26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Байрам пойтахтда ҳам давом этади, деган умиддаман

Тарихдан лавҳалар

Ҳар бир халқнинг ўзига хос анъаналари, урф-одатлари, тарихи мавжуд, бу унинг табиий муҳитига, касби-кори, турмуш тарзи ва айрим ҳолларда этногенезига қараб шаклланадиган фазилатлардир. Қозоғистон ўзбекларининг тарихи қадимий илдизларга эга. 

Зардуштийнинг динига эътиқод қилувчиларнинг муқаддас китоби “Авесто” китобида ҳукмронлик даври «Олтин аср» деб номланган чўпон қабилаларининг шоҳи «Жамшид қироллиги»га бағишланган махсус бўлим мавжуд. 

Ўша бўлимда Евроосиёнинг Марказий қисмидаги халқларнинг тарихи бошланади. 

Милоддан аввалги иккинчи минг йилликнинг ўрталарига келиб, улар, Буюк даштдан жанубга кўчиб, Турон ҳукмронлигида қолишган. 

Машҳур географ ва тарихчи П. И. Ричков ёзиб қолдирганидек: «и так Туркестан можно почесть за древнее отечество турков, что и с европейскими историями согласует».

Ўша кўҳна даврларда шаклланган иқтисодий, ҳудудий, этник ва сиёсий тизим ХХ аср бошларига қадар давом этиб келди. Бир қарашда, бу тизим хуржунга ўхшайди, унинг бир томонида Буюк Даштнинг кўчманчи чўпон ва жанговар халқлари, бошқа томонида эса Сирдарёнинг Туркистон номи билан танилган ўтроқ, шаҳарлик жамоалари. Улар нима деб номланган бўлса ҳам, бири иккинчисисиз ҳаёт кечира олмаган. Бу қарама-қаршилик диалектикасининг бирлиги ва кураши қонунига ўхшайди.

Эътиборингизни Сирдарё бўйида ўтроқ ҳаёт кечирган аҳоли манзиллари – «қишлоқ/қишлаш»ларга қаратмоқчимиз!

 Қишлоқлар ва аҳоли

Туркистон азалдан Қоратов бағрида, Сирдарё ўртасида, Олатов этагидаги шаҳар маданиятининг маркази бўлган. Туркистон ўз атрофига Иқон, Қорачиқ, Иинқи, Сувноқ, Қарноқ, Сўре шаҳарлари, кўҳна Шуйтўбе каби 32та қалъани бирлаштирди. Ҳазрат Султон гумбази яқинида қадимги Туркистоннинг эски ўрни Култепа, Ясси жойлашган. Қозоқ йилномачиси машҳур Жусуп Кўпейули шундай дейди: «Туркистон ҳам қадимдан мавжуд бўлган улкан шаҳар эди: бир учи Олатовда, бир учи Қоратовда. Ўша пайтларда Сайрам сувининг кунботиш тарафида «Теке суви» деган жой қўй бозори эди. Туркистонни «Қирқ қопқали Қорачиқ» деб аташган, ҳозирги вақтда Қорачиқ Туркистондан Қарноққача бўлган жойда жойлашган қишлоқлардан биридир.

Қозоқ хонлиги даврида Туркистон шаҳри баландлиги 15 метр хом ғиштдан кўтарилган қўрғон билан ўралган эди. Атрофи тут ва арчазор эди.Тўрт дарвозаси бор. Шаҳарнинг ўзи тўртта маҳаллага бўлинган. Шаҳар ўртасида Ҳазрат Султон масжидининг ўз қуршови бўлиб, унинг ичида хўжа авлодининг вакиллари турган. Таукехан ҳокимлиги давридан сўнг, айниқса, жунғорлар босқинчилигида шаҳар катта инқирозга учради.

Туркистон ҳақидаги қизиқарли маълумотларни шаҳар яқинидаги Кариз қишлоғида ҳам учратиш мумкин. Бу жой қадимда Хон ўрдасининг ёзги таътил жойи бўлган, у ерда хонлар кариз қудуқлари ёнида элчилар ва карвонбошиларни қабул қилишган. Ер остидан ўтказилган ариқлар тизими «Алан булоқ» деб номланган булоқдан бошланади ва бир нечта қудуқлар билан давом этади. Тўқайзор эса бугунги кунда ҳам «Боғ жаҳон» номи билан аталади. Кариз қишлоғига яқин катта савдо ўрни “Бозорлик” бўлган.

Файзли қишлоқлардан бири – Иқон шаҳарчаси. Қоратовдан оқиб тушган Иқонсув сойи бўйлаб кўплаб ноёб археологик жойларни топиш мумкин. Қадим замонлардан буён қатор азиз-авлиёларни, шу жумладан, Aҳмад Яссавийнинг шогирди бўлган Юсуф ота (“Ошиқ Юсуф”) мақбарасини, Оқ авлиё сифатида танилган Aҳмад шайх Иқонийнинг қабри ва бошқаларни зиёрат қилиш мумкин. Ўтган йили у ерда ажойиб музей мажмуаси очилди. 

