26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Янги касб, янги имкониятлар

Халқаро Ислом хайрия жамғармасининг Қозоғистондаги, хусусан, вилоятимиздаги фаолиятига ҳам 30 йил тўлди. Бу вақт мобайнида кўп савоб ишларни амалга оширишга улгурган жамғарма ўзининг шонли санасига бағишлаб, ҳамюртларимизга катта совға тайёрлади. Кам таъминланган ҳамда кўп болали оилалардан 20 нафар қиз-келинларимиз жамғарма уюштирган касб-ҳунар курсларида таълим олиб, шахсий бизнесини яратиш имконига эга бўлишди. 

Шу муносабат билан янги касб соҳибасига айланган ҳамюртларимизга сертификатлар топшириш маросими ўтди.

– Қозоғистондаги 30 йиллик фаолиятимиз давомида анчагина хайрли ишларни амалга ошириб улгурдик, – дейди биз билан суҳбатда Халқаро Ислом хайрия ташкилотининг вакили доктор Ясир Муҳаммад Алвон. – Бу вақт мобайнида шифохоналар, масжидлар барпо этяпмиз. Рўйхатимизга олинган кам таъминланган ҳамда болалар уйларининг тарбияланувчиларига кийим-кечаклар, озиқ-овқатлар ҳамда уларнинг қўшимча таълим олишлари учун имкониятлар яратиб бер­япмиз. Рамазон ойида 500га яқин хонадонларга озиқ-овқат саватларини тарқатамиз. Қурбон ҳайитида ҳам шундай оилаларга тадбиркорларимизнинг совғалари топширилган ва бу ишлар анъанага кўра давомли бўлмоқда. Ҳозирги кунги тадбиримиз қалдирғоч лойиҳаларимиздан бири, айни дамда 20 нафар хотин-қизларнинг тикувчилик ҳамда қандолатчилик касбини эгаллашига ҳомийлик қилдик. Улар 3 ой мобайнида махсус курсларда сабоқ олишди. Ҳозир уларга махсус сертификатларни топширамиз ҳамда тадбиркорлигини юритишлари учун ҳар бирига эгаллаган касбига кўра 700 минг тенгелик тикув машиналари, ошхона ускуналари, музлатгич тақдим этилади. 

– Биз хотин-қизларга нафақат янги касб ўргатдик. Тақдим этаётган бепул грантларимиз ҳам уларнинг ўз бизнесларини очиб, фаолият юритишлари учун имкониятдир. Ўтган йилнинг декабрь ойида таълим олишни бошлаганлар 3 ой мобайнида биз ҳомийлик қилган курсларни тамомлашди. Тақдим этилаётган грантларимиз кам таъминланганларга “балиқ тутиб бериш эмас, балки балиқ овлашни ўргатиш” қабилидаги ўзига хос хайрия тадбири бўлди. Янги касбини юритиб, пул топишни бошлаб юборган хотин-қизларимизга қўйиладиган талаб – биз тақдим этган асбоб-ускуналар ҳамда маиший хизмат анжомлари сотиб юборилмасдан, касб эгаларининг тадбиркорлик юритишига хизмат қилиши керак, – дейди хайрия ташкилотининг ташқи идоралар бўлими бошлиғи Халид Аш Шароф.

20 нафар қиз-келинга янги касб соҳиблари бўлиш, ўз ишини бошлашига янги имкониятлар очиб берилди. Тикувчилик ҳамда қандолатчилик касбининг сир-асрорларини ўрганган пазанда ва чеварлар учун барча зарур жиҳозлар, ускуналар ҳам мазкур хайрия жамғармаси томонидан ҳадя этилди. Тадбирда иштирок этган Шимкент шаҳар Қоратов туман ўзбек этномаданият бирлашмаси оқсоқоллар кенгаши раиси Ҳусанхон Аҳмадхонов сўзга чиқиб, оилалар фаровонлиги йўлида савоб ишларни амалга ошираётган мазкур хайрия жамғармасининг ташқи идора бўлими бошлиғи Халид Аш Шароф ҳамда унинг вакили Ясир Муҳаммад Алвонга ҚР “Дўстлик” ҳамжамиятининг “Дўстлик” медалини тақдим этди. 

