш зарурлигини таъкидлаган вилоят ҳокими масъул шахсларга қатор топшириқлар берди. 

Вилоят стратегия ва иқтисодий тараққиёт бошқармаси раҳбари 

Қ. Қайипбекнинг маълум қилишича, августдаги маълумотларга кўра, 223та лойиҳанинг 191таси бўйича пудратчилар аниқланган ва улар билан шартномалар имзоланган. Давлат хариди натижаларига кўра, жами 306,7 млн. тенге маблағ тежалган. 

Йиғилишда давлат хариди танловларини белгиланган муддатда якунлаш, маблағни қонун талабларига мувофиқ муддатда ўзлаштириш масаласи кўтарилди.

Вилоят ҳокими Ў. Шўкеев йиғилишнинг кун тартибидаги навбатдаги масала – Жетисай ва Мақтаарал туманларидаги ободонлаштиришга оид лойиҳаларни амалга ошириш, инфратузилмани яхшилаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирди. 

– Обикор деҳқончилик жуда долзарб. Айниқса, хўжаликларга сув жуда зарур бўлган ҳозирги кунда ҳордиққа ўрин йўқ. Иккинчидан, сув иншоотлари ўз муддатида ва сифатли топширилиши зарур. Туман раҳбарлари ўз ишини талаб даражасида бажармаган пудратчилар билан қонун доирасида иш юритсин, – деди Ў. Шўкеев.

Жетисай тумани ҳокими Мурат Қадирбекнинг айтишича, аҳоли манзилларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида “Жетисай АГТС” ҳамда “Кирово АГТС” қурилиши лойиҳаларига республика бюджетидан етарли маблағ ажратилиб, тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозир режадаги ишнинг 85 фоизи бажарилган. Иншоот 2023 йилда фойдаланишга топширилади. Бугунги кунда тумандаги аҳоли манзилларининг 52,8 фоизи табиий газ билан таъминланган.

Йиғилишда, шунингдек, Мақтаарал туманида аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Туман ҳокими Бақит Асановнинг айтишича, 69та аҳоли манзилининг 36таси табиий газ билан таъминланган (52,1 фоиз). Жумладан, 32та аҳоли манзилини газ билан таъминлаш учун Жанажўл ва Ж. Нурлибаев қишлоқ округлари аҳоли манзилларига газ етказувчи қувурнинг ҳамда “Мақтаарал” АГТС ҳамда Иржар қишлоқ округига қарашли 9та аҳоли манзилида газ иншоотлари(1720 оила, 10658 фуқаро)нинг қурилиши юритилмоқда. Шу билан бирга, 11та аҳоли манзилида тоза ичимли сув тизимини янгилаш, тик дренаж ва оқава ариқларини тартибга солиш ҳамда таъмирлаш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, вилоят ҳокими томонидан масъул шахсларга тегишли топшириқлар берилди.

Вилоят ҳокимининг матбуот хизмати, 2022-08-11, 01:37 242
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.