26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тинч ва осойишта замон қаҳрамонлари

Бугунги кунда мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган барча ички ва ташқи хатарлардан ўз вақтида огоҳ бўлиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ватанпарварлик бу  юртимизда  ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, жамиятдаги бунёдкорлик муҳити, биз барпо этаётган фаровон ва осуда ҳаётни асраш демакдир.

2019 йил 24 июнь соат 9.20да Арис шаҳрида Қозоғистоннинг мустақиллик йиллари  тарихида юз бермаган фавқулодда вазият – Арис шаҳридаги ҳарбий гарнизондаги ўқ-дори омборида кучли портлаш юз берди.  Бутун мамлакат оёққа турди. Ушбу фавқулодда вазият орамизда довюрак, ватанпарвар, шижоатли ёшларни яна бир бор синовдан ўтказди. 

Давлат хизматчиларини бежиз ҳарбийларга тенглаштирмайдилар. Улар халқ осойишталиги  ва фаровонлиги учун ҳар қандай хатарнинг олдинги сафида туради, энг оғир юк зиммасига тушади. 

Бугунги суҳбатдошим – Арис шаҳрида юз берган ФВ чоғида  барча ҳамкасблари каби ҳаётини хавф остига қўйиб, киндик қони томган ватанини кўз қорачиғидек асрашда бор билим ва тажрибаси билан синовдан ўтган  Арис шаҳар  меъморчилик ва шаҳарсозлик бўлими бошлиғи  Нурғиса Ережепули Жанбатир.

– Нурғиса Ережепули,  айнан ушбу фожиа юз берган вақтида қаерда эдингиз?.

– Душанба куни эди. Ҳокимликда девон йиғилишида ўтирган эдик. Телефонга хабар келди. Арис шаҳри ҳокими Мурат Бўлатули ўрнидан сапчиб туриб, бетоқатланиб, телефонда ким биландир гаплашди. Шу пайт кучли портлаш зарбидан деразалар синиб кетди. Ҳамма тез бинодан чиқди. Арисдан чиқиб кетинглар,  деган сигнал берилди. Бундай пайтда миянгизга биринчи навбатда оила келаркан. Болаларим шу куни боғчага боришмаган эди.  Уйга телефон қилиб, аёлимга тайёр бўлинглар, ҳарбий база портлаяпти, дедим. Кўп қаватли уйда яшайман, ҳамма шошиб қолган, турли томонга қараб қоча бошлашди. Менинг бир ёшли эгизакларим ҳам бор. Машинанинг олди ўриндиғида аёлим болалар билан, орқада эса 11 одамни сиғдирдим. Қўшнилар олиб кет, деб йиғлаб туришибди.  Улови борлар уловда, йўқлар пиёда Шимкент томонга қочишарди.  Йўлларга машина сиғмайди. Уларни шаҳарга ташлаб,  тезда қайтдим. Атрофимизда снарядлар  портлаяпти. Бир соат ичида  Арис таниб бўлмас даражада  хароба шаҳарга айланиб қолди. Мен соат 12да ФВ машинасида  ишхонага қайтиб, биринчи навбатда деворда осиғлик турган шаҳарнинг бош режаси ва планшетларни олиб чиқдим. Отам телефон қилиб, қаердасан, деб сўради, “мен ишдаман”, дедим. Отам “Тўғри, сен ишда бўлишинг керак, фақат эҳтиёт бўл, болам”, деб,  далда берди. Шу куни тунда ҳарбий қисм томон қип-қизил бўлиб, яна кучли портлаш бўлиши айтилди.  Биз шаҳарнинг Nur Otan партияси биносида эдик. Бизга  шаҳардан чиқиб кетиш буюрилди. Шу пайтда кучли портлаш бўлса, Шимкент ҳам яксон бўлиб кетаркан, деган миш-мишлар тарқалди, кўп одам Шимкентдан ҳам кўчиб кетганини биласиз. 

– Эвакуация масаласи қандай амалга оширилди? Аҳоли қачон кириб келди?

