26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Адолатпарвар одам – Ҳалол меҳнат – Муносиб даромад

Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев раислигида Атиров шаҳрида Миллий қурултойнинг учинчи йиғини ўтди

Давлат раҳбари, энг аввало, қурултой жорий йилги йиғини Улуснинг улуғ куни – Наврўз байрами арафаси ва у Рамазон ойининг илк кунларига тўғри келганига урғу бериб, учинчи йиғилишнинг Жайиқ соҳилида ўтаётгани бежиз эмаслигини таъкидлади.

– Машҳур Сарайшиқ қалъаси ёнгинамизда турибди. Ушбу шаҳар Улуғ улус, кейинчалик Қозоқ хонлигининг муҳим маъмурий ва савдо маркази бўлгани тарихдан маълум. Буюк Ипак Йўлида жойлашган шаҳар бир вақтлар алоҳида геостратегик вазифани бажарган. У Ғарб ва Шарқнинг иқтисодий, сиёсий, маданий алоқаларига ўзгача таъсир кўрсатган. Машҳур хонларимиз шу ерда туриб, мамлакатни бошқарган. Уларнинг баъзилари Сарайшиқта мангу қўним топган. Тарихчиларнинг ёзишича, Қозоқ хонлигини қудратли давлатга айлантирган Қасим хон шу ерда дафн этилган. Бир сўз билан айтганда, Сарайшиқ – кўп асрлик тарихимизда алоҳида ўрин тутадиган қўҳна шаҳар, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Давлат раҳбарининг фикрича, халқнинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш давлатчилигимиз учун ғоят муҳим. Бу борада зиёлилар алоҳида ўрин тутади.

– Аввало эл оғалари орасида ҳамжиҳатлик бўлиши зарур. Улар ёш авлодга ўрнак бўладиган ибратомуз ривоятлар айтишлари жоиз. Ҳозир бир замонлар бўлган воқеалар, таниқли шахсларга оид баҳсли мунозаралар кўпайиб бормоқда. Ёзувчиларимиз, ҳатто, Чингизхон аслида ким бўлган, деб баҳслашиб қолади. Иттифоқ давридаги шахслар, айниқса, Алаш намояндалари ва Иттифоқ арбобларини таққослаб, бир-бирига қарши қўйишади. Худди шундай баҳс-мунозараларнинг тагига етиш мушкул, етганда ҳам одамлар орасига иғво соладиган қуруқ сафсаталарнинг ҳожати йўқ. Ҳар бир даврнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Ҳар бир шахс ўзининг кўз қараши, нуқтаи назарига қараб ҳамда жамиятнинг манфаатига мувофиқ элга хизмат қилди. Улар, яъни, ўша даврлар арбоблари бир вақтлар танлаган йўналиши юзасидан баҳслашиб юрса, ёш авлод ким тўғри, ким нотўғрилигини айтиб юрибди. Аввалги ва ҳозирги тарихнинг турли даврлари, шахсларини бир-бирига қарши қўйиш мумкин эмас. Зеро, буларнинг барчаси моҳиятан бизнинг тарихимиздир, халқимиз босиб ўтган йўлдир, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Президент тилимиздан фойдаланиш доирасини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаверишини таъкидлади. Қасим-Жўмарт Тўқаев ушбу эзгу ишни кучайтиришнинг энг самарали ва ягона йўли – таълим соҳаси, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, кутубхоначиликка алоҳида эътибор талаб қилинишини айтиб, яқин вақт ичида Алмати ва Астана шаҳарларида кечаю-кундуз фаолият юритадиган кутубхоналар барпо этилишини маълум қилди. 

Давлат раҳбари келажакка собит қадам билан интилиш учун шонли тарихимизни тўлиқ ҳис этган ҳолда, маданий меросимизни сақлаб, уни тарғиб қилишимиз зарур, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Қозоғистон – Буюк Даштдаги кўчманчилар тамаддунининг бевосита вориси. Бутун дунёга Олтин Ўрда номи билан танилган машҳур Жўши улуси Марказий Евроосиёнинг бепоён даласидаги энг қудратли давлат сифатида тан олинган. 

– Жўши сулоласи олти аср давомида Марказий Осиёнинг тақдирига бевосита таъсир кўрсатди. Улар бепоён ҳудудда яхлит мамлакат барпо этишга ҳаракат қилди. Жўши улуси Буюк Даштни макон тутган халқларнинг бир неча асрлик тараққиётини белгилаб берди. Буюк улус давлатни бошқарув ишини янги даражага кўтарди. Унинг Рим империяси билан ўхшашлиги ҳам – шунда. Жорий йил Жўши улусининг пойдевори қўйилганига 800 йил тўлди. Бугунги йиғинимиз ўша буюк санага бақамти келмоқда. Жўши улуси Қозоғистоннинг давлатчилик анъаналарида алоҳида ўрин эгаллайди. Мамлакатимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги унинг тарихий мероси билан уйғунлашмоқда. Шундай экан, Олтин Ўрда ҳақидаги халқаро саҳнадаги тушунча Қозоғистон билан чамбарчас боғлиқ бўлиши керак, – деди Президент.

