26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Маданиятимиз ва она тилимиз равнақи йўлида

Вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, Қозоғистон халқи Ассамблеяси аъзоси Баҳодир Ирисметов билан мулоқотда бўлдик.

– 2018 йил 19 июнда ҚР Президентининг 702-сонли Фармони асосида Туркистон вилояти ташкил этилиб, маркази Туркистон шаҳри бўлиб белгиланди. Жорий йил 3 февраль куни ўтган маданиятимиз фаоллари анжуманида вилоятимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган вакиллар якдиллик билан сизни Туркистон вилояти ўзбек этномаданият бирлашмаси раислигига сайлашди. ҚР Президентининг вилоятимизни ташкил этиш хусусидаги Фармони билан сизнинг раисликка сайланишингиз орасида қандай мутаносиблик бор?

– Жуда ўринли савол. Менга қадар Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмасига халқимизнинг фидойи вакиллари Собиржон Нурметов, Муҳаммадрасул Исоқов, Икромжон Ҳошимжонов, Бадриддин Нишонқуловлар самарали раҳбарлик қилишди. Биз – Туркистон, Кентов шаҳарлари ҳамда Саврон тумани фаоллари вилоят ўзбек этномаданият раҳбарлари раҳнамолигида 33 йил мобайнида ҳамжиҳатлик ила фаолият юритдик. Вилоят маркази Туркистон шаҳрига кўчганига олти йил тўлмоқда. Демакки, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси илк бор Туркистон шаҳридан сайланишида ҳам мантиқ бор. Вилоят “Жамоат тотувлиги” ДКК билан мунтазам мулоқотда бўлиб, турли тадбирларни ташкил этиш, уларда иштирок этиш ва бошқа ташкилий масалаларни муҳокама қиламиз. 

– Раис этиб сайланганингизга ҳам тўрт ой тўлмоқда. Қандай тадбирлар амалга оширилди, қандай режалар бор?

– Маълумки, барча этномаданият бирлашмалар фаолиятига умумий раҳбарлик ҚР Президенти, Қозоғистон халқи Ассамблеяси раиси Қасим-Жўмарт Кемелули Тўқаев томонидан амалга оширилади. Биринчи вазифамиз –давлатимизнинг тинчлик, элдаги барқарорлик, этнослараро тотувлик сиёсатини қўллаб-қувватлаб, жамиятда тарғиб қилиш, ёшлар тарбияси, она тилимиз ва маданиятимиз равнақи. Шукрона куни байрамига Туркистон шаҳрида барпо этилаётган вилоят “Дўстлик уйи” ёнида қурувчиларга байрам дастурхони ёздик. Унда обрўли оқсоқоллар, меҳнат фахрийлари ҳам иштирок этишди. 

Сайрам, Тўлебий, Қазиғурт туманларида йиғилишлар ўтказилди. Тўлебий тумани ва Туркистон шаҳрида хотин-қизлар байрами шарафига тадбирлар уюштирилди. Туркистон шаҳрида бошланғич синф ўқитувчиларининг республика семинари (Жамбил, Туркистон вилоятлари, Шимкент шаҳри) иштирокчилари кўкрак нишонлари ва ташаккурномалар билан тақдирланди. Тадбиркор Ғайрат Акешов барпо этган “Қайрат” спорт мажмуасида вилоят спартакиадаси ўтказилди. 

2020 йили Мақтаарал туманида сув тошқинидан жабр кўрганларга Туркистон шаҳридан 10 млн. тенгелик ёрдам жўнатган эдик. Жорий йил кўкламида мамлакатимизнинг шимолий вилоятларидаги сув тошқинидан жабр кўрганларга кўмак кўрсатиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ташкилотчилигида “Юракдан – юракка” хайрия тадбирида фаол иштирок этдик. Вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси ташаббуси билан барча шаҳар, туманлар вакиллари саъй-ҳаракатларини жамлаб, жами 46 млн. тенгелик биринчи навбатда зарур озиқ-овқат, ашё-жиҳозларни жабрланганларга жўнатдик. Ёрдам Ўрол шаҳридаги муҳтожларга ўз вақтида етказиб берилди. 

– Режалар ҳақида. 