– Шу кундаги талатўпларни сўз билан тарифлаш жуда оғир. 24 июнь куни соат 11гача аҳоли батамом шаҳардан чиқарилди. Фавқулодда вазият туфайли вилоят ҳокими Ўмирзақ Шўкеев ташаббуси билан тезкор штаб Ўрдабоши  туманида тузилди.  Арисда фақат ҳокимлик, ФВ  ходимлари  ва ҳарбийлар қолишди, улар снаряд қолдиқларини териш билан шуғулланишди. Хавф-хатар остида  иш бошланди. Шу куни соат 15.00лар чамасида яна қаттиқ портлашда жуда кўп жойлар ер билан яксон бўлди.  Вилоят ҳокими Ўмирзақ Шўкеев, Арис шаҳри ҳокими Мурат Қадирбек, вилоят ҳокими ўринбосари Қўсманғали Айтмухамбетов, вилоят қурилиш бошқармаси раҳбари Тўхтар Усипалиев ва мен штабга йиғилдик. Мен шаҳарнинг бош режасини олиб бордим. Шу ерда вилоят ҳокими  шаҳарни 17 секторга ажратишни таклиф қилди. Менга “қани, қандай ишлаймиз, қоғозга чиз”, деди. Рангли маркер билан Арисни 17та секторга бўлиб, чизиб  бердим.   Эрталаб, компьютер билан чизилган  нухсасини олиб бордим.  Бош режа харитаси бўйича  Қозоғистондаги 14 вилоят ва 3та шаҳарга бўлинди.  1-сектор  Атиров, иккинчи шўъба Павлодар вилояти, дея шаҳар 17 секторга бўлинди.  Мен ўзим 5-секторда ишладим.  Ҳар куни вилоят ҳокими ёнида бўлдик.  Шунингдек,  шаҳримизга илк бор келаётган ҳамюртлар билан биргаликда ишлаш учун вилоят, туман, шаҳарлар ҳам биттадан вилоятга бириктирилди. Штабда куну тун  иш тўхтамади. Ҳар бир сектор ўз харитасини чизиб тайёрлади. Тунда  Президент келди, аҳвол билан танишиб кетди. Биз яна вилоят ҳокими Ўмирзақ Естайули билан штабда йиғилдик.  Эртасига вилоятлар  озиқ-овқат, қурилиш маҳсулотлари, зарур анжомлар билан ёрдамга кела бошлади. Улар ўз штабларини очиб,  иш бошлашди.  Иш юритиш тартиби ушбу секторларга боғлиқ бўлди. Ҳокимликнинг  ходимлари, кўнгиллилар ҳам  ҳар секторларга  бириктирилди. 26 июнь куни аҳоли Арисга қайта бошлади. Уларга биринчи навбатда озиқ-овқат тарқатилиб, уйларнинг аҳволи баҳоланиб, ҳужжатлар тўплаш ишлари  бошланди. Ҳар куни штаб мажлисида кундалик иш режасини муҳокама қиламиз. Арисга Астанадан турли соҳа  вазирлари келиб-кетишарди. Бош вазир Асқар Мамин ҳар ҳафтада келиб, вазиятни назорат қилиб кетарди. Тез ва соз, тизимли иш режаси билан амалга оширилган ишлар нафақат мени, шу ерда Арис учун, арисликлар учун жон куйдириб ишлаётган ҳар бир қозоғистонликни  чархлади, десам муболаға бўлмайди. Шахсан ўзим атрофимда туну кун бирга бўлган вазирлик, ҳокимлик, бошқа вилоятдан келган мутахассислардан кўп нарса ўргандим. Бирма-бир исмини айтмай қўяқолай, ишбилармон, тажрибали инсонлар билан бирга меҳнат қилиб, уларнинг камтарона  инсоний фазилатларини кўриб,  лол қолдим. 

– Нурғиса Ережепули, Арисда қад ростлаган 100та янги уй ҳақида фикр билдирсангиз.

– Қозоғистонлик  миллиардер Бўлат Утемуратов  ташаббуси билан  Ариснинг кичик туманида, янги 100та уй қуриладиган бўлди. Аслида ушбу кичик туманда масжид  қурилишига ЛСҲ тайёрланган эди.  Бевосита менинг ташаббусим билан бош режага ўзгартириш киритилиб, янги  “Баламекен” аҳоли манзили  қуриладиган бўлди ва унинг қозиғини қоқдик. Эл оғзида шундай номланиб кетди, аммо ономастик номи ҳозирча йўқ. Бу уйлар шаҳардаги кам таъминланган, бошпанаси йўқ, ҳарбий қисмга яқин жойдаги барак уйларда яшаган аҳоли учун бепул бериладиган бўлди. Уларнинг пудратчи компанияси билан тиғиз ишладик. Ушбу янги биноларнинг қад кўтаришида вилоят  уй-жой коммунал хўжалиги раҳбари Игорь Алексеевич ва Арис шаҳар уй-жой коммунал хўжалиги ходимларининг фидойи меҳнатини таъкидлаб ўтиш жоиз. Чунки улар ушбу кичик туманга инфратузилма тизимларини тортишда жонбозлик кўрсатишди. Келажакда биз ушбу кичик туманда панель усулида кўп қаватли уйлар қурилишини режалаштирганмиз.  

