26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳ. Тожиев: ''Манкент'' энциклопедияси туркияда қизиқиш уйғотди»

Бизнинг маълумот: Ҳамидулла Тожиев 1986 йил 19 августда Сайрам туманининг Манкент қишлоғида дунёга келган. У Ш. Рашидов номли ўрта мактабда, сўнг Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университетининг Шимкент институти, Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университетида таҳсил олган.

Меҳнат фаолиятини Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлигининг «Қазығұрт» илмий-тадқиқот марказида катта илмий ходимликдан бошлаб, турли йилларда вилоят ҳокимлигининг «Тарихий-маданий меросни ҳимоялаш, қайта тиклаш ва фойдаланиш маркази» бўлими, шунингдек, «Рухани жаңғыру» лойиҳалар марказининг «Рухани қазына» лойиҳаси раҳбари лавозимларида фаолият юритган.

У 2021 йили «Қозоқ-ўзбек халқлари адабиётида диний-маърифий ғояларнинг бадиий тасвири» мавзуида докторлик диссертациясини ёқлаб, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олган. 

Бугунги кунда М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети филология факультети «Қозоқ тили ва адабиёти» кафедрасининг катта ўқитувчиси.

Ўзбек, қозоқ, рус, турк, араб, инглиз тилларини ўзлаштирган. «Қазыналы Оңтүстік» мега лойиҳаси доирасида 30дан зиёд адабий асарларни қозоқ тилига ўгириб, нашрга тайёрлаган. Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари «Дўстлик» ҳамжамияти қошидаги илмий кенгаш аъзоси, «Рухани жаңғыру» дастури бўйича Туркистон вилоятининг алоҳида аҳамиятга эга маданий ёдгорликларига «QR код» ўрнатиш бўйича лойиҳа раҳбари, ўқув қўлланмалари ҳамда 20дан зиёд илмий тадқиқотлар муаллифи.

Ҳ. Тожиев яқинда Туркия давлатида хизмат сафарида бўлиб қайтди. Мухбиримиз у билан учрашиб, ижодий сафар таассуротлари ҳақида сўради. 

– Ҳамидулла Ҳабибулла ўғли, суҳбатимиз аввалида Туркия давлатига сафарингизнинг мақсади билан таништириб ўтсангиз.

– Хабарингиз бор, бугунги кунда М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг “Олтин Ўрда ва ХХ аср бошидаги қозоқ адабиёти: маънавий уйғунлик ва анъаналар давомийлиги” лойиҳаси доирасида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрига хизмат сафари режалаштирилган эди. Мақсад – Истанбул шаҳридаги қўлёзма фондлари билан яқиндан танишиш, Олтин Ўрда даврида ёзилган “Қисас ул-анбиё”, “Муъин ул-мурид”, “Наҳж ул-фародис”, “Сирож ул-қулуб” каби ёзма ёдгорликларнинг нусхаларини ва уларга тааллуқли тадқиқот ишларини ўрганиш эди. Туркияда муқаддам бир неча маротаба хизмат сафарида бўлганман.

– Таассуротларингиз қандай? 

– Сафаримиз жуда қизиқарли ўтди. Дастлаб Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги Ислом тарихи, санъати ва маданияти бўйича тадқиқот маркази (IRCICA) кутубхонасида Олтин Ўрда даври билан боғлиқ тадқиқотларни таҳлил қилдик. Бу ерда бизни тарихчи ва олим, профессор Аширбек Қурбонули кутиб олди ва марказ фаолияти билан яқиндан таништирди. Шунингдек, марказнинг кутубхона фонди билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Сафар чоғида шу кунгача анчагина ишлар қилинган бўлса-да, ҳали қилинадиган ишлар кўп эканига ишонч ҳосил қилдик. (Дарҳақиқат, профессор А. Мўминов билан шу мавзудаги суҳбатимиз youtube каналида эълон қилинди).

Сафар мобайнида “Сулаймония” ва “Боязид” қўлёзма фондида ҳам бўлдик. Бу ерда биз юқорида тилга олинган ёзма ёдгорликларнинг турли нусхалари билан танишдик. 

Шунингдек, Истанбул университетининг Евроосиё тадқиқот институти “Туркшунослик” маркази, Адабиёт факультети марказий кутубхонаси ва Халқаро İSАМ (Ислом тадқиқот маркази) кутубхоналарида бўлдик. Туркийшунослик марказида таниқли қозоқ олими, профессор Ўраз Сапашев маҳаллий олимлар билан алоқа боғлашимизда катта ёрдам берди. 

Халқаро семинарларда иштирок этиб, ўзимиз ҳам Истанбул университети талабаларига турк тилида маърузалар ўқидик. Турк олимлари билан илмий ва ижодий учрашувларимиз сермазмун ўтди. Улар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар келгуси изланишларимизда янги ғояларга сабабчи бўлади дея оламиз. 

– Туркия олимларининг Қозоғистон ҳақидаги фикрлари қандай?

– Албатта, турк биродарларимизнинг Қозоғистон халқига бўлган алоҳида эътиборини таъкидлаш жоиз. Улар бизни ўз биродаридек кўришади, юртимизга ҳурмати жуда баланд.

Хабарингиз бор, ўтган йили “Манкент” илмий-оммабоп энциклопедияси нашрдан чиққан эди. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдираҳим Пратов Ўзбекистонда ушбу китобнинг тақдимотини ўтказиб, кенг жамоатчилик, шунингдек, ўша жойда яшовчи ҳамюртларимизга таништирди. Биз ҳам бу хайрли ишнинг давоми ўлароқ, сафардан унумли фойдаланиш ниятида, мазкур китобдан бир нечтасини олиб кетгандик. Энг аввало, IRCICA маркази ва Истанбул университети олимларини энциклопедия билан таништирдик. Профессорлар – Аширбек Қурбонули, Ўраз Сапашули ҳамда Кастамону университети профессори Ахмат Шимшеклар катта қизиқиш билдиришди. Айниқса, Манкент қишлоғининг муқаддас байроғи ва маҳаллий аҳолининг урф-одатлари ҳамда халқ оғзаки ижоди ҳақидаги мақолалар турк олимларининг диққат-эътиборини жалб этди. Ўйлаймизки, миллатимиз тарихи ва маданиятини қардош давлатларда танитиш ишлари давом этади.

Умуман, келгусида туркийшунос олимлар билан яқин ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боришни режалаштирганмиз. Жумладан, бу йўналишда бизга ёрдам бераётган профессор Неждет Тўсун, доктор Енвер Капаган,  профессор Ахмет Ташгин, Мустафа Дил, ўзбекистонлик профессорлар Нодирхон Ҳасан ва Ҳамидулла Болтабоев, доцент Отабек Жўрабоев, фан доктори Анвар Бўронов ва Завқиддин Сувоновларнинг номини алоҳида таъкидлаш мумкин. 

– Суҳбат учун ташаккур! Илмий изланишлар борасида сизга ижодий зафарлар тилаймиз!

 

 

З. МЎМИНЖОНОВ суҳбатлашди, 2023-12-02, 05:06 1388
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.