26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қадриятларимиз қадр топган кун

Ўтган шанба куни эрталабдан Шимкент шаҳридаги “Абай” номли истироҳат боғи улкан қувонч ва унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари” шодиёнасига бағишланган тантанага қўшни республикалар (Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон)дан, пойтахт шаҳарлар, Туркистон вилоятининг туманларидан меҳмонлар ташриф буюришди. Истироҳат боғига кираверишда ҚР “Дўстлик” ўзбек этномаданият бирлашмалари ҳамжамиятининг жамоаси, миллий либосдаги қизлар карнай-сурнай садолари остида расмий делегация вакилларини анъанавий нон удуми билан қарши олишди.

Кичик саҳна кўриниши орқали ўзбек халқининг буюк мутафаккири Алишер Навоий ва қозоқ халқининг буюк донишманди Абай образлари ифодаланиб, расмий шахслар Абай ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйишди. ҚР Президенти ҳузуридаги ҚХА Котибиятининг мудири Марат Азилханов, Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Саидикром Ниёзхўжаев, ҚР Парламент Сенати депутати Алишер Сотволдиев ва бошқа нуфузли вакиллар “Дўстлик” ҳамжамияти раҳбари Икромжон Ҳошимжонов ҳамроҳлигида ўзбек маданиятини акс эттирувчи миллий чолғу-асбоблар, мусиқа ва рақс, тасвирий санъат асарлари, миллий таомлар, ҳунармандчилик кўргазмалари билан танишишди. 

Шу куни учинчи мегаполис ва вилоятдаги ўзбекзабон мактаблар, ўрта таълим муассасалари, жамоат бирлашмалари, ОАВ вакиллари байрамга яхши тараддуд кўргани яққол кўзга ташланди ва тадбирга ўзига хос файз бағишлади.

Қозоғистон жанубида яшаётган миллатдошларимиз, фаол ватандошларимиз меҳмонлар ортидан марказий саҳна олдига ошиқишди. Байрам тантанаси расман очилиб, иккинчи қисми ўзбекистонлик ва маҳаллий санъаткорларнинг концерт дастури билан давом этди.

Қозоғистонда миллатлараро тотувлик ривожига баракали ҳисса қўшиб келаётган Қозоғистон халқи Ассамблеяси Котибиятининг мудири Марат Азилханов йиғилганларни самимий қутлади, икки миллат ўртасида дўстлик, аҳилликнинг бардавом бўлишига тилак билдирди. Сўнг фаол миллатдошларимизга ташаккурномалар топширди.

Элчи жаноблари Саидикром Ниёзхўжаев ҳам бугунги кунда мамлакатимизда қозоқ ва ўзбек халқларининг яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда, иқтисодий алоқаларнинг янада ривожланишига самарали ҳисса қўшиб келаётир. У ҳам барчани байрам билан қутлади.

Сенатор Алишер Сотволдиев икки халқнинг қардошлиги, собитқадам интилишларини таъкидлаб, самимий тилакларини изҳор этди ва ҚР Парламент Сенати раиси Маулен Ашимбаевнинг байрам табригини етказди. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги халқаро ҳамкорлик соҳасининг фаоли, филолог олима, Ўзбек Давлат Хореография академиясининг катта ўқитувчиси Ҳулкар Ҳамроева икки халқнинг тарихи, муштарак турмуш тарзи, аҳил қўшничилиги каби эзгу сифатлари ҳамда азалий анъана-қадриятларига тўхталди ва тадбир меҳмони М. Азилхановнинг кифтига зарбоф тўн ёпди. Шу жумладан, “Дўстлик” ҳамжамияти раиси, Амир Темур халқаро хайрия жамғармасининг ҚРдаги бўлими раҳбари Икромжон Ҳошимжонов ҳамда Қозоғистондаги ўзбек мактабларига мўлжалланган “Ўзбек тили”, “Ўзбек адабиёти” дарсликларининг муаллифи, тил жонкуяри, фаол олима Шаҳло Норалиеваларнинг меҳнатини таъкидлаб, алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Шу куни нотиқлар орасида давлат ва жамоат арбоби Рўзақул Холмуродов, Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Шерзод Пўлатовлар ҳам келажакда тилимиз, урф-одатларимизни сақлаш, маданий-маърифий тадбирларни кучайтириш, бирлик ва аҳиллик анъаналарини янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлашди. Президентимиз Қ. Тўқаевнинг бу борада олиб бораётган ислоҳотлари, бу йилги халққа Мактубидаги топшириқларга тўхталиб ўтишди.

