26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Яссавий изидан

Тариқат асосчиси, ҳамюртимиз Аҳмад Яссавийнинг авлодлари ҳаёти ва фаолияти тарихининг янги саҳифаларини очиш доим долзарб вазифа бўлиб келган. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Самарқанд вилоятининг Нурота туманидаги Иброҳим ота қишлоғи тарихи билан танишганимизда бунга яна бир карра амин бўлдик.

Бу замин Аҳмад Яссавий ҳазратларининг авлодлари, уларнинг ҳаёт йўли ва фаолияти билан чамбарчас боғлиқ.

САЙРАМДАН БОШЛАНГАН ТАРИХ

Маълумки, юртимизнинг қадимий ва зиёли ўчоғи бўлган Сайрам қишлоғи тарихи юзасидан кўплаб китоблар, илм-фаннинг юксак намунаси бўлган асарлар яратилган. Шу жумладан, 2021 йили нашр этилган “Сайрам” тарихий-энциклопедик тўплами ва академик, таниқли олим Камолжон Шодиметовнинг “Сузук ота изидан” номли китоблари ушбу йўналишда амалга оширилган залворли ишлардан биридир.

Сайрамлик машҳур тарихчи, академик М. Мирхолдоровнинг “Сайрам тарихи” асарида ёзилишича, 1723 йил Еттисув ва Сайрам (иккинчи марта) Жўнғория давлатидан келган қалмоқлар атрофдаги шаҳар, қишлоқлар томонидан босиб олинади ва улар томонидан таланади.

Юзга яқин йигит, қиз асир қилиб Хитойга ҳайдаб кетилади. Аммо уларнинг қисмати Аллоҳнинг ҳикмати билан бошқа йўналиш олади. Сайрамликлар Хитой ерларида Сайрам номи билан янги макон барпо этишди. 

Шу машъум воқеадан 117 йил ўтиб, Хитойда туғилган Мусо Сайрамий буюк олим бўлиб етишади ва ўзининг “Тарихи эминия” китобида, ота-боболари Туркистон Сайрамидан 1723 йили ҳайдаб келинганлигини, “улар... тоғ даҳноси кенгров жойга ўтроқлашиб қолганлар... Улар бу... ерни она юрти Сайрам номи билан атаганлар”, деб ёзади.

Бугунги кунда Хитойда Сайрам тумани, Сайрам қишлоғи, “Бой Сайрам”, “Сайрам нур” кўли мавжуд. Бу каби атамалар айнан шу тарихий воқеаларнинг тирик гувоҳидир. Яқин-яқинларгача шу ерга бориб қолганлар “Сайрамликман” деса, турли синовлардан ўтишига мажбур бўлгани ҳақида ривоятлар ҳам бор. Тинимсиз ҳужум, аёвсиз урушлар, зулм, кулфатлар туфайли, Сайрам-Исфижобдан бош олиб кетганлар ҳам бошқа жойларга бориб қолиб Сайрам номида макон бунёд этганлар. 

Бугунги кунда Қорақалпоғистон, Наманган, Амударё ҳудудларида ҳам Сайрам номи билан аталувчи қишлоқлар, жойларнинг мавжудлиги халқимизнинг она юртига беқиёс муҳаббати ва садоқатидан далолатдир. 

МУҲТАШАМЛИК ВА ТАРИХ УЙҒУНЛАШГАН МАСКАН 

Экспедиция аъзолари минган “Afrosiyob” тезюрар поезди икки соатда Самарқанд темирйўл вокзалига етди. Бизни қарши олган Самарқанд шаҳридаги М. Беҳбудий уй-музейи раҳбари Гулмуҳаммад Аҳмедов ва музейшунос-тадқиқотчи Шарифжон Сахатов ҳамроҳлигида дастлаб Пастдарғом туманининг маркази – Жума шаҳридаги марказий масжидга қадам ранжида қилдик. Масжидда бизни бош имом Озод Назаров қарши олди. Суҳбатлашиб, сафар мақсадини маълум қилдик.

Сўнгра Пастдарғом туманидаги Сайрам қишлоғига ташриф буюриб, 119-сонли мактабда Элбек маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан учрашдик. Тадбирни Ш. Сахатов очиб, бизни мезбонларга таништирди. Унда туман ҳокимлигининг Маънавият бўлими раҳбари Воҳид Жўрақулов иштирок этди.

Мактаб директори Абдураҳмон Атауллаев жамоанинг фаолияти ҳақида сўзлаб берди. 2007 йили фойдаланишга топширилган мактабда бугунги кунда 250та ўқувчи таълим олмоқда, уларга 30 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда.

Шу жойда сўз олган тарихчи ва тадқиқотчи Иброҳим Азимов ўзининг Хуросон авлодидан эканини, авлод шажараси Турбат қишлоғидаги Исмоил отага бориб тақалишини маълум қилди. У ҳозирги кунда Иброҳим ота қишлоғи тарихи ҳақида китоб ёзаётган экан.

