26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Одамийлик сабоқлари

“Одамнинг камоли фақат соғлик ва кучдан иборат бўлмай, балки жисмонан, ақлан ва ахлоқан юксалишдан иборат”, деган экан Абдурауф Фитрат. Бир неча асрлар муқаддам илм-фан равнақи йўлида заҳмат чекиб, ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратган устозларнинг ишларини бугунги кунда давом эттираётган заковатли инсонлар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Сайрам мавзесида фаолият юритаётган “Юксалиш Йўлбошчилар академияси”да 10-20 ёш оралиғидаги ўғил-қиз таълим олмоқда. Мактаб ўзбекистонлик халқаро тоифадаги бизнес-тренер, дипломат, “Юксалиш Йўлбошчилар академияси”нинг асосчиси, Жаҳон иқтисодиёт давлат университети ўқитувчиси Муҳаммадали Эшонқулов ташаббуси билан очилган. Академиянинг Сайрам филиалига Сардор Исаметов раҳбарлик қилмоқда. Ушбу масканда бошқа таълим даргоҳларида берилмайдиган дунёвий билимлар берилмоқда. Дарслар 12та дастур ва 30та мавзу асосида ўтилади.

Фарзандларимиз ушбу мактабда олий мақсад қўйиш, 100 йиллик режа тузиш, вақтдан унумли фойдаланиш, интизомни шакллантириш, илм олиш сирлари, хотира, тез ўқиш, қиёфа, кийиниш маданияти, эстетика, ижтимоий ахлоқ, дипломатик муносабатлар ва таомланиш одоби, этикет қоидалари, нотиқлик сирлари, йўлбошчилик қобилияти ҳамда сиёсий онгни шакллантириш, молиявий саводхонлик, тадбиркорлик сирлари, бизнес режа тузиш, маркетинг асослари ва СММ, сунъий заковат ва робот техникаси асосларини ўрганишмоқда. Билимга чанқоқ кўплаб ёшларни ортидан эргаштириб, руҳлантириб, уларнинг билим олишга муносабатини ўзгартирадиган Муҳаммадали Эшонқулов асос солган “Yuksalish Leaders Acadеmy” сайрамликлар учун бебаҳо таълим масканига айланди. Шунингдек, ушбу даргоҳда таҳсил олган фарзандларимизга Нодир Турсунбоев, Мирабухизр Мирқодиров, Муҳаббат Ботирхонова каби тажрибали устозлар билим беришмоқда. Улар яқинда Ўзбекистонда малака ошириб қайтишиб, билим бераётган ўқувчиларини Халқаро тоифадаги йўлбошчилар бўлиб етишишига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

МУҲАММАДАЛИ ЭШОНҚУЛОВ – САЙРАМГА ТАШРИФ БУЮРДИ

“Yuksalish Leaders Acadеmy” асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов Сайрам даҳаси филиали битирувчиларини муборакбод этиб, билимга чанқоқ ёшлар билан суҳбатлашиш мақсадида қадим ва муқаддас Сайрам диёрига ташриф буюрди.

Шимкент ўзбек драма театрида ўтган “Олиҳиммат ва ватанпарвар авлодни шакллантириш йўлида хизмат қиламиз” тадбирида академия ўқувчиларининг муаллифлик шеърлари, хотирани мустаҳкамлаш ўйини, қўшиқ ва саҳна кўринишлари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Сўнг ёш авлод келажагининг порлоқ бўлиши учун “Юксалиш Йўлбошчилар Академияси”га асос солган устоз Муҳаммадали Эшонқулов ушбу илмгоҳни муваффақиятли тамомлаган 17 нафар “илк қалдирғочлар”га сертификатлар топширди. Шунингдек, академия номидан устоз Муҳаммадали Эшонқулов ҳамда мазкур мактабни Сайрамда очиш ташаббуси билан чиққан академия директори Сардор Исаметовга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Дўстона учрашувнинг иккинчи қисмида Муҳаммадали Эшонқулов тадбир иштирокчилари билан мулоқотда бўлиб, саволларга жавоб берди. 

Биз ҳам фурсатни бой бермай, муҳтарам меҳмон билан суҳбат қуриб, саволларимизга жавоб олдик.

– Қадим Сайрам диёрига хуш келибсиз.

– Ташаккур. Менинг бу масканга илк ташрифим. Меҳмондўст, самимий дўстлардан мамнунман. Таассуротларим бир олам. Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланаверсин. Биз қадимдан бир дарахт илдизларидан униб чиққан элатлармиз. То қиёматгача дўстлигимиз абадий бўлсин.

– “Yuksalish Leaders Acadеmy”нинг мақсадига тўхталсак...

