26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қалб ҳарорати, куйлаш саодати

Бугун сизга 5 ёшида “Әнші балапан” республика ёш истеъдодлар танловида томошабинлар қалбини забт этиб, ҳозирда жаҳон саҳналарида машҳур бўлган миллатдошимизнинг куй қўшиқлари-ю, концертлари, мукофотлари, либослари, оиласи хусусида маълумот берамиз.

Унинг бетакрор овози, ҳаётда эришаётган ютуқлари беихтиёр эътиборингизни тортади, маънавий озуқа ҳам бўла олади, деган умиддамиз. 

Алишер Каримов...

Тарозлик бу кўркам йигитнинг отаси Шукур ака билан суҳбатлашарканман, фарзандининг  ғалабаларидан чексиз ғурурланиши, оталик қувончи, маромига етказиб куйлаган куй-қўшиқларидан таъсирланиши, ҳар қалай, менга ҳам ўтди.

 – Алишер Каримовни жанубийқозоғистонлик ўзбеклар яхши танийди, эътибор ва эътирофимизга сазовор бўлган хонанда. Сиз унинг отаси ва продюсери сифатида яна қандай қизиқарли маълумотларни баҳам кўра оласиз?

– Оилада икки ўғлим бор. Тўнғичим Алишер кичкинтойлигидан бошқаларга ўхшамасди. Доимо покиза юрарди, нозиклик, латофат ва гўзалликка интиларди. Кўча-кўйда уст-бошларини чангитиб, футбол ўйнамасди, кўпроқ уй ишларига қарашарди. Мусиқа жону дили эди. Раҳматли онам Манзурахон опа уни етаклаб, тўгаракларга олиб юрарди. Онаси Саломатдан рақсни ўрганса, укам Ғанидан қўшиқ айтишни ўрганган. 5 ёшида танловда танилгач, Алматидаги Президент арчасига таклиф қилишди. “Медеу”да ўтган тадбир улкан таассурот қолдирди. Шу-шу саҳна “одами”га айланиб кетди. Биз буни ҳеч кутмаган эдик... 9 ёшида нуфузли танловда ғолиб бўлди. 1998 йилда Францияга “Рождество” тадбирига таклиф қилишди. Сўнг Болгария, Туркияга борди. Хуллас, оғир шароитларда, газ-электр танқис пайтларда боламни хорижга олиб боришимга тўғри келганди. Мактабни тамомлагач, мусиқа коллежи, сўнг Т. Жургенов номидаги Қозоқ миллий санъат академиясида ўқиди. Овози кучли бўлгани учун шахсан ҚРда хизмат кўрсатган артист, машҳур Люция Тўлешованинг ўзи унга устозлик қилди. Дўмбирада куй чалишни пухта эгаллагач, чинакам миллий санъатнинг қадр-қимматини ўргана бошлади. Олий маълумот олишда давом эттириб, Қозоқ миллий санъат университетида “Мусиқашунослик” бўйича магистратурани тамомлади.   

– Ёдимда, 2005 йил, “SuperStar KZ” телешоу..., шимкентлик Қайрат Тунтеков ва таразлик Алишер Каримов финал босқичида қолишди...

– Айнан мана шу лойиҳа ўғлимнинг ҳаёти ва ижодида катта бурилиш ясади. У иккинчи ўринни эгаллади, эл-юртга танилди, уни “Хабар” телеканали “Начистоту” теледастурига ишга таклиф қилди. 2007 йилда Лос-Анжелесда (АҚШ) Бутунжаҳон санъат турлари чемпионатида иштирок этиб, иккита олтин ва битта кумуш медаль соҳиби бўлди. Кастинг директори Голливудда актерлик фаолиятини таклиф қилди. Лекин Алишер Қозоғистонда қолишни ва мусиқа йўлини танлади. Турли нуфузли халқаро танловларда иштирок этиб, Қозоғистоннинг шарафини ҳимоя қилишда давом этди.  “Славянский базар” (Беларусь), “Ереван зовёт” (Арманистон), “Новая волна в Юрмале” (Латвия), “Специальный приз от российских СМИ” (Россия) каби танловлар уни жаҳонга танитди, ғалаба нашидасини суришига имкон берди. 2012-2013 йилларда Астана ва Алматида катта концертлар бердик. 2015 йилда Forbes Kazakhstan журнали уни мамлакатдаги энг яхши шоу-бизнес ва спорт юлдузлари рўйхатига киритди (рейтингда-15).  Унинг юрт олдидаги хизматлари эътироф этилиб, 2016 йилда Тўнғич Президент жамғармасидан давлат мукофоти билан,  2018 йилда эса “Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби” унвони билан тақдирланди. 2020 йилда “Қозоғистон халқи Ассамблеясига 25 йил”  ҳамда “Халық алғысы” медаллари билан тақдирланди.   