XVIII асрда бу қишлоқда Қирқ сон Бароқ султон авлодларининг қишки саройлари жойлашган эди. Эски Иқон тепалигидаги охирги уйлар 1945-1946 йилларга қадар сақланиб қолган.

Туркистон яқинида жойлашган тарихий кулолчилик устахоналаридан бири Қарноқдир. Машҳур мутафаккир Маҳмуд Қошғарий Қарноқни Ўғуз шаҳарларидан бири эканлигини ёзади ва Ўғузхон ҳикояларида Қарноқ номи улуғ ҳоқоннинг набираларидан бири сифатида тилга олинади. Қизиғи шундаки, қадимги даврлар ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу манбада Сирдарё бўйидаги Шаулдер, Турбат, Қорачиқ, Қазиғурт каби номлар Ўғузхоннинг набиралари шарафига номланган. 

Қарноқ – минтақадаги таълим ва тарбия маркази, Шоммат ота масжид-мадрасаси, машҳур қозоқ оқини Бухар жирау мударрислик қилган шаҳар.

Туркистон атрофидаги қишлоқлардан энг йириги – бу Саврон. Шаҳар марказидаги гўзал Саврон масжиди, дунёнинг етти тилсимидан биридир. Бу қурилиш санъатида, Шарқий шаҳар қурилишида ўхшаши бўлмаган ёдгорлик. 

Биз Туркистон ҳақида кўп ёзамиз, лекин Сайрам қишлоғи алоҳида ўрин тутади. Сайрам нафақат Марказий Осиё, балки бутун Евроосиёнинг энг қадимий шаҳарларидан биридир. Кўҳна тарихчилардан бири машҳур Рашид ад-дин давридаёқ Сайрам ҳужжатларга тушган. Сайрам тарихи энеолит даври билан боғлиқлиги ҳақида ҳикоя қилинади. 

Сайрам номи узоқ тарихи давомида кўп ўзгарди: Исфижоб, Мадинат ал-Байзо, Оқ шаҳар, Ўринкент. Бу ерда туғилиб ўсган олимлар, Сайрамнинг зиёратгоҳлари ҳақида кам ёзилмаган, лекин тарихи ҳали ҳам ўрганилиши керак. Мен Сайрамни Пайғамбарлар маскани деб атайман. Эски манбаларга кўра (рисола), Идрис Пайғамбар бу ерда сажда қилган, Ҳизр Пайғамбарнинг изи қолган, Юша Пайғамбар дафн этилган, Исо Марямнинг онаси шу ерда бўлган, Ануширвон адолатли ҳукмронлик қилган ва ҳоказо. Ишончим комилки, келажакда Сайрам жаҳон диний туризмининг марказига айланади. 

Сайрам нафақат иқтисодиёт шаҳри, балки авлиёлар макони ҳамдир. Бу шаҳар Ҳазрат Султон Хожа Aҳмад Яссавийнинг ота-онаси Иброҳим ота ва Қорасоч онанинг Ватани...

Ҳозирги кунда қадимий Сайрам Шимкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий тузилмаси таркибига киритилган. Сайрам яқинида иқтисодиёти ривожланган Қорабулоқ, Қорамурт, Оқсувкент, Манкент каби йирик қишлоқлар мавжуд. Умид қиламизки, келажакда Сайрам каби қадимий шаҳарнинг тарихий хизматлари ҳисобга олиниб, унга алоҳида мақом берилади.

Шимкент тарихига бир назар 

«Чимкент» номи баъзан яшил шаҳар деб таржима қилинади, лекин аслида қадимги сўғд тилида «чим» қўрғон, қалъа-шаҳарни англатади. Шунда «Чимкент» сўзи кўпроқ қўрғон шаҳри ёки тепаликли шаҳарни англатади.

Ўрта асрларда Чимкент буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган энг йирик савдо ўринларидан бири бўлган. Иқтисодиёт ва савдо шаҳри бўлиб, у кўпинча сиёсий ҳаётни тасвирлашга мўлжалланган ўрта аср тарихий манбаларида унчалик тилга олинмайди.  

Қорамурт

Сайрамга яқин, Талас Олатов этакларида Қорамурт қишлоғи бор. Эски манбаларда Ички қўрғон деб ҳам аталади. В. Наливкин Қорамурт аҳолиси Туркистон шаҳридан кўчиб келган, дейди.

ХIХ аср ўртаcида Қорамурт қишлоғи Оқсой ва Кўксой дарвозаларига туташ иккита маҳалладан иборат эди. ХIХ аср охирида аҳолиси 300га яқин уйдан иборат эди. Ҳар маҳалланинг ўз масжиди, шунингдек, маҳалла марказида катта йиғилишлар ўтказиладиган Жума масжиди бўлган.

