26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ёрил, ёрилтош, мен укамни бир кўрайин...

ҚР Парламент Сенати депутати Алишер Сотволдиев ҚР Ҳукуматига “Tik Tok”даги “миллий қадриятларга зид” лавҳа ҳақида шикоят қилиш имкониятини яратишни таклиф қилди. Бугунги кунда 13-24 ёш оралиғидаги ёшларнинг 75 фоизи ушбу платформадан фойдаланиши, ундаги салбий йўналишдаги лавҳалар ўсмирлар ва болалар онггига салбий таъсир кўрсатилишини таъкидлади.

Агар шикоят қилиш имконияти бўлмаса, Қозоғистонда ушбу ижтимоий тармоқ муҳосара қилиниши керак. Россия ва Ўзбекистон каби қўшни давлатлар ўз ҳудудидаги тармоқни бутунлай муҳосара қилишга муваффақ бўлишди. Ушбу чора-тадбирлар руҳий таназзулга учраган ёшлар сонининг кескин ўсиши билан бевосита боғлиқдир. Бир-бирига нафрат билан қарайдиган, бошқаларни ҳақорат қиладиган ва ҳис-туйғуларини жиловлай олмайдиган ёшлар сони кўпайди, – деб ҳисоблайди депутат.

Мухтабар Абдуғаниева,  муаллима:

– Мен ҳам онда-сонда “Tik Tok”ка кириб тураман. Унда фақат ёмон эмас, фойдали, масалан, хотин-қизлар учун янгича таомлар тайёрлаш, саломатлик тўғрисида маслаҳатлар, гўзаллик сирларини ўргатувчи лавҳалар ҳам бор.

Икки ёшли неварам ҳам кўради. 

Ўғлим ҳайдовчи бўлиб ишлайди, йўлда юрса ҳам тик-токни кўриб улгуради.

Қариндош-уруғлар йиғилганда ҳам тик-токдагиларни гаплашамиз. Дийдор ғанимат-ку, кўз-кўзга тушса меҳр-оқибат кучаяди, деймиз. Амалда эса акси. 

Бугунги кунда ана шу каби ижтимоий тармоқлар кўпчиликнинг, айниқса, ёшлигидан илм-маърифат олиб, саводхонлигини ошириш йўлида тинимсиз изланадиган ёшларнинг қиммат вақтларини ўғирлаяпти, хаёлларини бузяпти, онггини заҳарлаяпти. Ёш оилаларда келишмовчиликлар юзага келяпти. Чунки, уйда ўтирган аёллар тик-токда турли руҳшуносларнинг курсларига ёзилиб, оилада аёл кишининг ўрни, қадри ҳақида ноодатий фикрларни эшитиб олиб, оилавий қадриятлар ва эр-хотин ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамлигини сақлаб қолувчи тушунчалардан йироқлашиш оқибатида оилаларда уруш-жанжаллар кўпайяпти. Шу сабабли оиламиз, фарзандларимизга етарли вақт ажратмаяпмиз, улар билан суҳбатлашмаймиз, юрган, ўтирган жойимизда, ҳатто таомланаётган вақтда ҳам қўлимиздан телефон тушмайди. Бундай муҳитда вояга етган ёш авлоддан нима кутишимиз мумкин?!  Афсуски, бу яхшиликка олиб келмайди. Шахсан ўзим чеклов қўйиш керак, деб ўйлайман.     

Собиржон МАМАДАЛИЕВ, икки фарзанднинг отаси:

– Илгари одамлар китобдан ёки телевизордан кўрганини гапирардилар, ҳозир “тик-ток”дан сўзлашишади. Бугунги кунда нафақат ёшлар, балки айрим катталар ҳам ижтимоий тармоқларга қарам бўлиб боришмоқда. Қаерда кўрмайлик, жамоат жойларда, транспортларда кўпчиликнинг қўлида телефон, яна овозларини баландлатиб, турли лавҳалар кўриб ўтиришади. Агар биров қўнғироқ қилиб қолса, бемалол баланд овозда гаплашишади. Илгари бува-бувиларимиз бизнинг болалигимиздан меҳнатга ўргатишарди, дастурхон бошида гаплашиб ўтирардик, тарбия тариқасида турли ибратли воқеаларни айтиб беришарди. Ҳозир эса катталар ўзлари дастурхонда телефон билан ўтиради, мактабдан, боғчадан келган фарзандлари ёки набиралари билан гаплашиш бу ёқда турсин, ишдан чарчаб келдим, дам оламан, деб хонасига кириб кетади. Уларни кўриб вояга етаётган болалар қаёққа боради? Албатта, қуш уясида кўрганини қилади.