– Жорий йил ноябрь ойида, ҚР Мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида вилоят марказида “Дўстлик уйи” биноси фойдаланишга топширилади. Вилоят ўзбек драма театри бугунги кунда Шимкент мегаполисида жойлашганлиги сабабли, Туркистон шаҳрида “Дўстлик уйи”даги муҳташам залларидан бирини вилоят ўзбек драма театри сифатида фойдаланиб, ўзбек тилида саҳна асарларини намойиш этиш режамиз бор. Бу масала вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Ўтган даврда турли байрам тадбирлари муносабати билан вилоятдаги фаол ҳамюртларимиз Қозоғистон халқи Ассамблеяси, вилоят ҳокимлиги, маслаҳати, таълим бошқармасининг кўкрак нишони, ташаккурномалари билан тақдирланди. Бу жараён йил бўйи давом этади. Ҳазрат Яссавий мақбараси ёнидаги этноовулда турли йирик тадбирларни ўтказиш учун давлат томонидан барча шароитлар яратилган. Октябрь ойининг биринчи ярмида вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси режалаштирган ўзбек тили, маданияти, урф-одатлари байрами, мусиқа фестивали ва яна қатор оммавий тадбирларни ўтказишни режалаштирдик. Муаммоларга тўхталсам. ҚР қонунларига мувофиқ, ижтимоий тармоқларда иғво, туҳмат, ноўрин таҳқирлаш каби маълумотларни тарқатиш жиноий жавобгарликка олиб келади. Бу оддий ҳақиқат ҳақида “Жанубий Қозоғистон” газетасида кўп ёзилди, йиғилишларда айтилди. Лекин хатолар, демакки, қонун асосида жазолаш давом этмоқда. Яна бир муҳим жиҳат. Агар бирор фуқарога кимдир жисмоний жароҳат етказса, ҳақорат қилса, туҳмат қилса, муштга-мушт билан жавоб қайтариб, қонунни бузманг. Қонун бўйича чора кўриш учун сиз дарҳол полиция, суд, прокуратура ёки маҳаллий ҳокимлик органлари, жамоат ташкилотларига мурожаат этишингиз даркор. Бу – ягона ва тўғри йўл. Бошқача йўл тутилса, шубҳасиз, жиноий жавобгарчиликка олиб келиши муқаррар. Аччиқ тажрибамиздан келиб чиқиб, шу ҳақиқатни ҳамюртларимиз эътиборига яна бир карра ҳавола қилмоқчиман. 

– Вилоят ўзбек этномаданият бирлашмасининг низомида “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини кейинги авлодга асраб-авайлаб етказиш” вазифаси белгиланган.

– Тўғри. Давлатимизга минг раҳмат. Фарзандларимизни ўзбек тилли мактабларга берсак, давлат тили, миллатлараро тил – русчани, халқаро тил – инглизчани ҳамда она тилимиз – ўзбекчани пухта ўрганишади. Она тилимиздаги “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси 33 йилдан буён давлатимизнинг халқимиз тили, маданиятига ғамхўрлиги ифодаси сифатида нашр қилинмоқда. Вилоят бўйича “Жанубий Қозоғистон” газетасининг адад режаси 14500 нусха. Режани уддалаш мақсадида вилоят кўламида “Жанубий Қозоғистон” – ҳар бир хонадонга!” тадбирини ўтказишни режалаштирдик. У май ойининг иккинчи ярмида бошланиб, келаси ой якуни, Матбуот куни байрами – 28 июнга қадар давом этади. Обунада пешқадам жамоалар, тадбиркорлар, корхоналар, мактаблар, нуроний отахонлар, барча ҳимматли ҳамюртларимиз тадбир якунига кўра, таҳририят ва вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси томонидан мукофотлар билан тақдирланади. Хуллас, ташкилотимиз низомида белгиланган, барчамиз учун муқаддас бурч ҳисобланадиган ушбу вазифага жиддий киришишимиз даркор. Жорий йили бир асрлик тўйини нишонлаётган “Оңтүстік Қазақстан” газетасининг қарийб қирқ минг нусхалик кўрсаткичи барчамиз учун ибратдир. Фурсатдан фойдаланиб, шаҳар, туман, қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмалари, фаол отахонлар, мактаблардаги бошланғич ташкилотлар мутасаддиларини акцияда фаол иштирок этишга чақираман. Шахсан ўзим 100 нусха ҳамда қадрдон дўстларим яна шунча газета обунасига ҳомийлик қиламиз. Олдимиздан оқаётган сувнинг қадрига етайлик, биродарлар! 

– Суҳбатингиз учун раҳмат. Давлатимизнинг тинчлик, тотувлик сиёсатини амалга ошириб, она тилимиз, маданиятимизни ривожлантиришдек хайрли мақсадларингизга омад тилаймиз.

Ш. МАДАЛИЕВ, 2024-05-21, 20:20 527
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.