– Бугунги кунда оталар болалари билан суҳбат учун вақт ажратмай қўйган. Юксалишга келган болаларнинг 80 фоизи бизни ота-онамиз эшитмайди, эътибор қилишмайди, дейишади. Болалар ҳаққини адо этиш лозим. Ҳар ҳафтада болаларингизни истироҳат боғига олиб боринг. Маълум миқдорда пул беришга ўргатинг. Худо берган иқтидорни аниқлаб, тўғри йўналишга буриш ота-онанинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади. Масалага иккинчи томондан қараб, фарзандингиз билан яқин дўст бўлиш керак. Лекин биз биринчи қадамни улар ташлаши керак, деб ўйлаймиз. Аммо илк қадамни биз катталар ташлашимиз шарт. Бизнинг давримизда чироқ тез-тез ўчиб қоларди. Ота-онамиз, бувиларимиз, аммаларимиз, ака-укалар билан сандал атрофида, шам ёруғида пахта чигитлаб, соатлаб суҳбатлашардик. Улар навбат билан Алпомиш, Шоҳнома, Гўрўғлини ёддан айтиб берардилар. Ҳозирги авлодга нисбатан бизнинг савиямиз юқори. Биз уларга нисбатан тўғри ёзамиз. Икки нафар олим 80-йилларда “авлодлар тонги” мавзуида илмий тадқиқот олиб боришади. Уларнинг айтишича, ҳозир дунёда бешта авлод яшаркан. Урушдан кейин туғилганлар, 1964 йилдан 1980 йилгача туғилганлар Х авлод, 1980 йилдан 1996 йилгача туғилганлар Y авлод, 1996 йилдан бу йилгача туғилганлар Z авлод. Сўнггиси жуда самимий, хушчақчақ, қувноқ бўлади, лекин бир жойда ўтиролмайди. Бир жойда кўп ишлай олмайди, кўпроқ ойлик оладиган ишга осон ўтиб кетади. Мана шу авлодга тўғри таълим-тарбия бериш биз X ва Y авлод зиммасида.

Кам ҳаракат, кам харажат бўлишади, тезроқ касбий фаолиятини юксалтиришга, юқори натижаларга эришишга интилишади. Бу авлодни биз ўзимиз қўлимиз билан шакллантирдик. Z авлодга теккан касаллик бор. Биров келса, олдида ўтирмайди. “Юксалиш”ни очишдан асосий мақсадимиз шу авлодни ҳимоя қилиш. Ота-онага ёрдамчи, мактабга кўмакдош бўлиш, мактабда ололмаётган, ота-онаси вақт ажратиб беролмаётган илмлар ва кўникмаларни биз берайлик, деган мақсадда очдик ушбу академияни. Ҳаётда илм олиш учун 15 йилча вақтим кетди. Кўп устозлар билан ва кўп китоблар ўқиш эвазига ҳосил бўлди бу илм. Барча дўстларимга ҳам бундай устозлар насиб қилмади. Китоб ўқиш неъматидан баҳра ололмади, баъзиларининг умри Россияда ўтиб кетди. Биз шу камчиликларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида таҳсил олиш муддатини 3 ойлик курсга жамладик. Академияда музокара олиб бориш санъати, воизлик, қиёфа, таомланиш одоби, руҳшунослик, миллий қадриятлар, ота-оналар билан мулоқот, меҳмон кутиш, атир танлашгача ўргатамиз. Ўқувчиларга ҳар куни учта топшириқ берилади. Булар – спорт билан шуғулланиш, ота-онага яхши кўришини айтиш ва ҳар куни китоб ўқиш. Бола бир кунда камида ота-онага 10та яхшилик қилиши керак. Биз уларга интизомли бўлишни ўргатамиз, лоқайд бўлмаслик, оилага, жамиятга ҳеч қачон хиёнат қилмаслик зарурлигини уларнинг онгига сингдирамиз.

Бухоронинг Чорвақи деган ҳудудида ўша замоннинг Тархонийлар авлоди яшаган экан. Ана шу авлоддан мингта олим одамлар чиққан экан. Мен ҳам ўз олдимга мақсад қўйдим. Маматқулов ва Эшонқуловлар оиласидан жамиятга манфаати тегадиган мингта салоҳиятли одамлар етишиб чиқишига ҳаракат қиламан. Ўқитиш ва молиялаштиришни зиммамга олишни ният қилиб қўйдим.

 – Академия филиаллари яна қайси мамлакатларда очилган?

– Ҳозирги кунда 25та филиал очдик. Биттаси Қозоғистонда, биттаси Америкада, 23таси Ўзбекистонда. Сентябрь ойидан бошлаб яна бир нечта давлатда филиаллар очиш режамиз бор. Энг муваффақиятлиси Сайрамда. Чунки Сайрам билан баравар яна икки давлатда очишни режалаштиргандик. Маълум сабаблар билан бу режа амалга ошмади. Сайрамдаги академия мана бугун илк қалдриғочларини мустақил ҳаётга учирма қилди.