–“Ҳар бир синовнинг орти хайрли”, деган нақл бор. Халқимиз тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш нақадар муҳим эканлигига  амин бўлди.  Янги Арис  бугунги кунда қандай нафас олмоқда?

– Ҳамюртларимизнинг юрт равнақи, тинчлиги йўлидаги хайрли саъй-ҳаракатлари, киндик қони тўкилган тупроғининг ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғидек  асраб-авайлиши, ватанпарварлик тушунчасини чуқур англаб етиши асосий омиллардан бири бўлди. Бугунги кунда арисликлар бошидан кечирган мудҳиш  портлашлардан катта сабоқ олди. Ана шу фавқулодда вазиятда қабул қилинган қарорлар, иш режалари, секторлар билан ишлаш тизими пандемия пайтида ҳам жуда асқотди. Ҳар бир секторга бириктирилган  бўлим раҳбарлари, ходимларига  аҳоли билан ҳамжиҳатликда ишлаш, карантин талабларига риоя қилиш, турли тадбирлар, шанбаликлар уюштириш жуда осон кечмоқда. Чунончи, 500та уй батамом бузилди ва 470таси янгидан қурилди. Айниқса, Нур-Султан, Атиров шаҳарларига бириктирилган секторларда  аҳоли тиғиз жойлашганлиги сабабли уй ҳужжатларини расмийлаштиришда кўламдор ишлар амалга оширилди. Ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳам сектор хариталарининг фойдаси катта бўлди. Қолаверса, барча арисликларнинг уй ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилди.  Сўнг  рақамлаштириш бошқармаси  бизга “смартгеохап” тизими асосида Арис шаҳрининг беш метр баландликдан кузатиш имконига эга фотохарита 

тайёрлаб берди. 1-харита 24 июнь кунги хароба Арис, иккинчиси 19 ноябрь янги ва гўзал Арис кўринишини суратга олган. Биз ҳозир шаҳарнинг қаерида нима бўлаётганини компьютер орқали кузатиш имконига эга бўлдик. Қолаверса, фавқулодда вазият бизни обдон чархлади, пойтахтдаги барча юксак лавозимдаги амалдорлар билан яқиндан мулоқотда бўлдик. Катталарнинг ақл-заковати, ёшларнинг шижоати билан ҳамжиҳатликда ишладик. Улардаги хушмуомалалик, камтарлик, довюраклик, пухталик каби фазилатлари менга жуда ёқди, кўп нарса ўргандим, тажрибам ортди. Шунингдек, вилоят ҳокими Ўмирзақ Шўкеевнинг шахсан ўзи ва унинг жамоасидаги барча даражадаги давлат хизматчиларидан миннатдормиз. Ўмирзақ Естайули аҳвол бир маромга тушиб, Арис эркин нафас олгунига қадар туну кун биз билан бирга бўлди.

– Тинч ва осойишта замонда юз берган портлаш барчамизни хавотирга солгани рост. Ҳозир ҳам аҳолида ана шу ҳадиклар борми?

– Хавотир хоҳланг-хоҳламанг,  бўлади. Ҳозирги кунда Мудофаа вазирлиги томонидан  шаҳардан 80 чақирим жой портлаш ҳудуди деб белгиланган. Унинг овози аҳён-аҳёнда эшитилиб туради. Дунёнинг турли нуқталарида тинчлик ва осойишталикка таҳдид ва хатарлар юз бериб турибди. Ана шундай хавфларга муносиб қарши тура олиш  учун инсонда чинакам ватанпарварлик, юксак билим ва тафаккур, метин ирода бўлиши керак, деб ўйлайман.  Ариснинг бошига тушган кулфатда қўлни-қўлга бериб меҳнат қилган  жамики ҳамюртларимиз қалбида муқаддас тупроғимизга садоқат туйғулари кучайди, десам, муболаға бўлмас. 