Янгиликларда кўриб қолдим, Туркистон вилоятида балоғат ёшига етмаган бола ота-онаси телефонини олиб қўйгани учун ўзини кўприкдан ташлаб юбормоқчи бўлган. 

Яна бир туманда ёш оилада – аёл тик-токка видео жойлагани учун, эридан гап эшитиб, иккисининг орасида катта жанжал бошланган, сўнгги куёвини ўлдириш билан тугабди. Нима бўляпти одамларга?!

Одамлар орасида, эр-хотин ўртасида, ота-она билан фарзандлар ўртасида, жигарлар ўртасида меҳр-оқибат йўқолмоқда, ўзаро суҳбатлашиш, бир-бирини тинглай олиш  каби қобилиятдан мосуво бўлмоқдамиз. Бир-бирини ҳурмат қилиш, қизлар одоби, маданият ва маърифатдан, оилавий қадриятлар каби муқаддас фазилатлардан йироқлашяпмиз. Буларнинг барчаси ушбу телефон, интернет туфайли, деб айта оламан. Депутатнинг таклифини қўллаб-қувватлайман.

Сарвиноз АБДУРАИМОВА, талаба:

– Депутатнинг фикрига қўшиламан. Аммо, ҳозир рақамли саводхонликка эга ва ижтимоий тармоқлар ҳамда турли онлайн платформалардан фаол фойдалана оладиган авлод вояга етмоқда.

Улар ўз видеолавҳаларини яратадилар, турли челенжларда (хайрия, саводхонликни ошириш каби) иштирок этадилар ва бошқа фойдаланувчиларнинг контентини кузатадилар. Тик-ток ҳозирги кунда кўплаб ёшлар учун маданият, мулоқот ва даромаднинг муҳим қисмига айланди.

 

Мақолани тайёрлаш давомида депутат Алишер Сотволдиевнинг саволига Ҳукуматдан жавоб ҳам олинибди.

Унда, қонунга зид контентни аниқлаш бўйича доимий мониторинг юритилиб, натижада аниқ чоралар кўрилгани ҳақида айтилган. Масалан, ўтган йили 44 630та материал болаларнинг саломатлиги ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ахборот сифатида қайд этилиб, платформадан олиб ташланди. Шунингдек, яқин кунларда тик-ток ҳамда “Мета” компанияси вакиллари билан онлайн учрашув ўтказиш режаланган ва унда айрим ижтимоий тармоқларга қўйиладиган янги талаблар муҳокама қилинишини айтган. Сенатор тик-токнинг сўзларинигина қозоқчага ўгириб, муаммони ҳал қилиш бефойдалилигини таъкидлади. Шу сабабли, мониторинг давомида миллий манфаатни биринчи ўринга қўйиб, қозоқ тилли контентларни такомиллаштириш ҳамда бу ишда сунъий заковатдан фойдаланиш масаласига аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади. 

Дарҳақиқат, «Тик-ток» ижтимоий тармоғидан фойдаланувчилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда, улар орасида минглаб бошланғич синф ўқувчилари ҳамда ўсмирлар ҳам бор. Агар ҳозирдан бундай ижтимоий тармоқларга чеклов қўйилмаса, келажакни ёшларга ишониб топшириш хавфли бўлади.

 

P.S. «Тик-ток»нинг хавфи шундаки, ота-оналар фарзандининг унда нималарни томоша қилаётганини кузата олмайди. Видеоларнинг кўплиги шунчаки, улар орасида зарурини топиш осон эмас. 

Иккинчи хавф шундаки, болалар кўп ҳолларда катталарга мўлжалланган контентга дуч келиши мумкин.

Учинчи хавф – «Тик-ток»да сиз барча видеоларни телефонингизда сақлашингиз мумкин. Бу шуни англатадики, кейинчалик лавҳаларни интернетдан олиб ташлаш имконияти деярли бўлмайди. Фарзандингизнинг бегуноҳ «ҳазиллари» эса ижтимоий тармоқлар уммонида абадий сузиб юради.

Тўртинчи ва энг жиддий хавф шундаки, тик-токда янги дўстлар ўрнига  босқинчилар билан учрашиши мумкин. Ижтимоий тармоқдаги болалар педофиллар, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга чақираётган одамлар таъсирига тушиб қолгани ҳақида мисоллар беҳисоб. "Ёрилтош" эртагидаги каби, эзгулик ёмонлик устидан тантана қилиши керак.

Малика ЭЛТОЕВА, 2024-04-15, 22:22 294
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.