Шу куни Ошиқ ота қабристонини зиёрат қилиб, чироқчи Бойча Мирзаевнинг мароқли маърузасидан баҳраманд бўлдик. Шунингдек, Зарафшон дарёси яқинидаги “Қозоқ мозори”ни ва шу жойдаги эски шаҳар қолдиқларини кўздан кечирдик. 

ИФТИХОР ШАЙХ ВА ИБРОҲИМ ОТА ИЗИДАН 

Кейинги манзил – Қумариқ қишлоғининг имом хатиби Убайдулла Очилов ҳамроҳлигида Ифтихор шайх қабристонига ташриф буюриб, табаррук зиёратни амалга оширдик. Имомнинг айтишича, қабристон жуда қадимий бўлиб, бу ерга еттинчи авлод вакиллари дафн этилмоқда экан.

Келгуси куни мазкур қишлоқдаги вафот этган кекса онахоннинг хонадонига таъзия билдиргани кирдик. Марҳуманинг таъзияда ўтирган яқинлари ва қишлоқ аҳли билан суҳбатлашдик. Бу ерда 70 ёшдаги Муҳаммад Аҳмедов ўзини сайрамлик эканини маълум қилди.

“Машъал” маҳалласида шу жойдаги машҳур деҳқон хўжалигининг раҳбари Қудрат Элмуродов билан танишдик. У йирик фермер хўжалиги раҳбари, қишлоқ учун масжид биносини қуриб, фойдаланишга топшириш арафасида экан.

Бизга Ифтихор шайх қабри ҳақида хабар берган, Пастдарғом туманида истиқомат қилувчи тадқиқотчи Акмалжон Ҳамроев ҳам ўзининг Яссавий авлодидан эканини, Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳар Ҳуштождан тарқалганини маълум қилди. 

Иброҳим ота қишлоғига ташрифимиз унутилмас таассуротларга бой бўлди. Қишлоқ фаоллари Искандар Бўриев, Жумабой Кенжаев, Файзи Тошпўлатовлар билан мулоқотда бўлдик.

ФАЙЗИ ТОШПЎЛАТОВНИНГ ТУҲФАСИ

Фахрий устоз, ихтисослиги бўйича биология фани ўқитувчиси Файзи Тошпўлатов Иброҳим ота қишлоғининг тарихи ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, у бизга ўзи ёзган “Кўнгил кечинмалари” китобини совға қилди.

Файзи Тошпўлатов Нуробод туманининг Иброҳим ота қишлоғида истиқомат қилади. Шу қишлоқ мактабида узоқ йиллар муаллимлик қилиб, ўқувчиларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланган. Айни пайтда нафақада. Бемалол дам оладиган, фарзандларнинг, набираларнинг ардоғида бўладиган пайти. Аммо у бекорчиликни ёқтирмайди. Ҳамиша жонажон қишлоғининг дилкаш кишиларини ўйлайди. Улар ҳақида қалам тебратишга, тарихий мавзулардаги қатор муаммоларни ойдинлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, “Иброҳим ота зарчашмаси” ва “Мактаб ҳақидаги хотираларим” номли китоблари чоп этилган. У навбатдаги китобини “Кўнгил кечинмалари” деб номлабди. Бизга тақдим этган китобини ўқисангиз, муаллиф кўнглидаги кечинмалар билан яқиндан танишасиз. 

ҚАДИМИЙ РИВОЯТ ВА МУҚАДДАС МАСКАНЛАР

Файзи Тошпўлатов: – Иброҳим ота қишлоғининг тарихи илк бор “Ўзбекистон Энциклопедияси”да ҳам ёритилган. Уни машҳур олим Саримсоқов ёзган. Ўзбекистонда Иброҳим ота тарихи билан боғлиқ иккита жой бор. Биринчиси Тошкент шаҳридаги Иброҳим отанинг рамзий қабристони.

Иккинчиси – мана шу қишлоқ. Бу тарихни биз бобокалонларимиздан эшитганмиз. Иброҳим ота қишлоққа келганларида икки туп тут эккан эканлар. Биттаси кейинчалик кесилган. Ёшлигимиздаги манзара ҳозиргидек эмас, бошқача эди. Бу жой азиз авлиёлар маскани, муқаддас қадамжо, шунинг учун давлат муҳофазасига олинган. Тепаликнинг қабристон бўлганига тахминан, 280 йилча бўлди. Илгарилари қишлоқ аҳли кўчиб яшаган. Иброҳим ота ҳам табиб бўлган, одамларни гиёҳлар билан даволаган. 

Тадқиқотчи, ўқитувчи Акмалжон Ҳамроев: – Бу ерда яшаган хўжалар Сайрамдан кўчиб келишган, дейишади. Маълумки, илгари замонларда халқ ўт-ўлан яхши ўсган жойга кўчиб юрган. Хўжалар қавми ҳам бирмунча фурсат ўтгач, ичкарига, хавфсизроқ жойга кўчиб кетганлар. 

