26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ҚР Президенти Осиё анжуманида нутқ сўзлади

Қасим-Жўмарт Тўқаев Хитойнинг Хайнань вилоятида ҳар йили ўтказиладиган Боао (Ғарбий Давос) Осиё анжумани (БОФ)нинг очилиш маросимида иштирок этди. Бу йил 23-анжуман “Осиё ва жаҳон: умумий даъватлар, умумий масъулият” шиори остида ўтказилди.

Қозоғистон Президенти тадбирда фахрий меҳмон сифатида нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари анжуман иштирокчиларини қутлар экан, мураккаб геосиёсий вазият ва иқтисодий таназзул кучайиб бораётган мисли кўрилмаган дунёвий мавҳумлик даврида мазкур платформанинг мулоқот ва халқаро ҳамкорлик маркази сифатидаги муҳим аҳамиятини таъкидлади.

– Жорий ўн йилликнинг ўрталарига бориб, дунёвий ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши сўнгги 30 йилдаги энг қуйи кўрсаткич бўлиши тобора ойдинлашиб бормоқда. Жаҳон иқтисодиёти олдида турган жиддий муаммолардан бири етакчи давлатлар ўртасидаги савдо муносабатларидаги кескинлик бўлиб қолмоқда. Протекционистик сиёсат (давлатларнинг ўз миллий иқтисодиётини чет эл рақобатидан ҳимоя қилишга қаратилган иқтисодий сиёсат) ва авж олган савдо можаролари дунёвий таъминот занжирларини бузмоқда, иқтисодий ўсишни тўхтатиб, сармоядорларнинг ишончини йўқотмоқда. Кўриниб турибдики, жаҳон иқтисодиёти дунёвий ислоҳотларга муҳтож. Бу муаммони ҳал қилмасак, келгуси ўн йилликда имкониятларни бой бериб қўйишимиз мумкин, – деди Қ. Тўқаев.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бу борада Осиё барқарор тараққиётнинг янги даврига собитқадамлик билан бормоқда.

– Жорий йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ўсишининг 60 фоизи Осиё улушига тўғри келиши кутилмоқда. Қитъа дунёвий савдонинг 53 фоизини ташкил қилади ва жаҳондаги энг йирик ва энг жўшқин иқтисодиётларга эга. Сўнгги йилларда Осиёга бевосита хорижий сармоялар сезиларли даражада ошди. Бу ҳудудда патент ишланмаларининг 70 фоизини таъминловчи дунёнинг етакчи технология марказлари ҳам жойлашган. Қитъа муҳим инсон захираларига эга, дунёдаги 30та йирик шаҳардан 21таси Осиёда жойлашган. 2030 йилга бориб, 30 триллион доллардан фақат 1 триллион доллари Ғарб иқтисодиётига тўғри келиши кутилмоқда. Бу омилларнинг барчаси жамланганда “Осиё ренессанси”ни кўрсатади, – деди Президент.

Давлат раҳбари Осиё минтақасида келгуси йилларда ҳам дунёвий ўсиш ва тараққиётга кўмаклашиш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

– Шу билан бирга, Боао анжумани умумий иқтисодий тараққиётга эришиш учун Осиё инновацион ёндашуви ҳаётга татбиқ этилганини яққол кўрсатмоқда. Шунингдек, ушбу учрашув Хитойнинг дунёвий тараққиёт йўлидаги нуқтаи назарининг яққол рамзи сифатида эътироф этилди, – деди Қозоғистон Президенти.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги кунда Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар самарали ҳамкорлик намунаси сифатида қаралмоқда. Мамлакатимиз Хитойнинг Марказий Осиёдаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкорига айланди.

– Хитойнинг минтақадаги савдо ва сармоясининг ярми Қозоғистонга тегишли. Ўтган йили Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 41 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу тарихий рекорд. 2023 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги юк ташиш ҳажми 22 фоизга ошиб, қарийб 30 миллион тоннани ташкил этади. Бундан ўн йил муқаддам Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Қозоғистонга ташрифи чоғида “Бир белбоғ – бир йўл” кенг кўламли мегалойиҳасини тақдим этган эди. Бу лойиҳа Шарқ ва Ғарб ўртасидаги асосий кўприк сифатида хизмат қилади ва Хитойдан Европага қуруқлик орқали ташиладиган юкларнинг 80 фоизи Қозоғистон ҳудуди орқали ўтади. Биз ушбу муҳим устунликдан тўлиқ фойдаланишимиз керак. Ўз сармоямиз ҳам “Бир белбоғ – бир йўл” ташаббуси билан стратегик боғлиқ ва замонавий, мултимодал, экологик хавфсиз ва барқарор инфратузилмани яратишга қаратилган, – деди Президент.

Қасим-Жўмарт Тўқаев ўз нутқида мамлакатимизнинг янги иқтисодий йўналишига алоҳида эътибор қаратди.