Хайрия жамғармасининг хайрия тадбирларини янада кенгроқ юритишга ҳаракат қилишаётгани қувонарли ҳол. Жорий йилда тикувчилар ҳамда қандолатчилар ўз бизнесини ташкил этиб, оиласини қўшимча даромад манбаи билан таъминласа, келгусида қиз-келинлар сартарошларини ҳам ўқитиб, уларнинг тадбиркорлик нуқталарини очиш ғоялари ҳам кўриб чиқилмоқда. Яъни шимкентлик кўп болали оналар учун янги касб эгаллаш баробарида, ўз салонини очиш имконияти ҳам яратилади.

– Қувайтнинг Хайрия жамғармаси билан илк бор ҳамкорлик юритдим ва бундай сермаҳсул алоқадан миннатдорман. Жамғарманинг ўзи кўп болали оналарни саралаб, бизнинг “Art School” чеварлар мактабида ўз касбининг малакали усталаридан таълим олишди, – дейди биз билан суҳбатда Шимкент шаҳар Абай тумани бўйича Ишбилармон хотин-қизлар кенгашининг раисаси Нилуфар Фахриддин қизи.– Уларнинг янги касб эгаллашлари учун зарур анжомлар, ускуналарни тақдим этдик. Жамғарма қиз-келинларнинг уч ойлик таълими ҳақини қоплаш билан бирга ўзларининг ишларини бошлаши учун тикувчилик, қандолатчилик учун зарур анжомларини ҳам харид қилиб, қиз-келинларга совға қилди. Жамғарманинг яна бир талаби – таълим олганлар тақдим этган ускуналарни совға қилиб ёки оиланинг бошқа эҳтиёжлари учун сотиб юбормасликлари учун бир йил мобайнида фаолияти кузатиб борилади. Яъни тадбиркорликни бошлаганларга совға қилинган жиҳозлар, анжомлар оиланинг даромад манбаига айланишини таъминлашлари керак.

Тадбирда қандолатчи сертификатини қўлга киритиб, янги иш бошлаш арафасида турган қиз-келинчакларимизни ҳам суҳбатга чорлаб, ниятлари билан қизиқдик.

– Ҳозирги даврда янги ҳунар ўрганиш анчагина сармоя талаб этади. Бизнинг курсда таълим олишимизни таъминлаган жамғарма вакилларига миннатдорчилик билдирамиз. Жамғарма бизга кутилмаган совға тайёрлабди. Янги касб соҳибаси бўлдик, энди эса салкам миллион тенгелик асбоб-ускуналар, зарур анжомлар ёрдамида оиламиз бюджетига ўз улушимизни қўшиш имкони пайдо бўлди. Бунинг учун ҳомиийлардан миннатдорман, хайрли ишларини Аллоҳ қабул этсин ва улардан рози бўлсин. Мен сингари бошқа ҳамюртларимиз ҳам шундай имкониятлардан фойдаланишларини тилаб қоламан. Мазкур дастур ҳақиқатан ҳам зўр имконият, – дейди қандолатчи Севара Солибекова. 

Тадбирда янги ҳунар соҳибалари ўзлари тиккан кийимлари кўргазмасини уюштиришди. Қандолатчилар эса тадбирга ташриф буюрган меҳмонларни ўзлари тайёрлаган пишириқлар билан сийлашди. Хуллас, 20 нафар хонадон бекаси ишбилармонлик, оилавий фаровонлик сари илк қадамини ташлади. 

Қувайт хайрия жамғармаси ҳамюртларимиз хонадонларининг фаровонлиги йўлида саховат кўрсатмоқда.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2023-05-20, 02:33 681
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.