Иброҳим Азимов: – Иброҳим отанинг оқ туяси бўлган экан. Ривоят қилишларича, у кўч-кўрони, оиласи билан бирга оқ туяда Сайрамдан Тошкентга етиб келиб, Олмазор туманида қўнган, дейишади. Зеро, шу жойда Иброҳим отанинг рамзий қабристони ҳам бор. Бир куни у гиёҳ тергани чиқади ва қавмига “Тайёргарлик кўринглар” деб айтибди. Шу тариқа улар бир неча кун йўл юришибди. Оқ туя ҳеч чўкмасмиш. Ниҳоят, улар Самарқандгача етиб келишади. Намоз ўқиб туясининг олдига борса, у яна туриб кетибди. Бундай ҳолда туя чўккан ҳисобланмас экан. Улар йўлда юришда давом этибдилар...

Иброҳим отанинг оқ туяси шу манзилга келганида, ниҳоят, туяси чўккан экан. У аввалига ҳайрон бўлади. Сўнг намоз ўқишга шайланишади. Намозни ўқиб қайтиб борса, туяси турмабди. “Тақдир бизга шу ерни буюрган экан”, деб шу ерда муқим яшашни бошлаган.

МАЪНАВИЙ МЕРОСИМИЗГА ЭҲТИРОМ

Иброҳим ота қишлоғининг яқинидан Буюк Ипак йўли ўтган, карвонлар қатнаган. Жангларда аҳоли тоғ бағрига яшириниб, жон сақлаган. Маҳаллий аҳолилар машъала ёқиб, белгилар беришар экан. 

Иброҳим ота “Насибам шу ерда экан” деб қавмига буюради. Чодирлар тикилади. Лекин қараса, йўлнинг усти. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида мол-мулк, бола-чақасини бошқа жойга ошириб юборади. Тоғ ичкарисида Ойша деган жой ҳам бор. У хотин-қизлар ва оиласини Бешбармоқ деган қишлоққа жўнатади. Ўша вақтда Иброҳим отанинг тоби қочиб қолади. Гиёҳларни тўплаб, қайтиб кетиш тараддудига тушади... 

Қишлоқ тарихи шу жойдаги булоқ атрофида ўсган икки туп тут дарахти тарихи билан боғланган. Бу икки тут Балх шаҳридан келтирилган дарахтлардир. ХI-ХII асрларда бу жойда яширин қалъа бўлган, дейишади...

Шу яқин атрофда “Қочқир булоқ” деган жой ҳам бор экан. Унинг тарихи қуйидагича...

Иброҳим ота аравасида доим 40 қулоқли қозон олиб юрар экан. Бир куни қозоннинг бир қулоғи учиб кетади. Шу ердан сув сизиб чиққан экан. “Қочқир булоқ” деган ном ўша воқеадан кейин пайдо бўлган, дейишади...

Ташрифимиз поёнида жадидчилик ҳаракатининг йирик арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Самарқанд шаҳридаги уй-музейига ташриф буюриб, алломанинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ тарихий ҳужжатлар ва экспонатлар билан танишдик.

Шуниси эътиборга лойиқки, жорий йилнинг 18 январида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 150 йиллик юбилейига бағишланган Республика илмий-амалий анжуман ўтган эди. Унда қатнашган ҳамшаҳримиз, академик Камолжон Шодиметов ва меҳнат фахрийси Зарифбой Ҳавазматовлар маъруза билан чиқиб, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам Хожа Аҳмад Яссавий бобомизнинг авлоди ва унинг издоши эканини Сайрамда топилган шажара орқали асослашган. Ушбу тадбирга Камолжон Шодиметов тақдим этган “Туркистон жадидчилиги ҳаракатининг асосий ғояси ва мақсади” номли мақола конференция тўпламидан биринчилар қаторидан жой олибди. Уй-музейи директори Гулмуҳаммад Аҳмедов нашрдан чиққан тўпламни К. Шодиметов ва З. Ҳавазматовларга совға қилди.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Самарқанд вилояти, Қумариқ қишлоғи қабристонидаги Ифтихор шайхнинг муқаддас манзили, Иброҳим ота қишлоғи ҳамда Хожа Аҳмад Яссавий номи билан аталадиган қадамжолар нафақат тарихий, балки юритимизнинг маънавий қиёфасини белгилаб берувчи табаррук масканлардир. 

 

 

“Яссавий изидан” тарихий-ўлкашунослик экспедицияси аъзолари: Камолжон ШОДИМЕТОВ, академик, Зарифбой ҲАВАЗМАТОВ, меҳнат фахрийси, Равшанбек ТЕШАБОЕВ, табиб, Зокиржон МЎМИНЖОНОВ, “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси мухбири. Шимкент – Самарқанд – Шимкент., 2025-07-11, 20:09 70
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.