Дарҳақиқат,  давлатимизда халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, сарҳадлар дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мустақилликнинг энг олий мақсади ҳам инсон капиталини асраб-авайлаш. Арис фожиаси бизга катта мактаб бўлди, ундан жуда катта сабоқ олдик. Ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек муқаддас ва масъулиятли ишга бағишлаган ва буни  фавқулодда вазиятда исботлаган касбига фидойи  Нурғиса Жанбатир каби ёшларимиз бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу мавзу юзасидан Жетисай тумани ҳокими (собиқ Арис шаҳри ҳокими) Мурат Қадирбек Бўлатули билан ҳам суҳбатлашдик.

– Мурат Бўлатули,  сиз Арисда ҳоким вақтингизда  ҳарбий гарнизонда фавқулодда вазият юз берди. Шу кунги воқеаларни эслаш оғир бўлса-да, бугун шаҳарнинг қайта тикланишида қатнашган ҳар бир ҳамюртимизни элимиз қаҳрамонлари дея, ёдга олайлик.

– Дарҳақиқат, бу кунни қайта эслаш юракларни оғритади. 2019 йилнинг 24 июнь ҳафтанинг биринчи иш куни кичик мажлислар залида девон йиғилиши ўтаётган эди. 9дан 4-5 дақиқа ўтганда қўл телефонимга гарнизонда ёнғин, деган хабар келди. Ҳарбий гарнизон бошлиғига қўнғироқ қилдим, у “бизда ёнғин бошланди, аҳолини эваукациялашни бошлайверинглар”, деди. Мен зудлик билан вилоят ҳокими Ўмирзақ Естайулига хабар бериб, аҳолини эвакуациялаш зарурлигини айтдим. У киши селектор йиғилишида ўтирган барча туман ҳокимларига вазиятни айтиб, ўт ўчириш машиналари, “тез ёрдам” машиналари, жамоат транспортларини Арисга жўнатишни топширди. Мен шу заҳоти фавқулодда вазият бўлими бошлиғига “тревога” берилсин, дедим. Биз  тасдиқланган алгоритм бўйича шаҳардаги барча таксопарклар билан боғланиб, болалар боғчаларидаги болаларни эвакуация қилишни топширдик. Бу орада ярим соат вақт ўтди, аҳолини шаҳардаги мавжуд техникалар билан чиқариш бошланди. Унгача Ўрдабоши ва Ўтрор туманларидан техникалар етиб келди. Боғчадаги болаларнинг ярми Қазиғуртга, ярми Шардарага, ярми Шимкентга олиб кетилди. Бундан ташқари, касалхоналардаги жонлантириш бўлимидаги беморлар “тез ёрдам” билан,  уйда ёлғиз қолган қариялар, ногиронларга машина топиб олиб чиқиб кетиш буюрилди. Шаҳардаги сув, газ, электр энергияси ўчирилди. Ўрдабоши туманида тезкор штаб қурилди, чунки шаҳарда бунинг имкони бўлмади. Штабда иш юритиш режаси муҳокама қилинди. Шаҳар меъмори Нурғиса Жанбатир бош режани олиб келди. Шаҳарда 8200та уй бўлса, унинг 7500 яроқсиз ҳолга келган эди. Аҳолини зудлик билан уйларига киритиш учун вилоят қурилиш соҳасининг ҳам, бюджетнинг ҳам қурби етмаслиги аниқ эди. "Энг маъқул йўл – Тошкент зилзиласидан кейинги тиклаш усулини қўллаш", деди Ўмирзақ Естайули. “Совет Иттифоқи даврида Тошкентни тиклашда барча республикалар иштирок этган. Биз ҳам шу йўлни тутамиз”, деди у. Шундай қилиб, масъул соҳа вакиллари ёрдамида шаҳар 17та секторга  бўлинди ва вилоятларга бириктирилди.   Маҳаллий туман, шаҳар ҳокимликлари вакиллари халқ билан ишлаш учун уларга бириктирилди. Кўз олдингизга келтиринг, икки кун давомида снарядлар учиб, портлашлар юз бериб турибди. Шаҳарда қолган ҳар биримизнинг жонимиз омонат эди. Бу ерда бизнинг ютуғимиз – тўғри қарор қабул қилингани ва тизимли иш юритиш чизмаси қўл келди. Биринчи навбатда аҳоли шаҳардан олиб чиқиб кетилди, иккинчидан, шаҳардаги ёнғинларни ўчириш, шаҳарни тозалаш, уйларни қайта тиклашга киришилди. Уч кун миллий гвардия аскарлари Арисни тозалади. Тасаввур қилинг, шаҳардан 27та КамАз снаряд қолдиқлари олиб чиқилди. Бу Ариснинг ҳар бир одамига 400тадан снаряд тўғри келади, дегани.  Шу вақтда жамиятда давлат хизматчилари тўғрисида нотўғри фикрлар шаклланди. Мен ишонч билан айтардимки, энг оғир юк биринчи навбатда давлат хизматчилари елкасига тушди, айнан снарядлар учиб, ён-атрофда портлашлар, ёнғинлар бўлиб турган майдонда фақат ҳарбийлар ва давлат хизматчилари бир қадам ортга чекинмай, хизмат қилдилар.

