26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳамжиҳатлик ифодаси, саъй-ҳаракатлар самараси

Азиз газетхон!

Мамлакат ўзбекзабон матбуоти оламида етакчи, ҚР Мустақиллигининг тенгдоши – «Жанубий Қозоғистон» газетасига навбатдаги обуна мавсуми поёнига етди. Лекин обуна йил бўйи давом этаверишини эслатиб ўтгимиз келади. Муҳими, газета ходимлари учун энг масъулиятли палла ортда қолди. 

Обунанинг миллатдошларимиз, шунингдек, таҳририят истиқболи учун нақадар муҳимлиги барчага аён. Жўжани кузда санайди, деганларидек, нашрнинг омма орасидаги ўрни, ёритилаётган мавзуларнинг газетхон қалбига етиб бораётгани, қолаверса, таҳририят ходимлари саъй-ҳаракатларининг натижаси айнан рўзноманинг адади билан баҳоланади. 

Хабарингиз бор, бугун рақамли технологиялар такомиллашиб, аҳоли керак ва нокерак ахборотларни интернет тармоқларидан ахтарадиган бир пайтда қозоғистонлик ўзбекларнинг ифтихори бўлган «Жанубий Қозоғистон»ни тараққий эттириш юзасидан қатор тадбирлар уюштирилди. Жумладан, «Янги Қозоғистонни барпо этишда этно ОАВ роли» мавзудаги анжуманда нашрнинг тақдирига оид масалалар кўриб чиқилди, миллатдошларимизга Мурожаат йўлланди. Ҳақиқий фидойи ҳамюртларимиз иштирокида «Жанубий Қозоғистон» – ҳар бир хонадонга!» шиори остида ташкиллаштирилган «Мендан – 20 дона обуна!» челенжи нафақат вилоятда, балки республикамиз миқёсида кенг қўллаб-қувватланди. Нур-Султан, Алмати шаҳарлари, Жамбил, Атиров вилоятларидаги миллатдошларимиз “Жанубий Қозоғистон” рўзномасига обуна бўлишди. Челенж обуна кўрсаткичи билан бир қаторда, этномаданият бирлашмалари фаолиятида ҳам сезиларли силжишга таъсир кўрсатди. Суҳбатдошларимиздан бири таъкидлаганидек, челенж туфайли сўнгги вақтларда унутилаёзган «миллийлигимиз», «миллий рўзномамиз» каби иборалар қайта жонланди. 

Барчамиз учун энг муҳим ва асосий натижа – газетанинг ададидир. Бугунги адад 13200 нусхани ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2000 донага кўпдир. Мухтасар қилиб айтганда, «Жанубий Қозоғистон» том маънода маънавият жарчиси ва халқ минбарига айланди. Мана шу жиҳат туфайли нашрнинг адади ортди, уни қўллаб-қувватлаб, хайрихоҳлик билдирувчи жонкуярларимиз сафи тобора кенгаймоқда. Бунда саховатпеша, мурувватли миллатдошларимизнинг, энг асосийси зиёкор, маърифатпарвар муштарийларимизнинг ҳиссаси беқиёс. 

Миллионга яқин қозоғистон ўзбекларининг газетаси камида 50 минг адад билан чиқиши керак, каби фикрларни эшитиб турамиз. Яқин келажакда бу кўрсаткични забт этсак, ажабмас. Бунинг учун, газетанинг сифати яхшиланиши, саҳифалар кўпайиши жоиз ва муштарийларимиз мадади залворли бўлиши зарур. Газета адади ва сифати орасида бевосита мутаносиб боғлиқлик мавжудлигини унутмаслигимиз керак. 

Куни кеча Туркистон шаҳрида ОАВ ходимларининг касбий байрами кенг нишонланди. Унда бир гуруҳ таҳририят ходимлари муносиб тақдирланди. Бундай эътирофга нашр жамоанинг ғайрати, шижоати, ҳамжиҳатлиги ҳамда услуби ёрқин ва ўзига хослиги туфайли эришмоқда. У қанчалар ёрқин бўлса, газетанинг умумий руҳи, мазмун ва салоҳияти ҳам шунчалик кучли намоён бўлади.

Обуна борасида “Қазпошта” тармоқларининг фаолиятига оид норозиликлар кўп айтилмоқда. Йил аввалида таҳририят ходимлари томонидан обуна қилинган 10 манзилнинг 4тасига газета олти ой мобайнида бирон марта бормаган. Бу сафар яна ўша ўн манзилнинг олтитасига обунани қайта расмийлаштирдик. Мана шундай ҳолатлар ҳамюртларимизнинг рўзномани вақтида олиб туришига тўсқинлик қилмоқда. Буни айтишдан мақсад – обуначилар ўзлари истиқомат қилаётган жойдаги почта ходимларидан газеталарни ўз вақтида етказиб беришни талаб этишлари зарурлигини яна бир карра эслатиш. Мабодо, шахсан ўзингиз мурожаат қилолмасангиз, манзил ва исм-шарифингизни таҳририят ходимларига маълум қилсангиз, муаммо мавжудлигини “Қазпошта”га биз етказамиз. Ана шунда силжиш рўй бериши мумкин.

Журналист касбини эъзозлаётган қалби қайноқ ва тиниб-тинчимас, изланувчан, ҳақиқатгўй, элсевар фидойиларнинг газета саҳифасидан инсон қалбига кўчаётган ёруғ сўзлари, халқимизга маънавият ва эзгулик ёғдуларини улашаётган бедор юраклари, ўткир қалами доим бугунгидай шижоаткор бўлишини, мудом бир қадам олдинда юриш бахти ва элга манзур бўлиш шарафи билан яшашини тилаган ҳолда, обунани қўллаб-қувватлаган барча ҳомийлар ва челенж иштирокчиларига чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз.

Обуначиларимиз сафининг кенгайиши жамоамизга юксак масъулият юклайди. Биз эса билдирилган ишончни оқлашга доим тайёрмиз. Президентимиз таъбири билан айтганда «Янги Қозоғистонни бирга қурамиз!» ибораси таҳририят ходимларининг шиорига айланиб, янги зафарлар ва муваффақиятлар сари ундайди.

Алишер СОТВОЛДИЕВ, “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг директор – Бош муҳаррири, 2022-07-05, 05:00 139
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.