26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дўстлик ришталари ва ҳамжиҳатлик улуғланган байрам

Тантанани Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов очди. У давлат раҳбарлари – Қасим-Жўмарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёевнинг мунтазам мулоқотлари дўстона ва самарали мазмун-моҳиятга эга эканлигини, икки томонлама муносабатларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашаётганини, бу минтақавий барқарорликни янада мустаҳкамлашнинг, Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлиги салоҳиятини намоён этиш ҳамда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстона, яхши қўшничилик анъаналарини қўллаб-қувватлашнинг кафолатига айланганини таъкидлади.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган тадбирда Қозоғистон халқи Ассамблеяси раисининг ўринбосари Марат Азилханов, Шимкент шаҳри ҳокими ўринбосари Шинғис Муқан, ҚР Парламент Мажлиси депутати Фахриддин Қоратоев, Ўзбекистон делегацияси, “Ўзбек туризми”нинг 25 нафар ходими, таниқли санъаткорлар, ёзувчилар ва бошқалар иштирок этдилар. Уларнинг ўзбек этноси шаънига илиқ тилаклари, халққа хизмат қилишни шарафли бурч деб билган қатор таниқли инсонларга топширилган ташаккурномалари, “Жамоат фидойиси” медали ва самимий дил изҳорлари гулдурос қарсаклар билан қарши олинди. 

ҚХА раисининг ўринбосари М. Азилханов Ўзбекистондан келган меҳмонларга эсдалик совғаларини топшириб, икки қардош эл ўртасидаги маънавий, маданий, иқтисодий алоқалар қандай ривожланаётгани ҳақида гапириб берди.

– Қадимдан туғишган қозоқ ва ўзбек халқлари Туронни макон тутиб, қийинчиликни ҳам, қувончни ҳам бирга баҳам кўрди. Бизнинг тарихимиз ҳам, орзу-истакларимиз ҳам муштарак. Қардошлигимиз тил билан томир отиб, анъаналаримиз билан давом этмоқда, урф-одатларимизга мос йўғрилмоқда. Қардош ўзбек халқи нафақат чегарадош қўшнимиз, балки жигаримиздай туғишган. Барчангизга маълум, сўнгги йиллар мобайнида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида дўстлик муносабатлари мустаҳкамланиб, янги даражага кўтарилди. Мустақиллик йилларида икки давлат раҳбари кўплаб учрашувлар ўтказиб, қардошликнинг бебаҳо намунасини, қўшничилик муносабатларининг мустаҳкамлигини исботлашди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш Сиз ва бизга юклатилган энг буюк вазифа. Бу борада келгусида ҳамкорликда амалга оширадиган тадбирларимиз етарли деб ўйлайман, – деди у.

Шунингдек, ҚР Парламенти Мажлиси депутати Фахриддин Қоратоев сўзга чиқиб, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси раиси Э. Қўшановнинг табригини ўқиб эшиттирди, Икромжон Акром ўғлини 65 ёшга тўлиши муносабати билан табриклади. 

Миллатлараро муносабатлар ва маънавий-маърифий ишлар бўйича раис ўринбосари Азамат Тошев ҳам Икром Акром ўғлини қутлуғ ёши билан табриклаб, совға-саломларини топширди. 

– Миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегиясида устувор вазифа этиб белгиланган. Бугунги кунда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мамлакатимизда фаолият юритаётган жами 150та миллий маданий марказ, 38та дўстлик жамияти ва хориждаги ватандошларнинг 38та жамияти билан ҳамкорлик қилмоқда. Миллий маданий марказларнинг асосий вазифаси мамлакат суверенитетини мустаҳкамлаш, давлатнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш мақсадларига эришишдек олижаноб ғоя атрофида миллатларни бирлаштириш орқали Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётига ҳисса қўшишдан иборат экан, қардош Қозоғистон халқи билан азалий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш масаласи доимий эътиборда бўлади.

Байрам баҳона чегара ошиб келган санъаткорлар Ғиёс Бойтоев, Абдулла Шомағрупов, Элмурод Зиёев ва бошқалар ушбу шукуҳли шодиёнага файз киритишди. 

