26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Барчамиз учун муштарак масъулият ва юксак ишонч

24 апрелда пойтахтда Қозоғистон халқи Ассамблеяси ташкил этилганига 30 йил тўлиши муносабатига бағишланган тантанали тадбирда иштирок этдим ва олам-олам таассуротлар билан қайтдим. Ҳақиқатан ҳам тарихий аҳамиятга эга тадбир бўлди. Шубҳасиз, Давлатимиз раҳбарининг бевосита иштироки, унинг нуфузига нуфуз қўшди.

Президентимиз Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг маърузаси мамлакатимиз ҳаётида Ассамблея роли нақадар аҳамиятга эга эканини яна бир карра ҳис қилишимизга, теран идрок этишимизга ундади. 

– Ассамблея тарихи мустақил Қозоғистон солномасининг ажралмас қисмидир. Шуни ёдда тутиш керакки, Ассамблея 1995 йилда Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултан Назарбаев ташаббуси билан ташкил этилган. Ушбу ташаббус қозоқ давлатчилиги шаклланишининг оғир шароитларида чуқур сиёсий маънога эга эди. Дастлаб маслаҳат органи сифатида ташкил этилган ҚХА 2007 йилда алоҳида конституциявий мақомга эга бўлди. Ва том маънода, Ассамблея миллий тотувлик ва бирликнинг асосий моделига айланди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ассамблея фаолияти янгича ижодий тус олди. Сенатнинг беш нафар аъзоси Ассамблея Кенгаши тавсиясига кўра, Президент томонидан тайинланди.  Бу қадам барча этник гуруҳлар манфаатларини қонунчилик даражасида ҳимоя қилиш имкониятларини сезиларли даражада оширди. Бундан ташқари, Қозоғистон парламентаризми тарихида илк бор “Ягона давлат – ягона манфаат” деб номланган палаталараро депутатлар гуруҳи тузилди. Бу гуруҳ ижтимоий тотувликни мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланади. Эндиликда барча давлат идоралари Ассамблея фаолиятида иштирок этмоқда. Вазирликлар, вилоятлар ҳокимликлари ва барча даражадаги маслаҳатлардан тортиб қишлоқлар ҳокимликларигача ҳеч ким четда қолмади, – деди Президент. 

Дарвоқе, бугунги кунда Миллий қурултойнинг 12 аъзоси Ассамблея вакиллари. ҚХА Котибияти эса Президент Маъмуриятининг мустақил тузилмаси ҳисобланади. Қолаверса, Оқсоқоллар ва Оналар кенгашлари оила қадриятларини мустаҳкамлашда беқиёс ҳиссаларини қўшмоқдалар. Ҳа, агар ният яхши, ният улуғ бўлса, битмайдиган иш йўқ, деб бежиз айтилмаган. Сессиядан уққаним, Ассамблея вакилларининг саъй-ҳаракатлари билан юртимизда тинчлик-хотиржамлик, бирлик, дўстлик, яхлитлик бор. 

Камина ижод ва ахборот дунёсининг бир вакили сифатида бугунги кунда ҚХАнинг этномедиация ва этножурналистика соҳасидаги фаолиятига қизиқади. Сўнгги йилларда бу тармоқлар ҳам янги қиёфага эга бўлиб, янги босқичга кўтарилгани рост. Президент ўз маърузасида ахборот маконида бирлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини янада кенгроқ тарғиб қилишга алоҳида тўхталди. Бу Ассамблеянинг барча тузилмалари, айниқса, журналистлар клубларининг асосий вазифасидир, деб таъкидлади. Мутасадди вазирлик ва вилоят ҳокимлари Ассамблея ҳузуридаги журналистлар клубларига етакчи оммавий ахборот воситалари вакилларини киритишлари ва улар ишларининг ягона алгоритмини таъминлаш вазифасини топширди. Ўзга тилларда чоп этилаётган матбуотни тизимли қўллаб-қувватлаш зарурлигини эслатди.