– Бугун биз ишонч билан ана шу фавқулодда вазият чоғида жон куйдириб, сидиқидилдан меҳнат қилганларни қаҳрамонлар дея оламизми?

– Албатта. Арис воқеасида қатнашган ҳар бир каттаю кичик, миллатидан қатъий назар,  қаҳрамон, деб айта оламан. Чунончи, шаҳар уй-жой коммунал бўлимида ишлайдиган Қазибек исмли йигит ҳарбий гарнизондан 1,5 чақирим узоқликдаги автозаправканинг қулфини очиб, икки кун бўйи шаҳарда юрган техникаларни ёнилғи билан таъминлаб, ёнилғи тугагач, тунги 12ларда қайтди. Даҳшатли портлашларда шаҳарда ит билан мушук ҳам қолмаган бир вақтда унинг жасоратига тан бериш керак. Ўт ўчирувчилар орасидан ҳам довюраклари чиқди. Ёнаётган уйдан ёш болаларни олиб чиққан ўт ўчириш ҳизмати ходимлари  бўлди. Яна бир қурилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ғани аҳолини эвакуациялаш вақтида қайсидир кўчадаги бир уйнинг ёнаётганини кўради-да, ўт ўчирувчиларга хабар берайлик, анави уйни  ўчирсин, бўлмаса бошқа уйларга ўтиб кетади, дейди. Уй кимники экан, деб сўраганда, мени уйим, деб жавоб беради. Бола-чақанг қаерда, деган саволга, “билмадим, хабарлаша олмадим, Аллоҳ ўз паноҳида асрасин” дейди. Ана, мана шундайлар ҳақиқий қаҳрамон эмасми?.

– Фавқулодда вазиятнинг халққа яхши томони ҳам бўлди. Уйи йўқлар  уйли, уйининг ҳужжати йўқлар ҳужжатли бўлиб қолишди, шундайми?

– Албатта, қисқа муддатда 50 минг одамнинг маиший турмушдаги зарур ҳожатини чиқариш осон эмас. Қолаверса, 15 кунда уйларнинг инфратузилмаси, ҳужжатлари, гуманитар ёрдамни улаштириб бериш, моддий ёрдам, руҳий кўмак кўрсатиш каби кўламдор юмушларни биргаликда бажардик. Ахборот маркази тузилиб, боласи, онасини топмаётган арисликларга тезкор ёрдам уюштирилди. Бу борада ижтимоий тармоқларнинг ёрдами катта бўлди. Ҳали гапиролмайдиган болаларнинг ота-онаси ижтимоий тармоқ орқали топилди. 

Қолаверса, ушбу кутилмаган даҳшатли вазият барчамиз учун катта мактаб бўлди. Айниқса, зиммасига оғир юк тушган Ўмирзақ Естайулининг тажрибаси, билимдонлиги, жонкуярлиги, ҳақиқий ватанпарварлигига такрор ва такрор гувоҳ бўлдик. Юқори лавозимдаги кишилар билан бир қаторда қарорлар қабул қилиб, унинг ижросида барча қатори ҳиссамни қўшганимдан фаҳрланаман. Илойим, бундан кейин юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз хотиржам ҳаёт кечирсин.

Мухтабар УСМОНОВА. Собиржон ИСАМАТОВ тасвирлари, 2021-09-22, 02:46 389
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.