26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Муроджон Сайдалиев: ‘‘Таълим – узлуксиз изланиш...’’

Бизнинг маълумот: Муроджон Аҳмадқул ўғли (тасвирда) 1978 йили 12 мартда Қорабулоқ қишлоғида таваллуд топган. У М. Ауезов номидаги ЖҚДУнинг “Жисмоний тарбия ва спорт” факультетида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини Шимкент шаҳридаги футболдан вилоят олимпиада захиралари болалар ва ўсмирлар ихтисослаштирилган мактабида бошлаб, сўнг Қорабулоқ қишлоғидаги Д. Қўнаев номли мактабда давом эттирди. 2004 йилдан “Далабозор” мактабида фаолият юритмоқда. 2019 йили мактаб директори вазифасига тайинланди. М. Сайдалиев ҚР Таълим ва фан вазирлигининг, вилоят таълим бошқармаси ҳамда туман таълим бўлимининг фахрий ёрлиқлари ва ташаккурномалари, шунингдек, “Құрметті ұстаз» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Қуйида 20 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўраётган илм даргоҳининг бугунги кундаги фаолияти ҳақида суҳбат эълон қилинмоқда. 

– Суҳбатимизни мактаб юбилейига тайёргарликдан бошласак...

– Тарихга назар ташласак, мактабнинг эски биноси 2004 йили ҳашар йўли билан барпо этилган. Бугунги кунда ушбу бинода 75-сонли мактаб фаолият юритмоқда. 2017 йили жамоамиз билан янгидан барпо этилган 600 ўринли бинога кўчиб ўтдик. 

Ўтган қисқа давр ичида жамоанинг эришган ютуқлари залворли. Дарҳақиқат, мактаб фақат илм берадиган жойгина эмас, балки тарбия, одоб-ахлоқ, ҳунар ўчоғидир. У шунингдек, мулоқот, тажриба алмашиш, ўз-ўзини ривожлантириш, юксалиш, юқори чўққиларни забт этиш, янги дастурлар асосида билим эгаллаш масканидир. Ўзига хос тарихга эга “Далабозор” мактабининг 20 ёшини жорий йили сентябрь ойида нишонлашни режалаштирганмиз.  Ушбу қутлуғ санани муносиб қарши олиш борасида тайёргарлик ишларини бошлаб юбордик. 

Илм – ўқиш, ўрганиш, узлуксиз изланишни талаб қиладиган жараён. Илм-фан тараққиёти ҳаётнинг ҳамма томонларини қамрайди. Янгиланган билим дастури дунё миқёсидаги янгиликларни фанга киритишни, устозлардан ҳозиржавобликни, замон билан ҳамнафас яшашни талаб қилмоқда. 

– Жамоада қандай қадриятлар биринчи ўринга қўйилган? Танқидга муносабатингиз қандай? 

– Жамоамизда “Катталар – иззатда, кичиклар хизматда” деган тартиб-таомилга амал қиламиз. Шунингдек, жамоада эркак ва аёлнинг ўз ўрни бўлиши керак, деган фикр тарафдориман. Адолатпарвар, топшириқларга масъулият билан ёндошиш, озодаликни таъминлаш, ўзаро ҳурмат, самимийлик, хушмуомалалик каби хислатларни биринчи ўринга қўяман. Иш бор жойда, албатта, танқид ҳам бор. Танқид бирон камчиликни эътироф этибгина қўймай, уни ҳал қилиш йўлларини кўрсатса, самарали бўлади. Муаммолар ечимини қонун асосида, жумладан, инсоний фазилатларни ҳисобга олган ҳолда топишга ҳаракат қиламан.

– Муваффақиятли бошқарувчи қандай муҳим фазилатларга эга бўлиши лозим?

– Бугунги кундаги раҳбар нафақат касб эгаси, балки, аввало ўзининг фаолияти ва инсонийлиги билан касбдошларининг ишончини қозониши, юксак заковат ва тафаккур соҳиби, узоқни кўра олувчи, доимо янгиликка интилувчи, замон билан ҳамқадам яшовчи, қатъиятли, изланувчан, дунёқараши кенг, адолатпарвар, масъулиятли, жамоа шаъни ва обрўсини ўйлайдиган, жоиз бўлса, ҳамкасабаларини ҳимоя қила олувчи шахс бўлиши керак. Директор қандай бўлса, мактаб ҳам шундай, деган гап бежиз айтилмаган.

– Иш жараёнида ота-оналарнинг фикри қандай ўрин эгаллайди?

– Таълим-тарбия ишларини ташкил этишда мактаб жамоаси ота-оналар билан ҳамнафас. Устозлар ва ота-оналар орасида  узвий алоқа ўрнатилган. Билимни устоз, тарбияни ота-она беради. Икки томон ҳамкорликда иш юритса, натижа самарали бўлади. Ўқувчининг салбий ва ижобий томонларини таҳлил қилиш натижасида камчиликлар бартараф этилади, яхши фазилатлар шаклланади. Мактабдаги таълим-тарбия жараёнига, қўлланилаётган услублар, ўтказилаётган тадбир ва йиғинлар ҳақида ҳар бир ота-онанинг фикри муҳим. Ушбу эзгу ишлар ота-оналар билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

– Синфдан ташқари қандай ишлар олиб борилмоқда?

– Мактабимизнинг спорт йўналишидаги ютуқлари залворли. Нафақат спорт соҳасида, шунингдек, таълим соҳасида ҳам юқори натижаларга эришаётган ўқитувчи ва ўқувчиларимиз йўқ эмас.  Жумладан, мактабимизнинг баскетболчи қизлари жамоаси 4 йилдан буён республика даражасида ғолиблик шоҳсупасида. “Баҳс” клубини ташкил этган ўқувчимиз Лайло Гавҳарбекова бугунги кунда ўқув марказида таълим бермоқда. Мактабимизда фаолият юритувчи турли тўгаракларда ўз касбининг етук мутахассислари шуғулланишмоқда.

– Муроджон Аҳмадқул ўғли, суҳбат учун ташаккур! Жамоангизга ва сизга келгусидаги ишларингизда муваффақиятлар тилаб қоламиз. 

М. САЙДИҒАНИЕВА ва З. МЎМИНЖОНОВ суҳбатлашди, 2024-04-11, 21:26 777
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.