Берилган топшириқларда маданият ва санъат қадриятларини асраб-авайлаш ғоялари ҳам бор. Жумладан, Александр Пушкин, Тарас Шевченко, Федор Достоевский, Михаил Шолохов номидаги музейларга эътиборни кучайтириш ва уларнинг нуфузини ошириш учун шароитлар яратишни тайинлади. Шу жумладан, театрлар фаолиятига ҳам тўхталди. Бугунги кунда юртимизда 9та рус драма театри, 4та миллий – уйғур, корейс, ўзбек, немис театрлари фаолият юритмоқда. Ассамблеянинг 30 йиллиги муносабати билан Алмати шаҳрида театрлар фестивали ўтказишни таклиф қилди. 

Ҳа, бундай тадбирлар халқимиз учун ғоятда зарур деб ҳисоблайман. Шу баҳона кино-театр намояндалари янгидан-янги саҳна кўринишларини кашф этадилар. Ижодий кайфият, маънавий озуқа бахш этади. 

Дарвоқе, сессияда нутқ сўзлаган журналист Алла Гавринанинг фикрларини Президент қўллаб-қувватлади ва шундай деди:

– Бошқа журналистлар номидан у жуда яхши таклиф ва ғоялар билан чиқди, деб ўйлайман. Бугунги кунда битирувчиларнинг қарийб 80 фоизи ягона Миллий тест синовларини расмий тилдa топширмоқда. Биринчи синф ўқувчиларининг 70 фоиздан ортиғи бу йил қозоқ тилида ўқишни бошлайди. Ўз-ўзидан маълумки, Қозоғистонда ҳеч ким одамларга шахсий мулоқотда ва омма олдида чиқиш пайтида қандай тилда гапиришни мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас. Жамиятимизда низолар келтириб чиқариш ва мамлакат ичидаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган ушбу мавзу бўйича барча фитналар қонун бўйича тақиқланади ва жазоланади. Фитначилар ҳақида гапирганда, мен нафақат «уйда ўсганларни», балки хорижликларнинг буюртмачиси асосида, хорижий ташкилотларнинг пуллари билан бузғунчи фаолият билан шуғулланадиганларни ҳам назарда тутяпман.

Ўтган йили Миллий қурултой йиғилишида асосий қадриятларимиз – бирлик, ватанпарварлик, мустақиллик ва тотувлик ҳақида баён қилдим. Ҳаммаси шундан бошланади. Сизни яна қайта огоҳлантирмоқчиман: жамиятни ажратиб, бўлиниш учун ишлайдиганлар қонун даражасида жавобгарликка тортилади ва қатъий жазоланади. Бирлик ва ҳамжиҳатлик учун саъй-ҳаракат қилаётган фуқаролар эса доимо эъзоз ва ҳурмат топади.

Биз шуни очиқ тан олишимиз керакки, ўзини сўз эркинлиги бўйича етакчи сифатида намоён этаётган гўёки инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаётган айрим ташкилотлар, блогерлар ва журналистлар ҳамма жойда ва ҳар бир нарсада Қозоғистондан салбий сиёсий жиҳатлар излашмоқда ва аслида, улар фақат фитналар уюштиришмоқда.

Бу чет элларга кетган ва у ердан халқимизга ҳақи тўлаб қўйилган ҳужумлар уюштираётган, ҳатто давлат идораларимизни шантаж қилишга уринаётган Қозоғистоннинг собиқ фуқароларига ҳам тегишли.

Бугунги кунда улар шунчаки ўзларига ажратилган хориж пулларини ўзлаштириш билан шуғулланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бир сўз билан айтганда, демократия – хориж пуллари ҳисобига. Шу ерда шуни аниқ тушуниш керакки, ҳеч ким хорижда мамлакатимиз фаровонлиги ҳақида қайғурмайди, ҳеч кимга биздаги демократияни ривожлантириш ҳам керак эмас.