“Дўстлик уйи”нинг кираверишида ўрнатилган сўрилардаги миллий либослари ярашган нуроний отахонлар, ўзбек либосларини намойиш этган лобар қизлар, амалий санъат намуналарини тақдим этган усталару чеварларнинг кўргазмаси ҳам мазкур тадбирни янада мазмунли этди. GES ўқув маркази (академ директорлик эксперт Дилором Мирсолиева бошчилигида), Зиёмат Ҳусанов номли мактаб музейи, “Ленгер музқаймоғи” ва бошқа турли компаниялар, Шимкент шаҳридаги мактаблар, шу жумладан, 109-сонли (директори Асқар Умаралиев), Ю. Сарёмий номли 107-сонли мактаб (директор Баҳодир Нуралиев), Муқимий номли 13-сонли мактаб (директор Луиза Собирова), Абай Қунанбаев номли хусусий мактаб (директор Жанна Буркулова), А. Исмоилов номли касб коллежи (директор Гулчеҳра Исмоилова) ушбу кунда “Дўстлик уйи”га кўрк беришди. 

Байрам иштирокчиларига 120 кг. палов ва “Балмуздақ” корхонасининг музқаймоқлари тарқатилди. 

Шодиёна иштирокчиларининг тадбир ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик. 

Дилноза Ваҳобова, Сайрам туманидаги «Далабозор» мактаби ўқитувчиси:

– Кенг қамровли байрам кўпчиликка манзур бўлди. Санъатимиз ютуқларидан қувондим. Саҳна усталарининг чиқишларини алоҳида таъкидлашни истардим. Келгусида ҳам турли йўналишларни ҳисобга олган ҳолда халқ санъатига эътибор янада юксак бўлишига тилакдошман.

Ўсмонали ҚОДИРОВ, Тўлебий туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси:

– Ушбу байрам Қозоғистонимизда ҳукм сураётган тинчлик-тотувликнинг рамзларидан бири сифатида муҳим. Бу каби тадбирларда туманимиз аҳолиси доим фаоллик танитади, байрамни ўтказишга салмоқли ҳисса қўшишга интилади. Амалий санъат намуналари кўргазмасини уюштиришда, урф-одатларимизни намойиш этишда қатнашган фаолларимизга миннатдорчилик билдираман. 

Зарифжон ҚОДИРОВ, санъаткор:

– Бугунги байрам мен учун жуда мароқли бўлди! Уни шундай юксак даражада ташкил этган, ташрифи билан кўпчиликни қувонтирган эл оғаларига самимий миннатдорчилигимни билдираман. Юртдошларимиз олдида саҳнага чиқиш масъулиятли синовдек туюлади. Қарсакларни эшитарканман, ҳали мукаммал санъаткор даражасига етмаган фарзандини қўллаётган халқимиздан миннатдорчилик ҳисси юрагимда туғён уради. 

Луиза СОБИРОВА, Муқимий номли 13-сонли ўрта мактаб директори: 

– Ушбу байрамда мактабимиз жамоаси, ўқувчилари фаол иштирок этишди. “Паҳлавонлар” ва “Карнайчилар” гуруҳлари спорт ва санъатсеварларнинг олқишларига сазовор бўлишди. Байрамда миллий қадриятимизнинг калити бўлган келин салом, алла, тушов кесар, суннат тўйи каби удумлари намойиш этилди.

Мактабимиз «Баҳор» гуруҳининг раққоса қизлари ўзбекона лутф билан хиром айладилар.

Ушбу шодиёна мактабимиз раққосаларимизнинг либосларига ҳомийлик қилган Шуҳрат, Ғайрат Рўзиматов ва Тўйчи Тошхўжаевларга миннатдорчилик билдирамиз.

Давронбек ПИРНАЗАРОВ, меҳнат фахрийси:

– Қарноқ қишлоғидан Бекзод Ҳабибов ҳомийлигида ташриф буюрган “Тарона” халқ чолғу асбоблари дастаси ва дорбозлар гуруҳига алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Дорбозлик – жонбозлик, дейдилар. Санъатнинг бу тури бошқалар учун қизиқ томоша бўлса-да, дорбоз учун ҳаёт-мамот курашидир. Дорбозлар дор устига чиққанларида ёлғиз Аллоҳнинг шафқати-ю ўзларининг маҳоратига таяниб, жонларини гаровга қўйиб, ишқибозларга завқ улашадилар. Вилоятимиздан чиққан ёш дорбозлар ва олтин меросимиз ворисдошларига ижодий парвозлар тилайман. 

А. АБДУФАТТОҲ, Б. ДЎСМАТОВА, 2022-10-01, 03:41 581
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.