Саҳнада бетакрор куй-қўшиқлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилгач, боғ оралаб, тил байрамига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишишга ошиқдик. 

Алишер Сотволдиев, ҚР Парламент Сенати депутати:

– Ўзбек миллатининг фарзанди сифатида бугунги байрамдан бениҳоя ифтихор ҳиссини туймоқдаман. Парламент Сенати раиси Маулен Ашимбаевнинг шахсан ўзи Табрик хатини юбориб, ҳамюртларга самимий саломини етказишимни илтимос қилди. Бу миллатимизга юксак эътибор рамзи. Маълумки, юртимизда сиёсий ислоҳотлар ўрнини иқтисодийлари эгалламоқда. Катта ўзгаришлар кутилмоқда. Қозоғистонлик ўзбеклар эса бу ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшади, меҳнатсевар, савдо-сотиқ, ҳунар-касбда ҳар доим ошиғи олчи бўлиб келган. Яна бир карра байрам муборак!

Абдураҳим Қаюмов, Ўзбекистон Республикасининг Алматидаги Бош консули:

– Байрам жуда яхши ташкил этилган. Икромжон Ҳошимжоновдан миннатдормиз. Тилга эътибор – элга эътибор, деганларидек, Қозоғистонда бу борада кўплаб салмоқли чора-тадбирлар юритилмоқда. Мана бугун бунга яна бир карра гувоҳмиз. “Жанубий Қозоғистон” газетаси ҳам долзарб мавзуларни ёритади, нафақат мамлакат сиёсати, балки Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳам баҳоли қудрат самарали ҳиссасини қўшиб келмоқда. 

Ермек Сиғаев, Республика “Қазатомпром” компаниясининг “Олий технологиялар институти” МЧБ вакили:

– Алматидан келиб, шу атрофдаги спорт мажмуасида ўтаётган спартакиадага қатнашяпмиз. Карнай-сурнай овозини эшитиб, ошиқиб келдик. Миллий байрам устидан чиқиб қолдик, рости, шу кунгача ўзбекларнинг бундай байрами борлигини билмаган эканман. Бир эмас, бир неча бор Тошкентда бўлганман, ўзбек халқининг урф-одатлари, анъаналари билан яқиндан танишгач, ҳурматим ортди. Жуда маданиятли, анъаналарига содиқ. Қозоғистон ўзбекларини фақат меҳнатсевар, ишбилармон биродарлар, деб биламан. Байрам муборак бўлсин, бу каби тадбирлар яна кўп бўлишига тилакдошман. 

Абдусаттор Умаров, журналист, “Сайрам садоси”, “Мәртөбе”, “Пульс Сайрама” газеталари Бош муҳаррири:

– Бугунги кун учун беадад шукр. Миллийлик уфуриб турибди. Фақат бир нарса кўнглимни хижил қилади. Миллатдошларимиз бола-чақаси билан бирга келишса, қанийди. Оилавий байрамга айланиб кетарди. Фарзандларимизга сўз билан эмас, балки ўз кўзлари билан урф-одатларимизни кўриб-ўрганиш имконини беришимиз керак. Газеталаримизни, айниқса, фахру ғуруримиз бўлган “Жанубий Қозоғистон”ни талашиб-тортишиб олаётган миллатдошларимизни кўриб, қувондим. Умид қиламанки, улар ўзбек матбуотини, албатта, ўқишади. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

