Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлигини сақлашда чегара олди туманларнинг стратегик аҳамияти муҳим. Давлат раҳбари эълон қилган «Халқ овозига қулоқ тутадиган давлат» концепцияси асосида ҳозирги кунда давлат бошқаруви тизимида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, минтақаларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида “AMANAT” партияси чегара олди ҳудудларни ривожлантириш бўйича янги қонун қабул қилиш ташаббусини кўтарди. Президент Қ. Тўқаев Бурабайда ўтган Миллий қурултойда партия ташаббусига алоҳида эътибор қаратиб, Ҳукуматга ва депутатларга янги ҳуқуқий меъёрларни ҳар томонлама кўриб чиқишни топширди.
Элимизнинг 14та вилояти 5та қўшни давлат билан чегарадош: шимол ва ғарбда – Россия Федерацияси, жанубда – Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, шарқда – Хитой Халқ Республикаси билан чегарадош. Ғарбий қисмида давлат чегараси Каспий денгизининг сув ҳудуди билан, жанубий ғарбида – Орол денгизи билан белгиланган. Чегара ҳудудларида 65та туман жойлашган, бу ҳудудларда 3,5 миллион аҳоли яшайди. Бевосита чегарадан 50 чақиримлик масофада 1,7 миллион аҳоли истиқомат қилувчи 1 283та аҳоли манзили мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси билан давлат чегарасининг 913 чақирими вилоят ҳудудидан ўтади. Вилоятимизда 9та туман чегара ҳудуди мақомини олган бўлиб, уларнинг турмуш шароити мазкур қонун меъёрлари орқали тартибга солинади. Қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси «AMANAT» партиясининг вилоят филиали томонидан Сариоғоч, Қазиғурт, Келес, Жетисай, Мақтаарал ва Шардара туманлари ҳокимликлари вакиллари, жамоат фаоллари, депутатлар ва партия аъзолари билан ҳамкорликда ўтказилди. Оқсувкент қишлоғида яқинда ўтган жамоатчилик муҳокамасида Сайрам, Тўлебий ва Тулкибош туманлари ҳокимликларининг масъул ходимлари, жамоатчилик кенгаши аъзолари, маслаҳат депутатлари ҳамда партия аъзолари иштирок этди. Йиғилишни “AMANAT” партияси вилоят филиали раиси, вилоят маслаҳатидаги партия фракцияси раҳбари Алтинсари Умбеталиев олиб борди. Шунингдек, Сайрам тумани ҳокимининг вазифасини бажарувчи Сержан Дуйсебаев ва партиянинг Сайрам туман филиали ижроия котиби Қуаниш Сиздиков қатнашди.
Мустақилликдан кейин давлатимиз чегараларни халқаро шартномалар асосида белгилаб, делимитация ва демаркация жараёнларини муваффақиятли амалга оширди. Лекин мамлакат хавфсизлиги учун чегара ҳудудларида аҳоли сони ошиши, турмуш тарзи барқарор бўлиши керак. Чегара олди қишлоқларнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан етарлича ривожланмагани ноқонуний миграция, контрабанда ва бошқа хавф-хатарларни келтириб чиқариши аввал ҳам кўп бор айтилган. Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг чегара олди ҳудудларни ривожлантириш тўғрисидаги фикри ана шу хавф-хатарларни бартараф этиш, чегара ҳудудларида янги иш ўринларини яратиш, ёшлар учун махсус дастурлар қабул қилиш, давлат грантлари ажратиш, аҳоли учун уй-жой дастурларини амалга ошириш вақти етиб келганини англатади, – деди Алтинсари Дуйсенбекули.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, чегара олди туманларга махсус мақом бериш мамлакатимизнинг чегара хавфсизлигини таъминлаб, аҳолининг чегара ҳудудлардаги барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга ички миграцияни тартибга солиш ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланади. Янги қонун лойиҳасида чегара ҳудудларидаги аҳоли манзилларининг экологик ҳолатини яхшилаш, ишсизлик даражасини пасайтириш, транспорт алоқаларини яхшилаш, иқтисодий фаолликни ошириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби кўплаб устувор йўналишлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади.
Йиғилишда Тулкибош тумани ҳокимининг ўринбосари Ғани Қурманбайнинг ахбороти тингланиб, тумандаги аҳоли манзилларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати таҳлил қилинди. У туманда ичимлик суви масаласи 100 фоиз, газ таъминоти эса 99 фоиз ҳал этилганини, мактаблар қурилиши ва йўллар барпо этилиши белгиланган режа асосида амалга оширилаётганини маълум қилди. Сайрам тумани ҳокимининг ўринбосари Сержан Дуйсебаев туманнинг умумий майдони 114 минг гектарни ташкил этиб, аҳоли сони 240 минг нафарга етганини айтди. Туманда 98 та мактаб фаолият юритади, қишлоқ хўжалиги ерларининг умумий майдони 75 минг гектарни ташкил этади. Миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаб, сув танқислиги муҳим муаммолигича қолаётганини қайд этди.
Аҳоли турмушини яхшилаш бўйича ҳудудларда белгиланган мажмуавий режалар ижроси муҳокама қилинди. Жамоатчилик муҳокамаси давомида иштирокчилар қонун лойиҳасида қандай масалалар қамраб олиниши керак, чегара ҳудудларида аҳоли сонини барқарорлаш, инфратузилмани яхшилаш, иқтисодий фаолликни ошириш каби муаммоларни ҳал қилиш йўллари, қабул қилинаётган қонунга таклифлар бериш ҳақида фикр алмашишди.
Партиянинг Тўлебий туман филиали ижроия котиби Ширинбек Ўңғаров чегара ҳудудларининг инфратузилмасини яхшилаш, қишлоқларга зарур мутахассисларни жалб қилиш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини белгилаш, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатларини кенгайтириш бўйича таклифларини билдирди.
Жамоатчилик кенгаши вакиллари, маслаҳат раислари, қишлоқ ҳокимлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари раҳбарлари – фуқароларнинг миллатини аниқлаш масаласидаги ҳуқуқий муаммоларни, Қорамурт қишлоғида аввал илгари сурилган сув омбори қурилиши лойиҳасини амалга ошириш, Шимкент шаҳар ҳудудига кирган чегарадаги сув йиғиш манбасини қайта тиклаш, чегара хавфсизлигини таъминлаш, меҳнат миграциясини ҳуқуқий тартибга солиш, аҳоли пунктларининг салоҳиятини таҳлил қилиш каби масалалар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Вилоят партия филиали ижроия котибининг ўринбосари П. Турсунбаев билдирилган барча таклифлар ҳуқуқшунослар томонидан таҳлил қилиниб, тегишли қонун талаблари билан мувофиқлаштирилган ҳолда вилоят партия филиалига тақдим этилиши кераклигини таъкидлади. Туманлардан йиғилган таклифлар партиянинг Марказий девонига юборилади.