– Юқорида қайд этилган Z авлод, яъни бесабр ёшларни замон ўзгартирдими? 

– Замон ўзгармайди, одамлар ўзгаради. Охирги 10 йилда одамлар тубдан ўзгариб кетди. Сўнгги икки йил пандемиядан сўнг бутун юз йилликка татигулик ўзгаришлар бўлди. Бунинг сабаби нимада? Қўлимиздаги мана шу 200 граммли темир ичига кириб кетганимиз бунинг бош сабаби. 10 аввалги ҳолатларни эсга олинг. Меҳмонга бориш-келиш ёқарди. Дилдан суҳбатлашардик, меҳр-муҳаббат кўрсатардик, савоб олардик. Ҳозир-чи, олдимиздаги одам билан ишимиз йўқ, мана шу темир билан энг қимматли, ғанимат онларимизни ўтказиб юборяпмиз. Бу нима оқибатларга олиб келяпти? Инсон пандемиядан аввал, тахминан 4 соат вақтини гаджетга ажратарди, десак. Статистикага кўра, дунё бўйича одамлар 8 соат, Марказий Осиёда 6-7 соат телефонда ўтираркан. Ўзбекистонликлар ҳам тахминан 6 соатини телефонга тикилиб ўтказаркан. Агар мана шу 6 соатни бола тарбиясига ажратсангиз, болангиз оқил, билимдон, олим бўларди. Фарзанд тарбияси аслида икки калимадан иборат. Ҳар бир мусулмон ўзига савол берсин “ўз фарзандларимизга таълим-тарбия беряпмизми ёки йўқми?”

– Бугунги суҳбатингиз нафақат ёш авлод келажаги ҳақида, балки инсоният учун муҳим, деб ўйлайман.

– Тўғри. Бугунги суҳбатимиз нафақат, “Юксалиш Йўлбошчилар Академияси”да таҳсил оладиган ўғил-қизларга, балки жонли инсониятга бағишланади. Бир кунда 150 минг нафар инсон вафот этади. Хулоса сиздан. Бу катта бир туманнинг аҳолиси демакдир. Ҳаётда ҳар ким нимагадир интилади. Лекин ишни нимадан ва қачон бошлаш керак? Менимча, ишни бироз тўхтаб, тин олиб, ортга қарашдан бошлаш керак. Биз ўзгаларнинг яхшиликларини тез унутамиз, ёмонликларини узоқ вақт ёдда сақлаймиз. Шунинг аксини қила олган одамгина бахтли инсон бўлади. Биз рўзғор ташвиши, майда-чуйда югур-югурлар билан чалғиб, асосий масалаларни унутиб қўямиз, яъни, энг қадрли инсонларни ёмон кўриш даражасига етиб қоламиз. Шунинг учун ортга қарашимиз шарт. Сабаби, бугун сизнинг кўзингизга ёмон кўриниб қолган яқин инсонингиз, асабингизга тегаётган фарзандингиз қачонлардир сизнинг орзуингиз эди. Аллоҳ орзуларингизни ушалтирди, орадан вақтлар ўтди, ҳаммаси унутилди, ортда фақат нохуш хотиралар қолди. Неъматнинг қадри завол етганда билинади, дейди. Шунинг учун сиз бугун уйга бориб, эрингиз, фарзандингизни нима учун яхши кўришингизни, сизда ўзи нималар борлигини ёзинг. Биз фақат йўқотганларни ўйлайверамиз. Аслида, Аллоҳ бизга берган неъматдан иш бошлашимиз керак ва бунга шукр айтишимиз керак. Инсон аксарият ҳолларда тез унутувчан ва ношукр бўлади. Ҳаётда нимага лойиқ бўлсак, бизга ўша нарсаларгина берилган, холос. Кичик хатоларга ҳам эътибор беришимиз керак. Ҳиммат кўрсатиш учун ҳам интизом керак. Фарзандларимизнинг ҳар томонлама юксалиши учун энг зарур фазилатлар: Ватанга садоқат, тадбиркорлик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, янгича фикрлаш, меҳнатсеварлик болаликдан бошлаб босқичма-босқич ривожлантирилади. Вояга етган ўғил-қизларимиз мустақил ҳаётга ана шу фазилатлари билан кириб борадилар. Бу фазилатлар уларнинг ўзларини ҳам, халқимизни ҳам бахтли ва фаровон қилиши шубҳасиз.

Мухтабар УСМОНОВА, 2022-07-05, 04:38 84
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.