Евгений Жакеян (Жамитуллах Йеганех), “Жозиба”kz рок гуруҳи продюсери:

– Кентов шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси вакилиман. Санъаткорман. 20 йилдан буён “Жозиба”kz гуруҳи халқ хизматида. Шимкентга ҳар йили келиб, мазкур байрамни кенг нишонлардик. Вилоят маркази Туркистонга кўчгач, 5 йилдан буён келмай қўйдим. Мана, бугун яна ташриф буюриб, тадбир шодиёналаридан баҳраманд бўлмоқдамиз. Иқтидорли қаламкаш Долимжон Сайфуллаев қаламига мансуб “Туркистон” шеърига куй басталаб, қўшиқ ижро этдик. “Чимкент”, “Астана”, “Кентов” каби ватанпарвар қўшиқларимиз халқ олқишига сазовор бўлди. Бугунги байрамга 2та қўшиқ ҳадя қиламиз.

Гулираъно Расулова, Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси ўринбосари:

– Байрамга миллий таомлар кўргазмасини тайёрладик. “Тарона” миллий чолғу-асбоблар гуруҳи, дорбозлар санъатини тақдим этдик. Бундан ташқари, миллий либослар кўргазмаси (дефиле) ҳам бор. Барча туманлардаги этномаданият бирлашмаларидан 10 кишилик делегациялар ташриф буюрган. Ҳар туман ўз тақдимотини тай­ёрлаган. Бу йил тўлебийликларнинг тақдимот лавҳалари ажойиб бўлибди.  

Ирода Умарова, мусаввир:

– Шимкент шаҳрининг Бодоморти даҳасида туғилиб-ўсганман. Муқимий номидаги 13-сонли мактабни битирганман. 8-синфдан расм чизаман. Болалар ва ўсмирлар маркази, рассомлик мактаби, университетда олган билимлар, илк устозим Дана Абдирашит қизининг кўрсатмалари билан таниқли мусаввирга айландим. Ижодий ишларимни Кипр, Англия, АҚШдаги коллекцияловчилар сотиб олишади. Асосан мойли бўёқ билан жанубимиз тароватини, хушбўй меваларини ифодалайман. Бугунги байрамга шундай 10та ишимни олиб келдим. Одамлар қизиқиб томоша қилишаётганидан қувоняпман. Истардимки, халқимиз тасвирий санъат, ижод орқали маънавий дунёсини бойитиб борса.

Баҳром Мўминов, Жамбил вилояти ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси:

– Байрамга ташриф буюрган миллатдошларимни кўриб, қувоняпман. Алишер Навоий шеърларини тинглаб, роса маза қилдим. Бундай гўзал байрам минг йилларга чўзилсин!

“Абай” истироҳат боғидаги халқ сайили анча вақт давом этди. “Балмуздақ” МЧБ жамоаси тарқатган музқаймоқларнинг мазасини тотиб, кундалик ташвишларини оз бўлса-да унутган иштирокчилар Туркистон вилояти ва Шимкент шаҳар ўзбек этномаданияти бирлашмалари уюштирган байрам тантаналаридан миннатдор бўлишди. Байрам баҳона халқимиз аҳиллиги, бирдамлиги яна бир карра намоён бўлди. Икромжон Ҳошимжонов айтганидек, муҳтарам меҳмон Марат Азилханов минтақа ўзбекларининг яшаш тарзи ва меҳмондўстлигини юксак баҳолади. “Бундай тадбир республика бўйича фақат ўзбеклар томонидан ўтказилади”, деди у чуқур мамнуният билан.

Ҳа, Баҳром Мўминов айтганидек, бундай байрам бардавом бўлаверсин, у шунга муносиб.

Н. МАВЛОНОВА, 2023-09-26, 20:18 1545
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.