Жорий йилнинг 15-21 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси “Ватандошлар” жамоат жамғармаси ташаббуси билан қўшни давлатларда истиқомат қилувчи ўзбек миллатига мансуб жамоат фаоллари ва меҳнат фахрийлари учун “Чинор” лойиҳаси доирасида Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат уюштирилди.
Қозоғистонлик гуруҳ таркибида фахрий устоз Бегмат Турдиқулов, таниқли кўз шифокори Манзура Отахўжаева, туркистонлик муаллима Нодира Самиева, таразлик Дилфуза Жўлдашева, шифокор Дилором Каримова, алматилик таниқли хонанда Бахтиёр Матназаров, бизнес-мураббий Фурқат Раҳимов ҳамда камина бўлдик.
Дастлабки куни Тошкент шаҳридаги “Милан” меҳмонхонасида “Ватандошлар” ва “Нуронийлар” ташкилоти вакиллари иштирокида анжуман ўтди. Тадбир “Ватандошлар” жамоат жамғармасининг фаолиятига бағишланган видеофильм намойиши билан бошланди. Сўнгра унда сўзга чиққан жамғарма бошқаруви раиси Одилжон Сатторов, “Нуронийлар” республика жамғармаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган залворли ишлар, қўшни давлатлардаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг мазмун-моҳиятига тўхталдилар.
Шу куни “Нуронийлар” сиҳатгоҳида Марғилон шаҳар “Мақом театри” санъаткорларининг концерт дастурини томоша қилдик. Тушликдан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг адабиёт музейида ўзбек адабиётининг тарихи ва бугунги кундаги ютуқлари билан танишдик ҳамда адиблар хиёбонида ўзбек адабиёти дарғаларига қўйилган ёдгорликларни кўздан кечирдик.
Навбатдаги манзил – 104 гектар майдонни эгаллаган сўлим “Янги Ўзбекистон боғи”га уюштирилган сафар барчамизда унутилмас таассурот қолдирди. Шунингдек, пойтахтнинг кўрки ва фахри бўлган “Тошкент-Siti” дам олиш ва ҳордиқ масканини оралаб, савдо маркази мажмуасидаги кинотеатрда“ Баҳодир Ялангтўш” бадиий фильмини томоша қилдик. Ушбу фильм ўзбек кино ижодкорларининг сўнгги йилларда эришган ёрқин ютуғидир.
Келгуси куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан 2019 йили барпо этилган “ТЕХНОПАРК” корхонаси фаолияти билан танишдик. Жами 103 гектар майдонни эгаллаганкорхонада Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти кўз ўнгимизда бор бўй-басти билан намоён бўлди. Жумладан, бу жойда машинасозлик, халқ хўжалигининг турли соҳалари учун зарур энг замонавий буюм ва маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Саёҳатимизнинг учинчи кунини “Бухоронинг етти пири” деб номланган муқаддас қадамжолар билан танишувга бағишладик. Жумладан, Ислом оламининг машҳур намояндалари, авлиё ва пирлар Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Рефгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Самосий, Ҳазрат Саййид Мир Кулол, Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандларнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишдик.
Сайёҳбон Саодатхоним Наимова бизни Бухоронинг сўнгги амири амир Олимхоннинг қароргоҳи билан атрофлича таништирди. 1920 йилда арк, унинг атрофидаги бинолар рус босқинчилари томонидан харобага айлантирилган. Аркда тарихий осори-атиқалар, меҳнат ва жанг қуроллари, қишлоқ хўжалигида қўлланилган ускуналар ва уй-рўзғор буюмлари сақланмоқда. Шундан сўнг “Мир Араб” мадрасаси, меъморлик санъатининг дурдонаси “Минораи Калон”, “Лаби Ҳовуз” мажмуаларида бўлдик. Бухоро шаҳар маданият ва истироҳат боғидаги шоҳ Исмоил Сомоний мақбараси ҳам катта таассурот уйғотди. X асрда ҳукмронлик қилган Исмоил Сомоний шаҳар тарихида муносиб из қолдирган шахсдир. Бухоро вилояти “Нуронийлар” жамияти раиси Самовиддин Хусейинов билан мулоқотимиз ҳам сермазмун кечди.
Сафарнинг тўртинчи кунини шаҳар марказидаги “Ҳизр масжиди”га ташрифдан бошладик. Шу жойдаги Ўзбекистоннинг Тўнғич Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилдик. Сўнгра “Бибихоним” ва “Шоҳи Зинда” мажмуаларида бўлиб, Самарқанд шаҳрининг машҳур Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек ва Баҳодир Ялангтўш бунёд этган Шердор, Тиллакори мадрасаларига ташриф буюрдик.
Мирзо Улуғбек расадхонасига саёҳатимиз ҳам самимий руҳда ўтди. Расадхона ходимлари бизга XV-XVI асрларда машҳур бўлган ва ҳозирги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган ноёб иншоот тўғрисида батафсил сўзлаб бердилар. Улуғбек расадхонасининг қайта тикланган ер ости қисми, музейда сақланаётган фалакиёт илмини ўрганишда қўлланиладиган асбоб-ускуналар, “Зижи Кўрагоний” ва унга ёзилган шарҳлар эътиборимизни тортди. Умуман, Янги Ўзбекистоннинг пешқадам гўшаси – Самарқанднинг жаҳон андазаларига мос сайёҳлик манзилига айланганига гувоҳ бўлдик. Қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрининг бугунги қиёфаси ҳар қандай сайёҳни ҳайратлантириши шубҳасиз. Ушбу фикримизга далил – янгидан бунёд этилган “Боқий шаҳар” мажмуасидир. Бу ерда шаҳар аҳолиси ва сайёҳларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар муҳайё. Сув ҳавзалари, овқатланиш ва савдо-сотиқ шоҳобчалари сайёҳлар билан доимо гавжум...
Сафаримизнинг поёнида бизга “Нуронийлар” ташкилоти номидан “Самарқанд”, “Ватандошлар” жамоат жамғармаси номидан “Қуръони Карим” китоби туҳфа этилди.
Дарҳақиқат, бир ҳафта мобайнида давом этган сафар чоғида Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган оламшумул ислоҳотлар, ободончилик ва бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлдик. Марказий Осиё давлатлари орасида, шу жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикалари орасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва кучайтириш борасидаги фикрлар ушбу лойиҳанинг ўқ томирига айланди.