Қорабулоқ

Арис бўйида жойлашган йирик қишлоқ. Қишлоқ аҳолиси асосан Туркистондан кўчиб келган иқонликлар бўлган. Кейинчалик уларга Ўтрор, Мат ва Чоға аҳолиси келиб қўшилди. Бугунги кунда Қорабулоқда 60 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Ушбу тарихий қишлоқлар тарихнинг кўплаб ғалаёнларини кўрса-да, ўз ҳаётий фаолиятини давом эттириб келади. Ушбу минтақанинг учта фазилатини алоҳида таъкидлаш керак: биринчидан, меҳнатсеварлик, иккинчидан, анъаналарга содиқлик, учинчидан, бағрикенглик. Қишлоқ хўжалиги бу ерлар ҳаётининг асосий йўналиши ҳисобланади. "Зироатчилик" деб ҳам аталмиш соҳада Туркистон ёки Сайрам ўзбегининг олдига тушиб бўлмайди.

Меҳнатнинг таги роҳат

Ушбу юрт аҳолиси қадим замонлардан бери «ҳар йили тариқ етиштиришган, бу ўсимлик сувни кам талаб қилади, тез пишади. Тариқ донидан сўк, талқон, жугман оши ва ниҳоят, энг кераклиси, бўза тайёрланган». Арпа, нўхот, ловия, шоли (гуруч), лавлаги, мош, тарвуз, қовун етиштиришган. Буғдой экиш эса Совет давридан бошланган.

Жанубий Қозоғистон вилояти ҳар доим инсон ҳаёти учун қулай об-ҳаво ва ерининг унумдорлиги туфайли фаол этник жараёнлар майдони бўлиб келган. Албатта, бу минтақага кўплаб одамларнинг келишига ёрдам берди ва у билан маданият, иқтисодиётда катта ўзгаришлар юз берди. Шунга қарамай, Сирдарё вилоятининг анъанавий қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилиги ўзига хос хусусиятлари ва чуқур илдиз отган анъаналарга эга эканлигини ишонч билан айтиш мумкин. Ҳозирги вақтда боғдорчилик, пахтачилик маҳсулотлари нафақат Қозоғистон, балки дунёнинг турли мамлакатларига ҳам юборилади.

Ўзбек дастурхонида азиз меҳмонлар учун тўй-томошага алоҳида тайёрланадиган «норин» таоми бор. Бир қарашда норин хамир ва гўштни аралаштириш орқали тайёрланадиган оддий таомга ўхшайди. Аслида, уни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади ва уни палов каби эркаклар эмас, фақат аёллар тайёрлайди. 

Кейин “сарт” сўзининг таржимасини кўпчилик тўғри тушунмайди. Бу қозоқ заминида яшаган ўзбекларнинг бевосита савдо-сотиқ билан шуғулланганидан келиб чиққан. Ўрта аср манбаларида “сартас” деб аталади. M. Қошғарий “сарт” сўзини савдогар маъносида тушунтиради.

Савдо-сотиқ (олиб-сотувчи, савдофуруш) бугунги кунда ҳам Сирдарё аҳолиси ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Уларнинг чидамлилиги, вазминлиги, меҳнатсеварлиги кичик маблағдан ҳам катта фойда олиш имконини беради.

Ўзбек аҳолиси ўртасидаги ҳунармандчиликнинг ўзи жилд-жилд китобларга асос. Нақш, безак санъати жуда ривожланган. Оддий қамишдан тўқилган бардақнинг тарихи ҳам қизиқ. Манкент, Сайрамда эса дегрезлик, чўян қуйиш санъати ниҳоятда ривожланган. Шолча, гилам, тўрни тўқишда жуда моҳир эди. Қозоқда «сарт құрымай – бөз құрымайды» деган сўз бор, инқилобгача бутун қозоқ даласи бўзни Сирдарёдаги шаҳар ва қишлоқлардан олиб турган. Қозоқ хонлиги даврида хоса (кафанлик)ни ҳам Сирдарё халқи тайёрлаб берган.

Жанубий ўлкада истиқомат қилаётган биродарларимиз ҳақида кўп ёзиш, кўп гапириш мумкин. Мен келажакда бу байрам умуммиллий байрамга айланишини таклиф қиламан. Шимолий ҳудудларимиз тараққиётида ҳам уларнинг ҳиссаси салмоқли. Астананинг қайси кўчасига борманг, ўзбек таомларини кўрасиз, нафақат пойтахт, балки Кўкше, Қизилжар, Бурабайда ҳам меҳнаткаш ўзбекларни кўрасиз. Бу оддий меҳнаткашлар ортидан ўзбек шоир ва ёзувчилари, олимлари ва шифокорлар, журналистлар ва рассомлар ҳам пойтахтга келади, тўй биз томонларда ҳам давом этади, деган умиддаман.

Жамбил АРТИҚБАЕВ, тарих фанлари доктори, “Қозоғистон ўзбеклари” китоби муаллифи, 2023-09-26, 20:21 1005
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.