Қасим-Жўмарт Тўқаев бултур Қозоғистон ЮНЕСКОнинг Бутундунё мерослар қўмитасига аъзо этиб сайланганини эслатди, мамлакатимиздаги ноёб табиий ва тарихий ёдгорликларни кенгроқ тарғиб қилишга чақирди. Бу борада, Президент, ерости масжидлари ва мўъжизакор табиати билан хорижликларда катта таассурот уйғотган Устюрт қўриқхонасини ЮНЕСКОнинг Бутундунё мерослар рўйхатига киритиш юзасидан топшириқ берди.

Бундан ташқари, Давлат раҳбари Ешкиўлмас тизмалари, Арпаўзан, Қулжабаси, Саусқандиқ сайҳонликларидаги дашт тамаддунининг минг асрлик шажараси ҳисобланадиган тошбитикларни (петроглифлар) муҳофазага олиш борасида тегишли қарорлар қабул қилиш, шунингдек, бутун тарихий-маданий меросимизни сақлаш учун археологик хизматни тизимга солиш вазифасини топширди.

Давлат раҳбари ўз нутқида миллий ҳамжиҳатликни сақлаш масаласига алоҳида тўхталди.

Президентнинг фикрича, мамлакатимизнинг маънавий яхлитлигини сақлаб, уни кучайтиришни истасак, анъанавий динимиз – ханафий мазҳабига эътибор қаратишимиз керак. Бу борада Давлат раҳбари Ислом динининг Буюк Даштда тарқалиб, илдиз отишига улкан ҳисса қўшган, туркий оламдаги сўфизим илмига асос солган Хожа Аҳмад Яссавий меросини теран таҳлил қилиб, тарғибот қилишга эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайди.

Давлат раҳбари Миллий қурултой аъзолари олдида гапирган нутқида жамиятни исканжасига олган бешта иллат, аниқроғи, гиёҳванд моддаси савдоси ва гиёҳвандлик, қиморбозлик, оилавий зўравонлик, болалар зўравонлиги ва тажовузкорлик, вандализм, исрофгарчиликка қарши жамият бўлиб курашиб, ишончли тўсиқ қўйишга чақирди. 

Бундан ташқари, Президент миллатнинг янги қиёфасини акс эттирадиган асосий қадриятларга тўхталди. Улар – мустақиллик ва ватанпарварлик, бирлик ва ҳамжиҳатлик, адолат ва масъулият, қонун ва тартиб, меҳнатсеварлик ва касбий маҳорат, бунёдкорлик ва замонавийлик.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро ушбу асосий қадриятларга қатъий амал қилиши зарур. Президент таклиф қилган “Адолатпарвар фуқаро” тушунчаси буларнинг барчасини тўлиқ қамрайди. У “Адолатли Қозоғистон” ғоясига ҳамоҳанг.

– Биз ушбу устувор қадриятларни ёш авлод онггига сингдира билишимиз зарур. Адолатпарвар фуқаро деганимиз – яхши хусусиятларга эга бўлиб, ҳалол меҳнат қиладиган ва тоза йўл билан муваффақиятга эришадиган одам. Яъни, ҳақиқат ва адолатни барчасидан устун қўяди. Илғор фикрли миллат бўлиш учун бутун жамиятнинг онггини ўзгартириб, янги қадриятларни сингдира олиши керак. Ҳар бир киши “Адолатпарвар фуқаро” деган номга лойиқ бўлса, мамлакатимизда адолатли жамият қарор топади. “Адолатпарвар одам – Ҳалол меҳнат – Муносиб даромад” – ажралмас тушунчалар. Ушбу уч жиҳат бизнинг илғор ва муваффақиятли давлатга айланишимизнинг гарови, дейиш мумкин, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Миллий қурултойда Парламент Мажлиси депутати Едил Жанбиршин, жамоат арбоби Ўразали Сабден, Парламент Сенати депутати, “Возрождение” қозоғистон немислари бирлашмаси жамоат жамғармаси васийлик кенгаши раиси Евгений Больгерт, адвокат, “Ҳуқуқ ҳимоячилари” жамоат жамғармаси ҳаммуассиси Айман Ўмарова, Парламент Мажлиси депутати Никита Шаталов, Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Динара Закиева жамиятдаги муҳим масалаларни кўтариб, ўй-фикрларини билдиришди.

Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев Қурултойда билдирилган барча янги ғоя ва таклифлар диққат билан кўриб чиқилиши ва улар юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилишини маълум қилди ва Миллий қурултойнинг тўртинчи йиғилишини келгуси йил Кўкшетовда ўтказишни таклиф қилди.  

Давлат раҳбарининг Миллий Қурултойни учинчи йиғилишида сўзлаган нутқининг тўлиқ матнини сайтимиздаги қуйидаги ҳаволада ўқишингиз мумкин: janubiy.kz/item/8667/

2024-03-19, 02:05 425
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.