Президентимизнинг ушбу фикрларини соҳа вакили сифатида жон қулоғим билан тингладим. Дарҳақиқат, биздаги тинч турмуш тарзини, дунёқарашларимиз, мезонларни ўзгартириб, юрт обрўсини тўкиш орқали ўзларининг жирканч ниятларини амалга оширишга уринаётган шахслар исталганча топиляпти. Агар уларга чет элдан катта маблағ берилмаса, қизғин фаолият юрита олмас эдилар. Давлат буюртмаси асосида фаолият юритаётган ҳеч бир нашр ёки телеканал мамлакатимиз ўртасида тарқоқлик юзага келишини, бирдамлик йўқолиб, миллатлараро зиддиятлар, низолар пайдо бўлишини истамайди. 30 йилдан кўп юрт тинчлиги ва тотувлиги йўлида бажарилган ва амалга оширилаётган шунча ишларни оёқости қилмайди. Халқаро майдондаги обрўйимизни ҳеч вақт тўкмайди. Аксинча, фидойиларча меҳнати билан эл-юрт ҳурматини оширишга ҳаракат қилади. Президент бежиз бу асосларга тўхталмади, бекорга фитначиларни кескин қораламади. 

Шу юрт, шу заминнинг фарзанди ҳисобланган ҳар бир киши қалбида шундай туйғу бўлишини жуда-жуда истардим. Яъни, бу ғоя ғоят аҳамиятли. Биз, ижтимоий фаолиятда тер тўкаётган меҳнаткашлар, доим шунга эътибор берайлик, пул берган қўлга қараб, Ватанимиз юзига қора чапламайлик. 

Шу ерда яна Президентнинг сўзларидан илова келтиргим келади: “Биз Қозоғистонда ҳеч қандай муаммо йўқ, деб айтмаяпмиз. Албатта, улар бошқа мамлакатларда бўлгани каби бизда ҳам мавжуд, аммо биз уларни бошқа бировларнинг дарсликлари ёки ҳал қилиш йўллари билан эмас, балки қонунчилигимиз ва миллий манфаатларимизга мувофиқ ҳал қиламиз”.

Сессияда бир-биридан қизиқарли чиқишлар бўлди. Ахмет Мурадов (“Вайнах” чеченлар ва ингушлар уюшмаси раҳбари), Назипа Шанай (Республика Оналар кенгаши раисаси), Александр Папп “Келет” ҲЖ директорлар кенгаши раиси, венгер маданият маркази раисининг ўринбосари), Алишер Сатвалдиев (Парламент Сенати депутати, ҚХА Журналистлар клуби раиси) ва бошқаларнинг маърузаларидан унумли фойдаланса бўлади, деб ҳисоблайман. 

Серқирра депутат Алишер Сотволдиевнинг фикрлари билан мақоламни тугатсам: “Биз, турли этник гуруҳлар вакиллари, Қозоғистонда туғилиб-ўсган авлод, ўзимизни Қозоғистоннинг тўлақонли фуқароси сифатида ҳис қиламиз. Бу бизнинг Ватанимиз, деб фахр билан айта оламиз! Биз миллий урф-одатларимиз, тарихимиз ва маданиятимизни унутмаймиз, ўз эътиқодимизни эркин эътироф этамиз, фарзандларимиз якшанба мактабларида давлат ва миллий тилларини ўрганмоқдалар, турли соҳаларда ишлаймиз. Буларнинг барчаси мамлакатимизда яратилган ягона бирлик ва ҳамдўстлик институти – барча этник гуруҳларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини давлат даражасида бирлаштирган Қозоғистон халқи Ассамблеяси туфайли мумкин бўлди. 

Сессияда қайд этилган вазифалар – барчамиз учун муштарак масъулият ва юксак ишонч. Эл корига камарбаста бўлишдан зиёд саодат йўқдир.

Райимжон АЛИБОЕВ, “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири, 2025-05-08, 21:03 104
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.