26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев Туркий давлатлар ташкилотининг XI саммитида иштирок этди

Қозоғистон раҳбари анжумандаги нутқида алоҳида меҳмондўстлик кўрсатган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва қардош қирғиз халқига самимий миннатдорчилик билдирди ва “Ынтымақ Ордо” биносида ўтказилган тадбир Туркий Давлатлар Ташкилотининг 15 йиллигига бақамти келганига эътибор қаратди.

– Бу тантанали тадбир. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни табриклайман. Туркий давлатлар ташкилоти қисқа давр мобайнида нуфузли тузилмага айланди. Унинг жаҳондаги мавқеи ошди. Бу, аввало, баракали бирлигимиз, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайлидир. Ишончим комилки, бу учрашув бирдамлигимизни янада мустаҳкамлайди, – деди Давлат раҳбари.

Президент мамлакатимизнинг Туркий давлатлар ташкилотига раислиги доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга тўхталди.

– Қозоғистон ташкилот раиси сифатида “TURKTIME!” шиорини сарбаланд этди. Туркий халқларни бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик доирасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдик. Ўтган давр биз учун самарали натижаларга бой бўлди, қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширдик. 80дан зиёд халқаро тадбирлар ташкил этилди. Астана шаҳрида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларини ўтказдик. Ушбу тадбир Буюк Дашт тамаддунини дунёга танитди. Туркий халқлар алифбосининг умумий нусхаси тасдиқланди. Бу залворли ишларимизнинг ёрқин натижасидир, улар тарихий воқеага айланди. Ўтган йили Астана шаҳрида ТДТ ҳузуридаги Доимий вакилларни тайинлашга қарор қилган эдик. Унинг низоми тасдиқланиш арафасида, – деди Қ. Тўқаев.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ташкилот доирасида савдо-иқтисодий, энергетика, молия ва сармоявий соҳалардаги алоқалар ҳам мустаҳкамланган.

– Туркий давлатларнинг сармоявий жамғармаси ўз фаолиятини самарали давом эттирмоқда. Буни Туркий олам интеграциясини чуқурлаштиришга қаратилган муҳим қадам деб биламан. 

Саммит “Иқтисодий интеграция, барқарор тараққиёт, рақамли келажак ва хавфсизлик” мавзуида ўтмоқда. Бу таклиф барчамизни қизиқтиради. Сўнгги 10 йилда ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар мустаҳкамланди. 

Жорий йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 45 миллиард доллардан ошди. Бу кўрсаткич йилдан-йилга ошириб борилади. Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд, – деди Президент.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам маъруза қилди.

– Ушбу анжуманимиз дунёвий хавф-хатарлар ортиб, ўзаро ишонч инқирози тобора кучайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. Бундай мураккаб вазиятда азалий қардошлик руҳидан куч олаётган алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни, умумий ёндашувларни ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу маънода, бугунги йиғилишимиз долзарб аҳамиятга эга, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Шавкат Мирзиёев саммит иштирокчиларининг диққатини 3та устувор масалага қаратди.

Биринчиси – савдо ва транспорт йўлларини ривожлантириш.

– Мамлакатларимиз бугунги кунда дунёнинг асосий бозорларига чиқиш ҳамда Буюк ипак йўлини янги тарихий шароитда қайта тиклаш учун қаттиқ бел боғлаган. Албатта, сўнгги йилларда Ташкилот доирасида бу соҳадаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда, рақамли тизимлар ишга туширилмоқда. Натижада Транскаспий халқаро транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми муттасил ўсиб бормоқда. Бизнес учун энг маъқул тарифларни жорий этиш ушбу йўлакнинг рақобатдошлиги ва жозибадорлигини кескин ошириши шубҳасиз, – деди у.

Иккинчиси – иқлим ўзгаришларига қарши биргаликда курашиш.

– Ташкилотимиз ҳудуди иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири, десак, бу айни ҳақиқатдир. Мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш учун бизнинг ташаббусимиз асосида вазирлар даражасида Туркий экология кенгашини тузиш таклифини киритаман. Мазкур тузилма қароргоҳини экологик офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд – Оролбўйидаги йирик шаҳар Нукусда жойлаштириш айни муддао бўлар эди, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Шунингдек, у жорий йилнинг ноябрь ойида Бокуда ўтказиладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XXIX Иқлим саммити (COP — 29) барча мамлакатлар учун улкан тарихий воқеа бўлишини қайд этди.

Учинчиси – муқобил энергетика.

– Биз 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия қувватларини кескин ошириш ва энергетика мувозанатида уларнинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилганмиз. Ушбу лойиҳалар давлат-хусусий шериклик тамойили асосида, бевосита хорижий сармоялар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Қўшни Қирғизистонда гидроэлектр станцияларини Қозоғистон билан биргаликда барпо этиш ишларини ҳам бошлаяпмиз. Муқобил энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида „Яшил энергетика сари туркий ҳаракат“ концепциясини қабул қилишнинг вақти-соати келди, деб ўйлайман, – деди Ўзбекистон раҳбари.

ТДТ саммитида сўзга чиққан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров туркий тилли халқлар кутубхонасини ташкил этишни таклиф қилди.

– Ушбу лойиҳа туркий оламнинг рамзи ва маданий алмашинув майдони бўлади, – деди Қирғизистон раҳбари.

Туркий давлатлар ташкилотининг XI саммитида 8 та ҳужжат имзоланди

1. Туркий давлатлар ташкилоти XI саммитининг декларацияси;

2. “Туркий оламнинг яшил тараққмёти: барқарор келажак бирлиги” қарори;

3. Бишкек шаҳрини 2025 йилда Туркий давлатлар ташкилотининг рақамли пойтахти деб эълон қилиш тўғрисидаги қарор;

4. Венгрия Бош вазири Виктор Орбанни “Туркий оламнинг олий ордени” билан тақдирлаш тўғрисидаги қарор;

5. Туркий олам Низомини қабул қилиш тўғрисидаги қарор;

6. Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосарини тайинлаш тўғрисидаги қарор;

7. “Туркий давлатлар ташкилотининг Доимий вакиллари тўғрисидаги Низом” тўғрисидаги қарор;

8. Туркий давлатлар ташкилоти байроғи тўғрисидаги қарор.

ҚР Президенти Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида экологик битим тўғрисидаги Қонунни имзолади.      

Akorda.kz. маълумотлари асосида, 2024-11-09, 01:49 708
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.