– Ўтган йили мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсиши 5,1 фоизни ташкил этди. Бу жаҳон иқтисодиётининг тахминий ўсиш суръатларидан деярли икки баравар кўпдир. Биз ўрта муддатли истиқболда иқтисодий ўсишни камида 6 фоиз даражасида сақлаб қолишни ва 2029 йилгача унинг ҳажмини икки баравар оширишни режалаштирмоқдамиз. Ушбу мақсадга эришиш учун мен янги иқтисодий йўналишни эълон қилдим. Ушбу ташаббус кучли ва жадал ривожланаётган давлатни барпо этишни кўзда тутадиган таркибий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган. Қозоғистоннинг очиқ эшиклар сиёсати, бой захиралар ва эркин бозор ислоҳотлари кўплаб хорижий, жумладан, хитойлик компанияларнинг эътиборини жалб қилди. Шу муносабат билан биз осиёлик ҳамкорларимизни иқтисодиётимизга сармоя киритишга, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини кўриб чиқишга таклиф қиламиз, – деди Президент.

Давлат раҳбари озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият ҳақида фикр билдирди.

– Дунё аҳолисининг тахминан учдан бир қисми ҳамон озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда. Марказий Осиёда ғалла етиштириш бўйича етакчи давлат бўлган Қозоғистон дунёвий озиқ-овқат барқарорлигини таъминлаш учун қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салоҳиятидан фойдаланиш ниятида. Биз мақсадли дастурлар яратиш, қўшма агроинновацион марказлар ташкил этиш ва инновацион технологиялар трансфери орқали халқаро ҳамкорликни кучайтиришимиз керак. Бунинг учун куч-ғайратимизни сафарбар қилишимиз даркор, – деди ҚР Президенти.

Қ. Тўқаев Осиё мамлакатлари ўртасида транспорт-транзит ҳамкорлигини мустаҳкамлаш катта стратегик аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратди.

– Мавжуд ва янги транспорт йўналишларини ривожлантириш учун максимал даражада ҳаракат қилиш жуда муҳим. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ёки “Ўрта йўлак” ушбу тоифага киради. Ушбу транспорт йўналиши Осиё ва Европа ўртасидаги таъминот занжири хавфсизлигини янада самарали таъминлайди. Ўтган йили бу йўналишда юк ташиш икки баравар кўпайиб, 3 миллион тоннага етди. Келгуси йилларда бу кўрсаткич 10 миллион тоннага етишини башорат қилмоқдамиз. Шунингдек, Қозоғистон “Шимол-Жануб” йўлагини ривожлантиришда қўшни давлатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр, – деди Давлат раҳбари.

Қозоғистон Президенти технологик ҳамкорликни, айниқса, сунъий заковат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жаҳон иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлаш муҳим деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан Президент Хитойнинг “Сунъий заковатни бошқариш бўйича дунёвий ташаббуси”ни қўллаб-қувватлади.

Қозоғистон, шунингдек, қўшма инновацион IТ лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Осиёнинг етакчи технологик гигантлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, энг муҳим хомашё турларини ишлаб чиқариш ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши ҳисобланади.

– Нодир металлар кўплаб технологиялар учун жуда муҳим таркибий қисмларга айланди. Улар саноат, рақамли технологиялар, космик ва мудофаа каби стратегик соҳаларда чиқиндиларсиз даражага эришиш учун керак. Уран, литий, титан ва бошқа нодир унсурларнинг йирик конларини ўзлаштиришнинг энг самарали усулларидан фойдаланиш мақсадида халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликни давом эттирамиз, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари ўз нутқини якунлар экан, Осиё ўзининг иқтисодий, технологик ва маданий афзалликларидан фойдаланган ҳолда дунёнинг келажакдаги тараққиёт йўналишларини белгилашда ҳал қилувчи рол ўйнашига ишонч билдирди. Шу билан бирга, Президент Боао Осиё форуми (БОФ) ва Астана халқаро форуми (АХФ) каби муҳим халқаро мулоқот платформалари катта амалий истиқболга эга эканлигини таъкидлади. Фурсатдан фойдаланиб, Қасим-Жўмарт Тўқаев БОФ меҳмонларини 2024 йил июнь ойида ўтадиган Астана халқаро анжуманига таклиф қилди.

Йиғилишда БОФ директорлар кенгаши раиси Пан Ги Мун, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Чжао Лэцзи, Науру Президенти Дэвид Аданг, Шри-Ланка Бош вазири Динеш Гунавардена, Доминика Ҳамдўстлиги Бош вазири Рузвельт Скеррит, “Оқсоқоллар кенгаши” халқаро нодавлат ташкилоти раиси Мэри Робинсон, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Бош котиби Матиас Корманн, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти бош директори Дарен Танг ва Камбоджа Қироллиги Халқ партияси раиси Хун Сен сўзга чиқди.   

 

Akorda.kz, 2024-03-29, 20:02 310
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.