 – Алишернинг ижодидаги қайси қўшиқлари оммалашган?

 – Репертуарида асосан қозоқ, рус, ўзбек, уйғур, тожик қўшиқлари ўрин олган. “Бирлигимиз ярашган” номли видеолавҳаси Қозоқ хонлигининг 550 йиллигига бағишланди ва кенг танилди. “Бағаламадың” номли ижод маҳсули YouTubeда 2 миллиондан зиёд марта кўрилди. “Астана ТВ” телеканалида “Алишер Каримов” номли фильм-концерт намойиш этилди. Бундан ташқари, ҳар йили пойтахт шаҳарлардаги марказий саройларда оркестр, 3D шоу ёрдамида унутилмас концертлар бериб келмоқда. Яна уни халқаро танловларга (“Славянский базар 2019”, Литвадаги эстрада куй-қўшиқлар танлови, Eurasian Fashion Week) ҳакамлар хайъати аъзоси сифатида таклиф этиб туришади. 2021 йилда “Голос. Сезон 10” (Россия)да иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллади ва Россия халқ артисти Александр Градскийнинг эътиборини қозонди. 2022 йилда Москвадаги Кремль давлат саройида ўтган юбилей концертни ўз қўшиғи билан очиб берди. Шу кунларда Сочида спорт юлдузи Алина Кабаева уюштирган халқаро тадбирда республика номидан муҳтарам меҳмон сифатида иштирок этмоқда.

– Ўзбек мухлисларини нима билан қувонтирмоқда?

– “Беш кунлик дунё” композицияси юксак баҳоланди ва санъатсеварлар эътирофига чулғанди.

Қўшиқлари учун шеър танлашда ва видеолавҳалари ўзбекистонлик ижодкорлар билан ҳамкорлик қилади. “Отам” қўшиғи ҳам ижодиётидаги гўзал намуналардан бири бўлди. Бастакор сифатида қўшиқларга ўзи куй басталайди. Либосларини ўзи танлайди, ўзи дизайнер, ўзи стилист. Ҳаттоки, ўзи продюсер ҳам.   

– Алишер Каримов 26 апрелда Шимкентдаги “Туркистон” саройида концерт бериш тараддудида. Серқирра ижодидан қайси ибратли намуналарни томошабинга тақдим этмоқчи?

 – 2 соатли концерт уч қисмдан иборат бўлади. Санъатнинг турли жанрларида куйлай олгани учун бир гулдаста сифатида дастурни ташкил этди. Ўзбекча, қозоқча ва русча қўшиқлар самарали таъсирини кўрсатади, деб ўйлаймиз.

Ҳа, халқимиз санъатсевар, етти ёшдан етмиш ёшгача мусиқани севади, иштиёқ билан тинглайди, мароқ билан рақсга тушади. 

Шукур ака Каримовнинг нияти ҳам шу, Алишер ўғлининг концертларида ҳар бир томошабиннинг қалби завқ-шавққа тўлса, ҳаётий муаммоларни унутиб, қўшиқларининг мағзини чақиб, маънавий озуқа олса, дейди. 

Буни ҳис қилиш бахти Сизга муяссар бўлсин, азиз муштарий!

 

 

Н. МАВЛОНОВА., 2023-04-17, 22:10 1601
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.